Ҳанафийнамо мазҳабсизлардан огоҳ бўлинг!

Lotin alifbosida

Таниқли ҳанафий олими ва тадқиқотчиси Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бирор мусулмон одам ҳанафий бўлса ҳам, лекин эътиқодда бузуқ ақидали бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, бундай ёзган эдилар:

فكم من حنفى حنفىٌ فى الفروع معتزلى عقيدةً … و كم من حنفى حنفى فرعاً مرجى او زيدى اصلا و بالجملة فالحنفية لها فروع باعتبار الإختلاف العقيدة فمنهم الشيعة و منهم المعتزلة و منهم المرجية

“Демак, қанча ҳанафийлар бор: фуруъда (яъни, фиқҳий масалаларда) ҳанафий, ақида жиҳатдан эса мўътазилий. Қанчадан қанча ҳанафийлар бор, улар фуруъ жиҳатдан ҳанафий, аслида эса муржиий ёки зайдий. Демак, ақидаси ҳар хил бўлиши билан бирга фуруъда ҳанафий бўлиш мумкин. Улар орасида шиалар, мўътазилийлар ва муржиийлар бор!” (Абдулҳай ал-Лакнавий. ар-Рафъ ва-т-такмил // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. – Карочи: Идорат ал-Қуръон ва-л-Улум ал-исломия, 1998. – Б. 189).

Машҳур ҳанафий олими Маҳмуд аз-Замахшарий раҳимаҳуллоҳ вафоти олдидан мўътазилийликдан қайтиб тавба қилганлиги манбаларда зикр қилинган бўлса-да, бироқ, унинг мўътазилий бўлгани ҳолда ҳанафий олими сифатида қадр топганлиги, ҳанафийлик фиқҳида “Руъус ал-масоил” номли асар битгани маълум. Ҳанафийлик фиқҳида эътибор топган “ал-Қуня”, “ал-Ҳовий”, “ал-Мужтабо” сингари фиқҳий манбалар битган Нажмиддин аз-Зоҳидий раҳимаҳуллоҳ ҳам мўътазилий бўлгани нақл қилинади. Маълумки, Маҳмуд аз-Замахшарий раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган “ал-Кашшоф” тафсири Қуръони каримга ёзилган тафсирларнинг энг машҳури ва энг улуғи ҳисобланади. Унда Қуръони каримнинг маънолари, сўз жилваланишлари, жумлалар мўъжизакорлиги, гап тузилишлари таҳлили энг мукаммал ва муфассал тарзда берилган. Бироқ, ўтмишдаги мадрасаларда ушбу тафсир энг охирги босқичда ўқитилган. Чунки, унда мўътазилийлик ғоялари сездирилмасдан акс эттирилган, деган фикр мавжуд эди. Шу вақтнинг ўзида аҳли суннат ва жамоатнинг энг машҳур ақидавий манбаси “ал-Ақоид ал-Азудийя” ва унинг Мулла Жалол Даввоний раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган шарҳи ўқитилган. Яъни, ақидада чалғиш рўй бермасин, деган мақсад бўлган. Яқин-яқингача устозлар “ал-Кашшоф”ни ўқитаётиб, “Бўяш меояд!” (“Ҳиди келмоқда!”) деб қўяр эканлар. Жумладан, Бухоронинг мумтоз давридаги охирги мударрислардан Асвад махдум раҳимаҳуллоҳ ва Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари шу хилда сабоқ берар эканлар. Яъни, мазкур тафсирда мўътазилийлик ақидасига яширин тарзда, сездирмасдан ишора қилиб кетилган ўринларни “Бўяш меояд!” (“Ҳиди келмоқда!”) деб, талабаларга билдириб ўтилган.

Ўз даврида мўътазилийларнинг раиси бўлган Қози Абдулжаббор раҳимаҳуллоҳ амалиётда шофеъий мазҳабида бўлган, шофеъийларнинг катта фақиҳларидан бири ҳисобланади. Демак, огоҳ бўлиш керак: кимдир шофеъий, яна кимдир ҳанафий бўлганини эълон қилиб, шунга амал қилиб юриши мумкин. Бироқ, эътиқодда бузуқ ақидада, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифадан бўлиши мумкин.

Ўтмишда яшаб ўтган бу ҳазратлар гарчи бошқа эътиқодда бўлсалар ҳам, лекин ҳанафий ёки шофеъий мазҳабига чин сидқидилдан ва ихлос билан тақлид қилиб, амал қилиб келганлар. Уларнинг бу мазҳабдаги амалиётлари юзаки бўлмаган, улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни чинакам севганлар, ҳурмат қилганлар, мазҳабига тақлид қилишни вожиб деб ҳисоблаганлар, ўзларининг мўъминлик бурчи деб билганлар. Жумладан, юқорида номи зикр қилинган Маҳмуд аз-Замахшарий раҳимаҳуллоҳнинг “Навобиғ ал-калим” асарларидаги: “Илм ва дин ҳанифий ва ҳанафийдир!”, “Аллоҳнинг Ердаги қозиқлари юксак тоғлар бўлгани каби ҳанифийликнинг қозиқлари Абу Ҳанифа илмлари биландир!” ва “Буюк имомлар ҳанафийлар бўлиб, улар ҳанифий миллатнинг юганларидир!”, деган эътирофларини мароқ билан ўқиш мумкин. “Ҳанифий” деб мусулмон умматини, ислом динини, Иброҳим алайҳиссалом ифтихор қилган мўъминлик-муслимликни айтилади.

Ҳа, ўтмишдаги уламоларнинг айримлари гарчи бошқа эътиқодда бўлсалар ҳам, лекин ҳанафий мазҳабига чин дилдан ва ихлос билан тақлид қилиб, амал қилганлар ёки бу мазҳабни сидқидилдан қўллаб-қувватлаб турганлар, унга амал қилувчиларни фитнага ва ихтилофларга тортмаганлар. Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг ашъарий ёки мотуридийлиги борасида ҳалигача икки хил фикр мавжуд. Уни шофеъийларнинг олими сифатида “Табақот аш-шофеъия ал-кубро” тўпламига фахр билан киритилган. У зотнинг ўзи ҳам шофеъийлик ва ҳанафийлик мазҳаби бўйича фатво бераверганлар. Унинг “Фатово аш-шофеъия” ҳамда “Фатово ал-ҳанафия” деган икки мазҳаб бўйича чиқарилган фатволар мажмуаси ҳам бўлган. (Биз унинг айнан мотуридий ва ҳанафий эканлигини исботлаган эдик).

Ўзлари бошқа мазҳабда бўлсалар ҳам, ҳанафийликдан дарс берадиган зотлар ҳозир ҳам бор. Жумладан, Қирғизистонда яшовчи устоз шайх Ҳабибуллоҳ домла ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари ўзлари шофеъий мазҳабига амал қилсалар ҳам  ҳанафийларга ҳанафийлик китобларидан дарс бериб келадилар. Айнан ҳанафийлар орасида обрў-эътибор қозониб, умматнинг бирлиги ва иттифоқлигига ҳамда илмли-билимли бўлишига саъй-ҳаракат қилиб келадилар. Бунинг сабаби, у зот иттифоқликка рахна соладиган масалаларни қўзғамайдилар, фитна эшикларини очмайдилар, халқнинг урф-одатлари ва миллий қадриятларига ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдилар, аҳолининг минг йиллик диний анъаналарига таъна қилмайдилар.

Лекин, бизнинг давримизда бошқа бир ҳанафийнамолар бўй кўрсатгандир. Улар ҳанафий мазҳабини ниқоб қилиб олганлар, аслида мазҳабга эргашишни ёқтирмайдилар, айримлари мазҳабларга ихлос қилишни мутаассиблик деб баҳоласалар, бошқалар бидъат ва ҳатто ҳаром деб биладилар. Лекин, одамларни тузоқларига илинтириш, домларига тушириш мақсадида ўзларини ҳанафий қилиб кўрсатадилар. Аниқроғи, “Мен ҳанафийман!”, деб чалғитадилар. Интернетда ижтимоий  тармоқларда, “Мен ҳанафийман!”, “Мен Абу Ҳанифанинг мазҳабидаман!”, деб сўзини бошлайдиган ёки шу хилдаги сўзлар билан ўз гапини тугатадиганларни учратишингиз мумкин. Улар ана шу гапни айтаётиб, бир бидъатни, масалан, бемазҳабликни ҳимоя қилаётганини ва қайсидир таниқли бидъатчининг ёнини олаётганини кўрасиз. Ана шундай аслида бемазҳаб одамнинг маърузасини эшитсангиз, ўз чиқишида бот-бот “ҳанафийларда ундоқ, ҳанафийларда бундоқ” деганини ёки Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг номларини тилга олганларини кўрасиз. Ҳозирда улар бемазҳабликни, сохта салафийликни, ваҳҳобийликни тарғиб ва ташвик қилиш мақсадида гўё ўзларини аҳли суннат ва жамоатдан деб кўрсатиб, айниқса, ҳанафий қилиб кўрсатиш йўлини тутганлар. Бироқ, яхши кузатсангиз, улар мақолалари ёки маърузаларида бир-икки марта юзаки равишда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг муборак номларини тилга олиб қўйгани билан мақоланинг ёки маърузанинг бутун моҳияти, маъно-мазмуни сохта салафийликнинг фитнали қарашларидан иборат эканини билиб оласиз. Улар бу хилда мақола ёки маърузаларида ҳанафий олимларидан бир-икки нафарининг номини тилга олиб бўлиб, аслида унда бемазҳабларнинг устозлари Албонийнингми, Ибн Бознингми, Усаймин-у Фавзоннингми, улардан ҳам каттароғи бўлмиш Ибн Таймия-ю Ибн Қаййимнингними фатвосини ташвиқ килаётган бўлади. Улар ўзларини ҳадеб “Абу Ҳанифа мазҳабидаман!”, “Салафи солиҳларга эргашувчиман!”, деб таъкидлайверадилар, лекин, аслида, аҳли суннат ва жамоатдан айрилган тоифаларнинг “олим” ва “муҳаддис”ларининг ёнини олаверадилар. Уларнинг ниқобда эканлигини шундан ҳам билиб олса, бўлади. Улар аслида ҳанафий мазҳабига ихлоссиз бир бемазҳаб фитначи эканликларини яна шу нарсадан ҳам билса бўладики, улар мазҳаб фатволарига кўра минг йиллардан бери амал қилиб келаётган мусулмонларнинг амалларини менсимайдилар, урф-одатларига таъна қиладилар, миллий қадриятларини ҳурсатсизлик билан тилга оладилар, балки буларни бидъатга, ҳаромга, ширк ва куфр ишга чиқарадилар, маҳаллий аҳолининг минг йиллик анъанавий исломига, анъанавий мазҳабига тил теккизадилар.

Уларнинг дилларида ғарази ва марази борлигини Аллоҳ таолонинг “муташобеҳ” деб аталган сифатлари борасида кўп гапиришларидан ҳамда шу масалани қўзғаб, ҳақиқий аҳли суннат ва жамоатнинг икки қаноти бўлмиш ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, деб даъво қилишларидан билиб олиш мумкин. Ашъарийлар ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, “Мана, биз аҳли суннат ва жамоатданмиз!”, деганларини кўп кўрасиз. Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида гапира туриб, ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган, деб иддио қилувчи фитначиларнинг барча-барчаси Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда “Оли Имрон” сурасининг 7-оятида айтган “дилида оғиш” бор ҳамда ғарази ва марази бор кимсалардир!

Яна аслида фитнани қўзғаш, одамлар орасига ихтилоф уруғини экиш мақсадида, ўзларининг фикрларини гўё ҳанафийликка мос қилиб кўрсатиш маъносида (страховка учун) Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикри ҳам мана шундай деб туриб, минг йиллардан бери ҳанафий бўлиб келаётган, ота-боболарининг йўли ва тариқасидан чиқмаётган аҳли илмларни: “Бу одам ўз имомига ҳам қарши!”, деган иғвони тарқатаётганини ҳам кўрасиз. Минг йиллардан бери ҳанафий бўлиб келган, ҳозирда ҳанафий мазҳабининг олими бўлиб танилганларни “ҳанафийликка қарши” деб даъво қилишларига нима дейсиз?! Улар асли ҳанафийликнинг буюк имомлари-ю, минг йиллик вакилларини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга қарши, деб бўҳтон гапларни сўзлайверадилар. Минг йилдан бери бутун дунё мусулмонларига маълумки, ҳанафий мазҳаби фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрларидан иборат эмас. Мазкур мазҳаб ва қолган уч мазҳаб ҳам унинг шогирдлари, шогирдларининг шогирдлари ва кейинги давр ҳанафийлари томонидан шаклланиб, сайқалланиб келмоқда. Шунингдек, улар мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрларини нотўғри талқин қилиб, ўзларининг ғояларига буриб гапиришлари билан ҳам танилган. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади, аслида. Чунки, улар Қуръон оятларини ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини ҳам ўз ғояларига буриб гапиришлари билан танилганлар.

Аслида, бир устозимиз айтганларидек, улар ҳеч қачон “Имоми Аъзам” демайдилар, балки фақат истеҳзо билан “Абу Ҳанифа” деб қўядилар холос. Уларнинг ана шундай қилмишларини эслаб донишманд устозлардан бирлари: “Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳақиқатда барҳақ олим ва валий зот эканлигини давримиздаги бемазҳаблар унинг номини: “Мен шу кишининг мазҳабиданман!”, деб қуруқ айтиб қўйиб ҳар хил бало-офатлар ва фитналардан сақланиб қолганидан ҳам билиб олсак бўлади”, деган эдилар.

Ваҳҳобийлик ва унинг соясидаги сохта салафийлик оқими тарқалар экан, қаерга ёйилмасин, қайси жойга кириб бормасин, ўша ердаги миллий анъана ва қадриятлар, диний урф-одатлар оёқ-ости қилиниши, остин-устун бўлиб кетиши; минг асрлик, юз асрлик анъана ва одатлар, уламо-ю раҳбарлар ҳақорат ва таъна қилиниши тарихий ҳақиқатдир! Ваҳҳобийлик кириб келган жойларда одамлар асрлар давомида бамайлихотир, уруш-жанжалларсиз қилиб келаётган амаллари борасида шиддатли баҳс-мунозаралар гирдобида қолиб кетадилар. Минг йиллардан бери, ҳатто бирор юртга ҳали ислом фатҳи келмасидан олдин пайдо бўлган, лекин ислом келганидан бери ҳеч қандай инкорсиз қилиб келинаётган ишлар, ва ҳатто миллат ва элларнинг миллий анъана, қадрият ва урф-одатлари ҳаромга, бидъатга чиқарила бошлайди. Юз йиллар давомида мадрасаларда, давраларда ўқиб келинаётган китобларга ва рисолаларга таъна тошлари отилади, шубҳа остига олинади. Савоб деб қилиб келинаётган ишлар ҳаромга, яхшилик деб қилинаётган амаллар бидъатга, туппа-тузук мусулмонлар мушрикка, атрофда бўлаётган воқеалар куфр ёки ширкка чиқарилиб қолади. Ота-боболаримиз минг йиллардан бери ҳукмига ихлос ила амал қилиб келаётган, мазмунига ишониб келаётган ҳадиси шарифлар ва шаръий ривоятлар заифга ва мавзуъ – тўқима-сохтага чиқарила бошлайди, амал қилмасликка чақирила бошлайди. Халқ ва миллат орасида обрў-эътибор қозониб келган домлалар, уламолар, эшонбоболар, оқсақоллар ва раҳбарлар обрўсизлантиришга урунилади: авваллари бирорта гап-сўзидан чиқмай келган авомнинг ўзи ваҳҳобийлик балосига йўлиққандан сўнг айнан ўзларининг домлалари, уламолари, эшонбоболари, оқсақоллари ва раҳбарларига қарши бўлиб қолади. Ваҳҳобийлик кучайган сари мусулмонлар ва ҳар қандай мамлакат аҳолиси не қийинчиликлар билан тиклаган давлатлари тузуми, тараққиёти ва ривожига нисбатан хавф-у хатар орта боради. Натижада, ваҳҳобийлик ва унинг соясидаги сохта салафийлик бўладими, ёки бошқа турли номлар ҳеч бир жойда яхшилик билан, қучоқ очиб кутиб олинган эмас!

Сохта салафийликдан сув ичаётган такфирчи оқимлар эса улардан ҳам ҳаддан ошиб кетдилар. Ўшалар бугун қибла аҳлини – Каъба томонга қараб намоз ўқийдиганларни ва Каъбани қибла деб тан олган “Лаа илаҳа иллаллоҳ!” дегувчиларни  – улар машриқда бўладими, мағрибдами, шимолу жанубдами – ҳамма-ҳаммасини мушрикка ва кофирга чиқариш билан машғулдирлар. Улар бугун якка шахсларни эмас, бутун бошли миллат, халқ ва элатларни кофирга чиқариб, асил мусулмонларнинг минг йиллик мусулмонобод диёрларини кофиристонга чиқаришга ўтиб олганлар. Бунга эса оддий миллий-диний одатларни сабаб қилиб олишади. Қаранг:

— Улар қабрларни зиёрат қилувчиларни ёки қуръоний далил ила собит бўлган шаръий васила билан дуо қилувчиларни ўйламай-нетмай мушрикка чиқараверадилар;

— Меҳроби сал қийшиқ кетган ёки солиҳлар қабри ёнига қурилган масжидларда намоз ўқиётганларнинг намозларини ботилга чиқараверадилар;

— Ҳижрат қилишни фарз санаб, қаергадир, аслида ўзларининг лагерларига ҳижрат қилмаганларни исломга қарши одам деяверадилар;

— Жиҳодни диннинг асоси, у исломнинг беш рукнидан олтинчиси деб бутун дунёни уруш-жанжаллар маконига айлантиришни кўзлаб, тпнчликдан ва шукроналикдан гапирганларнинг устидан кулишиб, жиҳод қилмаганларнинг ҳаммасини кофир, деб эълон қилаверадилар;

— Шаъбон ойининг қоқ ўртасида кечаси билан дуо қилиб чиққан ёки юз ракъат намоз ўқиганни залолатга кетган бидъатчи деб эълон қилаверадилар;

— “Қасидаи Бурда” ёки “Далоил ал-хайрот” ўқувчиларни эса чинакам кофир деб ўйлайдилар;

— Аҳли байтни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодларини, бугунги кундаги саййидлар, эшонзодаларни ҳурмат ва иззат қилишни масхаралайверадилар;

— Саҳобалар, тобеъинлар, авлиёлар ўқиб келган вазифали дуо ва вирдларни, тоат-ибодатларни ихлос билан адо қилаётганларни эса бутга сиғинувчилар билан тенглаштираверадилар;

— Наврўз ёки янги йилни нишонловчи бутун бошли миллатларни, халқ ва элатларни кофирга чиқараверадилар;

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматларига рабеъ ал-аввал ойида “мавлид” ўтказиб, у зотнинг ҳаётлари, фаолиятлари ва сийратларини ҳамда ҳадиси шарифларини алоҳида маросим ташкил қилиб оммавий ўрганишни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатларини изҳор қилиб, ашъорлар ва нашидалар билан ифодаламоқчи бўлганларни бидъатга ва бидъатчига чиқараверадилар;

— Солиҳ авлиёларнинг қабрларига, ва ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига узоқ-узоқлардан махсус сафар уюштириб борувчиларнинг ҳаммасини уялмасдан адашганга, оғир гуноҳ қилганга чиқараверадилар;

Бутун бошли миллатлар, халқлар, аҳолини кофирга ва мушрикка, бидъатчиликка чиқаришининг энг асосий сабаби бу фикрдаги масалалар билан алалоқибат ушбу юртларга уруш очиш сингари ғаразли ва ифлос ғоялари борлигидир!

Сохта салафийликдан сув ичаётган такфирчи оқим вакиллари мазҳаблар орасида турлича фикрга келинган фиқҳий масалаларни ҳам эътиқод даражасига кўтариб, бошқаларни бидъатда, куфр ва ширкда айблаб, тинч-тотув аҳоли ўртасида фитна-фасод қўзишга зўр берадилар, ихтилофга сабаб бўладилар. Ихтилофни ўзлари бошлаб қўйиб, унга барҳам бермоқчи бўлганларни фитначиликда айблайверадилар. Уларнинг тез-тез ва бот-бот қўзғаб юрган масалаларига бир қаранг:

— Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъат эмишми?

— Намозда тил билан ният қилиш бидъатмишми?

— Такбирда қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш керакми?

— Намозда қўлни кўкрак устига қўйиш керакми ёки киндик остигами?

— Намозда “омин”ни жаҳрий ёки махфий айтиш лозимми?

— Намозда биринчи такбирдан кейинги такбирларда ҳам икки қўлни кўтариш керакми?

— Азон дуосида “Варзуқнаа шафоатаҳу йавм ал-қиёмаҳ!” жумласини айтиш бидъатми?

— Жумъадан олдин “Каҳф” сурасини ёки бирорта оятларни тиловат қилиш шартми?

— Жамоат намозини ўқиб бўлишгандан сўнг яна жамоат қилиш мумкинми, кечикиб келганлар якка-ёлғиз намоз ўқишлари шартми?

— Аёлларга таълим бериб, уларни ўқитиш мумкинми?

— Рамазон рўзасини саудияликлар ойни кўргандан кейин бошлаш фарзми?

— Таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиш лозимми, уни йигирма ракъат қилиб ўқиш бидъатми?

— Намоздан кейинги тасбеҳ ва дуоларни жамоат билан адо қилиш бидъатми?

— Хонага кириб келган одамнинг ҳурматига тик туриш куфрми?

— Аёл киши юзи очилган ҳолда ҳижоб ўраса бўладими? Унга ниқоб шартми?

— Ер қуёш атрофида айланадими? Ер қуёш атрофида айланади, деганлар кофирми?

— Фотосурат расмга тушиш гуноҳми?

— Тасбеҳ доналарини ишлатиш бидъатми?

-Эркаклар шимининг почасини тўпиқдан пастга тушириб юрсалар, тўппа-тўғри дўзахга борадими?

Хуллас, улар одамларни фитнага соладиган мавзуларда кўпроқ гапирадилар, кўпроқ ёзадилар. Фитнага сабаб бўладиган, ихтилоф қўзғайдиган масалаларда саволлар бераверадилар. Фиқҳдан бирор масала айтиб, одамларни рози қилиб ҳақ йўлга бошламайдилар. Агар фиқҳдан гапирсалар ҳам, уни эътиқод мавзуси қилиб оладилар. Яъни, жиҳод қилиш керак, ҳижрат қилмоқ даркор, дея одамларни уруш майдонларига тортқилайдилар. Ёки “анови ишинг ширк, ширк бўлганда ҳам ширки акбар, манави ишинг эса айни куфр”, деб одамларни қўрқувга соладилар, холос. Уларнинг энг яхши кўрган гап-сўзлари ҳам шу: оят-ҳадисларда муташобеҳ мавзуси, эътиқодда ширк ва куфр, фиқҳда эса жиҳод ва ҳижрат. Бу мавзуларни кўпайтириб юборганларини ўзлари сезиб қолганда эса соқолни кааатта қўйиш, иштоннинг почасини шимариб юриш, намоз мавзуси қўзғалиб қолганда эса оминни жаҳрий айтиш, “рафъ ул-ядайн” ва таровеҳни неча ракъат ўқиш кабиларни қўзғаб қўйишади. Уларнинг яхши кўрган мавсумий мавзулари ҳам бор. Булар рамазон келганда Саудияга эргашиб рўза тутишни бошлашни вожиб санаш, мавлид ойида эса уни бидъат деб аташ, янги йил ёки наврўз келганда эса ҳаммани кофирга чиқариш билан машғул бўладилар. “Жиҳод қилмоқчи бўлсанг, ҳақиқий кофирлар, ҳаққоний мушриклар билан уруша қол!”, десангиз, “Йўқ, биз айнан мусулмонлар билан урушамиз. Ишни ислом диёрларини “исломобод” қилишдан бошлаймиз”, деган сафсатани такрор-такрор айтишаверадилар. Ҳа, ҳизбуттаҳрирга аъзо бўлиш дунёда хорлик, охиратда азобдир! Уларнинг муроду мақсадлари тинч-тотув ва фаровонликда яшаётган мусулмонлар ўлкасини нотинч диёрга, уруш-жанжаллар маконига айлантириш экани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Акс ҳолда, улар “Лаа илаҳа иллаллоҳ!”, деб турган мусулмонларни ўлдириб, намоз ўқиётган мусулмонларни масжидларида портлатиб юборадиларми?! Акс ҳолда, улар бир гуноҳ иш сабабли бутун бошли халқ ва элатларни кофирга, ширкни қилувчига чиқарадиларми?!

Ҳа, сохта салафийлар даъво қилганларидек бу уммати муҳаммадия куфр ва ширкка ҳеч қачон ботмайдилар. Менинг гапларим сизга ёқмаса-да, гапимга ишонмасангиз ҳам ёки ҳайратга чўмсангиз ҳам айтиб қўяй: мусулмон уммати ҳеч қачон ширк ва куфрга мубтало бўлмайди, мусулмонлар ҳеч қачон бидъат устида жам бўлишмайди, мусулмонлар ҳеч қачон залолатга кетишмайди! Менинг бу гапимни унутманг! Бу гапимга ўша ваҳҳобийликдан ўсиб чиққан сохта салафийлар, янги зоҳирийлар, яна алламбало номлар остидаги тоифалар ҳам инкор қила олмайдиган, аъло даражада саҳиҳ бўлган, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддисларнинг султони ва амирлари ривоят қилган ҳадиси шарифлар далилдир. Уни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир эмас-икки эмас, роппа-роса олти марта нақл қилганлар (Бир нусхага кўра тартиб рақамлари: 1279, 3401, 3816, 3857, 6062, 6218):

Саҳоба Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إنّى لست أخشى عليكم أن تشركوا بعدى و لكنّى أخشى عليكم الدنيا أن تنافسوا فيها و تقتتلوا فتهلكوا كما هلك من قبلكم

“Албатта, мен сизларнинг мендан кейин ширк келтиришларингиздан қўрқмайман! Лекин, мен сизларнинг дунёда беллашув-рақобатлашувларингиздан ва бир-бирларингизни ўлдириб юбораверишларингиздан, (алалоқибат) сиздан олдингилар ҳалок бўлганларидек ҳалок бўлиб кетишларингиздан қўрқаман!” (Бухорий, 2/1344; Муслим, 4/2296; Ибн Ҳиббон, 7/3198; Табароний, 17/767; Байҳақий, 4/6600; Аҳмад, 4/17382).

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривояти бўйича биз келтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, мен сизларнинг мендан кейин ширк қилишларингиздан қўрқмайман!”, деган гапларига эътибор беринг! Бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг энг охирларида, ҳаётларидаги минбарда туриб айтган энг охирги маърузаларида айтганлар. Мазкур саҳоба Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳу: فكانت آخر ما رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم على المنبر – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни минбарда кўрганимнинг энг охиргиси шу бўлди!”, деганлар.

Мазкур ҳадиси шарифда иборалар аниқ, ҳеч қандай эҳтимоллар йўқ, мўҳкам ҳукм бўлиб, аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф ҳисобланади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг ширкка асло мубтало бўлмаслигини башорат қилмоқдалар. Унда, нимага мусулмонларни ширк ишни қилганликда айблайверасиз?! Ёки сиз севимли, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларига ишонмайсизми?!

Яна бир саҳоба Шаддод ибн Авс разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аниқ-тиниқ қилиб, “Сиздан кейин умматингиз ширк қиладими?”, деб сўраган. Савол-жавобга қаранг:

عن شداد بن أوس رضى الله عنه قلت يا رسول الله أتشرك أمّتك من بعدك قال نعم أما أنّهم لا يعبدون شمسا و لا قمرا و لا وثنا و لا حجرا و لكنّهم يراءون بأعمالهم

Шаддод ибн Авс разийаллоҳу анҳу: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Умматингиз Сиздан кейин ширк қиладиларми?”, дедим. У зот бундай дедилар: “Тўғри, улар қуёшга, ойга, бутга, тошга ибодат қилмайдилар! Лекин, улар ўз амаллари ила риё қиладилар” (Ҳоким, 4/7940; Табароний, 7/7144; Аҳмад, 4/17161).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда аниқ-тиниқ қилиб, “Умматим қуёшга, ойга, бутга, тошга ибодат қилмайдилар!”, демоқдалар! Яъни, аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бугунги салафий-ваҳҳобийлар ва яна кимлардир айтаётган “ширки акбар” – “энг катта ширк”ни қилувчиликда айблаганларидек эмас экан. У ҳолда, нимага сиз, мусулмон умматини ўз пирларига, шайхига, солиҳ авлиёларнинг қабрига, мақбараларга ёки ўзингиз ўйлаб топган нимагадир сиғинганликда, ибодат қилганликда айблайверасиз?! Ёки сиз севимли, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларига ишонмайсизми?!

Демак, юқоридаги икки нафар саҳобанинг саҳиҳдан саҳиҳ ривоятларидан маълум бўлмоқдаки, уммати муҳаммадия, ислом уммати анави ваҳҳобий-у салафийлар жар солаётган “ширки акбар”дан сақлангандирлар. Ана энди, мусулмонларнинг ҳар қайсисини – яхшию ёмонини, тақводори-ю фосиқини, суннийсини-ю мубтадеъсини куфрда ва ширкда айблаб бўлмайди. Мусулмонларни такфир қилиб, оммага кофир деб эълон қилиш асло мумкин эмас! Зотан, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқ қилган умматиданмиз. У зоти шариф ҳаводан олиб гапирмайдилар. У зоти бобаракот ўзларидан кейин умматлари қуёшга, ойга, бутга, тошга сиғинмаслигини таъкидлаганлар.

Муҳаддис Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ саҳиҳлигини таъкидлаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

        لا يجمع الله هذه الأمّة على الضلالة أبدا

“Аллоҳ бу умматни залолатга абадий жам қилмайди!” (Ҳоким, 1/391).

لن تجتمع أمّتى على الضلالة أبدا فعليكم بالجماعة فإنّ يد الله على الجماعة

“Умматим залолат тепасида ҳеч қачон жам бўлмайди! Шунинг учун, сизлар жамоатни лозим тутинг. Зотан, Аллоҳнинг мадади жамоатгадир!” (Табароний, 12/13623).

Уммати муҳаммадиянинг кўпчилиги бидъат тепасида бирлашмайдилар, залолатга кетмайдилар. Бутун бошли мусулмон бўлмиш халқ ва элатларни ҳаромни оммавий қилишда, бидъатни биргаликда бажарганликда, залолатга кетиб дўзахий бўлганликда асло айблаб бўлмайди. Бу хилдаги айблов юқоридаги каби ҳадиси шарифларга, исломий мақсадларга мутлақо зиддир.

Хуллас, ўзларини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларида эканлигини тез-тез такрорловчи, бироқ, аслида унинг мазҳабидан бўлмаган ғайримазҳаблар ҳанафийликдан бир-икки иборани иқтибос олгани билан ҳанафий бўлиб қолавермайди! Ҳанафий мазҳабида бўлган барча одамнинг ҳам эътиқоди дуруст бўлавермайди. Эътиқоддан гапирган мусулмоннинг барчаси аҳли суннат ва жамоат таълимотидан ҳисобланавермайди. Аҳли суннат ва жамоат таълимотидан деб гапирувчиларнинг барчаси асил, соф, ҳақиқий ва ҳаққоний аҳли суннат ва жамоатдан бўлавермайди. Бинобарин, бир пайтлар тобеъинларнинг улуғи Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтганларидек иш тутмоқ лозим:

إنّ هذا العلم دينٌ فانظروا عمّن تأخذون دينكم

“Албатта, бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг!” (Муслим, 1/26; Доримий, 1/432; Термизий, “аш-Шамоил ал-Муҳаммадия”, 1/408).

Хуллас, эҳтиёт бўлаверинг!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимни адаштирмасин. Ширк, куфр, бидъат ва залолатдан Парвардигори оламнинг ўзи асрасин. Мусулмонларни ширкда ва куфрда айблашдан Худо сақласин. Ғайримуқаллид, ғайримазҳаб бўлиб қолишдан Аллоҳ таоло паноҳ берсин. Ҳозирги давримизда чиққан ва янги чиқаётган ваҳҳобий, сохта салафий, ҳизбуттаҳрир каби ҳар хил оқимлар ва тоифаларга қўшилиб қолишдан Яратган Эгам сақласин. Бизни аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридий ақоидида, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларида барқарор қилсин. Омин!

Биз мусулмон сифатида мотуридий ва ҳанафий эканлигимиздан фахрланамиз!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Абдуллоҳ:

    Яқинда фейсбукда Содиқ Самарқандий деган Ваҳобий ҳам «Ҳанафий фиқҳи» рукни остида Мухтасарни дарс қилишни бошлади.
    Бу ҳам бир найранг бўлса керак. Валлоҳу аълам

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *