КОРОНАВИРУСДАН КЎРА ХАВФЛИРОҚ БЎЛГАН НАРСА

12022118-3x2-xlargeКоронавирусдан кўра бир неча марта хавфлироқ нарса бор. У ҳам бўлса, истерия, ваҳима ва жазавага тушишдир. Бундай ҳолатда одамлар эҳтимолий карантин жорий қилинишидан қўрқиб, бор пулларига узоқ сақланадиган егуликлар, ун-гуруч, шакар, макарон, картошка-пиёз ва турли хил консерваларни ғамлаб қўйиш учун супермаркетлар ва бозорларни шипириб кетишга тушадилар. Шу билан бутун халққа зарар етади. Чунки, кундалик меъёрдан ортиқ миқдорда бозор қилиш натижасида маҳсулот тақчиллиги юзага келади ва ўз-ўзидан нархлар осмонга қараб парвоз қилади.

Боз устига, айрим инсофдан кейин туғилган тадбиркорлар вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қоладилар. Оқибатда, бир мусибатимиз иккита бўлиб, коронавирус билан бирга қимматчилик ва қаҳатчилик билан ҳам юзлашамиз. Бу ҳар қандай вабодан хавфлироқдир, аслида.

Коронавирус манбаи бўлган Хитой ҳам буни тушуниб етди ва ортиқ вазиятга оддий қараш бошланди. Бундай вазиятда вирус тарқалишининг олдини олиш учун барча-чора тадбирларни қўллаш лозим, тўғри. Лекин, бу босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Чунки, хавф-хатар одамларнинг руҳий ва иқтисодий ҳолатларига ҳеч қандай путур етмаган ҳолда ўтиб кетиши ҳам мумкин.

Илк босқичда одамларга гигиена қоидалари эслатиб турилиши кифоя деб ўйлайман. Модомики, вируснинг «ҳаракати» назорат остида экан бирдан ҳаммаёқни ёпиб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Мен Ўзбекистонни назарда тутмаяпман. Бизда ҳали Фавқулодда Ҳолат эълон қилинмаган. Аммо, баъзи давлатларда қиёматдан бурун ёқа йиртиш ҳолатлари учраб турибди. Озгина одам вирус юқтириши билан дарҳол фавқулодда ҳолат жорий қилинган ўлкалар ҳам бор. Бунда одамлар аҳвол жуда жиддий экан, деб ўйлаб жазавага тушиб қоладилар. Ҳеч бўлмаса, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар кириб-чиқадиган, импорт-экспорт йўлларини назорат остида бўлса-да, очиқ қолдириш керак. Шунда озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматчилик бўлиб кетишининг бир қадар олди олинган бўлади.

Ўзбекистонда энди бор-йўғи олтита одам коронавирус юқтирибди. Уларнинг барчаси тиббий карантинга олинибди. Умид қиламизки, Аллоҳнинг изни билан уларнинг барчаси шифо топади. Яъни, бизда коронавирус эпидемияси хавфи ҳали «яшил» даражада турибди, «сариқ», «тўқ сариқ» ва «қизил» даражаларгача етиб бормайди, иншоаллоҳ.

Дунё бўйича янги коронавирус ёки COVID-19 га ҳаддан зиёда эътибор қаратилиши натижасида дунё иқтисодиёти жар ёқасига келиб қолмоқда. Ваҳоланки, шу чоққача бошқа эпидемиялар туфайли юз берган ўлим ҳолатлари коронавирус сабаб бўлган ўлим ҳолатларидан бир неча баробар ортиқ эди. Масалан, ўтган йилнинг декабрида бошланган янги коронавирус эпидемияси ёки пандемияси туфайли covid-19 вирусини юқтирганлар сони ҳозирча 169387 та бўлса, шулардан 6513 таси вафот этган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг хабар беришича, 2017 йилнинг ўзида дунё бўйича 10 миллион одам сил касаллигига чалинган ва ўша йилнинг ўзида улардан 1,6 миллиони ҳаётдан кўз юмган.

Гапнинг қисқаси, ваҳимага берилмаслик, жазавага тушмаслик керак. Акс ҳолда мусибатимиз кўпаяди. Шу билан бирга давлатимиз олиб бораётганидек, вирусга қарши кураш ва аҳолининг соғлигини сақлаш учун барча чора-тадбирлар қўлланиши ҳам мақсадга мувофиқдир.

Ҳозир, коронавирусни тезда аниқлаш учун дунёда ПЗР (полимераз-занжир реакцияси. рус: ПЦР «полимеразно-цепная реакция») услубидаги диагностика амалиётда кўпроқ татбиқ қилинмоқда. Кўп касалхоналарда мазкур диагностика турини йўлга қўйиш ва ҳар бир касалхонада ҳар эҳтимолга қарши алоҳида «корона тез ёрдам» навбатчи бўлимларини очиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз коронавирусдан ҳимояланиш учун керакли бўлган барча ишларни амалга ошириб келмоқда. Яқинда, хитойдан бир гуруҳ медиклар янги коронавирусга қарши курашиш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш учун юртимизга келиши кутилмоқда.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *