ЕРНИНГ ШАР ШАКЛИДА ЭКАНЛИГИГА ИСЛОМ УЛАМОЛАРИНИНГ ИЖМОЪСИ

Planeta-Zemlya-1Қуйида ёзмоқчи бўлаётган нарсаларим ҳақида кўп ўйландим. Чунки, ақлу тафаккур эгалари учун бу мавзу аслида тортишув объекти бўлмаслиги керак.

Зеро, Ернинг думалоқлиги бугунги кунда нафақат космосдан олинган суратлар, илмий фактлар, олимларнинг тадқиқотлари ва бутун дунё аҳлининг бу назарияни якдиллик билан қабул қилганлигига таянади балки, мазкур назария ақл ва мантиқни ишлатган ҳар бир инсон учун заруратан маълум бўлиши керак бўлган ҳақиқатлардан биридир.

Аммо, таассуфлар бўлсин-ки, дунёда «тескари йўл тут, таниласан!» деган мантиққа кўра ҳаракат қилувчи турли хил жамиятлар, доиралар ва оқимларнинг катта маблағлар сарфлаб, Ернинг текислигини «исботлаб берувчи» меҳнатлари, ютюб хостингига жойлаган эътиборни тортувчи ва чалғитувчи «далил-ҳужжатлари» таъсирига тушиб қолаётган туппа-тузук мусулмон кишиларни ҳам учратиб қоламиз.

Албатта, борлиқ ҳақида ҳамма ўз фикру қарашларига эга бўлиши табиий ҳол. Аммо, бу қарашларни Исломга нисбат бериш, мусулмон олимларига нисбат бериш катта хатодир.

Чунки, тарих шоҳид, Аббосийлар даврида Ислом оламида илм-фан соҳасида мислсиз даражада уйғониш рўй бериши натижасида мусулмон мамлакатларида география, геодезия, фалакиётшунослик (астрономия), риёзиййот (математика), ал-жабр (алгебра), физика ва кимё фанлари, фалсафа ва мантиқ илми бениҳоя тараққий этди.

Ва улар ҳали фазо забт этилмасдан туриб, табиат ҳодисаларини кузатиш, уларга мантиқий ёндашиш ва ўз имкониятларидаги расадхоналар, устурлоблар (астролябия) ва бошқа турли хил кузатиш ускуналари ва ҳисоб-китоблар ёрдамида коинот ва Ерни ўрганиб, Қуёш, Ер, сайёралар ва коинотнинг доиравий шаклда эканлигини аниқлаганлар. Бошқа тарафдан эса Қуръони карим оятларини тушуниб, тадаббур қилган дин уламолари ҳам бу ҳақиқатни англаб етганлар.

Мен ушбу мақолада Ернинг шар шаклида эканлигини илмий жиҳатдан исботлаб бериш фикридан йироқман. Чунки, биринчидан бу назариянинг ҳақиқатлиги бугунги кунда қуёшдек равшан нарсадир. Иккинчидан, унинг далиллари бу мақоламизга сиғмай қолади ва қолаверса, вақт ҳам етмайди. Ундан ташқари, «ясси Ер» назарияси тарафдорларига тонналаб далил келтирсангиз ҳам ҳаммасини бир чеккадан ёлғонга чиқариб ўтираверишади.

То, уларнинг бирини ўз ёнингиздан 20 миллион доллар сарфлаб, орбитага олиб чиқиб, халқаро космик станциясининг иллюминаторидан Ерга қараттириб, унинг тўпсимон шаклда эканлигини кўрсатмагунингизгача гапингизга ишонишмайди. Яна ҳам аниқроғи эса, шундай қилган тақдирингизда ҳам барибир, «бу ҳаммаси ёлғон, бутун дунё келишиб олган фитна!» дея инкор қилиб тураверадилар.

Ҳақиқатда эса «Ясси Ер Жамияти» (инглизча: Flat Earth Society) барча илмий ҳақиқатлар ва умумқабул қилинган назарияларни инкор қилиб тураверадиган ва мазкур инкорчиликни ўзига маслак қилган дениализм тоифасининг оқимларидан биридир.

Улар ҳамма нарсани инкор қилиб тураверадилар. Бунинг учун албатта, кишиларнинг онгини чалғитиб, ҳақиқатдан бошқаёққа буриб юборишга қаратилган ўзига хос «мантиқий далил-ҳужжатлари» ҳам бўлади. Лекин, мазкур «далил-ҳужжатлар»нинг ҳаммаси ақлу мантиқ тарозусига солиб, илм-фан элагидан ўтказилса, бир тийинга қиммат эътирозлар эканлиги ва улар фақат инкорга асосланган псевдонаучный фактлар бўлиб чиқади.

Бу назария тарафдорлари ўз даъволари учун ҳеч қандай илмий далил келтиролмайдилар балки, Ернинг шарсимон эканлиги ҳақидаги далилларни инкор қилишга асосланадилар, холос.

Хуллас, ҳамма нарсанинг остидан қандайдир халқаро миқёсдаги фитна ва тил бириктирув излаш дардига мубтало бўлган мазкур тоифа Ернинг шарсимон эканлигини очиқ кўрсатадиган космосдан олинган суратларни ҳам сохтага чиқарадилар, умуман космос борлигини ҳам инкор қиладилар.

Белгиланган жойга масалан 4 соат давомида учиб борган самолётлар айни маршрут бўйича қайтишда уч ярим соат муддат йўл босишлари каби ҳолатларни ҳам — қанчалар аҳмоқона бўлмасин — бутун дунёдаги авиация ходимлари келишиб олган «заговор!», деб даъво қиладилар.

Хўп, кеча ва кундузнинг алмашиниши, турли жойларда турли хил вақтларда қуёш чиқиб, қуёш ботишини қандай изоҳлайсизлар(?), дейилса, ҳеч қандай ақл ва мантиқ кўтарадиган жавоб йўқ.

Ваҳоланки, агар улар даъво қилганидек, Ер катта ясси бир лаган шаклида бўлиб, умуман ҳаракатланмаса балки, Қуёш Ернинг атрофида ҳаракатланса, бутун дунёда бир вақтда кундуз бўлиб, бир вақтда қуёш ботган бўларди. Бу эса қуёш ўша дискнинг устидан кўндалагига айланиб ўтади деб тушунган ҳолатимизда шундай бўларди. Агар унинг атрофида айланади десак у ҳолда умуман сайёрамизда тун деган нарса бўлмасди.

Қуёшнинг Ер атрофида айланиши ҳар жиҳатдан абсурд нарса. Зеро, ҳеч қачон катта жисм ўзидан бир-неча баробар кичик жисм атрофида айланмайди. Ундан ташқари, борлиқда фақат Қуёш билан Ер бормидики, бошқа ҳамма нарса четга чиқиб, Қуёш Ер атрофида айланса?!..

Ҳа, Қуёш ҳам ниманингдир атрофида айланади аммо, Ер атрофида эмас балки, ўз системасидаги планеталар билан биргаликда галактика маркази атрофида айланади. Шу билан бирга қуёш ўз ўқи атрофида ҳам айланади.

Демак, борлиқда ҳамма нарса ҳаракатланишда ва айланишдадир. Аллоҳ таоло Ўзининг тенгсиз ва чексиз ҳикмати билан борлиқни шундай тизимда яратган, барча нарсани айланиб турадиган, доимий ҳаракатда бўладиган қилиб қўйган.

Анбиё сурасининг 33-оятида ҳамда Ёсин сурасининг 40-оятида «كل في فلك يسبحون» (куллун фий фалакин ясбаҳун) яъни «ҳамма нарса ўз фалагида сузиб юради», дея марҳамат қилинган. Фалак сўзи билан эса атрофида айланувчи нарса, самовий жисмнинг доимий ҳаракатда бўлган йўли, траекторияси ва орбитаси назарда тутилган.

Ушбу ояти карима тафсири борасида айтилган сўзларнинг хулосаси шуки, борлиқдаги барча самовий жисмлар, қуёш, ой, юлдузлар ва планеталар ҳар бири ўз орбитасида мустаҳкам тартибда ва мавзун ҳаракатда айланиб турадилар.

Машҳур муфассир Имодуддин ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ояти каримадаги «يسبحون» ясбаҳун (сузиб юрадилар) сўзига «يدورون» (ядурун) яъни «айланадилар» дея маъно берган. Шунингдек, Ибн Касир Қуръоннинг таржимони деган улуғ номга сазовор бўлган машҳур муфассир саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ояти кариманинг тафсири борасида айтган қуйидаги сўзини келтиради: «يدورون كما يدور المغزل في الفلكة» яъни: «улар (қуёш, ой, юлдузлар ва планеталар) худди чарх ўз ғалтаги атрофида айлангани каби айланиб турадилар».

Эътибор беринг, Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) оятдаги «ясбаҳун» (сузиб юрадилар) лафзига «ядурун» (айланадилар) деган маъно беряпти ва коинотдаги қуёш, ой, Ер, юлдузлар ва барча сайёраларнинг бу ҳаракатига айнан айланиш сўзини қўллаяпти.

Наҳотки, ушбу сўзлар бутун борлиқ ва коинот умумий тортишув кучи билан бир-бирига боғлиқлиги ва ундаги барча жисмлар ҳам ўз ўқи атрофида ва айни дамда ўз системаси марказидаги ўзидан каттароқ жисм атрофида ва улар ҳаммаси биргаликда галактика маркази атрофида доимий айланишда бўлишини англатмаса?!..

Коинотда доимий айланишда бўлган жисмлар эса сфераик шаклдан бошқача шаклда бўлиши шунчаки, тасаввур қилинмайди. Чунки, коинот бундай ишламайди. Фазода ҳам ўз ўқи атрофида, ҳам бошқа бир жисм атрофида доимий айланишда бўлган нарса фақат думалоқ бўлишинигина мантиқ кўтаради. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Юмалоқлиги идеал даражада бўлмаслиги мумкин. Эллипсоид бўлиши мумкин. Лекин, ҳар ҳолда юпқа танга каби каттакон диск шаклида бўлмайди.

Ясси ерчиларнинг тушунчаси жуда ҳам қизиқ. Нима учун коинотдаги ҳамма нарса сфера шаклида бўладию битта Ер планетаси тангага ўхшаган япалоқ шаклда бўлиши керак?!.. Ғалати а жуда?!.. Агар у шундай юпқа япалаоқ шаклда бўлса, нима учун бепоён бу бўшлиқда тўнкарилиб қолмаслиги, тикка бўлиб қолмаслиги керак?!.. Ёки у ҳар хил жойдан трослар билан тортиб қўйилганмикан а?!..

Ҳа, айтганча, ясси ерчилар ой тутилиши ҳодисасига қандай жавоб бераркинлар?!.. Маълумки, Ер ой билан қуёш ўртасида бўлиб, Ернинг сояси ой сатҳига тушганда ой тутилиш ҳодисаси рўй беради. Оддий кўз билан кузатилганда ҳам тўлиқ ой тутилишида Ернинг сояси думалоқ шаклда ойга тушади. Ҳали антик даврда экан Аристотель айни ҳодисани Ернинг куравий шаклда эканлигига далил қилган эди.

Эҳтимол, бу сатрларни ўқиётган кимдир ҳайрон бўлаётгандир, исботлаб бўлинган ва аллақачон фориғ бўлинган масалани бу одам нима учун қайтадан исботламоқчи, дея.

Тўғриси, ўзимга ҳам эриш туюляпти бу мавзуни кўтариш. Аммо, ўзим ҳурмат қилган ва яхши кўрган айрим инсонларнинг Ернинг яссилиги ҳақидаги мазкур сохта назария таъсирига тушиб қолганларига шахсан гувоҳ бўлганимдан сўнг бу ҳақда ёзмасам бўлмаслигини тушундим.

Юқорида ишора қилиб ўтганимдек, ушбу мақолада Ернинг юмалоқ шаклдалигини илмий жиҳатдан исботлаш мақсад қилинмаган. Балки, айнан Ислом уламоларининг бу масалага нисбатан туган ўринларини баён қилиш ирода қилинган.

Ислом уламолари дер эканмиз Ибн Сино, Беруний каби дунёвий фан дарғаларининг эмас балки, айнан фиқҳ, тафсир ва шариат илми пешволарининг сўзларидан намуналар келтирмоқчимиз. Зеро, юқоридаги зотларнинг Ернинг думалоқлиги ҳақидаги фикрлари барчага маълум. Мен масаламиз юзасидан айнан шариат олимларининг, дин кишиларининг фикрларини баён қилмоқчиман.

Ернинг ясси ва қандайдир катта, текис бир баркашга ўхшаган шаклда эканлиги ҳақидаги қараш асло мусулмонларга тегишли эмас. Балки, бу назария ширк ва бутпарастликка асосланган ҳиндукийлик (индуизм), буддизм каби носамовий динларга ҳамда скандинавия мифологияларига бориб тақалади.

Индуизм ва буддизм таълимотларида Ер океан билан ўралган ясси шаклдаги улкан диск сифатида тасвирланади ва унинг марказида эса Меру (Сумеру) тоғи жойлашган деб билинади. Мазкур асотирга кўра, Меру тоғи бутун борлиқ ва оламнинг маркази ҳисобланади ва барча материклар мазкур тоғнинг нишаблари саналади. Қуёш ҳам, Ой ҳам ушбу тоғ атрофида айланади.

Ушбу ғайри таълимотга кўра, океан сувлари бўшлиққа оқиб кетмаслиги учун Ернинг атрофи баланд тоғлар билан ўралган эмиш. Шунинг учун сувлар пастга тушиб кетмас эмиш.

Кўриниб турибдики, Ернинг яссилиги ҳақидаги ақиданинг Ислом динига алоқаси йўқ. Ҳа, айрим тафсир китобларида Ернинг текис ва ясси диск шаклида эканлиги ва у улкан ҳўкиз устида туриши ҳақида Мадина яҳудийларидан нақл қилиб келтирилган исроилиёт ривоятлари мавжуд бўлиб, уларнинг асло Исломга алоқаси йўқ.

Исроилиёт ўз номи билан ҳам исроилиёт. Яъни, улар Бани исроилдан яъни яҳудийлардан нақл қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яҳудийларнинг турли мавзулардаги сўзлари, қадимий халқлар борасидаги ривоятларига нисбатан қандай йўл тутиш ҳақида сўрашганда «аҳли китобни (гапираётган гаплари борасида ёппасига) тасдиқламанг ҳам, (ёппасига) ёлғонга чиқарманг ҳам!» деганлар. Чунки, тасдиқласа, хато бўлиши мумкин.

Боз устига исроилиёт ривоятларида Ислом таълимотига очиқ зид бўлганлари ҳам бор. Демак, ёппасига тасдиқлаб бўлмайди. Ёппасига инкор қилишдан ҳам қайтарганлар.
Чунки, уларнинг ичида тўғрилари ва Ислом таълимотига мувофиқлари ҳам бор. Шу маънода Қуръон ва Ҳадис ҳамда соғлом ақл мезонига тушганлари қўшимча маълумот сифатида олинади. Аксинча бўлганлари олинмайди. Аммо, китоблар ичида исроилиёт ривоятлари деган қайд билан шунчаки, мавзуга тааллуқли маълумот сифатида келтирилавериши мумкин.

Қисқаси, Қуръони каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирорта муборак ҳадисларида ҳам Ернинг катта текис диск шаклида эканлигига далолат қилувчи бирорта сўз йўқ. Аксинча, Қуръони каримда Ернинг шарсимон шаклда эканлигига далолат қилувчи ояти карималар кўп учрайди.

Жумладан, Зумар сурасининг 5-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ يُكَوِّرُ اللَّيْلَ عَلَى النَّهَارِ وَيُكَوِّرُ النَّهَارَ عَلَى اللَّيْلِ «

Маъноси: «У (Аллоҳ) самолар ва Ерни ҳақ (қонуният) билан яратди; Тунни кундуз устига ўрайди, кундузни эса тун устига ўрайди».

Ушбу ояти карима Ернинг куравий шаклда эканлигига очиқ-ойдин далолат қилади. Аллоҳ таолонинг «тунни кундуз устига ўраши ва кундузни эса тун устига ўраши» ҳақида бироз тафаккур қилинса бас, масала ойдинлашади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз сўзида таквир лафзини ишлатди. «Таквир» эса доирасимон нарсага бирор нарсани думалоқлаб ўраш маъносини англатади. Салланинг айланасини араблар «каврул ъимама» дейдилар.

Ер узра мудом бир-бирига ўраб киргизилаётган нарсалар бор экан яъни, тун ва кундуз Замин узра бир-бирига мудом ўраб турилар экан бу ўз-ўзидан Заминнинг юмалоқлигини тақозо қилади. Чунки, Ер юмалоқ бўлиб, у ўз ўқи атрофида айлангандагина ояти каримада ишлатилган сўз ўз ифодасини топади.

Аллоҳ таоло бошқа-бир ояти каримада «албатта, самолар ва Ернинг яралишида ва тун билан кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилувчи) белги-аломатлар бордир» (Оли Имрон сураси: 190-оят), дея марҳамат қилади.

Мерос масаласида фақиҳ олимларнинг шундай сўзлари бор: «агар кунботар (мағриб) томонда қуёш ботаётган бир пайтда бир киши вафот этса ва яна бир киши (ўша куни) кунчиқар (машриқ) томонда кун ботаётганда вафот этган бўлса ва улар орасида меросхўрлик мавжуд бўлса, мағрибда кун ботиш пайтида вафот этган киши машриқда кун ботиш пайтида вафот этган кишига меросхўр бўлади».

Мазкур сўз қадимдаги фуқаҳоларимиз ҳам Ернинг сферасимон эканлигини яхши билганликларини англатади. Зеро, бу сўз уларнинг машриқ томондаги кун ботиши мағриб томондаги кун ботишидан эртароқ содир бўлишини тушунганликларини кўрсатади. Ваҳоланки, Ер шарсимон бўлгандагина турли жойларда турли-хил вақтларда кеча ва кундуз бўлади.

Агар Ер индуизм, буддизм, скандинавия мажусийлари каби носамовий ва ширкий эътиқод эгалари мансуб бўлган динларда илгари сурилгани каби ёхуд ақидаси қадимги антик даврдаги грек бутпарастлик динидан «яхшигина» таъсирланган Черков христианлиги даъво қилганидек улкан теп-текис диск шаклида бўлганида эди, кечаси ҳам кундузи ҳам Ер устида бир хил вақтда содир бўлган бўларди.

Энди, бугунги кунда ўша қадимги черков христианлиги ва скандинавия мажусийлиги мифологияларидан ҳамда антик даврдаги Ерни ҳаракатланмайдиган ясси жисм ва бутун олам Ер атрофида айланади деган геоцентрик ғояга эътиқод қилган Левкипп ва Демокрит сингари файласуфлардан таъсирланганлиги натижасида «Ясси Ер Жамияти»га асос солган Англия ва Америкалик баъзи-бир шахсиятларнинг ортидан эргашаётган мусулмонларга айтадиган гапимиз шуки, кимга эргашаётганингизни билинг. Сиз бирорта ҳам сўзи эътиборли бўлган мусулмон олимига эргашмаяпсиз балки, асл келиб чиқиши ва манбаси мажусийлик ва буттпарастлик бўлган ғояларга эргашиб кетяпсиз.

Эътиқодий қарашлари ва фиқҳий йўналишларидан қатъий назар бирорта-бир эътиборли ислом олими Ерни бу шаклда теп-текис деб даъво қилмаган. Ернинг яссилиги ҳақидаги бузуқ ақида мусулмон олимларига тегишли эмас. Бир вақтлар ўқимаган, мадраса кўрмаган авом халқгина шундай деб ўйлаган. Аммо, ҳозир Ернинг куравийлиги барча учун заруратан маълум нарсага айланди, ортиқ.

Турли-туман фирқалар ва тоифалар жамланган айрим араб ўлкаларида битта-яримта калласини еб қўйган ёшлар ёхуд атайин Ислом динини ёмон отлиқ қилишга уринувчи ғаразгўй фитначилар ўзларича, ўзлари яхши тушунмаган ҳолда Қуръони каримдаги айрим оятларни Ернинг яссилигига далолат қилишини даъво қилиб, ютюб хостингида бир нарсаларни валдираб чиққан, холос.

Лекин, бирорта ҳақиқий маънодаги аҳли илм бундай даъво билан чиқмаган. Азҳари шариф шайхларидан бирортаси Ернинг доирасимонлигини инкор этмаган аксинча, исбот этган.

Истасангиз қадимий ва замонавий тафсир китобларига назар солинг. Сўзларим тўғрилигига ўзингиз амин бўласиз. Зотан, юқорида мўътабар тафсир китобларидан иқтибослар келтирдим. Истасангиз, замонавий тафсир китобларидан Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг «خواطر الشعراوي» «хавотир аш-Шаъровий» (Шаъровий ўйлари), Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг «تفسير النابلسي» (тафсири Нобулсий) китобларига мурожаат қилинг.

Ернинг яссилигига гўёки Қуръони каримдан далил келтирувчи айрим динбузарлар ўзларининг бузуқ ақидаларига Ғошия сурасидаги қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтирадилар:

«أَفَلا يَنْظُرُونَ إِلَى الإِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ . وَإِلَى السَّمَاءِ كَيْفَ رُفِعَتْ . وَإِلَى الْجِبَالِ كَيْفَ نُصِبَتْ . وَإِلَى الأَرْضِ كَيْفَ سُطِحَتْ «

Маъноси: «ахир, боқмасларми туяга-ки, қандай яратилмиш, самога-ки, қандай баланд қилиб қўйилмиш, тоғларга-ки, қандай тикланмиш, Ерга-ки, қандай текис тўшалмиш?!». Ғошия сураси, 17-20-оятлар.

Ушбу оятлар орқали Аллоҳ таоло ўша замонда араб жазирасида яшаган оддий бадавий кишисини, саҳройи арабларни ўзлари ҳар куни кўрадиган, фойдаланидаган ва минадиган асосий уловлари бўлмиш туяларнинг саҳро ҳаётига қандай мослаштириб яратилгани, само қандай баланд ва муҳташам эканлиги, тоғлар бамисоли қозиқлар сингари ўрнатиб қўйилганлиги ва заминнинг эса яшашга қулай, бешик каби тўшак қилиб қўйилганлиги, у барқарор ва сокин туриши, устига чодир тиклаб уй сифатида фойдаланиш мумкинлиги ва бошқа нарсалар каби Аллоҳнинг бани башарга ато этган тенгсиз неъматлари борасида тафаккур юритиб, мазкур неъматларнинг холиқи бўлган улуғ зотни таниб, Унга иймон келтиришга чорлаган.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўз оятларини ўша вақтларда инсонларга маълум ва маъҳуд бўлган сўзлашув услубида, уларга таниш бўлган балоғий иборалар билан баён этган. Токи, қалбларига гўзал ўрнашсин. Масалан, кун ботиши ва чиқиши деган сўзлар ҳали ҳануз бутун дунёда ишлатилади. Ваҳоланки, қуёш аслида ботмайди ёки чиқмайди балки, Ернинг айланиши ҳисобига шундай кўринади. Лекин, шундай бўлса-да, бу ҳодисага нисбатан бутун дунё қадимдан ўрганган ва барчага маълуф ва маъҳуд бўлган мазкур ибора ишлатилади. Ояти карима мурожаат қилган «Ернинг текис қилиб, тўшаб қўйилганлиги» ибораси ҳам ҳам инсонларга кўриниб турган текислик ва қулайликдан келиб чиққан.

Дарҳақиқат, Ер устининг яшашга осон қилиб, текис қилиб қўйилганлиги, тўшакдек қулай қилиб қўйилганлиги бор нарса. Аммо, бу текислик «ясси Ер назарияси» тарафдорлари назарда тутган текисликни англатмайди. Зеро, Ерни бизлар, унда яшовчилар шундай текис тасаввур қиламиз. Чунки, Ер шари шу қадар улкан-ки, унинг оғиш жойлари унда яшовчилар учун сезилмайди. Яыин масофалардан унинг доирасимонлиги зоҳир бўлмайди. Аммо, Ер усти ҳамма учун теп-текис ва яшашга қулай бўлиб тураверади. Ояти каримадаги «сутиҳат» (текис қилиб қўйилган) сўзи шу маънодадир.

Ернинг шарсимонлигига ислом уламоларининг ижмоъси.

Аҳли илмлардан бир қанчаси Ернинг куравийлигига ижмоъ қилинганлигини айтган. Жумладан, Ибн Таймия ҳанбалий (р.ҳ) машҳур «мажмуъ ал-фатово»сида (фатволар тўплами) имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ)нинг иккинчи табақа асҳобларининг диний билимларда пешқадам бўлган ҳамда катта таснифотлар ва осорлар билимдони бўлган аъёнларидан имом Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Жаъфар ал-Мунодийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

«لا خلاف بين العلماء أن السماء على مثال الكرة ……
قال : وكذلك أجمعوا على أن الأرض بجميع حركاتها من البر والبحر مثل الكرة . قال : ويدل عليه أن الشمس والقمر والكواكب لا يوجد طلوعها وغروبها على جميع من في نواحي الأرض في وقت واحد ، بل على المشرق قبل المغرب»

Маноси: «Само коптоксимон эканлиги борасида уламолар (яъни дин олимлари) ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Шунингдек, уламолар Ер ҳам барру баҳрдан иборат барча ҳааркатланиб турувчи сатҳи билан биргаликда копток каби (юмалоқ) эканлигига ҳам иттифоқ қилганлар. Абул Ҳусайн ал-Мунодий сўзини давом эттириб айтади: Бунга (Ернинг куравийлигига) яна шу ҳам далолат қиладики, қуёш, ой, юлдузлар ва планеталарнинг чиқиши ва ботиши Ернинг ҳамма томонидаги одамларнинг барчасига бир вақтда ҳосил бўлмайди. Балки, Мағрибдан олдин Машриқ (аҳли)га кўринади» (мажмуъ ал-фатово: 25-жилд, 195-бет ).

Андалуслик машҳур олим, фиқҳда зоҳирий мазҳабида бўлган Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «الفصل في الملل والأهواء والنحل» «ал-фасл фи-л-милал ва-л-аҳваи ва-н-ниҳал» (халқлар, минтақалар ва динлар борасида муфассал китоб) номли асарида «مطلب بيان كروية الأرض» «Ернинг шарсимон эканлигининг баёни ҳақидаги боб» номли бобда шундай ёзади:

«إن البراهين قد صحت بأن الأرض كروية ، والعامة تقول غير ذلك ، وجوابنا وبالله تعالى التوفيق : أن أحداً من أئمة المسلمين المستحقين لاسم الإمامة بالعلم رضي الله عنهم لم ينكروا تكوير الأرض ، ولا يحفظ لأحد منهم في دفعه كلمة ، بل البراهين من القرآن والسنة قد جاءت بتكويرها …»

Маъноси: «саҳиҳ далил-ҳужжатлар Ернинг юмалоқлигини тақозо этади. Авом кишилари эса бунинг тескарисини айтадилар. Аллоҳнинг тавфиқи билан уларга айтадиган жавобимиз шундай иборат: «мусулмонларнинг илмда имомлик (пешқадамлик) сўзига лойиқ бўлган чин маънодаги имомларидан (улуғ олимларидан) бирортаси (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) Ернинг юмалоқлигини инкор қилмаган. Улардан бирортасининг бу борадаги бирорта сўзни рад қилингани билинмайди. Балки, Қуръон ва Суннатдаги далиллар Ернинг юмалоқлигига далолат қилиб келган».

Ислом оламида жуда машҳур бўлган, кўплаб илму фанларда моҳир бўлган ҳамда уч юзга яқин китоб ёзган Абул Фараж ибнул Жавзий (р.ҳ) ҳам Ернинг шарсимон эканлигига ислом олимлари ижмоъ қилганларини нақл этган.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, Ислом уламолари қадимдан Ер сайёрасининг юмалоқлига иттифоқ қилганлар. Ва бу юмалоқлик юқорида айтилганидек, унинг тухумсимон ёки эллипсоид эканлигига зид келмайди. Бундан фарқлича, Черков узоқ йиллар давомида Ернинг ясси шаклда эканлигига эътиқод қилиб келган ва шу боис, файласуф, физик ва астроном олимларидан бирортаси Ерни юмалоқлигини даъво қилса, уни еретик яъни зиндиқ ва бидъатчи дея эълон қилиб кескин тазйиқ остига олган ва ҳатто ўтда куйдирган.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *