КЕЛИНГ, ВИРУС БАЛОСИНИ МАХСУС ДУО БИЛАН ДАФ ҚИЛАМИЗ

0d3f9c16633333Азиз ватандошлар! Азиз диндошлар! Маълумингизким Хитойда пайдо бўлган тожли вирус балоси бугун бутун дунё аҳлига хавф солиб турибди. Шукрки, унга чалинмаган бўлсакда лекин даҳшатли зарарини, бемисл аламини тотиб турибмиз. Шу балонинг касофати туфайли Ер юзининг энг азизу мукаррам икки шаҳри – Мадина ва Макканинг эшиклари ёпилди. Масжидларимизда жамоат намозларининг вақтинчаликка тўхталишига ҳам шу вирус балоси сабаб бўлди. Албатта, бу ҳам Аллоҳнинг бир синови. Аллоҳ ундан иймонан ва жисмонан соғлом ўтиб олишимизга Ўзи тавфиқ берсин!

Азизлар, гарчи масжидларда жисмонан жамлаша олмасакда, лекин қалбан барчамиз биргамиз. Дуо ва илтижоларимизда бирлашиб бу вирус балосини ҳамжиҳатликда даф қилишимиз мумкин! Бунинг учун “Солати нория” дуосини ўқиймиз.

Исломда бало-офатларни даф қилишда қўлланадиган дуо чораларидан бири “Солати нория” (Олов саловати)ни ўқиб дуо қилишдир. Уламоларнинг таълим беришича, мусулмонларнинг бошига кулфат келганда уни бартараф этиш учун жамоавий тарзда 4444 марта шу саловатни ўқиса ҳожатлари оловдек тез ҳосил бўлади. Шу нуқтаи назардан унга “Солати нория” деб ном берилган. Тасаввуф аҳли бу саловатни “Хазиналар калити”, “Солати тафрижия” (ғам-ташвишни аритувчи саловат) деб ҳам атайди.

Солати нориянинг сийғаси будир:

اللهم صل صلاة كاملة وسلم سلاما تاما على سيدنا محمد الذي تنحل به العقد وتنفرج به الكرب وتقضى به الحوائج وتنال به الرغائب وحسن الخواتم ويستسقى الغمام بوجهه الكريم وعلى آله وصحبه وسلم فى كل لمحة ونفس بعدد كل معلوم لك

Ўқилиши:

Аллоҳумма солли солатан камилатан ва саллим салааман таамман ъала Саййидина Муҳаммадини-ллазий танҳаллу биҳил-ъуқоду ва танфарижу биҳил-куроб. Ва туқдо биҳил-ҳавааижу ва тунаалу биҳир-рағооибу ва ҳуснул-ховатим. Ва йустасқол-ғомаму биважҳиҳил-карим. Ва ъала аалиҳи ва соҳбиҳи ва саллим  фий кулли ламҳатин ва нафасин биъадади кулли маълумин лак.

Таржимаси:

Эй Аллоҳ, саййидимиз Муҳаммадга комил саловат ва тугал салом йўллагин. Ул Муҳаммад шундай зотки, У туфайли тугунлар ечилар, мушкуллар бартараф бўлар, ҳожатлар раво бўлар, У сабабли истакларга, гўзал хотималарга етишилар, Ул зотнинг карамли юзи сабаб булутлардан ёмғир ёғилиши сўралар. Ва Ул зотнинг оиласига, саҳобаларига ҳам ҳар лаҳза ва ҳар нафас сенга маълум бўлган нарслар адади миқдорича комил саловат ва тугал саломлар йўллагин.

Имом Қуртубий бу саловат ҳақида айтади:

“Кимки шу саловатни ҳар куни 41 марта, ёки 100 марта ўқиб юришни ўзига одат қилса, Аллоҳ унинг ғам-ташвишларини аритади, зиён-захматини даф қилади, ризқини кенг қилиб, унга яхшилик эшикларини очади. Бало офатлардан, очлик ва қашшоқликдан омонда бўлади. Аллоҳдан нима яхши нарса сўраса, албатта истагига етишади. Бу имтиёзларнинг бари давомий ўқиб юриш билан ҳосил бўлади”.

Шайҳ Муҳаммад Тунисий айтади:

“Кимки ҳар куни шу саловатни 21 марта ўқишга одат қилса Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўяди”.

Имом Қуртубий айтади:

“Кимки бирор муҳим ишни амалга оширмоқчи бўлса, ёки бирор балони даф қилиш ниятида бўлса мана шу саловатни 4444 марта ўқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб дуо қилсин. Шундай қилса, Аллоҳ унинг муродини ҳосил қилади ва мақсадига етказади. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний айни саловатнинг хусусиятлари орасида шуларни ҳам қатор санаб ўтган”.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *