ХУФТОННИНГ АСЛ ВАҚТИ

unnamedАйрим “билимдон”лар томондан Facebookда тармоғида гўё одамларни огоҳлантирган кўйи: “Хуфтон намозининг вақти Бомдод вақтигача, деган гап нотўғри (асоссиз). Бу гапга ишониб қолиб, йиллар давомида Хуфтонни қазо қилиб юборманг”, дегани ортидан бир қанча гап-сўзлар тарқалди. Кечаси иши бор айрим кишилар бу гапдан малолланиб қолишди, чунки, улар иш билан бўлиб хуфтонни кечроқ ўқишиб келишган эди. Масжидлардан ёки жамоатлардан узоқдаги айрим намозхонлар, ўзларининг вақти ва имконига қараб, хуфтонни кечроқ ўқиб келишган эди. Шу сабабли, менга бир қанча шикоятомуз мактублар ва саволлар йўлланди. Аввалига: “Бу илмсиз одамнинг “фатво”си бўлса керак!” ҳамда “Мавзуга оид ҳадисларнинг ҳаммасини кўрмасдан, шошилиб чиқарилган ҳукм!”, деб бундай гапларга эътибор бермай юрдим. Бироқ, “бу гап нотўғри (асоссиз)” деган гапнинг ўзининг асоссизлигини айтишда ҳанафий мазҳабнинг ҳимояси ҳам борлигини, ҳанафийлар асосли равишда хуфтоннинг охирги вақтини бомдодгача белгилаганлар деб ўйлаб, бу борада илмий ҳақиқатни баён қилиб қўйиш кераклигини тушундим.

Аввало, бизнинг ҳанафий мазҳабида хуфтоннинг вақти уфқда шафақ йўқолиб, осмонни қоронғилик қоплаганидан бошлаб, яъни шом вақти тугаганидан то бомдод вақтигача, дейилади. Масалан, “Мухтасар ал-Виқоя”да бундай дейилган:

(وَقْتُ) الْعِشَاءِ مِنْهُ وَ الْوِتْرِ بَعْدَهُ إِلَى الْفَجْرِ لَهُمَا

“Хуфтоннинг вақти ва ундан кейинги витрнинг вақти – иккови учун шафақ йўқолганидан то бомдодгачадир” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон: Харитонов, 1911. – Б. 11).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳам “Кифоя”ларида бу матн шарҳ қилинган (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя шарҳи Мухтасари виқоя. 1-жуз. – Тошкент: Шарқ, 2008. – Б. 201).

Энг машҳур ҳанафий фақиҳи Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”да бундай деганлар:

وَ أَوَّلُ وَقْتِ الْعِشَاءِ إِذَا غَابَ الشَّفَقُ وَ آخِرُ وَقْتِهَا مَا لَمْ يَطْلُعِ الْفَجْرُ الثَّانِي لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَ السَّلَامُ وَ آخِرُ وَقْتِ الْعِشَاءِ حِينَ يَطَّلِعُ الْفَجْرُ وَ هُوَ حُجَّةٌ عَلَى الشَّافِعِيّ رَحِمَهُ اللهُ تَعَالَى فِي تَقْدِيرِهِ بِذِهَابِ ثُلُثِ اللَّيِلِ وَ أَوَلُ وَقْتِ الْوِتْرِ بَعْدَ الْعِشَاءِ وَ آخِرُهُ مَا لَمْ يَطَّلِعِ الْفَجْرُ لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَ السَّلَامُ فِي الْوِتْرِ فَصَلُّوهَا مَا بَيْنَ الْعِشَاءِ إِلَى طُلُوعِ الْفَجْرِ

“Хуфтон вақтининг аввали шафақ йўқолган пайтдир. Унинг охирги вақти эса иккинчи (ҳақиқий) тонг отмасидан олдиндир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг: “Хуфтон вақтининг охири тонг отадиган пайтдир”, деган гаплари бор. У Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг Хуфтонни кечанинг учдан бири ўтганига чеклаб қўйганига қарши ҳужжатдир. Витр вақтининг аввали хуфтондан кейин, охири эса тонг отмасидан олдиндир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг витр ҳақида: “Уни хуфтон билан тонг отгунгача бўлган оралиқда ўқинглар!”, деган гаплари бор” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1902. – Б. 78).

Машҳур ҳанафий фақиҳларидан бири Абулҳасан ал-Қудурий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг “Мухтасар” асарида бундай деганлар:

     وَ أَوَّلُ وَقْتِ الْعِشَاءِ إِذَا غَابَ الشَّفَقُ وَ آخِرُ وَقْتِهَا مَا لَمْ يَطْلُعِ الْفَجْرُ الثَّانِي

“Хуфтон вақтининг аввали шафақ йўқолган пайтдир. Унинг охирги вақти эса иккинчи (ҳақиқий) тонг отмасидан олдиндир” (Абулҳасан ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 23).

وَ إِذَا خَرَجَ وَقْتُ الْمَغْرِبِ دَخَلَ وَقْتُ الْعِشَاءِ وَ آخِرُهُ مَا لَمْ يَطْلُعُ الْفَجْرُ وَ وَقْتُ الْوِتْرِ وَقْتُ الْعِشَاءِ

“Агар шомнинг вақти чиқса, хуфтоннинг вақти киради. Унинг охирги вақти эса тонг отишидан олдин бўлади. Витрнинг вақти хуфтоннинг вақтидир” (Абдуллоҳ ал-Мўсилий. ал-Ихтиёр ли-таълил ал-Мухтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 39).

Умуман олганда, ҳанафийларнинг барча китобларида хуфтоннинг вақти шом тугашидан бошлаб то бомдод бошланишигача дейилган. Бизда хуфтонни туннинг учдан биригача кечиктириб ўқишни эса жамоат учун мустаҳаб вақти деб белгиланган. Шу билан бирга, булутли, ёғин-сочинли кунларда жамоатга хуфтонни эртароқ ўқиб беришни ҳам мустаҳаб, дейилган. Демак, ҳадиси шарифларда кўпроқ тилга олинган хуфтонни туннинг учдан биригача ўқиш ҳақидаги гапларни ҳанафий фақиҳлари буларда жамоат учун мустаҳаб вақт айтилганини тушуниб етганлар. Умумий маънода эса хуфтоннинг вақти бомдодгача, яъни тонггачадир. Шак-шубҳасиз, бунга ҳанафийларнинг ўзига хос далил-ҳужжатлари ҳам бор. Улардан иккисини “Ҳидояи шариф”да келтирилганини юқоридаги иқтибосдан билиб олган эдик. “Бу гапга ишониб қолиб, йиллар давомида Хуфтонни қазо қилиб юборманг”, деган гапга ишонадиган бўлсак, умматнинг қарийб учдан иккисини ташкил қиладиган ҳанафийлар йиллар давомида эмас, балки асрлар давомида хуфтонни қазо қилиб юришган бўладими?! Бундай дейиш учун қанчалик журъат, нақадар туҳмат, не чоғли бўҳтон керак бўларди!

Муҳаддисларнинг улуғларидан Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ, Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги саҳиҳ ҳадислари хуфтоннинг вақти бомдодгача эканлигига далолат қилади:

إعْتَمَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ حَتَّى ذَهَبَ عَامَّةُ اللَّيْلِ وَ حَتَّى نَامَ أَهْلُ الْمَسْجِدِ ثُمَّ خَرَجَ فَصَلَّى فَقَالَ إِنَّهُ لِوَقْتِهَا لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечаси хуфтонни ўқиб берганлар: ҳатто кечанинг кўп қисми ўтиб кетган, ҳатто масжид аҳли ухлаб қолган. Сўнг чиқиб, намоз ўқиб бериб, “Бу ҳам хуфтоннинг вақти. Агар умматимни машаққатга қўймасам эди!”, деб марҳамат қилганлар” (Муслим, 1/638; Насоий, 1/536; Аҳмад, 6/25213).

Ҳадиси шарифлардаги ушбу мавзуга доир ривоятларнинг барчаси ўрганилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хуфтонни шом вақти чиққанидан сўнгра дарҳол хуфтонни энг аввалги вақтида ўқиб берганлари ҳам, кечанинг учдан бирида ўқиганлари ҳам, туннинг учдан иккиси ўтганида ўқиганлари ҳам, хуфтонни охирги вақтида ўқиганлари ҳам борлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳадисда эса, айтилганидек, “оммат ал-лайл” (“кечанинг кўп қисми”) ўтиб кетган эди. Ҳаттоки, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоятида:

حَتَّى رَقَدَ النَّاسُ وَ اسْتَيْقَظُوا وَ رَقَدُوا وَ اسْتَيْقَظُوا

“Ҳатто одамлар ухлаб қолишди, уларни турғаздилар. Яна ухлаб қолишди, яна турғазилдилар”, дейилган (Байҳақий, 1/1952).

Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоатга хуфтонни эртароқ – туннинг учдан биригача ўқиб берар эдилар. Бироқ, ўша куни хуфтоннинг вақти бомдодгача эканлигини билдириб қўйиш мақсадида хуфтоннинг охирги вақтида, ўзлари ҳам дам олиб бўлиб, атайин бомдодга яқин чиқиб келган эдилар. Буни яхши тушунган Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳуга бундай деб мактуб йўллаган эдилар. Бу ҳам саҳиҳ ривоят ҳисобланади:

وَصَلِّ الْعِشَاءَ أَيَّ اللَّيْلِ شِئْتَ وَلَا تَغْفُلْهَا

“Хуфтонни кечанинг хоҳлаган қисмида ўқи, ундан ғафлатда қолмасанг, бўлди” (Таҳовий, 1/957; Ибн Абу Шайба, 1/3250).

Али ибн Амр раҳимаҳуллоҳ: “Бизга Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу намозни қайси вақтларда ўқишимизни бирма-бир ёзиб юбордилар”, деб вақтларни санагандан сўнг: وَرَخَّصَ فِي الْعِشَاءِ – “Хуфтонни ўқишда эса вақтни белгилашда ўзимизга рухсат бердилар”, деган маънода ривоят қилганлар (Ибн Абу Шайба, 1/3249).

Таниқли тобеъин олими Убайд ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан:مَا إِفْرَاطُ صَلَاةِ الْعِشَاءِ  – “Хуфтон намозига эътиборсизлик (яъни, уни ўқимай ўтказиб юбориш) қачонгача бўлади?”, деган маънода сўраганларида, у зот: طُلُوعُ الْفَجْرِ – “Тонг отишигача”, деб жавоб берганлар (Таҳовий, 1/959). Бунинг ҳам саҳиҳ ривоят эканлиги таъкидланган.

Демак, хуфтоннинг асл вақти шом намози вақти тугаган – уфқда шафақ йўқолганидан бошлаб, то тонг отгунгача бўлган оралиқдир. Бироқ, уни масжидда кўпчилик бўлиб жамоат билан эртароқ ўқиб олиш афзал. Жамоатга улгура олмайдиганлар, эртароқ ўқишга имкон топмаганлар, иши чиқиб қолганлар, ухлаб қолганлар хуфтонни тонг отгунгача ўқисалар, уни ўз вақтида ўқиган, қазо қилмаган бўладилар. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لَيْسَ فِى النَّوْمِ تَفْرِيطٌ إِنَّمَا التَّفْرِيطُ فِى الْيَقَظَةِ أَنْ تُؤَخَّرَ صَلاَةٌ حَتَّى يَدْخُلَ وَقْتُ أُخْرَى

“Ухлаб қолишда камчилик йўқ. Камчилик ва бепарволик бедорликда бўлиб, намозни кейинги намоз вақти киргунгача кечиктирмоқдир!” (Абу Довуд, 1/441).

Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ривоятларида бу ҳадис қуйидагича:

لَيْسَ فِى النَّوْمِ تَفْرِيطٌ، إِنَّمَا التَّفْرِيطُ عَلَى مَنْ لَمْ يُصَلِّ الصَّلاَةَ حَتَّى يَجِىءَ وَقْتُ الأُخْرَى

“Уйқуда камчилик йўқ. Камчилик ва бепарволик намозни (масалан, хуфтонни) то бошқа намоз (масалан, бомдод) вақти келгунгача ўқимаган кимсада бўлади” (Байҳақий, 1/1835; Ибн Ҳиббон, 4/1460).

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти эса қуйидагича:

لَيْسَ فِى النَّوْمِ تَفْرِيطٌ، إِنَّمَا التَّفْرِيطُ فِيمَنْ لَمْ يُصَلِّ الصَّلَاةَ حَتَّى يَجِئَ وَقْتَ الصَّلَاةَ الْأُخْرَى حِينَ يَنْتَبِهَ لَهَا

“Уйқуда камчилик йўқ. Камчилик ва бепарволик намозни (масалан, хуфтонни) уни ўқимаганидан огоҳ бўлган пайтда то бошқа намоз (масалан, бомдод) вақти келгунгача ўқимаган кимсада бўлади” (Насоий, 1/616).

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан бирга намозни қазо қилиб қўйганларида айтганларини зикр қилганлар (Муслим, 1/681).

Демак, ҳанафий мазҳабига кўра хуфтоннинг вақти шом намози вақти чиққанидан бошлаб кейинги намоз вақти киргунгача, яъни тонг отгунгачадир. Шу вақт оралиғида ўқилган хуфтон ўз вақтида ўқилган, қазо қилинмаган ҳисобланади. Бу юқорида ўтган саҳиҳ ҳадислар билан ўз исботини топди ва у ҳанафийларнинг гапи беасл эмаслигини, асоссиз эмаслигини англатади. Масжиддаги жамоатда эса хуфтонни аввалги вақтида ёки туннинг учдан бири бўлгунгача намозни ўқиб олиш савоблироқдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан аксар ҳолатда хуфтонни эртароқ ўқишар эди. Иши борлар, жамоат билан ўқишга имкон топмаганлар эса хуфтонни кечроқ ўқисалар ҳам зиёни йўқ, то бомдодгача улгуриб ўқиб олсалар, хуфтонни ўз вақтида ўқиган, қазо қилмаган бўладилар. Ҳанафий мазҳабининг мазкур фатвоси инсонларга ва намозхонларга қулайлик яратади, уммати муҳаммадияни ҳаражга – машаққат ва қийинчиликка солиб қўймайди. Ҳанафийларнинг хуфтонни то тонг отгунгача деб белгилашларининг ўзиёқ саҳиҳдан саҳиҳ бўлмиш: يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا – “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг, хурсанд қилинг, нафратлантирманг!” ҳадиси шарифига жуда ҳам мос келади (Бухорий, 1/69). Зотан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бобомиз айтишича, وَكَانَ يُحِبُّ التَّخْفِيفَ وَالْيُسْرَ عَلَى النَّاسِ – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга енгилликни ва осонликни яхши кўрар эдилар”.

Хуфтонни осмонда қизил шафақ йўқолганидан бошлаб то тонг отгунгача вақт оралиғида – ўз вақтида ўқиб олишни унутманг! Бошқа гаплар бекор! Аллоҳ ибодатларингизни қабул айласин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *