ҲА, АЛЛОҲНИНГ ТАҚДИРИДАН АЛЛОҲНИНГ ТАҚДИРИГА ҚОЧАМИЗ! ЁКИ ТАРИХИЙ ЎГИТ

drought-780x405Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳикоя қилинади, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу муҳожир ва ансорлардан иборат катта саҳобалар жамоаси билан Мадинадан Шомга сафар қилди. Шомга яқин “Сурғ” қишлоғида уларнинг йўлига ўша даврдаги Шом амири Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзининг мулозимлари билан пешвоз чиқди ва халифа Умарга “Шомда катта ўлат тарқагани” ҳақида хабар берди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: Бу хабарни эшитгач Халифа менга: “Дастлабки муҳожирларни менинг хузуримга чорла” – деди. Мен уларни чақириб келдим. Ҳазрати Умар уларга Шомда вабо тарқаганини айтиб, шаҳарга кириш ё кирмай қайтиб кетиш масаласида кенгашди. Улардан ҳар хил фикр чиқди. Баъзилари: “Биз йўлга мақсадсиз чиқмаганмиз, шундай экан ишни битирмагунча орқага қайтмаймиз. Шаҳарга кирамиз” деди. Бошқалари эса: “Эй Умар, сен битта ўзинг эмассан. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг саҳобалари ва яна бошқа бир қанча одамлар бор. Уларнинг ҳаётини хавфга қўйишингдан маъно йўқ. Биз шаҳарга кирмасдан қайтиб кетишни маслаҳат берамиз” – дейишди.

Умар ибн Хаттоб икки жамоанинг ҳам фикрларини тинглаб бўлгач, уларга рухсат бериб чиқариб юборди ва: “Энди ансорларни чақириб кел” – деб буюрди. Мен уларни ҳам чақириб келдим. Ансорлар билан ҳам масала юзасидан маслаҳатлашди. Улар ҳам худди муҳожирлар каби икки хил фикр билдиришди. Халифа Умар уларни ҳам чиқариб юборди ва менга: “Орамиздаги “Фатҳ муҳожирлари”дан иборат Қурайш катталарини чақириб кел” – деди. Мен уларни ҳам биттама-битта топиб чақириб келдим.

Уларнинг ичидан икки нафар қария Умар розияллоҳу анҳуга: “Одамларни вабо тарқаган жойга олиб кирмасдан, орқага қайтариб кетишингни маслаҳат берамиз” – деб маслаҳат беришди.

Шундан кейин халифа Умар одамларга шундай жар солди: “Мен орқага қайтмоқчиман! Сизлар ҳам орқага қайтинглар!”.

Худди шу пайт шомликлар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу халифа Умарга: “Аллоҳнинг тақдиридан қочмоқчимисан?!” – деди. Умар ибн Хаттоб: “Қани энди шу гапни сендан бошқаси айтганида…” деди. Умар Абу Убайданинг унга мухолиф қарашда бўлишини истамаган эди. Кейин унга: “Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз! Эй Абу Убайда, тасаввур қил: Сенинг бир сурув туяларинг бор ва уларни бир водийга ҳайдаб бординг. Водийнинг икки тарафи бўлиб, бир тарафи ҳосилдор ўтлоқ иккинчи тарафи эса қуриб қақшаган ер. Шунда сен туяларингни қуриб қақшаган ерда боқсанг Аллоҳнинг тақдири-ю,  унумдор ўтлоқда боқсанг Аллоҳнинг тақдиридан ташқари бўладими?!” – деди.

Худди шу пайт Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу келиб қолди. У четроққа ўз ҳожати учун кетган бўлиб, бу можаролардан хабарсиз эди. Келиб ҳолатни билди ва шундай деди: Тўхтанглар! Менда бу муаммога ечим бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот шундай дегандилар: “Бирор жойда вабо борлигини эшитсанглар ҳаргиз у ерга борманглар! Агар сизлар бор жойга вабо келса, ундан асло қочиб чиқиб кетманглар!”.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг бу ривоятини эшитган Халифа Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва одамларни орқасига қайтариб Мадинага йўл олдилар. (Имом Бухорий, Муслим, Моликлар ривояти. Ибн Ҳажар Асқалоний. “Базл ул-маъун фи фазлит-таъун”. 242243 бетлар. Эркин таржима).

Азиз ватандошлар! Бугун ҳукумат халққа чет элга чиқмасликни, уйдан ташқарига чиқмасликни, жамоат жойларга бормасликни қаттиқ тавсия қиляпти. Ҳукуматнинг бу қарори аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига, катта-катта саҳобаларнинг раъйларига, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қилган ишига мувофиқ қарордир! Ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам соғлигини хавф остида қолдирмайлик, иложи борича карантинга амал қилайлик!

“Пешонада битгани бўлади” деб ўзбошимчалик билан қилинган ҳаракат, пешонамизда битилган кулфатлар сари бошлашини унутмайлик. Ҳадисга амал қилиб уйда ўтириш эса пешонада битилган соғлик гарови эканини ҳам билиб қўяйлик!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиб имоми

ТИИ сиртқи бўлим талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *