ИЛМНИ ҚАДРЛАГАН ЖАМИЯТ РИВОЖЛАНАДИ

FB_IMG_1438394698819Яқинда бир илмий сафардан қайтдим. Сафар мобайнида бир тоннага яқин китоб сотиб олдим. Барчасини ёнимда олиб келиш ниятида эдим, аммо имкон қила олмадим. Фақатгина 400 кг атрофида бўлган энг муҳимларини ёнимда олиб келдим. Аеропортга чиқишдан олдин Истанбулга телефон қилиб, деканимиз ва илмий раҳбарим бўлган устозларимга айтиб қўйдим. Устозларимдан бири бир номерга телефон қилиб қўйишимни айтдилар. Мен қўнғироқ қилди ва ёнимда китобларим борлигини айтиб қўйдим. Китоблар фақатгина бир нусхадан бўлиб, илмий изланишларим учун олганимни айтдим.

Энг асосийси аеропортда бошланди.
1. Учадиган аеропортимда мени кутиб олишди. Юкларимни жуда ҳам осонлик билан қабул қилишди. 60-70 кг кўпроқ бўлса ҳам мендан қўшимча ҳақ олишмади. Бир ходим менга бириктириб қўйилди. Божхона ходими, юк текширув бўлими каби жойларга мен билан бирга юрди. У ходим мен ҳақимда: бу киши ҳақида бизга Марказдан (Истанбул) хабар берилган эди, илмий ходим эканлар, илмий изланишлар учун китоблар олиб кетишмоқда, деб ишларимни жуда ҳам осонлик билан ҳал қилиб беришди. Ишларим шу даражада осон битганидан ҳайратда эдим.
Шунда бир нарсага амин бўлдим: таълим даргоҳининг устозига ёрдам бериш ва қийинини осон қилиш учун бу ердаги ходимларга бир неча киши телефон қилиб огоҳлантирган экан. Мана сизга ҳурмат, мана сизга илмни қадрлаш!

2. Истанбулга қўндим. Ёнимдаги китобларни олиб чиқишда муаммо бўлмас деган умидим бўлса-да, аммо 400 кг китоб-а?, деган ҳадик бор эди. Аеропортда юкларимни аста-секин аравага юкладим. Нақд уч арава бўлди. Уларни навбат билан секин-аста чиқиш эшигига олиб бордим. Божхона ходимлари барчаси меники эканига ишонмадй туришди. Барчаси китоб дедим. Улардан бири қўпол оҳангда китоб савдоси учун олиб келиш тақиқланган деб жавоб берди. Сенсираб ҳужжатларимни сўради. Камина, мен илмий ходимман, бу китобларнинг барчаси илмий излнишлар учун бўлиб фақатгина бир нусхадан, дедим. Ҳужжатимни сўраган киши бирдан ўзгарди, сизлай бошлади. Ҳужжатларингизни кўрсам майлими, деб одоб билан қайта сўради. Уларнинг каттаси келиб, қайси Университетда дарс берасиз деб сўради. Камина Илмий Таҳқиқотлар Маркази таҳқиқотчиси ва устози эканимни айтдим. Узр, сизни овора қилдик, марҳамат, юкларингизни бемалол олиб чиқиб кетаверинг, деди. Ҳужжатларимга тўлиқ қарашмади ҳам, юкларимни текширишмади ҳам. Илм билан шуғулланадиган устоз экан, деб хуш муомала билан ўтказиб юборишди.
Бу ўтган куни ўз бошимдан кечган воқеа. Аеропорт ва божхона ходимларининг илмга бўлган эҳтиромларининг бир намунаси. Камина Турк фуқароси бўлмасам ҳам, аммо илм учун шунча китоб олиб келганимни, устоз эканимни ҳурмат қилиб менга шунча илтифот кўрсатишди, ҳурмат билан муомала қилишди.
Азизлар, илмни қадрламасак, мактабимиз ва олий даргоҳларимиз устозларини қадрламасак, ривожланмаймиз, ўсмаймиз, тараққиёт сари бир қадам ҳам ташлай олмаймиз. Ким бўлишимиздан қатъий назар, қайси лавозимда бўлсак ҳам, албатта ва албатта илмни қадрлайлик, унга хизмат қилаётганларни қадрлайлик, фарзандларимиз устозларини бошимизда олиб юрайлик.
Акс ҳолда жоҳилликга ва жаҳолатга сабр қилиб чидаб юришга маҳкум ва мажбурмиз.
Илм диний ва дунёвийга ажратилмайди! Балки илмнинг барчаси бирдир.

Муҳаммад ОДИЛ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *