БАХТИЁРЛИК СИРИ (1-қисм)

5797_7787_1499433761_1XX асрдаги араб адабиёти дарғаларидан бири бўлган суриялик машҳур адиб, фақиҳ, қози ва мутафаккир олим Али Тантовий (1909-1999м) ўзининг «бахтиёрлик» номли мақоласида қуйидагича сўз юритади:

Дунёга машҳур олмон файласуфи Иммануэль Кантнинг таржимаи ҳолига кўз югуртирар эканман қизиқ бир воқеага дуч келдим. Олимга қўшни бўлган кишининг бир хўрози бўлиб, уни айнан Кантнинг иш кабинети рўпарасидаги томга чиқариб қўярди. Файласуф ҳар сафар ўз ишига киришай деб турганда хўроз қичқириб, безовта қилар ва фикрини сочиб юборарди. Айни ҳолат Худонинг берган куни такрорланарди.

Охири, бундан безор бўлиб кетгач, бир куни хизматчисига пул бериб, қўшнининг ўша хўрозини неча пулга бўлса ҳам сотиб олишни ва ўша куниёқ сўйиб, гўштидан таом пишириб беришни тайинлади. Ва ўша куни бирга тушлик қилишга дўстларидан бирини уйга таклиф ҳам қилди.

Кант ва унинг меҳмони икковлон хўроз гўштидан тайёрланган биринчи ва иккинчидан иборат лаззатли тушликни кутиб, самимий суҳбат қуриб ўтирарканлар, олим дўстига мазкур хўроз унга қанчалар азоб ва безовталик етказиб келгани ва ахийри, ундан қутулгач нақадар кучли роҳат ва хотиржамликка эришгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берарди. Ортиқ, хўроз уни безовта қилмас чунки, у хизматкори томонидан сўйилиб, аллақачон қозонга солинган эди.

Шу аснода хизматчи таомни келтирди ва бироз кеч қолгани туфайли хожаси ва меҳмондан узр тиларкан, бунга сабаб ўлароқ, қўшни хўрозини сотишдан бош тортгани шундан сўнг, тўғри бозорга бориб, бошқа бир хўроз олиб келиб, уни сўйиб, пиширгунча ҳийла вақт ўтиб кетганлигини кўрсатди.

Шу пайт Кант яна сергак тортди, қулоқлари тийраклашди. Қараса, хўроз ҳали ҳам қичқираётган экан…

Мазкур буюк файласуф билан содир бўлган ушбу воқеа хусусида бироз тафаккур юритгач, шунга амин бўлдимки, — дея сўзини давом эттиради адиб — у айнан мана шу хўроз сабабли бахтиқаро бўлган чунки, у қичқирарди. Айни дамда яна ўша хўроз туфайли бахтиёрлик ҳис қилган, ваҳоланки, у ҳали ҳам аввалгидек қичқириб турарди.

Воқеълик ўзгармади балки, унинг руҳияти ва онги ўзгарди холос. Уни бахтиқаро қилган ҳам онгу тафаккури эди, асло хўроз эмас. Шунингдек, унга бахтиёрлик лаҳзаларини тоттирган ҳам ўша нафси эди.

Шундан сўнг ўзимга ўзим хитоб қилдим: модомки, саодат ўз қўлимизда экан нечун уни ўзгалардан қидирамиз?

Ҳамонки, у бизга жуда яқин экан, нима сабабдан унга томон нотўғри йўлдан бориш ва унинг ҳузурига бошқа эшикдан киришга ҳаракат қилиш орқали уни мудом ўзимиздан узоқлаштирамиз?

Айтайми, бизнинг аҳволимиз қандай?! Биз ёқимсиз овозидан қутулиш учун «хўроз»ни сўйишга ҳарисмиз лекин, уни сўйган тақдиримизда ҳам, ону маконида юзлаб хўрозлар пайдо бўлади. Чунки, Ер юзи «хўрозлар» билан тўла. Барча «хўроз»ларни Замин юзидан йўқотишга қодир эмас эканмиз, лоақал уларни миямиздан чиқариб ташлашга қодирмиз-ку?!..

Тўғри, хўрозларнинг оғзини ўзимизга нисбатан буткул ёпиб қўя олмаймиз аммо, ўз қулоқларимизни уларнинг товушидан ёпишга имконимиз бор-ку?!

Борлиқдаги барча нарсани ўз хоҳиш-истакларимизга мос қилиб қўя олмаётган эканмиз, нима учун хоҳишларимизни борлиқдаги нарсаларга мосламаслигимиз керак?!

Саодатга қовушмоқчимисиз, унда биринчи навбатда ўз онгингиздан «хўроз»ни чиқариб ташланг!..

Али Тантовий (раҳимаҳуллоҳ)нинг «саодат» номли мақоласидан

Алишер Султонхўжаев таржимаси.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *