Зикр ҳақидаги кўрсатувга муносабат

Lotin alifbosida

Zikr haqidagi ko`rsatuvga munosabat

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бугун телевидениямизда кўрсатилган тасаввуф ва зикр ҳақидаги кўрсатув фесбукда тарқатилган жаҳрий зикр қилувчиларнинг, ўзларин ҳар ён ташлаб, “Ҳув-Ҳув!” дея муайян калималарни жўр бўлиб такрорлаб зикр қилиб, ўзидан кетиб қолаётганларнинг видеосига бағишланди. Кўрсатув бор асос эътибори билан бу хилдаги зикрларни ҳам, тариқатни ҳам ёмонлаш ва қоралаш мақсадига қурилганлиги кўриниб турибди. Бу видеодаги зокирларни “дин душманлари”, “террористлар”, “риёкорлар” ва ҳоказо таъналар билан аталиш асносида бугунги исломий ҳаётимизнинг бошқа жиҳатлари ҳам танқид қилиниб ўтди…

Аслида, бу видео тўғрисида фикр билдиришим, бу қандай тариқатлиги ва бу қандай ҳолат экани тўғрисида мендан бир неча бор илтимос қилинган эди. Бу кўрсатув сабабли, ҳозирда вақтим жуда ҳам зиқ бўлиб турганига қарамасдан бирламчи фикрларимни билдирмоқчиман. Буни фесбукда ўтирган диндошларимиз ҳам, аҳли илм ватандошларимиз ҳам, динимиз пешволари ҳам, ҳукумат аҳли ҳам эътиборга олишса, яхши бўларди.

Биринчидан:

Менинг уч нафар устозим нақшбандия тариқати вакиллари ва шайхлари эди. Мен ҳам нақшбандий тариқатига мансубман. Нақшбандийлик махфий зикрга асосланади. Менинг дўстларим юқоридаги видеога муносабат билдириб, жаҳрий зикрнинг ҳанафий фақиҳлари томонидан қораланганини, мазҳабимиз китобларида бидъат ва макруҳга ва ҳатто ҳаромга чиқарилганини исботлаб мақолалар эълон қилдилар. Мен улардаги фикрларга тўлиқ қўшиламан. Уларни такрорлаб ўтирмайман. Улар кўп ва хўп айтилди. (Видеодагиларни исботсиз қоралаш ва ёмонлашларга, тариқатни таг-томири билан ёмон кўрувчиларга эса асло қўшила олмайман). Бироқ, кейинги фикрларим илмдан келиб чиқиб билдирилган фикрлар бўлиб қолади.

Иккинчидан:

Ўртада бир гап. Бу қайсидир масжидда махсус уюштирилган зикрни, атайин тарқатилган видеони нимага тарқатилгани, у ерда машҳур ғижжакчи акамиз нимага аралашиб юргани, бу видео нима мақсадда тарқатилгани менга қоронғи. Унинг тарқатилишини риёга боғлашдан кўра, менга қоронғи маълум бир бошқа мақсад бўлса керак, деган фикр пайдо бўлаверади. Бу борада бир-икки кун ўтар-ўтмас махсус кўрсатув ташкил қилиниши ҳам нимагадир ғалати. Нима бўлганда ҳам, у тариқатни ва тариқатларни қоралашга асло ва асло сабаб бўлмаслиги керак!

Учинчидан:

Юқоридаги видеодаги зикрда мусиқа йўқ, ортиқча ношаръий нарса ҳам йўқ. Фақат унда жаҳрий ва ошкора ҳамда тасаввуфда айтиладиган “важд” ва “шатаҳот” ҳолати бор, холос. “Важд” ҳолати ўзини билмай қолиш, ўзини унутишдир, “шатаҳот” эса ана шу ҳолатда тилдан чиқадиган сўз ва овозлар ҳамда қилиқлардир. Айтиш лозимки, бу икки ҳолат нақшбандийликда ҳам, бошқа барча тариқатларда ҳам бор. Унинг сунъий қилиниши, кўз-кўз ва риё учун қилиниши бошқа масала бўлиб, уни ҳаром деб ҳукм қилиш билан тасаввуфни, тариқатни ва зикрни қоралаб бўлмайди. Буни тушунинг! Бирор амалнинг сунъий қилиниши, кўз-кўз ва риё этилиши нафақат тариқатда, нафақат зикрда, балки намозда ҳам, рўзада ҳам, ҳажда ҳам ҳаромдир! Фалончилар амалида риё қилди, деб биз намозни ёки рўзани ёхуд ҳажни қоралай олмаймиз, “ҳожиман!” деб керилишлар кўпайиб кетди, деб ҳаж йўлини тўса олмаймиз. Шу хилда, риё қилувчи зокирларни ҳам қоралаш тўғри эмас. Уларга тўғри йўл кўрсатиш лозим, холос.

Тўртинчидан:

Муросасизлик бизга яхшилик келтирмайди! Келтирмади ҳам. “Фақат ҳанафийлик мазҳабини тан оламиз, бошқа жами мазҳаблар бекор, уларни таъқиб ва бадарға қилиниши зарур”, деб биз катта хатоларга йўл қўйдик. Худди шундай, “фақат битта нақшбандийлик тариқатини тан оламиз, бошқа жами тариқатлар юртимизга кирмаслиги керак”, деган фикр нотўғридир. Чунки, мазҳабларга нисбатан муросасизлик бошимизга нималар келтиргани ҳаммага маълум. Тариқатлар ҳам инсоннинг руҳий эҳтиёжидан ва талабидан келиб чиққан руҳий тарбия услублари ҳисобланади. Бировга классик куй-қўшиқ ёққани каби, бошқа бировга жаз, опера ёки рок мусиқа ёқади. Худди шундай, бировнинг руҳияти махфий зикрдан лаззат олса, бошқа бировнинг руҳи жаз ва рок каби юқоридаги каби жаҳрий зикрдан роҳат олади.
Бу гапларимнинг ҳақиқий маъносини қуйидаги бандлардан билиб оламиз:

Бешинчидан:

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари жаҳрий зикр ва самоъ мажлисида ўтириб қолишга мажбур бўлибдилар. “Самоъ” атамаси ҳам тасаввуф истилоҳларидан бўлиб, ундан зикрнинг юқоридаги видеодаги каби тури ва ҳатто унга мусиқа ва рақс аралашган ҳолати назарда тутилади.
Дугоҳ мақомининг чолғу йўлидаги “Самойи” куйи, Хоразм мақомларидаги Дутор мақомлари деб аталадиган тўлиқ мақомлар туркуми, шайхларнинг хонақоларида расм этилган куй ва ашулаларнинг Бухородаги “хонақойи”, Хоразмдаги “суворий” деб аталган туркумлари, Хоразм дутор мақомларидан машҳур бўлган “Чоки гирибон” куй-қўшиқлар туркуми – мана буларнинг бари тарихимиздаги зикр маросимларидан етишганлигини ким ҳам инкор қила оларди?! Ана ўша зикр маросимларидаги айтимларни айтувчиларнинг “қаввол”, “гўянда” деб айтилишини кекса авлод яхши билса керак. Ана шу зикр маросимларида зикр аломатлари “якзарб”, “дузарб”, “сезарб” ва “чорзарб” деб аталиб келгани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Хуллас, жаҳрий зикрлар, рақсу самоълар бизнинг тарихимизнинг бугунги кундаги, эркинлик нашидалари сабабли энди йўлга қўйилмоқчи бўлаётган анъаналаридир!

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан ана шу зикри рақсу самоъ ҳақида сўралганда, ўзларининг машҳури жаҳон гапларини айтганлар. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг бу гапи “Рашаҳот”да ҳам, “Мактубот”да ҳам такрорланган. Бу бугунги кунда айтилаётган бағрикенгликдир!!! Бошяланг намоз ўқилишига ёки чотини кериб намоз ўқилишига бағрингизни кенг қилганингиздек, рақсу самоъ зикрларига ҳам бағрингизини кенг қилсангиз, не бўлади?! Сиз ҳам эшитинг ва ёдлаб олинг:
“ИНКОР ҲАМ НАМЕКУНИМ, ИН КОР ҲАМ НАМЕКУНИМ!” – “ИНКОР ҲАМ ҚИЛМАЙМИЗ, БУ ИШНИ ҲАМ ҚИЛМАЙМИЗ!”.

Олтинчидан:

Бизнинг ўлкаларда фақатгина нақшбандийлик тариқати пайдо бўлмаган, фаолият юритмаган. Балки, бир қанча тариқатлар пайдо бўлиб фаолият юритган. Жумладан, Нажмиддин Кубро ҳазратларининг кубровия тариқати, Аҳмад Яссавий ҳазратларининг яссавия тариқати ва улардан олдинги Абулҳасан ал-Ишқийнинг ишқия тариқати. Мана шу учта тариқат юқоридаги видеода кўрсатиб берилгандек зикр – жаҳрий зикр, ўзини ҳар ёнга ташлаб, “Ҳув-Ҳақ!” дейдиган ва ҳатто мусиқа аралашган рақсу самоъ зикрлардан иборат эди. Ҳатто яссавийликда жаҳрий зикрда чиқариладиган махсус овозлар сабабли, ундаги зикр “зикри арра” деб аталган.
Кубровийлик тариқатининг вакиллари бизда яқин кунларимизгача Андижонда ва бошқа жойларда мавжуд эди.

Яссавийлик эса ХХ аср ўрталаригача юртимизда мавжуд бўлиб келди. Тошкентдаги машҳур Сўфихон ҳофиз, Бобохон ва Акмалхон Сўфихоновлар ана шу яссавийликнинг зикр маросимларида етишиб чиққан ҳофизлар бўлгани ҳам рост. Ҳазораспдаги Машарипжон пирнинг хонаҳоқи ХХ аср бошларигача ҳам машҳур эди. Ушбу хонақоҳнинг ошкора зикрларидан Позачи боболар, Ҳожихонлар етишиб чиққанини ким ҳам инкор қила оларди?! Бобораҳим Машрабнинг қуйидаги байтига қаранг:

Дема, танбур ноласин қўл ташлаганда тордин,
Балки келмиш бу тарона суннати Жаббордин!

Ишқия тариқати вакиллари эса Қашқадарёнинг бугун бутун дунёга машҳур бўлиб кетган Лангар қишлоғида фаолият юритган эдилар. Уларни бугун дунёга машҳур қилган жиҳати у ерда Қуръони каримнинг “Лангар Қуръони” деб аталаётган энг нодир ва энг ноёб нусхаси кўз қорачиғидек асраб келинганидир. Ишқия вакиллари ушбу Қуръон нусхасини асраб келганлар. “Лангар Қуръони” эса Тошкентдаги Ҳастимомда сақланувчи “Усмон Қуръони” билан бир вақтда ёки ундан ҳам сал олдинроқ кўчирилган. Мустақилликнинг илк йилларидаги толон тарожлар вақтида ушбу Қуръон варақлари ҳар томонга тарқалиб кетди. Бугун Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган хориждаги ноёб қўлёзмаларимизни ватанимизга аслини ёки копиясини қайтариш мақсадида ташкил этилган ташкилот томонидан улардан бир қанча варақларининг копияси ватанимизга тантана билан қайтарилди ва қувонч билан матбуот ва телевиденияда эълон қилинди. Ана шу “Лангар Қуръони” рақсу самоъга асосланган ишқия тариқати сўфиларининг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунимизгача етиб келган эди…

Бухородаги “Етти Пир”ни ҳаммамиз яхши биламиз ва кўп эшитганмиз. Келаси йил ва ундан кейинги йилларда ушбу “Етти Пир”ларга бағишланган юбилей ва тантаналар ўтказилиши давлат сиёсати даражасида режалаштирилмоқда. Ана шу етти нафар Пир ватандошимизнинг роппа-роса тўрт нафари ана шу видеода кўрсатилганидек жаҳрий зикр, рақсу самоъни қиладиган бўлганлар….

Еттинчидан:

Юқорида айтганимиздек, Баҳоуддин Нақшбанд пиримиз жаҳрий зикр ва рақсу самоъни инкор қилмасдан, балки “ИНКОР ҲАМ НАМЕКУНИМ, ИН КОР ҲАМ НАМЕКУНИМ!” – “ИНКОР ҲАМ ҚИЛМАЙМИЗ, БУ ИШНИ ҲАМ ҚИЛМАЙМИЗ!”, деган эдилар.

Бироқ, нақшбандийликнинг кейинги давр вакиллари махфий зикрга асосланган мазкур тариқатга жаҳрий зикрни ҳам олиб кирганлар. Бу ҳам ҳақиқат. Бу ҳақида Имом Раббоний ҳазратлари ўз “Мактубот”ларида сўз юритган бўлиб, жаҳрий зикрнинг нақшбандийликда бошланғич соликларига фойдаси борлиги тўғрисида кўрсатма берган эдилар. Шунинг учун, “Хатми хожагон” ва бошқа зикр жараёнларида овоз чиқариб зикр қилиш ўринлари ҳам бор. Уларни фақатгина таълим учун бўлган, зикрни бошқарувчи шайх ўргатиб туриши учун дейиш унчалик тўғри эмас. Ҳамма овоз чиқариб бирга зикр қилиш, маълум ва муайян калималарни бирга такрорлаш нақшбандийликка юқорида айтилган учта – кубровийлик, яссавийлик ва ишқийлик тариқатлари таъсирида кирган бўлса, ажаб эмас.

Саккизинчидан:

Бу ерда айтиш керак бўлган нарса бор. Нақшбандийлик тариқатида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг катта халифаси Хожа Муҳаммад Порсо ҳисобланади. У зот нақшбандийлик тариқатини назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб берган, ўзидан кейин 30 дан ортиқ тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуфга оид муҳим асарлар мерос қолдирган буюк олим ҳисобланади. Ана шу зот нақшбандийликда илк бор зикри жаҳрга ва рақсу самоъга ижобий қараган эдилар. У ўзларининг Ҳиротга жўнатган фатволарида зикри жаҳр ва рақсу самоъга “бидъати ҳасана” деб баҳо берган эдилар. У зотнинг бу фатвоси зикри жаҳр ва рақсу самоъ қилувчи шайхлар, дарвешлар, сўфиларга қўл келди. Натижада, зикри жаҳр ва рақсу самоъ ёқланиб ёзилган барча асарларда Хожа Муҳаммад Порсонинг мазкур фатвоси биринчи ўринда келтирилади. Мазкур фатво немислар юртида жуда яхши ўрганилган.

Тўққизинчидан:

Жаҳрий зикр ва рақсу самоъга исломнинг ҳужжати сифатида улуғланган Ҳужжат ул-ислом Имом ал-Ғаззолий ҳазратлари ижобий қараб, уни ёқлаб чиққан алломалардан бўлдилар. У зот буюк “Эҳё улум ад-дин” ва унинг форсчаси бўлмиш “Кимёи саодат” асарларида рақсу самоъга алоҳида боб ажратиб, уни алоҳида кўриб чиқдилар. Имом Ғаззолий замон (вақт), макон (ўрин) ва ихвон (давра) шароитларига қараб, вожиб (савоб), ҳалол, мубоҳ ва ҳаром самоълар тўғрисида фикр юритдилар. Унинг бу фикрларидан мусиқа тўғрисида ёзганларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам унумли фойдаланган эдилар.

Ўнинчидан:

Юқорида айтилганидек, жаҳрий зикрни бизнинг Имоми Аъзам мазҳаби бўлмиш ҳанафий фақиҳлари қоралаб келганлар. Бироқ, мазкур зикрларни ёқловчиларнинг ҳам қанчадан-қанча далиллари мавжуд.
Масалан, “Жомеъ ал-фатово ли-ибоҳат ал-жаҳр ва-с-самоъ” (“Самоъ ва жаҳрнинг мубоҳлиги учун фатволар тўплами”) деган фатволар тўпламини мисол келтиришимиз мумкин. Унинг матни ва таржимаси юртимиз олимлари томонидан эълон қилинган. Мазкур фатво тўплами 23 та асардан фойдаланиб ёзилган бўлиб, унинг ҳаққонийлигини 10 нафар қози ва муфтий тасдиқлаб, ўзларининг тарихларни ҳам ёритиб турган муҳрларини урганлар.

Ибодуллоҳ Бухорий деган зот ўндан ортиқ асарлар ёзган олимлардан бўлиб, унинг “Жомеъ ал-маъмулот” номли асарларида “Дар баёни истиҳбоби зикр ал-жаҳр” (“Жаҳрий зикрнинг яхшилиги борасида”) деган фасл мавжуд. Унда Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратларининг жаҳрий зикр ва рақсу самоъни жоиз санаганлари тўғрисидаги фатводан ва бошқа манбалардан иқтибос келтирилади.

Муҳаммад Шариф Бухорий ҳазратлари ҳам Бухоронинг машҳур олимларидан биридир. У зот ўзларининг “Ҳужжат уз-зокирин” (“Зикр қилувчиларнинг ҳужжати”) асарида ва бошқа асарларида ҳам жаҳрий зикрни шаръий жиҳатдан исботлашга ҳаракат қилганлар. Унинг бу хилдаги асарлари Туркияда қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Ҳиндистон уламолари ва муҳаддисларидан бўлмиш “Ашъат ул-ламаот” муаллифи Абдулҳақ ад-Деҳлавий “Таҳқиқ ас-самоъ” номли асарида ва “Умдат ур-риоя” муаллифи Абдулҳай ал-Лакнавий “Сабоҳат ал-фикр” номли асарида жаҳрий зикр масаласини шаръий жиҳатдан ёритишга ҳаракат қилганлар.

Ўн биринчидан:

Мен аёлим билан Туркиянинг Қўния шаҳрига борганман. У ерда мавлавия тариқатининг муассиси, буюк мутасаввиф олим, “Маснавийи Маънавий”нинг муаллифи Жалолиддин Румий ҳазратларининг зиёратгоҳи мавжуд. Мавлавия тариқати жаҳрий зикрга ва рақсу самоъга асосланишини ҳамма билса керак. Ҳеч бўлмаса, киноларда мазкур тариқат вакилларининг даврон уриб, қулоч ёзиб чархпалакдек гир-гир айланишларини кўрганлар бор. Қўния шаҳар ҳокимияти ҳар шанбада ҳокимиятнинг Маданият саройида ана шу рақсу самоъ зикрларини сайёҳлар учун уюштириб келади. Сиз ҳам у ерга бормоқчи бўлсангиз, шанбага тўғрилаб боринг. Циркдагидек айлана бино экан. Ҳамманинг нигоҳи аренага қаратилади. Ўртага биттагина ғижжакчи эмас, бутун бошли оркестр чиқиб келади. Ўз ватанида тан олинган қайсидир профессор Румий ҳазратларининг бир-икки байтини шарҳлаб беради. Кейин зокир шайх ва муридлари чиқиб келишади. Зикр бошланади, “Ҳу-Ҳақ!” бошланади, даврон бошланиб, гир-гир айланишлар тинмай давом этади. Уларга қараб ўтириб, сизнинг ҳам бошингиз айланади, дунё айланади, дунёларни унутасиз, дарду аламлардан ғаму ситамлардан мосиво бўласиз…

Қўния ҳокимияти жаҳрий зикр ва рақсу самоъни туризмнинг ривожланиши ва тараққиёти учун уюштиришгани сир эмас. Туристлар, хорижлик сайёҳлар, ички туризмда сайрга чиққанлар ушбу жаҳрий зикр ва рақсу самоъ маросимларини эшитиб, узоқ-узоқлардан келишади…

Биз ҳам юқорида айтилган видеодаги ўзини билмай “Ҳу-Ҳақ!” деб мажнунлигин изҳор қилувчиларни туризм ривожига хизмат қилдирсак, нимаси ёмон?!

Хулоса:

Мен нақшбандийман, нақшбандийлик тариқати аъзосиман. Мен ҳамма зикрларимни махфий қилишга ўрганганман ва у менинг руҳиятимга мос келади, илмимга мувофиқ келади, тақвоимга муносиб келади. Чунки, оят ва ҳадислар, шариат пешвоси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари, саҳоба ва тобеъинлар, табъа тобеъинлар ҳаётлари нақшбандийликка мос келади, мувофиқ келади, муносиб келади.
Бироқ, исломда нақшбандийликдан бошқа ҳам тариқатлар мавжуд. Биз ҳанафийликдан бошқа шофеъийлик, моликийлик, ҳанбалийлик вакилларига муросасиз бўлмаганимиздек, мотуридийлик сингари ашъарийликка ҳам хайрихоҳ бўлганимиз каби қодирийлик, яссавийлик, мавлавийлик тариқатларига муросасиз бўлмаслигимиз керак. Биз улардаги айрим ҳолатларни ношаръий, шариатга тўғри келмайи, деб жар солганимиз билан, уларнинг ҳам ўзларига яраша далиллари бор. Ана шу далилларга ишониб яшайдилар улар…

Тариқатлар исломнинг руҳидир. Исломга фақат тариқатлар руҳ бера олади. Тариқатларсиз ислом қуруқ ғоялар мажмуи бўлиб қолаверади. Тариқатларсиз исломни бошқаришади, мусулмонларни ўз кўйига солишади. Тариқатлар билан эса ислом тараққий топади, фатҳлар ёр бўлади, зафар ва нусратлар ҳамроҳ бўлади! Сохта ислом бўлмагани каби сохта тариқатлар ҳам йўқ, фақат тақвосиз, илмсиз жоҳил мусулмон бўлгани каби сохта тариқатчилар бор! Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган ва ташқари чиққан оқим ва тоифалар бўлгани каби асил тариқатлардан оғишган ва ташқари чиққан тариқат йўналишлари бор! Демак, руҳий тарбиямиз учун амал қилар эканмиз, огоҳликни йўқотмаслигимиз керак.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 3 та

  1. IminjonPolvon:

    Assalomu Alekum! Ustoz Allah o’zi sizdan rozi bo’lsin! Ustoz iltimos facebookdagi muammolarni yoritib borin! Yana takitlaganimdek Quroniylarga (Besunnat Bemazhab) raddiya yozib bering! Allah ilmingizni ziyoda qilsin

  2. Амин:

    Рахмат Оллох сиздан рози булсин жаннатда накшбандийлар солехлар билан бирга килсин.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *