ФАЛСАФА ВА МАНТИҚ ФАНИНИНГ ИСЛОМ ОЛАМИГА КИРИБ КЕЛИШИ

تعريف_الفلسفة_الإسلاميةМусулмон оламига юнон фалсафаси ва мантиқ илми илк бора ҳукмронлик умавийлардан аббосийлар қўлига ўтгандан бошлаб кириб кела бошлаган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Аббосийлар даврига келиб мусулмон ўлкаларининг харитаси ниҳоят даражада кенгайиб, турли-туман маданият ва диёнат вакиллари мусулмонларга аралашиб кета бошлади. Қадим дунёнинг икки маданий қутби бўлмиш Форс ва Рум империяларига тегишли ерлар мусулмонлар қаламравига ўта бошлади. Мусулмонлар кучли цивилизация марказларидан бўлмиш Ҳиндистон ва Хитой билан маданий ва тижорий алоқалар ўрнатдилар. Ислом олами билан бошқа давлатлар ва мамлакатлар ўртасида илмий-маданий алоқа ва борди-келдилар юзага келди. Табиийки, бу ҳолатлар араб ва мусулмон маданиятига ўз таъсирини ўтказиши аниқ эди. Ўзга маданият ва цивилизация вакилларининг фикрий ва ақлий маҳсуллари мусулмон араб дунёсига ҳам нақл қилина бошлади.

Баъзи ёзарларнинг фикрича, аббосийлар умавийлардан ҳукмронликни тортиб олгач, ҳукмронлик боқий қолиши ва халқ уларга эргашиши учун мусулмон жамиятига умавийлар бера олмаган нарсани беришимиз керак, деган тўхтамга келадилар (Қаранг: Муҳаммад Баракот Ҳамди «ал-балоғату-л-арабийя фий зовъи манҳажин мутакомил»).

Умавийлар бера олмаган асосий нарса бу — юнон фалсафасининг араб тилига таржима қилиб, ўрганилмаганлиги эди. Шундан сўнг, милоддан олдинги даврда яшаган Платон, Аристотел каби юнон файласуфларининг фикр ва ғоялари ҳамда асарлари шунингдек, милоддан кейинги даврда Рим империясида яшаган ва мазкур юнон файласуфларидан таъсирланган Плотин, Порфирий каби неоплатонизм тарафдорларининг асарлари араб тилига изчил равишда ўгирила бошлади. Бу иш икки босқичда амалга оширилар эди. Дастлаб, сурёнийга сўнгра сурёнийдан араб тилига таржима қилинарди. Чунки, Сурёний тили милодий VIII аср охирларига бориб, араб тили томонидан сиқиб чиқарилишига қадар Баракали Ҳилол (Яман) ва Яқин Шарқнинг асосий адабий тили ҳисобланган. Сурёний тили оромий тилнинг давомчиси сифатида сомий тиллар оиласига мансубдир. Шу жиҳатдан сурёний тили араб тили билан қариндош тил ҳисобланади.

Шундан сўнг, мусулмон оламида Юнон файласуфларининг асарлари катта қизиқиш билан ўрганила бошлади. Асосий эътибор, Аристотелнинг асарларига қаратилди. Унинг мантиқ борасидаги фикрлари ва сўзлари жамланган Органон ҳамда унга Порфирий томонидан ёзилган муқаддима ва кириш ҳисобланувчи Исагогика (Исоғужий) асарларига қаратилди. Ушбу асар Айюб ибн Қосим Раққий ва Абу Усмон Дамашқий тарафидан араб тилига ўгирилади. Ибн ал-Муқаффаъ ҳам уни араб тилига таржима қилган деган фикрлар бор. Сўнгра унга араб тилида кўплаб шарҳлар битилди. Уларнинг энг машҳури Самарқандлик ватандошимиз Асируддин Абҳарийнинг (вафоти: 1264 м.й.) шарҳи ҳисобланади.

Шу тариқа, юнон фалсафасининг мантиқ, метафизика, риторика, диалектика каби йўналишлари ислом оламига жадал суръатда кириб кела бошлади. Вақт ўтиб, исломий билимлар, шаръий фанлар ва араб тили грамматикаси ва стилистикаси ҳам мазкур фалсафий қарашлар устига қурила бошлади. Бу ишларнинг фойда ва зарарлари ҳам бўлди. Зарарли томонлари, юнон файласуфларининг мазкур фалсафий қарашларни баъзи мусулмон зиёли қатламлари мутлақ ҳақиқат ва мезон ўлароқ қабул этиб, тўғри йўлдан адаша бошладилар. Жаҳмийлар, муътазилийлар, қадарийлар каби ақлга бениҳоя эрк бериб, юнон фалсафасини мутлақ ҳақиқат мезони сифатида кўрувчи тоифалар ислом ақидасига зид келувчи ботил сўзлар ва фикрларни чиқара бошладилар. Ҳатто Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида ҳам фалсафий қарашларни асосий ўринга қўйиб, Худо тушунчасини грек файласуфларининг тушунчаси бўйича талқин эта бошладилар.

Шундан сўнг, бир қанча аҳли сунна уламолари мантиқ ва фалсафани ўрганишдан огоҳлантириб, уни ҳаромга чиқардилар. Имом Шофеий, Суютий, Ибн Салоҳ, Ибн Дақиқ алъ-Ийд, Нававий, Муновий, Абу Ҳайён, Думётий, Ғаззолий (умрининг сўнгида) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Мантиқ ва фалсафада фаразан ширкиёт ва исломга зид нарсалар ҳам қабул қилинавериши ва барча нарсага «куллиёт» нуқтаи назаридан қаралиши юқоридаги олимларни мазкур фанларни ўрганишдан қайтаришларига сабаб бўлган. Аммо, вақти келиб, фалсафа асосида адашиб кетган залолатдаги тоифаларга улар эътироф этувчи услуб ва муқаддималар асосида жавоб ва раддиялар бериб, ислом ақидасининг мусаффолигини кўрсатиб бериш зарурати туғилгач, аҳли сунна олимлари мантиқ илмини ботил эътиқодларга олиб борувчи муқаддималардан тозалаб, уни исломий билимлар ичида ўрганишни бошладилар. Бошқача ибора билан айтганда, Арастунинг мантиғи Исломга хизмат қила бошлади.

Илк бора бу илмни исломий фан учун асос қилган олим сифатида имом Ғаззолий танилади. У киши «ал-мустасфо фий усулил фиқҳ» номли асарида мантиқ қоидаларидан самарали равишда фойдаланганлиги айтилади.

Бироқ, Абу Ҳомид Ғаззолий юнон фалсафасини барча соҳада мутлақ ҳақиқат мезони сифатида қабул қилиб, Яратувчининг зоти ва сифатлари борасида ҳам шу асосдан келиб чиқиб фикр юритувчи айрим тоифаларга «таҳофутул фалосифа» (файласуфларнинг тутуруқсизлиги) номли рисоласида раддиялар ёзади. Унинг фикрича, фалсафанинг асосий эътибори тиббиёт, фалакиёт (астрономия) ва риёзиёт (математика) каби мантиқий қиёсга қобил бўлган фанларга қаратилиши керак. Инсон идрокидан ташқарида бўлган нарсалар (метафизика) эса Ғаззолийнинг фикрича, аслида фалсафанинг моҳиятига зиддир. Кейинчалик Ибн Рушд «таҳофутут таҳофут» (тутуруқсизликнинг тутуруқсизлиги) деган ном билан Ғаззолийга раддия ёзади.

Бугунги кунда исломий билимларга бағишланган китобларга назар солар эканмиз, уларнинг аксари у ёки бу миқдорда мантиқ ва фалсафа илмининг қоидаларига асосланганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, араб грамматикаси, араб тилининг балоғати ҳам мантиқ асосида ўрганилган. Ҳа, Саккокийга қадар балоғат фанига ўзгача ёндашилган. Бу фан гарчи тарқоқ ҳолда бўлса-да фалсафий қарашлар ва чигалликлардан холи бўлган. Ниҳоят, ватандошимиз, хоразмлик Юсуф Саккокий (1160-1229 м.й.) ўзининг «мифтоҳул улум» асарида балоғат фаннинг ривожига катта ҳисса қўшган, уни тартиблаган, фанга оид кўплаб истилоҳлар яратган. Шундан сўнг, балоғат фани фақат мана шу йўналишда яъни мантиқ ва фалсафа асосида ўрганила бошлади.

Мантиқ нафақат, фиқҳ ва унинг асослари (усули фиқҳ) ва  араб тили билимлари балки, калом ва ақида илмининг ривожида ҳам муҳим рол ўйнади.  Ҳадис билимлари ва истилоҳларига оид фанлар ҳам мантиқий қарашлардан холи эмас. Шу маънода мантиқ илми асосий исломий билимлар доирасида восита билимларига айланиб қолди. Яъни, бу шундай механизмки ундан ўтмасдан туриб, исломий фанларни ўрганиш инсонни айрим қийинчилик ва машққатларга рўбарў қилади.

Шу эътибордан, кейинги авлод уламолари ботил асослардан тозаланган мантиқ илмини эҳтиёж доирасида ўрганиш лозим деган фикрга келдилар. Ва бу билим шариат билимлар доирасига киритилди. Шу маънода машҳур ҳанафий фиқҳ билимдони Ибн Обидийн шундай дейди: «муқаддима ва асослари исломий қоидалардан иборат бўлган мусулмонларнинг «мантиғи»га келсак, уни ҳаром дейишнинг маъқул важҳи йўқ. Балки, Ғаззолий уни билимлар меъёри (мезони) деб атаган» (Ибн Обидийн. «раддул муҳтор»: 1-жилд, 45-бет;).

Бугунги кунда буюк ватандошларимиз томонидан бизларга маданий мерос сифатида қолдирилган қийматли асарларни тўғри ўрганиш учун ҳам барибир исломий фалсафа ва мантиқ илмини ўрганишга эҳтиёж сезамиз. Энг камида, кўплаб шу услубда яратилган асарларни тўғри тушуниш ва улар такрор-такрор мурожаат қилган мантиқий ва фалсафий ибораларнинг мағзини чақиш учун ҳам мазкур фандан у ёки бу миқдорда хабардор бўлиш талаб этилади. Фақат, мантиқми мантиқ экан дея бирдан энг қадимги мантиқ китоби бўлмиш исагогиканинг арабча таржимасига тушиб олмасдан тадрижий равишда ўрганиш лозим. Бунинг учун дастлаб, замонавий мантиқчи олимлар томонидан ёзилган енгил китоблардан бири-иккитасини ўқиш шунингдек, мазкур фаннинг рус ва ўзбек тилларида ёзилган эквивалентларига ҳам назар солиш, ундан кейин секин-аста мусулмон олимлар томонидан ёзилган ва шарҳланган мантиққа оид асарларни ўқишга ўтиш мақсадга мувофиқ. Чунки, мусулмон тадқиқотчиси мантиқ фанига оид ибора ва истилоҳларни фақат араб тилидаги китоблардан ўрганса уларни зеҳнида тўлиқ қамраб олиши қийин бўлади. Чунки, ҳар бир истилоҳ фаннинг аслий тили бўлмиш юнончадан то араб тилига ўгирилгунга қадар яна бир тилни босиб ўтган. Шу боис, тегишли ибора ва истилоҳ билан нима демоқчи бўлинаётганини яхшилаб идрок этиш учун уларнинг турли тиллардаги талқини ва эквивалентига бир қур назар солиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

Абдураҳмон Ахзарийнинг «ас сулламул мунаврақ фий фаннил мантиқ» номли манзумаси шаклий мантиқ йўналишида араб тилида ёзилган асарларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Баъзи тадқиқотчилар мазкур манзума Порфирий томонидан органонга муқаддима сифатида битилган исагогиканинг (исоғужи) назмий кўриниши деган фикрларни ҳам билдирганлар. Муаллиф асарни ражаз баҳрида тасниф этиб, кейинчалик, ўзи унга шарҳ ҳам ёзган.

Шайх Малавийнинг «суллам»га ёзган шарҳи ва шайх Саббоннинг мазкур шарҳга битган ҳошияси ҳам жуда машҳур. Байжурийнинг «суллам»га ёзган шарҳи ва Анборийнинг ҳошияси ҳам илм аҳли томонидан ўқиб келинади.

Саъдуддин Тафтазонийнинг «таҳзибул мантиқ вал калом», Закариё Ансорийнинг «алматлаъ шарҳу ийсоғужий», Муҳаммад Шокирнинг «ал-ийзоҳ лиматни ийсоғувжий фил мантиқ», Ферузободийнинг «алмаъувна фил жадал», Ибн Рушднинг «талхисул қиёс лиаристу» ниҳоят Ибн Синонинг «ал-мантиқ» асарлари ҳам бу фанни ўзлаштиришда юксак аҳамият касб этади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *