ЯНГИ ФИТНА

++Уммат ичига фитна уруғини сочиб юрувчи, ихтилофларни қўзғовчи, мусулмонларнинг ихлосини сўндиришга урунадиган, амалларини йўққа чиқаришга ҳаракат қилувчиларнинг юртимизда қўзғаган навбатдаги фитнаси рамазон рўзасининг саҳарликда айтадиган ниятимизни ва ифторликда айтиладиган машҳур дуоларимизни бидъат ва ҳаром, дейишда намоён бўлди!

Аслида, бизнинг юртларимизда чиқаётган барча тақвимларда ва диний адабиётларда мазкур “Навайту…”, деб бошланадиган ният ва “Аллоҳумма, лака сумту…” деб бошланадиган ифтор дуоси ёзиб келинади. Уни мусулмонлар жамоаси холис Аллоҳ учун ихлос билан ёд олиб, унга ишониб, неча йиллардан бери ўз рўзаларини адо қилиб келишади. Мусулмонлар жамоасининг севиб-қадрлаб келаётган амалларини бидъатга ва ҳаромга чиқариш нақадар оғир гуноҳ ва оқибати ўйланмаган нақадар катта журъат ҳисобланади.

Муҳаддислардан Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилсалар, “Аллоҳумма, лака сумту ва ъала ризқика афторту”, деб дуо қилар эдилар (Абу Довуд, 2/2360). Мазкур ҳадисни Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ҳам ривоят қилганлар (Байҳақий, 4/7923).

Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса мазкур дуо кўплик шаклида: “Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа, фа-тақоббал миннаа, иннака анта-с-самеъу-л-ъалиим!”, деб келтирилган (Дорақутний, 2/26).
Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ “ал-Мўъжам ал-кабир” асарида мазкур ҳадисни саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирганлар (“ал-Мўъжам ал-кабир”, 12/12720).

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ “ал-Мўъжам ас-сағир” асарида мазкур ҳадисни яна саҳоба Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирганлар (“ал-Мўъжам ас-сағир”, 2/912).

“Муснад ал-Ҳорис”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга қилган насиҳати келтирилган бўлиб, унда жанобимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

يا على، إذا كنت صائما فى شهر رمضان فقل بعد إفطارك اللهمّ لك صمت و عليك توكلت و على رزقك أفطرت، تكتب لك مثل من كان صائما من غير أن ينتقص من أجورهم شيئا

“Эй, Али! Агар рамазон ойида рўзадор бўлсанг, ифторингдан сўнг “Аллоҳумма, лака сумту ва ъалайка таваккалту ва ъала ризқика афторту” десанг, рўза тутганларнинг савоби камайтирилмасдан сенга ҳам ёзилур” (“Муснад ал-Ҳорис”, 1/469).

Мазкур мазмундаги ҳадиси шарифлар бир-бирини қувватлаб келган бўлиб, “ҳасан” даражага кўтарилган ва бутун дунё мусулмонларининг минг йиллик анъанасига ва диний қадриятига айланган. Уммат таомули ушбу ривоятнинг мақбуллигини исботлайди ва ушбу амалнинг тўғрилигини кўрсатади.
Рамазон саҳарлигидаги ниятни бидъат дегувчилар эса намозларимиздаги ниятларимизни ҳам бидъат дейишдан чарчамай келишади. Биз эса ниятни бидъат эмас, балки фарз деб биламиз. Ниятсиз амаллар бекордир! Афсуски, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатга қарши ўлароқ тил билан ният қилишни, айниқса, намозда қалб билан бирга қўшиб тил билан ҳам ният қилиш мумкинлигини инкор қилиб, унинг саҳиҳ ҳадиси шарифларда йўқлигини даъво қилган ва бу бидъат деб оламга жар солган ҳамда ихтилофларнинг авж олишига ўзининг ҳиссасини қўшган олим сифатида тарихда қолди (Ибн Таймия. ал-Фатово ал-Кубро. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. – Б. 96-97).

Минг афсуслар бўлсинки, охирги икки асрдан бери, хусусан, ушбу давримизда Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва унинг шогирдининг гаплари ва фатволарини олиб, бу борадаги ихтилофлар ва тушунмовчиликларнинг авж олишига, кучайишига сабабчи бўлаётганлар ҳам топилиб қолмоқда.

Ниятни дил билан бирга тил билан ҳам бўлишининг ҳукми уч мазҳаб аҳли уламолари томонидан мандуб (мустаҳаб) дейилган. Ҳанафийликдан бошқа уч мазҳаб – шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликда қалб билан бирга тил билан ҳам ният қилиш мандуб амал ҳисобланади, бидъат эмас (Қаранг: Ибн Қудома ал-Ҳанбалий. Ал-Муғний. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-олам ал-кутуб, 1997.– Б. 132; Имом ан-Нававий аш-Шофиъий. Минҳож ат-толибин ва умдат ал-муфтиййин. – Байрут: Дор ал-минҳож, 2001. – Б. 96; Шамсиддин Муҳаммад ибн Хатиб аш-Ширбиний. Муғний ал-муҳтож шарҳ Минҳож. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1997. – Б. 231; Шайх Солиҳ ал-Азҳарий ал-Моликий. Жавоҳир ал-иклил шарҳ Мухтасар ал-Халил. 1-жилд. – Байрут: Мактабат ал-сақофия, 1929. – Б. 46).

Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажда тил билан ошкора ният қилганликлари муҳаддисларнинг саҳиҳ тўпламларида келтирилган (Қаранг: Муслим, 2/1207; Термизий, 3/941; Абу Довуд, 2/1778; Насоий, 2/3747; Ибн Можжа, 3/2938; Табароний, 11/11909; Дорақутний, 3/2456; Ибн Ҳиббон, 9/3775; Аҳмад, 1/3117; Баззор, 2/4839; Таҳовий, «Мушкил ал-асор», 13/5161; Ибн Абу Шайба, 3/14283).

Ҳаж ибодатидаги тил билан қилинган ният ўз-ўзидан барча ибодатларга татбиқ қилинади. Шу ерда таъкидлаш ўринлики, намозда ва бошқа ибодатларда тил билан ният қилишни бидъат дегувчиларнинг ақлий далиллари бор, холос. Улар ният тил билан қилинишини бидъат ёки ҳаром дейилган очиқ ва аниқ далилларни келтира олишмайди. Тўрт мазҳаб уламолари орасида эса тил билан ният қилишни суннат, дейдиган уламолар ҳам бор! Ҳанафийларнинг энг улуғ фақиҳларидан бири Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя” асарида бундай деганлар:

و يحسن ذلك لاجتماع عزيمته

«Мана шу – ниятда тил билан ҳам зикр қилиш азимат-қасднинг жам бўлиши учун яхши бўлади» (Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1897. – Б 91).

Ният қалб билан бирга тил билан ҳам бўлишининг афзал жиҳатини яна бир улуғ фақиҳ Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бундай изоҳлайди: «Чунки, инсоннинг хаёли паришон бўлиб юриши ғолиб бўлади. Агар тил билан зикр қилса, уни жамлашга ёрдам бўлади» (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1893. – Б. 186).

Шунинг учун ҳам, бизнинг юртимиз уламолари саҳарликларда рўза учун ният қилишни ўргатиш мақсадида “Навайту ан асума…” дуосини айтишади. Халқимиз эса уни астойдил ихлос билан айтиб, рўзага ният қилиб рўзаларини тутиб келишади.

Мўъмин-мусулмонларнинг ниятлари ва ифтор дуоларини бидъатга чиқариб, уларни шак-шубҳага ва фитналарга солгандан кўра, буюк фақиҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг:

فما رآه المؤمنون حسنا فهو عند الله حسن وما رآه المؤمنون قبيحا فهو عند الله قبيح –

“Мўъминлар яхши кўрган нарса Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир! Мўъминлар ёмон кўрган нарса Аллоҳ наздида ҳам қабиҳдир!”, деган табаррук гапларини унутмасликка чақирамиз.

Аллоҳ таоло фитначиларга инсоф берсин! Уларнинг хуружларидан юртимизни ўн паноҳида асрасин! Халқимизни ихтилофлардан ўзи сақласин! Тутган ва тутаётган ҳамда энди тутадиган рўзаларимизни Аллоҳ қабул айласин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *