ЖИДОЛ – ТОРТИШУВ

Sakheron 35Жидол деб киши ўз қарашларини исбот қилиш мақсадида олиб борган илмий баҳсига айтилади. Ахлоқ одоб фанида қалам тебратган уламолар жидолнинг ҳукмни иккига бўлганлар. Ҳаром ва мандуб. Бу баҳс олиб борувчиларнинг ниятига қараб аниқланади. Агар тортишувчи рақибини мот қилишни қасд қилса унинг ҳукми ҳаром бўлади. Ҳатто баъзи олимлар эътиқодий мавзуларда баҳс олиб борувчининг мақсади шу бўлса у кофир бўлади, деб айтишгача борган.

Абу умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жидол ҳақида шундай деганларини ривоят қилган:

ما ضل قوم بعد هدى كانوا عليه الا اوتوا الجدل

Ҳидоятга муяссар бўлган қавмлардан бирортаси адашиб кетмайди. Илло, тортишувга берилиб кетганлар мустасно! (Имом Термизий ривояти).

Яъни, китоб ва суннатга эргашиб ҳақни топган ва тўғри йўлга тушиб олган жамоа асло йўлдан оғишмайди. Лекин ўзаро тортишув, таассубга берилсагина ҳидоят йўлидан залолат сўқмоғида сарсон бўлишлари мумкин. Бугунги кундаги тортишув ва баҳсларнинг аксарига қўрқмасдан шу ҳукмни бериш мумкин. Ўз мазҳаби, эътиқоди, маслаги ва сулукини майдонга олиб чиқиш ва майдонда собит ушлаш мақсадида ҳеч нарсадан тап тортмасдан тортишувчилар кўпайиб кетди. Айниқса ижтимоий тармоқлар учун жуда қулай баҳс майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Ундай мутаассибларнинг аломатлари шуки, фаолият олиб бораётган профилларида шахсий маълумотларини қаттиқ сир тутишади. Бировларнинг фотосуратлари ортига яширинишади, бегона исм шарифлар билан ниқобланишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маълумотлари мавҳум бу каби шубҳали “муллалар”нинг мақсади ҳеч қачон ҳақни изҳори эмас. Улар ўз фикр ва қарашларини бошқаларга сингдиришни, уларга қарши илмий раддия бера олувчи илм аҳлларини обрўсизлантириб мот қилишни мақсад қилишади. Улар ким билан баҳс олиб борса ҳеч қачон дўстона маданий муносабатда бўлишмайди. Қаршисидаги мусулмонни душман сифатида кўришади ва шу бўйича ёндошув билан иш олиб боришади. Улар танлаган услуб худди Расулуллоҳ билан тортишув қилган мушрикларнинг услубига ўхшайди.

Юқоридаги ҳадисни ривоят қилган Абу умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу шундай давом этади:

ثم تلا  مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلاً بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُون

Кейин Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини тиловат қилди: “Улар уни сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. (Тафсири ҳилол. Зухруф сураси / 58).

Ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тортишув олиб борган мушрикларни танқид қилмоқда. Мушриклар Расулимиз алайҳис-салом билан баҳс қилишса ҳеч қачон ҳақни рўёбга чиқариб унга амал қилишни қасд қилшмаган. Улар ҳамиша Расулуллоҳ билан илмий дўстона муносабатда эмас, аксинча душманона кайфиятда баҳслашишган.

Агар илмий баҳс олиб борувчининг мақсади ҳақни аниқлаш, ҳидоят йўлини билиш, рост мазҳабни рўёбга чиқариш бўлса бу жоиз, балки савоблик ҳамдир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича таълим берган:

ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ

Роббингиз йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қилинг. Ва улар билан гўзал услубда мунозара олиб боринг. (Нахл сураси 125).

Тўғри ният билан баҳс қилувчининг ёрқин аломати шуки у баҳсида доим одоб-ахлоқ меъёридан четга чиқмайди. Рақибини ҳурмат қилади, фикрини қадрлайди. Мақсади рақибини ҳаққа чорлаш, агар унинг фикри исбот топса ўз фикридан воз кечиб унга эргашиш бўлади.

Саҳобаи киромлар, тобеинлар, фиқҳий мазҳаблар уламолари худди шу услубда баҳс олиб борган табаррук зотлар эди. Афсус, хозирги замонда улар каби юқоридаги оят таълимига амал қилувчи рижоллар жуда ҳам камайиб кетди…

Авазбек МЎМИНОВ

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *