ЕТИМГА МЕҲРИБОН ОТАДЕК БЎЛ!

1427696569_0-69-3076-1813_600x0_80_0_0_4ff8d69adc671cf7a8334712a450f60bОта-онаси ёки иккисининг биридан ажраб қолган болаларнинг дили хаста, кўнгли ярим бўлади. Улар тортган дард аламини фақат етимликни бошидан ўтказганларгина тўлиқ ҳис қила олади. Ота-онасининг бағрида улғайганлар эса етимнинг ҳолини тушунишлари амри маҳол. Етимнинг шундоғам вайрон дилини оғритиш, қалбига озор бериш жуда катта гуноҳ саналади. Қуръони каримда етимнинг молини еганлар билиб қўйсинки, аслида улар қорнига олов ейишмоқда, деган мазмунда оят бор. Шариатимиз ота-оналаридан ажраб қолган яримкўнгил етимлар манфаатини қаттиқ ҳимоя қилади, уларга яхшилик қилганларга катта-катта ваъдалар беради.

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Аббосдан қилган ривоятида ҳазрати Довуд пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги насиҳатини келтиради:

كن لليتيم كالأب الرحيم و اعلم انك كما تحصد كذلك تزرع

Етимга худди меҳрибон отаси каби бўл! Шуни билиб қўйки, сен нима эксанг ўшани ўрасан…

Киши бировнинг зурриёдига ҳеч қачон ота бўлолмайди. Боланинг насаби ҳақиқий отасига мансуб бўлади. Аммо, бировнинг боласини тарбиясига олган ота уни ўгайситмаслиги керак, ўз болалридан айирмаслиги лозим. Етимга худди унинг отасидек меҳрибон бўлиши шарт. Етимни ўз боласидек кўриб парваришлаган одам охиратда ҳам бу дунёда ҳам Аллоҳдан фақат яхшилик олади. Етимга озор берганлар эса, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади.

Жамиятимизда шундай эркаклар бор: аввалги турмушидан ажраб, бирорта болалик аёлга уйланган. Аёлнинг аввалги эридан бўлган боласини шунақанги жеркиб, камситиб муомала қиладиларки, ҳалиги етим болага айтилган гапни эшитиб сизнинг дилингиз вайрон бўлиб, кўзингиздан дувиллаб ёш келади. Аллоҳ ислоҳ қилсин. Ҳа, орамизда ўшандай оилалар кам эмас, афсус…

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деганлар:

خير بيت فى المسلمين بيت فيه يتيم يحسن اليه و شر بيت فى المسلمين بيت فيه يتيم يساء اليه انا و كافل اليتيم فى الجنة كهاتين يشير باصبعيه

Мусулмонлар орасида энг яхши хонадон шуки, унда етим бор ва унга яхши муомала қилинади. Мусулмонлар орасида энг ёмон хонадон шуки унда етимга ёмонлик қилинади. Мен ва етимни кафилликка олган одам жаннатда (икки бармоғи билан ишора қилиб) мана бундай бўламиз. (Адаб ал-муфрад / 137).

Демак, мусулмонлар орасида “энг яхши хонадон” номинацияси бўйича танлов эълон қилинса, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган мезонга кўра етим асраб унга яхшилик қилувчи хонадон эгалари ғолиб бўлар экан. Етимга яхши муносабатда бўлмаганлар эса мусулмонлар жамиятида “энг ёмон хонадон” деб тамғаланар экан.

Азиз мусулмон дўстим! Хонадонингизда отаси ё онасидан айрилган етим парваришлаётган бўлсангиз, билингки, аслида бу сиз учун жаннатни қўлга киритиш имкониятидир! Уни қўлдан бой берманг! Етимга ширинсўз бўлинг, унга худди ўз отасидаек меҳрибон бўлинг! Қалби вайрон етимга Аллоҳнинг раҳми келади, сиз унга бераҳмлик қилманг!

Авазбек МЎМИНОВ

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *