ИМОМ ОРТИДА ҚИРОАТ ҚИЛИШ ҲУКМИ ВА БИЗНИНГ ДАЛИЛЛАРИМИЗ

maxresdefault(2)3333333333333333333333333333333333333333333333333333333333Айни шу кунларда Тошкентдаги “Олий маъҳад”да баҳорги семестир дарсларини ўтаяпмиз. Гуруҳимизда Республикамизнинг деярли ҳамма вилоятидан талабалар бор. Куни кеча жиззаҳлик бир ҳамдарсим: “Халқимиз намозхонлари орасида “Биз имомга иқтидо қилганда қироат қилмасдан катта хато қилган эканмиз. Аслида имомга иқтидо қилганлар ҳам қироат қилиши керак экан”, деб афсусланиб юрганлар кўпайиб қоляпти” деб куюниб гапириб қолди. Ҳақиқатан ҳам шундай, мен ҳам баъзиларига гувоҳ бўлганим бор. Улар ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларининг «Имом орқасида қироат қилинмайди» деган фатвосини далилсиз чиқарилган, нотўғри деб ҳисоблашади. Аслида эса ундай эмас. Қуйида буни батафсил келтирилади:

Аҳли илмлар орасида имомга иқтидо қилганларнинг орқада туриб ўзлари қироат қилишларига доир уч хил қараш бор: Ҳанафийлар, Моликийлар ва Шофеъийларнинг қарашлари.

  • Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари (улардан Аллоҳ рози бўлсин!) “Имом ортида қироат қилинмайди. Агар қироат қилса макруҳ бўлади”, деб таълим беради. Бу масалада Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Суфёни Саврий, Ҳасан ибн Ҳай (улардан Аллоҳ рози бўлсин!) ҳам ҳанафийлар билан ҳамфикр бўлган.
  • Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ бошлиқ Моликийлар эса: “Қироати жаҳрий намозларда имом ортидагилар жим туради. Қироати махфий намозларда эса ўзлари ичида қироат қилади” деган.
  • Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ эса: “Ҳар қайси намозда имомга эргашганлар ҳам қироат қилишади” деган. Лекин, имом Музаний ва Бувайтийларнинг имом Шофеъийдан келтирган ривоятига кўра, худди моликийлар каби “Жаҳрий намозларда имом ортидагилар қироат қилмайди. Махфий намозларда эса фотиҳа ва бир сурани ўзлари ўқийдилар” дейилган. (Мухтасару ихтилоф ил-улама. Имом Таҳовий. 141-масала).

Бизнинг ўлка мусулмонлари ҳанафий мазҳаби таълимотига кўра амал қилиб келгани учун, Ўрта осиё минтақасида шу мазҳаб фиқҳи кенг ёйилгани учун, айниқса, “ҳанафийларнинг имом ортида қироат қилинмайди деган фатволари нотўғри” деган гап кўпайиб кетганлиги учун ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари нимага таяниб бу фатвони берганликларига алоҳида далиллар билан тўхталамиз:

1-) Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буйруқ беради:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз”. Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. (Тафсири ҳилол. Аъроф сураси. 204 – Оят. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

Бу оятнинг нима сабабдан нозил бўлганини биласизми?

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир фарз намозда қироат қиладилар. Шунда саҳобалардан орқада кимдир қироат қилиб Расулуллоҳга халақит беради. Худди шу дамда Аллоҳ “Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” оятини нозил қилади.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан келган ривоятга кўра, бу оят имомга иқтидо қилганларнинг қироат қилмасдан жим туришлари вожиблиги тўғрисида нозил бўлган. (Ат-тажрид. 511- Б. Имом Қудурий).

Бу оят имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётган ҳар бир киши, ҳар қандай намозда ҳам қироат қилмасдан жим туриши вожиблигини англатади. Имом ортида ўзи қироат қилган намозхон бу оят ҳукмига қарама қарши иш қилган бўлади. Буни мана бу ҳадислар тўлиқ қувватлайди:

2-) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

إنما جعل الإمام ليؤتم به فإذا قرا فأنصتوا

Имом унга иқтидо қилишлари учун тайинланган! Шундай экан, у қироат қилганда сизлар жим туринглар!(Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Ибн Абу Шайба, Таҳовийлар ривоят қилган).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ юқоридаги икки ҳадисни саҳиҳ деган. (Масоили Аҳмад ривояту Абдиллаҳ. 1/254. Масоили Аҳмад биривояти Солиҳ. 2/201).

3-) Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинди, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Намозни тамомлагач шундай дедилар: “Намозларингизда имом қироат қилаётган ҳолида сизлар ҳам қироат қиласизларми?”. Саҳобалар: “Ҳа” деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ: “Ундай қилманглар!” деб қайтардилар.

Бу ривоят шу тариқдан мурсал бўлсада, бошқа тариқдан Абу Қилоба Анас ибн Моликдан деб Расулуллоҳгача кўтарган. Буни Абул-Ҳасан айтиб ўтган. (Ат-тажрид. 512- Б. Имом Қудурий).

4-) Ҳанафий мазҳаби уламолари далил қилган ҳадислардан яна бири Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис:

سأل رجل النبى صلى الله عليه و سلم: افى كل صلاة قراءة؟ فقال: «نعم» فقال رجل من القوم: وجبت. فقال النبى صلى الله عليه و سلم «ما ارى الإمام إذا قرأ إلأ كان كافيا»

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “ҳамма намозда қироат борми?” деб сўради. Ул Зот: “Ҳа” дедилар. Шунда қавм орасидан кимдир: “Вожиб бўлди” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом қироат қилгани етарли, деб биламан”—дедилар”. (Насаий, Ибн Можа, Дорақутний, Байҳақий, Таҳовийлар ривоят қилган).

5-) Муқтадийларга имомнинг қироати кифоя қилишига ҳанафий фуқаҳоларимиз қуйидаги ҳадисларни ҳам ҳужжат қилган: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

يكفيك قراءة الإمام خافت او جهر

Сенга имомнинг қироати етади. У намозни махфий ўқисин ё жаҳрий ўқисин бари бир”. (Дорақутний).

6-) Бу ҳадис ҳам: Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

سألنا رسول الله صلى الله عليه و سلم عن الرجل خلف الإمام لا يقرأ شيأ ايجزيه ذلك؟ قال «نعم»

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан имомнинг орқасида намоз ўқийдиган кишига имомнинг қироати ўтадими? – деб сўрадик. Ул Зот: “Ҳа” деб жавоб бердилар”. (Мусаннафи Абдурраззоқ).

7-) Навбатдаги далилимиз: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

من كان له إمام فقراءة الإمام قراءة له

Кимники имоми бўлса, имомнинг қироати у учун ҳам қироатдир!”. (Дорақутний, Байҳақий, Таҳовий, ибн Можалар ривоят қилган).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги оят ва ҳадислардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, имомнинг ортидаги иқтидо қилувчилар қироат қилмайди ва бу макруҳ амал. Бу масалада моликий ва шофеъийларнинг ҳам далиллари бор. Лекин ҳанафий фуқаҳолари тарафдан уларга қониқарли жавоблар берилган ва уларнинг далиллари нега олинмаслиги мукаммал тарзда изоҳлаб берилган. Юртдошларимиз ҳеч иккиланмасдан, ихтилофга тушмасдан, хотиржамлик билан  имомнинг ортида жим туриб намоз ўқийверсинлар. Зеро, имомнинг қироати орқадагиларнинг ҳам қироатидир!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Имом Бухорий номидаги ТИИ сиртқи бўлим 603 – гуруҳ талабаси.

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Жасурбек:

    Кам бўлманг. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Борингизга шукр.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *