ИЙМОН НАСИҲАТГЎЙЛИКНИ ТАҚОЗО ЭТАДИ

FB_IMG_1438394698819Иймонига содиқ чин мўмин ҳамиша жамият ташвиши билан яшайди. Атрофга доим эътиборли бўлади. Йўлдан озганларни тўғри йўлга солишга жидди-жаҳд қилади. Ўзидаги соф маънавиятни бошқаларга етказиш ташвиши билан юради. Бир инсонни тузатиш учун қайта-қайта насиҳат қилишдан эринмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли набиралари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу айтган экан: Саҳобаларнинг бир одати: улар ҳар куни тонгда аҳлига: “Эй аҳлим! Етимга яхшилик қилинг, мискинга яхшилик қилинг, қўшнига яхшилик қилинг!”—дер эдилар. Бу насиҳатлар аҳли оиласининг қон-қонига синггиб кетган бўлса ҳам, барибир улар ҳар куни шу ишларга даъват қилишдан чарчамасдилар.

Бир куни Ҳасан ал-Басрийга бир киши келиб: тақсир, менга насиҳат қилинг—дебди. Ул зот: қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳнинг амрини эъзозла, Аллоҳ ҳам сени ҳар ерда эъзозлайди!—дедилар.

Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ яна шундай насиҳат қилар экан: Эй одамлар! Жаҳаннам шунақанги даҳшатли жойки, агар унга кичик бир бурга тушиб кетганини кўрсангиз, ичингиз ачишиб унга раҳмингиз келиб кетади. Аммо сизларга ҳайронман… Тинимсиз гуноҳ қилиб ўзингизни ўзингиз жаҳаннам жарларига ташлайсиз, ҳеч ўзингизга раҳмингиз келмайди?!

Халифа Умар ибн Абдулазиз дўстига шундай деди: Яхшилар орасида юриб, улардан фойда олмайдиган, ёмонлар орасида юриб гуноҳларидан сақланмайдиган, ташида шайтонни лаънатлаб ичида унга итоат этадиган бўлишдан қаттиқ эҳтиёт бўл!

Халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳга Мадинаи мунавварада Хизр алайҳис-салом кўринган экан. Умар у кишидан насиҳат сўрабди. Ҳазрати Хизр: “Одамлар орасида Аллоҳнинг дўсти бўлиб кўринадиган душманлари бор. Сен ўшалардан бўлиб қолмагин! Эҳтиёт бўл!”—деган экан.

Бир киши Фузайл ибн Ийёз раҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб, ҳазрат менга насиҳат қилинг, деди. У киши: отанг ҳаётми? — деди. У: йўқ – деди. Фузайл ибн Ийёз ҳалиги одамни “тур, хузуримдан даф бўл. Чунки отаси оламдан ўтиб ҳам насиҳатга муҳтож одамга насиҳат кор қилмайди” – дедилар. (Отаси оламдан ўтган одам, уйда ота ўрнида бўлиши, қарамоғидагиларни моддий жиҳатдан таъминлаб, маънавий жиҳатдан етакчиси бўлиши керак).

 Барчамиз мўминликни даъво қилар эканмиз, иймонимиз талабини ҳам бажарайлик. Атрофга назар солайлик, йўлдан озганларга имкон қадар насиҳатгўй бўлайлик. Зеро насиҳат билан диллар покланади, жамият тузалади, гуноҳ-исён камаяди. Лоқайдликдан сақланайлик. Атрофимиздаги одамларга бефарқ бўлмайлик. Имом Шаъронийнинг «Танбеҳ ул-муғтаррин» асари асосида.

Б. ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *