Имом Заҳабий (р.ҳ.)нинг Ибн Таймия (р.ҳ.)га НАСИҲАТНОМАСИ

Lotin alifbosida

an-Nasihat az-ZahabiyaБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий (673-748 ҳ./1274-1348 м.) раҳимаҳуллоҳ буюк аллома, муҳаққиқ, муаррих ва муҳаддис сифатида юздан ортиқ асарлар мерос қолдирганлар. У зотнинг “ал-Кабоир” – “Катта гуноҳлар” асари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилингани юртдошларимизга маълум.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг устозлари жуда кўп бўлган. У зот “Мўъжам аш-Шуйух” номли 2 жилдли асарларини устозларининг таржимаи ҳолларига бағишлаганлар. Шулардан бири Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади.

Тақийуддин Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Абдулҳалим Ибн Таймия ал-Ҳарроний ад-Димишқий (661-728 ҳ./1263-1328 м.) раҳимаҳуллоҳ Ислом уламолари орасида энг баракали ижодкорлар қаторида турувчи муаллиф ва мусаннифлардан бўлишига қарамасдан ўз даврида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам унга нисбатан икки хил муносабат шаклланган эди. Унинг анъанавий исломга зид бўлган айрим фикр ва фатволарини пеш қилиб, уни ёмон кўрадиганлар, унинг асарларини ўқишдан ўзини тийиб турадиганлар ҳам, унга ўта даражада ихлос қўйиб, мутаассибона даражадаги мухлис бўлганлар ҳам бор. У ўз тириклигидаёқ одамларнинг битмас-туганмас ихтилофларига, тортишувларига, охири йўқ мунозара ва муҳокамаларига сабабчи бўлди. Бутун ислом уммати, айтиш керакки, ҳали ҳануз Ибн Таймия р.ҳ. сабабидан ихтилофлар гирдобида қолиб келмоқда.

Ибн Таймия р.ҳ.нинг анъанавий тўрт мазҳабнинг фиқҳий фикр ва қарашларидан ўзгача фикрлари борлиги, эътиқодий масалаларда аҳли суннат ва жамоатнинг кўпчилик уламоларига зид равишда фикрлагани шубҳасиздир! Ҳатто, унинг шогирди Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ҳам унинг фикрлари ва қарашларига қўшилмаган ва қўшилмаганини ошкора баён қилган эди. У зот “Таърих ал-Ислом” асарининг иловасида:

مع أنّى مخالف له فى مسائل أصلية و فرعية

 “Шу билан бирга мен унга аслий ва фаръий масалаларда мухолифман!”, деб аслий ва фаръий, яъни ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазкур шайхи ва устози Ибн Таймия р.ҳ.га мухолиф эканини эълон қилганлар (Имом аз-Заҳабий. Зайл “Таърих ал-Ислом”. 53-жилд. – Байрут: Дор ал-Муғний, 2000. – Б. 329).

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг бу гапини “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Фатҳ ал-Борий” номли улуғ шарҳини ёзган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳам такрорлаганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ад-Дурар ал-комина. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жайл, 1993. – Б. 151).

Валийуддин Аҳмад ибн Абдурраҳим ал-Ироқий (762-826 ҳ./1361-1423 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ҳадисшунос олим, фақиҳ, тилшунос бўлиб, у “ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия” номли асарида бундай деганлар:

و امّا الشيخ تقى الدين بن تيمية  فهو إمام واسع العلم كثير الفضائل و المحاسن زاهد فى الدنيا راغب فى الآخرة على طريقة السلف الصالح لكنه كما قيل فيه علمه أكثر من عقله. فأداه اجتهاده الى خرق الإجماع فى مسائل كثيرة قيل أنّها تبلغ ستين مسألة

“Шайх Тақийуддин Ибн Таймияга келадиган бўлсак, у илми кенг, фазилат ва яхши хислатлари кўп, дунёда зоҳид, охиратга рағбатли, салафи солиҳлар йўлидаги имомдир. Бироқ, унинг илмини ақлидан кўра кўпроқ бўлиб қолган, деб айтишган. Унинг ижтиҳодлари кўп масалаларда ижмоъни синдириб ташлаган. Айтилишича, улар (мусулмонлар уммати ва уламолари ижмоъ қилиб келган фиқҳий ва эътиқодий масалалардан) олтмишта масалага етган”. (Валийуддин ал-Ироқий. ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия. – Риёз: Мактаба ат-Тавъия ал-исломия, 1989. – Б. 92-93).

Шаҳобиддин Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ҳайтамий (909-974 ҳ./1504-1567 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли шофеъий олими бўлиб, “ал-Жавҳар ал-мунзам”, “ас-Савоъиқ ал-муҳрақа”, “Туҳфат ал-муҳтож”, “ал-Хайрот ал-ҳисон”, “ал-Фатово”, “Шарҳ ал-Мишкот ал-масобеҳ”, “Шарҳ ал-Арбаъин ан-Нававия” каби асарлар муаллифи.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Фатовойи ҳадисийя» асарида Ибн Таймия р.ҳ.ни қаттиқ қоралаганлар:

ابن تيمية عبد خذله الله و أضله و أعماه و أصمّه و أذله. و بذلك صرّح الأئمّة الذين بيّنوا فساد أحواله و كذب أقواله… و الحاصل أن لا يقام لكلامه وزن بل يرمى فى كلّ وعر و حزن، و يعتقد أنّه مبتدع ضالّ و مضلّ جاهل غالّ

“Ибн Таймия шундай бандаки, Аллоҳ уни хор қилган, адаштирган, кўр-кар қилган ва тойдирган. Шунинг учун, имомлар унинг аҳволининг бузуқлигини ва гапларининг ёлғонлигини баён қилиб очиқ айтиб кетганлар. Хуллас, унинг гапларининг вазни йўқ! Уни барча нотекис ва маҳзун йўлларга отиш, уни бидъатчи, адашган, адаштирувчи, жоҳил, ғулувга кетган киши деб эътиқод қилиш керак!”. (Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий. Ал-Фатово ал-ҳадисийя. – Байрут: Дор ал-маърифат, 2000. 114-115).

Ибн Таймия р.ҳ. ҳақида ўз даврида гап-сўзлар кўпайиб кетгани, аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги анъанавий тўрт мазҳаб фикрлари ва уламоларининг қарашларини менсимай ўз фикр-қарашларида қатъият билан туриб олгани сабабли шогирд ва мухлислар ҳам ҳайрат ва ҳайронликда қолганлари тарихий бор ҳақиқатдир. Шунинг натижасида, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз шайхи ва устози Ибн Таймияга насиҳат қилиб, тўғри йўлга йўллаш маъносида битта мактуб йўллаганлар. Ушбу насиҳатнома “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” (“Олтин насиҳат”) номи билан чоп қилинган. Ушбу насиҳатноманинг айнан Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳга тегишли экани ҳам ўз исботини топган.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” асарининг қўлёзма нусхаси “Дор ал-кутуб ал-мисрия” қўлёзмалар жамғармасида Б-18823 тартиб рақами билан сақланади. Мазкур қўлёзма таниқли олим, муаррих, “Табақот аш-Шофеъия” асари муаллифи Ибн Қози Шуҳба (737-790 ҳ./1337-1388 м.) раҳимаҳуллоҳнинг дастхати ҳисобланади. Насиҳатномани келтирар экан, хаттот уни таниқли олим, қози ал-қузот, шайх аш-шуйух, муфассир Бурҳониддин ибн Жамоа (725-790 ҳ./1325-1388 м.) раҳимаҳуллоҳнинг дастхатидан кўчириб олганини алоҳида қайд қилганлар. У эса буни яна бир таниқли муҳаддис олим Салоҳиддин ал-Алоъий (694-761 ҳ./1295-1359 м.) раҳимаҳуллоҳ дастхатидан китобат қилган эканлар. У зот эса насиҳатномани айнан Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг автограф дастхат нусхасидан кўчириб олган эканлар. Демак, бу силсиладаги барча ровийлар гап-сўзлари ва гувоҳликлари эътимодли ва ишончли олимлар ҳисобланади.

Шунингдек, “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” асарининг яна бир қўлёзма нусхаси “Дор ал-кутуб аз-зоҳирия” қўлёзмалар жамғармасида 1347 тартиб рақами билан сақланади. Мазкур нусхани қўлга киритган таниқли ҳанафий олими Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳ уни 1928 йили нашр қилдирган эди.

Таниқли муҳаддис, муфассир ва муаррих олим Имом Ҳофиз, Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ас-Саховий (831-902 ҳ./1427-1497 м.) раҳимаҳуллоҳ “аз-Завъ ал-ломеъ”, “ал-Мақосид ал-ҳасана” ва “Шарҳ ал-Алфия ал-Ироқий” каби асарлар муаллифи бўлиб, у ўзининг “ал-Эълон би-т-тавбих” номли асарида мазкур насиҳатнома айнан Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳга тегишли эканини алоҳида қайд қилганлар:

و قد رأيت له عقيدة مجيدة و رسالة كتبها لإبن تيمية هى لدفع نسبته لمزيد تعصبه مفيدة

“Имом аз-Заҳабийнинг Ибн Таймияга атаб битган улуғ ақидасини ва бир рисоласи (мактуби)ни кўрдим. У Имом аз-Заҳабийнинг Ибн Таймияга мутаассибларча муҳаббати борлигининг нисбат қилинишини даф қилиш учун фойдалидир”. (Шамсиддин ас-Саховий. Ал-Эълон би-т-тавбих ли-ман замма ат-таърих. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 136).

Хуллас, “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ томонидан Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга атаб ёзиб юборилган мактуб насиҳатномаси ҳисобланади. Унинг матни ва таржимаси қуйидагича:

النصيحة الذهبية
بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله، على ذلتى! يا ربّ ارحمنى، و أقلنى عثرتى، و احفظ علىّ إيمانى! وآ حُزناه، على قلتى حزنى! وآ أسفاه، على السنّة و ذهاب أهلها! وآ شوقاه، الى إخوان مؤمنين يعاونوننى على البكاء! وآ حزناه، على فُقد أناس كانوا مصابيح العلم و أهل التقوى و كنوز الخيرات! آه، على وجود درهم حلال و أخ مؤنس
طوبى، لمن شغله عيبه عن عيوب الناس، و تبًّا لمن شغله عيوب الناس عن عيبه
الى كم ترى القذاة فى عين أخيك و تنسى الجذع فى عينك! الى كم تمدح نفسك و شقاشقك و عباراتك و تذم العلماء و تتبع عورات الناس، مع علمك بنهى الرسول صلى الله عليه و سلم: «لا تذكروا موتاكم الا بخير، فإنّهم قد أفضوا الى ما قدموا»
بلى، أعرف أنّك تقول لى لتنصر نفسك: إنما الوقيعة فى هؤلاء الذين ما شمّوا رائحة الإسلام و لا عرفوا ما جاء به محمد صلى الله عليه و سلم و هو جهاد
بلى، و الله، عرفوا خيرًا كثيرًا مما إذا عمل به العبد فقد فاز، و جهلوا شيئًا كثيرًا مما لا يعنيهم. و من حسن إسلام المرء تركه ما لا يعنيه
يا رجل! بالله، عليك كفّ عنا فإنّك مِحْجاجٌ عليم اللسان لا تقر و لا تنام. إيّاكم و الأغلوطات فى الدين! كره نبيّك صلى الله عليه و سلم المسائل و عابها و نهى عن كثرة السؤال و قال: «إنّ أخوف ما أخاف على أمّتى كلّ منافق عليم اللسان». و كثرة الكلام بغير دليل تقسى القلب. إذا كان فى الحلال و الحرام فكيف، إذا كان فى عبارات اليونسية و الفلاسفة و تلك الكفريات التى تعمى القلوب. و الله، قد صرنا ضحكة فى الوجود. فإلى كم تنبش سموم دقائق الكفريّات الفلسفية لنردّ عليها بعقولنا
يا رجل! قد بلعت سموم الفلاسفة و مصنّفاتهم مرّات، و بكثرة إستعمال السموم يدمن عليها الجسم و تمكن. و الله، فى البدن.
وآ شوقاه، الى مجلس فيه تلاوة بتدبّرٍ، و خشية بتذكّرٍ، و صمت بتفكّرٍ. وآهًا، لمجلس يُذكر فيه الأبرار! فعند ذكر الصالحين تنزل الرحمة، لا عند ذكر الصالحين يُذكرون بالإزدراء و اللعنة. كان سيف الحجاج و لسان ابن حزم شقيقين، فواخَيْتَهما!
بالله، خلّونا من ذكر بدعة الخميس و أكل الحبوب و جدّوا فى ذكر بدع كنا نعدّها رأسًا من الضلال، قد صارت هى محض السنّة و أساس التوحيد. و من لم يعرفها فهو كافر أو حمار. و من لم يكفر فهو أكفر من فرعن. و تعدّ النصارى مثلنا. و الله، فى القلوب شكوك
إن سلم لك إيمانك بالشهادتين فأنت سعيد! يا خيبة، من أتبعك فإنّه مُعَرّض للزندقة و الإنحلال. لا سيّما، إذا كان قليل العلم و الدين باطوليًا شهوانيًا. لكنّه ينفعك و يجاهد عنك بيده و لسانه، و فى الباطن عدوّ لك بحاله و قلبه. فهل معظم أتباعك إلا قعيدٌ مربوط خفيف العقل، او عامى كذّاب بليد الذهن، او غريب واجم قوىّ المكر، او ناشف طالح عديم الفهم؟! فإن لم تصدقنى ففتشهم وزنهم بالعدل
يا مسلم! أقدم حمار شهوتك لمدح نفسك، إلى كم تصادقها و تعادى الأخيار؟ الى كم تصدقها و تزدرى بالأبرار؟ الى كم تعظمها و تصغّر العباد؟ الى متى تخاللها و تمقت الزهاد؟ الى متى تمدح كلامك بكيفية لا تمدح بها؟ و الله، أحاديث الصحيحين؟ يا ليت، أحاديث الصحيحين تسلم منك، بل فى كلّ وقت تغير عليها بالتضعيف و الاهدار، او بالتأويل و الإنكار!
أما، آن لك أن ترعوى! أما، حان لك أن تتوب و تنيب؟ أما، أنت فى عشر السبعين و قد قرب الرحيل؟! بلى، و الله، ما أذكر أنّك تذكر الموت، بل تزدرى بمن يذكر الموت
فما أظنّك تقبل على قولى و لا تُصغى الى وعظى. بل، لك همّة كبيرة فى نقض هذه الورقة بمجلدات و تقطع لى أذناب الكلام، و لا تزال تنتصر حتى أقول لك: البتّة سكتُّ
فإذا كان هذا حالك عندى، و أنا الشفوق المحبّ الوادّ. فكيف يكون حالك عند أعدائك. و أعداؤك، و الله، فيهم صلحاء و عقلاء و فضلاء، كما أنّ أولياءك فيهم فَجَرَةٌ و كَذَبَةٌ و جهلة و بطلة و عور و بقرٌ
قد رضيتُ منك بأن تسبّنى علانية و تنتفع بمقالتى سرًّا
رحم الله إمرءًا أهدى الى عيوبى. فإنّ كثير العيوب غزير الذنوب. الويل، لى إن أنا لا أتوب! و وآ فضيحتى، من علّام الغيوب. و دوائى عفو الله و مسامحته و توفيقه و هدايته
و الحمد لله ربّ العالمين و صلّى الله على سيّدنا محمّد خاتم النبيين و على آله و صحبه أجمعين

“ан-Насиҳат аз-Заҳабия”

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Шикасталигим учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Эй, раббим! Менга марҳамат қил! Қоқилишларимни озайтир, имонимни мен учун асраб-авайла! Эҳ, маҳзунлик! Қанийди, менинг қайғуларим озайса эди! Эҳ, суннат ва унинг аҳли кетганига афсуслар бўлсин! Эҳ, гиряларимга ёрдам берадиган мўъмин дўстларимга муштоқман! Илм чироқлари, тақво аҳиллари ва яхшиликлар хазиналари бўлмиш одамларнинг йўқолиб кетганига ғам-қайғуларим бор! Оҳ, қанийди, ҳалол дирҳам ва мунис дўст топила қолса!

Одамларнинг айбидан кўра ўз айби билан машғул бўлган кимсага мукофотлар бўлсин! Ўз айбидан кўра одамларнинг айби ила шуғулланган кимсага лаънатлар бўлсин!

Қачонгача биродарингизнинг кўзидаги чангни кўрасиз-у, ўзингизнинг кўзингизни қоплаган ёғни кўрмайсиз?! Қачонгача ўзингизни, ўз жаврашларингизни, ўз ибораларингизни мақтайсиз-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ўлганларингизни фақат яхшилик билан эсланг. Чунки, улар олдин қилган ишларига жавоб бериб бўлганлар” деган таъқиқларини била туриб ҳам уламоларни ёмонлаб, одамларнинг айбларини излайверасиз?!

Аксинча, мен биламанки, Сиз ўзингизга ғалаба бағишлаш учун: “Ушбу ислом ҳидини ҳидламаганларга ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келган нарсани билмаганларга қарши курашмоқ жиҳоддир!”, деб айтаверасиз. Ҳолбуки, Аллоҳга қасамки, банда амал қилса нажот топиши тўғрисида улар (Сиз курашмоқчи бўлганлар) жуда кўп яхшиликларни биладилар, ўзларига алоқаси йўқ жуда кўп нарсалардан бехабардирлар. Инсоннинг исломининг гўзаллиги кераксиз нарсаларни тарк қилмоқдир!

Эй, инсон! Аллоҳ ҳаққи, биздан ўзингизни тортинг! Чунки, Сиз жанжалкаш баҳсчи, тили қарор топмайдиган ва ухламайдиган билимдонсиз! Динда била туриб савол беришдан сақланинг! Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам савол сўрайвериш ва айб ахтараверишни ёқтирмасдилар ва кўп савол беришдан қайтаргандилар. У зот: “Умматим орасида мен кўрқадиган энг хавфли киши ҳар бир тили ўткир мунофиқдир!”, деб марҳамат қилганлар. Далилсиз кўп гап қалбни қотириб-қорайтиради. Агар у ҳалол-ҳаром ҳақида бўлса, қандай бўлади?! Агар у юнусий ва фалсафий иборалардан иборат бўлса-чи?! Бу хилдаги куфрий гап-сўзлар қалбни ўлдиради. Аллоҳга қасамки, бизнинг борлигимиз кулгуга айланди! Қачонгача бизнинг ақлларимизни уларга қайтариш учун нозик фаласафий-куфрий заҳарли гапларни титкилаб-ковлаб чиқараверасиз?!

Эй, инсон! Файласуфларнинг ва уларнинг асарларининг заҳарларидан бир неча марта ютдингиз. Заҳарни кўп истеъмол қилиш эса жисмни шунга одатлантириб, уни ўрнаштириб қўяди. Аллоҳ ҳаққи, баданда ўрнаштиради!

Эҳ, ўйлантирадиган тиловати, эслатадиган қўрқуви, фикрлатадиган сукути бор мажлисларга муштоқмиз! Яхшилар эсланадиган мажлислар қани?! Солиҳ зотлар  эсланган пайтда раҳмат нозил бўлади. У солиҳ зотларни нафрат ва лаънат билан эсланадиган пайтда нозил бўлмайди. Ҳажжожи золимнинг қиличи, Ибн Ҳазмнинг тили туғишган ака-укадир. Бу иккисига биродар бўлмоқдасиз!

Аллоҳга қасамки, бизни пайшанбалик (ёки этаги узун беш газли кийим кийиш) ва дон (қорадори) ейиш бидъатини эслашдан холи қилдилар. Ўзлари эса биз залолатнинг боши деб санайдиган бидъатларни эслашга жидду жаҳд кўрсатдилар. Улар эса, энди, суннатнинг мусаффоси, тавҳиднинг асосига айланиб қолди. Кимки уларни билмаса, у кофир ёки эшакдир. Кимки куфр деб билмаса, унинг ўзи Фиръавндан баттар кофирроқдир. Сиз эса насронийларни бизга ўхшатасиз. Аллоҳга қасамки, дилларда шак-шубҳалар мавжуд.

Агар икки шаҳодат калимаси ила имонингизни саломат сақлай олсангиз, демак, Сиз бахтлисиз! Бироқ, эҳ-ҳе, Сизга эргашганларга муваффақиятсизлик ёрдир! Чунки, улар зиндиқликка ва бўлинишга рўпара бўлгувсидир. Айниқса, агар илми оз, дини эса ёлғондакам орзу-ҳавасларга мойил бўладиган бўлса! Лекин, у Сизга “фойда” беради, ўз қўли ва тили билан Сиз томонда туриб курашади. Ботинда эса сизга ўз ҳоли ва қалби билан душман  бўлади. Сизга эргашганларнинг катта қисми боғланган (манқурт), нўноқ, ақли паст ёки оми, ёлғончи, зеҳни палид ёхуд мум тишлаб олган, бироқ макри кўп ғариб ва ё фаҳм-фаросати йўқ ярамас хасис эмасми?! Агар менинг гапимга ишонмасангиз, уларни текшириб кўра қолинг ва адолат тарозиси билан ўлчаб кўринг.

Эй, мусулмон! Шаҳватингиз эшагининг энг пешқадами ўзингизни мақташ билан оввора. Қачонгача, уларни тўғри деб ўйлаб, яхшиларни душман кўрасиз?! Қачонгача, уларни тасдиқлаб, яхшиларга нафрат қилаверасиз?! Қачонгача, уларни улуғлаб, бандаларни пастга ураверасиз?! Қачонгача, уларни ўзингизга дўст санаб, зоҳидларга ғазаб қилаверасиз?! Қачонгача улар мақтамаган бўлса ҳам ўз гапларингизнинг мадҳига берилаверасиз?! Аллоҳ ҳаққи, улар тўғрисида икки саҳиҳ тўпламда ҳадислар борми?! Эҳ, кошки, Сиз икки саҳиҳ тўпламнинг ҳадисларига таслим бўлсангиз! Балки, ҳамма вақт уларни заифга ва бекорга чиқариб, таъвил ёки инкор қилиб ўзгартираверасиз!

Эй, пушаймон бўладиган вақтингиз ҳозир бўлмадими?! Эй, тавба қиладиган ва инобат қиладиган даврингиз эмасми?! Эй, Сиз етмиш ёшдан ўтиб қолмадингизми?! Дунёдан ўтиш замони яқинлашмадими?! Йўқ, аксинча, ўлимни эслашингизни мен эслай олмадим. Балки, ўлимни эслатган кишининг устидан кулиб, мазах қилаверасиз.

Гапимни қабул қилишингизни ва насиҳатимга қулоқ осишингизни гумон қила олмайман. Балки, Сизнинг ҳимматингизнинг каттаси бу варақларни жилд-жилд ёзувларингиз билан синдиришга ва гапнинг “дум”ларини кесишга сарфланади. Мен: “Бўлди, жим бўлдим!” дегунимча мени енгишга уринаверасиз.

Менинг олдимда ҳолингизнинг бори шу! Ҳолбуки, мен Сизга меҳрибон, суюкли дўст бўлсам. Ҳолингиз душманлар олдида қандай бўларкин?! Сизнинг душманларингиз – Аллоҳга қасамки, улар орасида солиҳ зотлар, ақллилар ва фозиллар бор. Сизнинг дўстларингиз (яъни, Сизга эргашганлар) орасида эса фосиқлар, ёлғончилар, жоҳиллар, бекорчилар, бир кўзли ғилайлар ва мол табиатлилар бор.

Менинг гапларимдан яширинча фойдаланганингиз ҳолда очиқчасига сўкишингизга ҳам рози бўлдим!

Менинг айбларимни тўғрилаган кишига Аллоҳ марҳамат кўрсатсин! Зотан, айбларнинг кўплиги гуноҳларнинг мўл-кўллигидир. Агар мен тавба қилмасам, менинг ҳолимга вой! Эҳ, ғайбларни билувчи Парвардигор ҳузурида менинг шармандалигим! Давойим эса Аллоҳнинг авфи, кечириши, тавфиқи ва ҳидоятидандир.

Оламлар раббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Бизнинг Саййидимиз, пайғамбарлар хотами Муҳаммадга, унинг оилалари ва жами саҳобаларига  Аллоҳ саловат йўлласин!

Тамом.      

Мазкур “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномаси Ибн Таймия (р.ҳ.)га ва унга сўзсиз эргашувчи салафий ва ваҳҳобий сингари тоифаларга аталган ўзига хос панд-насиҳатлар мажмуасидир! Бироқ, бугунги куннинг салафий ва ваҳҳобийлари ушбу насиҳатномадан панд-насиҳат олиш ўрнига уни ёлғонга чиқаришга, унинг матнини Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳга тегишли эмас деб, шубҳа остига қўйишга бор куч-ғайратлари билан уруниб келадилар. Уни Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ёзмаган, деб ўзларича “исботлаш”га тинмай ҳаракат қиладилар. Ҳатто уни Ибн Таймиянинг ёшликдаги дўсти бўлган, таниқли мутасаввиф олим, “Ташвиқ ал-арвоҳ” ҳамда “Туффоҳ ал-арвоҳ” асарлари муаллифи Иззуддин Муҳаммад ибн ас-Саррож ад-Димишқий (661-747 ҳ./1263-1346 м.) раҳимаҳуллоҳ ёзган деб туҳмат қилганлар ҳам бор. Бироқ, ҳеч бир салафий ўз иддиоларига ишончли далил ва асосли маълумотлар келтира олмаган. Балки, қуруқ гап-сўзлар, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг Ибн Таймияга нисбатан ўз асарларида айтган гапларига асосланиб чиқарган хулосаларини, шунингдек, Ибн ас-Саррож раҳимаҳуллоҳнинг кейинчалик Ибн Таймияни ёқтирмай қолгани ҳақидаги маълумотларни тақдим қилганлар, холос. Ҳолбуки, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳга тегишли деб аталган “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасининг камида иккита қўлёзма нусхаси қўлимизда мавжудлиги аниқ ишончли ва инкор қилиб бўлмас факт – маълумотдир! Мазкур насиҳатномани инкор қилувчилар: أنظر لما قال و لا تنظر لمن قال – “Айтилган гапга қара, айтган одамга қарама!” деган ҳикматдан, афсуски, ибрат олмайдилар.

Салафий ва ваҳҳобийларни тинч қўймайдиган жиҳати мазкур “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасида Ибн Таймияга эргашганларни: Сизнинг дўстларингиз (яъни, Сизга эргашганлар) орасида эса фосиқлар, ёлғончилар, жоҳиллар, бекорчилар, бир кўзли ғилайлар ва мол табиатлилар бор”, деб аталганлигидир. Мактубда Ибн Таймияга эргашганлар тўғрисида: “Сизга эргашганларнинг катта қисми боғланган (манқурт), нўноқ, ақли паст ёки оми, ёлғончи, зеҳни палид ёхуд мум тишлаб олган, бироқ макри кўп ғариб ва ё фаҳм-фаросати йўқ ярамас хасис эмасми?!”, деб хитоб қилинади!!!

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз устози Ибн Таймияга унинг умрининг охирларида кўпчилик қатори устозга меҳрибон ва оқибатли шогирд сифатида насиҳат қилган эди. Бироқ, унга эргашган салафий ва ваҳҳобийлар бу аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмиб, ибрат ва ўрнак олмасдан, ҳаққа эргашиш ўрнига асоссиз равишда ушбу насиҳатномадан ҳозиргача жирканиб ва нафратланиб келадилар.

Балки шунинг учун ҳам, замонамиз ваҳҳобийларининг энг катта шайхи, Саудиянинг яқин ўтмишдаги бош муфтийси бўлган Ибн Боз ўзининг «Ад-даматул Базийя» номли аудио маърузасида Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳни фақиҳ эмас ва унга шариат масалаларида эргашиб бўлмайди деб таъкидлагандир:

لا الذهبي ليس مِن أهل الفقه , الذهبي هو مِن أهل البصيرة , الذهبي عالم مِن علماء الوسط , يعتني بمصطلح الحديث فقط , لا يعتمَد به في الشريعة

«Йўқ, Заҳабий аҳли фиқҳдан эмас! Заҳабий аҳли басиратдандир. Заҳабий ўртача уламолардан бўлган олим. У фақат «Мусталаҳул ҳадис» илмида ғайрат қилган. Унга шариатда эргашилмайди».
(Ибн Бознинг бу сўзларини мазкур ҳаволадан эшитиш мумкин).

“ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасида Ибн Таймиянинг: Файласуфларнинг ва уларнинг асарларининг заҳарларидан бир неча марта ютган”ликда ҳамда “нозик фаласафий-куфрий заҳарли гапларни титкилаб-ковлаб чиқаравериш”да айбланганида, афсуски, жон бор! Чунки, гарчи Ибн Таймия р.ҳ. фалсафа ва фалсафий асарлардан ҳазар қилишини бот-бот айтган бўлса-да, бироқ, бугунги кун тадқиқотчилари унинг асарлари камида 70 фоиз фалсафий фикр-мулоҳазалардан иборат эканини аниқлашган.

“ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасида: “Эҳ, кошки, Сиз икки саҳиҳ тўпламнинг ҳадисларига таслим бўлсангиз! Балки, ҳамма вақт уларни заифга ва бекорга чиқариб, таъвил ёки инкор қилиб ўзгартираверасиз!”, дейилган. Ҳақиқатдан ҳам, Ибн Таймия р.ҳ. асарлари синчиклаб ўрганилса, ўзига ёққан ҳадислар саҳиҳ ва ўтган салафи солиҳинларнинг ҳаммаси қабул қилган дейилиб, тарғибу ташвиқ қилинади-ю, ўзининг фикрларига хилоф келадиган, бошқалар амал қилиб келаётган ҳадиси шарифларни заифга ва ҳатто мавзуъ – тўқимага чиқарилганини кўриш мумкин. Афсуски, бу ҳолат унинг бугунги кундаги бемазҳаб издошларига ҳам хос ҳарактер ҳисобланади.

“ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасида Ибн Таймияга қарата: Сиз эса насронийларни бизга ўхшатасиз” дейилган. Ҳақиқатдан ҳам, у ўзининг “Иқтизо ас-Сирот ал-мустақим” номли асарида (бошқа асарларида ҳам), бошдан-охир дунёдаги жами мўъмин-мусулмонларни насроний ва яҳудийларга ўхшатиб, мўъмин-мусулмонларнинг асрлар давомида қилиб келаётган урф-одатлари, амаллари ва эътиқодларини бидъатга ва ҳаромга чиқарган эди.

Ва ниҳоят, “ан-Насиҳат аз-Заҳабия” насиҳатномасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ўлганларингизни фақат яхшилик билан эсланг!” ҳадиси эслатилиши бежиз эмас. Зотан, минг афсуски, “уламоларни ёмонлаб, одамларнинг айбларини излайвериш” Ибн Таймиячиларга хос хусусиятдир. Ибн Таймияга эргашганлар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини “Абу Жийфа”, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳини эса “Имом Ҳолик” деб атаганликлари, ашъарий ва мотуридийларни эса тинмай ёппасига адашганлар, деб жаврашлари бор ҳақиқатлардир.

Насиҳатнома мактубда айтилганидек, инсоннинг давоси Аллоҳнинг авфи, кечириши, тавфиқи ва ҳидоятидан” бўлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча мўъмин мусулмонларнинг гуноҳ ва айбларини авф қилиб, кечирсин, ўзининг тавфиқи ва ҳидоятида барқарор қилсин. Ўтган уламоларимизни, хусусан, мазкур мақолада тилга олинган олимларимизни раҳмат айласин! Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳни ҳам, унга эргашиб ҳаммани адашганга чиқариб юрган салафий ва ваҳҳобийларга ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавфиқ ва ҳидоятини ёр айласин! Мазкур насиҳатномадан панд-насиҳат олганлардан Аллоҳ рози бўлсин! Гуноҳларимизни Аллоҳ кечирсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *