Ҳадиси шарифларни инкор қилувчилар

Lotin alifbosida
Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Ҳадисларни инкор қилувчилар тоифалари

mustafo-alayhissalomning-ozlari-eshitgan-mavlid2Бутун ислом умматининг ижмоъси, иттифоқи шуки, Қуръони каримдан кейинги диннинг энг катта манбаси ҳадиси шарифлардир. Бунга ислом уламоларининг барчаси, барча мазҳаб олимлари, ҳақ мазҳаблар ҳам, ботил мазҳаблар ҳам ижмоъ қилганлар. Бироқ, замонлар ўтиши билан, ХХ асрнинг бошларига келиб, ғарбнинг таъсири кенгайиб кетганидан сўнг, мусулмонлар давлатларидаги айрим имони заиф мусулмонларга ҳам уларнинг таъсири сезила бошлади. Ғарбнинг таъсири ўтганидан сўнг уларга ғарбнинг назариялари ҳам ўтиб келди. Ана ўша ғарб мафкураларидан қўрққан ҳамда қаттиқ таъсирланганлари ғарб назарияларига тўғри келмайдиган, мухолиф бўлган айрим ислом динидаги назарияларни ўзгартиришга, нотўғри талқин қилишга киришдилар. Уларни ғарбнинг мафкурасига мослаштиришга ҳаракат қила бошладилар. Агар ислом таълимотини кўрадиган бўлсак, кўпгина исломий таълимотлар ғарбликларнинг назарияларига тўғри келмай қолади. Энди улар ўзларининг назарияларига тўғри келмайдиган исломий мафкураларни ўзгартиришга, “ислоҳ” қилишга, таҳрифга киришдилар. Гўё исломий фикрларни ғарб фикрларига мувофиқ эканини айта бошладилар. Улар ўзларини “аҳли тажаддуд” (жадидчилар) деб атай бошладилар. (Бизларнинг юртлардаги жадидчиларнинг айримлари ҳам уларнинг фикрларидан таъсирланган бўлишлари мумкин. Лекин, булар тўғрисида алоҳида изланиш ва тадқиқотлар зарур бўлади).

Бундай “ислоҳ” ва ўзгартишига урунишлар ислом диёрларида ҳар хил бўлди. Ҳиндистонда, Покистонда, Туркияда, Мисрда ҳар хил кўринишда юз берди. Булар ўз даврида ислом илмлари кучайган диёрлар эди. Ҳиндистонда Сарсаййид Аҳмадхон дегани чиққан, Мисрда Тоҳо Ҳусайн, Туркияда Зиёгук Алаф чиққан. Булар ўша биз айтмоқчи бўлган назарияга раҳнамо бўлган зотлар бўлган. Булар ғарб фикрларига мослашиш учун уларда ҳадисларни инкор қилишдан бошқа чораси йўқ эди. Уларнинг йўлига асосий тўсиқ бўлаётган нарса ҳадис эди.

Қуръони каримда барча ҳукмлар батафсил баён қилинмаган. Ҳукмларнинг барча тафсилотлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳадиси шарифларда мусулмонларнинг кундалик ҳаётида юз берадиган барча жиҳатлар, ҳамма томонларига оид ҳукмлар келган. Ояти карималарда булар борасида тафсилотли баёнлар йўқ. Ҳадиси шарифларда ҳаётнинг ҳар бир жабҳаси учун ҳукмлар келгани боис ғарбнинг айрим фикрларига тўғри келмас эди. Шунинг учун улар ҳадисларни инкор қила бошладилар. Уларнинг ҳам табақаси ҳар хил.

Биринчилари, ҳадисни тамоман ҳужжатлигини инкор қилдилар. Ҳали айтганимиз Сарсаййид Аҳмадхон деган кимса бунинг илк даъвогари бўлди. Унинг шериги Мавлавий Суроҳ Али деган кимса билан бирга мана шу даъвони баланд кўтардилар. Булар яшаётган диёрларда ҳам ислом илмлари кучайган, уламолар бор эди. Шунинг учун булар ҳадисларни ошкора инкор қила  олмадилар. Балки, улар бундай йўл танлашди: агар бирор ҳадис уларнинг фикрларига тўғри келмайдиган бўлса, ўша ҳадиснинг саҳиҳлигини инкор қилдилар. Ўша ҳадис қанчалик саҳиҳ санад билан ривоят қилинишидан қатъи назар инкор қилардилар. Уларга ҳозирги сохта салафийлар ҳам ўхшаб кетади. Салафийлар ҳам бизнинг ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган, анъанавий диний-миллий қадриятларимизни йўққа чиқариш учун шу йўлни танлайдилар. Ота-боболаримиз ўз диний анъаналарига асос сифатида келтирган ҳадиси шарифларни инкор қилиш, мавзуъ – тўқимага чиқариш ёки, ҳеч илож қила олмасалар, уни заифга чиқариш уларнинг энг кўзга кўринган қилмишларидир.

Сарсаййид Аҳмадхонга эргашганлар ҳамма ҳадисларнинг саҳиҳлигини инкор қила олмасдилар, шунинг учун баъзи ҳадисларни: “Улар ҳозирги замонамизга тўғри келмайди, уларга амал қилиш замонага мос эмас”, дер эдилар. Ҳозир бизнинг орамизда юрган, ўзларини “маданиятли” деб ҳисоблайдиган айрим кимсалардан ҳам шу хилдаги фикрларни эшитиб қолши мумкин. Энг қизиғи, айрим даъволарини исботлаш учун улар ҳадислар билан ҳам далилланишди, ҳадисларни ҳужжат тариқасида ҳам келтирдилар. Бунинг натижасида тижоратда судхўрликни ҳалол дейишди, яна пайғамбарлар мўъжизасини инкор қилдилар.

Сарсаййид Аҳмадхон ўзича Қуръони каримга тафсир ҳам ёзган. Унда Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини инкор қилган. У зот ҳассаларини тошга урганида ўн иккита чашма отилиб чиққан-ку! Ана ўша мўъжизани инкор қилиб, “чашма ўзи бор эди-ю, унинг оғзини харсанг тош бекитиб турган эди. Ҳасса билан уни суриб, чашма оғзини очган. Бу ерда одатдан ташқаридаги иш бўлмаган”, дейди. Шу хилдаги мўъжизаларни инкор қилди, ҳижоб деймиз-ку, ўша рўмолни ҳам инкор қилди. Мана шундай ботил фирқалар ҳам секин-аста ривожлана бошлади. Ҳар хил турли тоифа ва фирқалар пайдо бўлди.

Абдуллоҳ Чакролвий деган кимса “аҳли Қуръон” деган фирқани юзага чиқарди. Қозоғистонда ҳам эшитилаётган “қуръонийлар” деган тоифа шу бўлса, эҳтимол. Анавилар ҳадисни батамом инкор қилмаган бўлсалар, бу “аҳли Қуръон”лар тамоман ҳадиси шарифларни инкор қилдилар. Ҳадисларни ва суннатларни инкор қилавериши билан танилгани сабабли улар бизда “Бесуннатлар” деб аталади. Туркия томонлардан бизнинг юртларгача кириб келган “шоҳидийлар”, “маърифатчилар” сингари тоифалар ҳам мана шу “бесуннат”ларнинг сувини ичганлардир.

Яна Аслам Эъражпурий деган кимса чиққан. Бу “аҳли Қуръон”лардан ҳам юқорига чиқиб, ҳадисларни масхара қила бошлаган. Буларнинг меваси сифатида кейинчалик Ғулом Аҳмад Қодиёний деган кимса чиққан. Бутун дунё уламолари унинг йўлини – “қодиёний” ёки “аҳмадия” деган фирқани ноисломий фирқа деб эълон қилган. У бадбахтнинг қалами ниҳоятда ўткир бўлган экан. Қалами ўткирлигидан ўз даврида ёшларга таъсири ғоятда катта бўлган.

“Мазҳабларга эргашмаслик охири динсизликка олиб боради”, деган ҳикматга биноан аввал аҳли суннат ва жамоат йўлидан чиқади, сўнг ҳадисларни инкор қилади, кейин Қуръонни ҳам беҳурмат қилиб, бутунлай диндан чиқиб кетади. Ғулом Аҳмад Қодиёний мисоли мана шунга тўғри келади.

Мана шунга ўхшаган Туркия ва Мисрдаги айрим кимсалар ҳам ҳадисларни инкор қилганлар. Улар ҳозирги кунда ҳам бўй кўрсатиб турибди. Айримлари интернетда ин қуриб олиб, мусулмонларни бузиш билан овора бўлишмоқда. Уларнинг фикр ва ғоялари билан мусулмонларнинг уламолари фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиб келмоқдалар.

Ҳадисларни инкор қилувчиларнинг ғоя ва фикрлари

Хуллас, уларнинг бу борадаги ғоялари нималардан иборат? Ҳар бир фирқанинг ўз олдига қўйган режаси ва мақсади бўлади. Буларнинг шундай режалари нима? Бу учта нарсадан иборат. Уларнинг баъзиси мана шу учта нарсани бирданига даъво қиларди, айримлари бировини даъво қилиб чиқарди.

Биринчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифаси Қуръонни етказиш, холос, эмиш. Унинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, топширадиган вазифа ва кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун итоат фақат Қуръони каримга вожиб, Пайғамбар алайҳиссаломга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб”, дейишдир. Аллоҳ бундай эътиқоддан ўзи асрасин!

Яна бунга қўшимча: улар ваҳий “матлув” бор, “ғайри матлув” ваҳий йўқ, дейдилар. Бизлар эса “ғайри матлув” ваҳий ҳам бор, деймиз. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръондаги ояти карималардан бошқа ҳам ваҳий кўрсатмалари бўлган, деймиз. Улар асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатни бизларга шакллантириб берганлар.

Ҳозирги Қуръони каримга киритилган оятлар “матлув” – тиловат қилинадиган оятлардир. Қуръонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг махсус кўрсатмалари, Аллоҳ таолонинг буйруғи билан киритилмаган, лекин аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилинган оятлар ҳам бор. Улар “ғайри матлув” – тиловат қилинмайдиган оятлар, деб аталади. Бу аҳли суннат ва жамоатнинг ижмоъси билан қабул қилинган фикрлардир. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шахсан махсус ваҳий орқали шариатнинг айрим ҳукмларини баён қилиб берган кўрсатмалари мавжуддир. Уларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатга асло хиёнат қилмаган ҳолда, умматларига тўлалигича етказганлар. Бироқ, ушбу ҳақиқатларни инкор қилаётган адашган тоифалар бугун Аллоҳ таолога ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам хиёнат қилмоқдалар.

Уларнинг “ғайри матлув”ни инкор қилганликларининг сабаби Қуръони каримни тушуниш учун бошқа нарса керак эмас, хусусан, ҳадиси шарифлар керак эмас, уларга эҳтиёж йўқ, дейишлари учун керак эди.

Иккинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас, эмиш. Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш унинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб бўлмас, эмиш”.

Учинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ, ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар қобили эътимод эмас, ҳужжат бўлишга ишончли эмас, эмиш. Сабаби, ҳадисларнинг бизларгача етиб келган силсилаларида, иснодларида ҳар хил қилу қоллар бор, турли-туман гап-сўзлар мавжуд.

давомини .pdf форматда юклаб олиш орқали ўқишингиз мумкин.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...