Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларининг ҳурмати

Lotin alifbosida

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламларга раҳмат бўлмиш зот – Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари Ислом умматининг ҳар бир жамоаси, тоифаси, фирқалари ва мазҳаблари томонидан ҳурмат билан қабул қилинган. Уламолар, мужтаҳидлар уларни тушунишга, амалиётга жорий қилишга бор имкониятлари солиб, ҳаракат қилиб келганлар. Ҳар бир макон ва замоннинг мусулмонлари ўз уламоларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирган сўзларини қабул қилишга одатланганлар.

Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари айтилганида, бирданига уни заиф ёки мавзуъ дейишга ботина олмаган, очиқчасига инкор қилишга журъат қилмаган. Ҳадиси шарифнинг саҳиҳ, заиф ёки мавзуълиги чуқур илм талаб қиладиган, изчил изланишлардан сўнг маълум бўладиган нарса бўлгани боис, оддий шароитда, ҳадис дейилган иборага ҳурмат кўрсатилаверган. Амалда мазкур айтилган ҳадисдаги ҳукмдан бошқаси қилинаётган бўлса-да, ушбу амални пеш қилинмаган. Балки, ундан бошқа шу хилдаги ҳадиси шариф борлиги изҳор қилинган.

Ҳадиси шарифни ёки ундаги ҳукмни инкор қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким бўлишидан қатъий назар, унинг фикрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисига қарши айтиш айб ҳисобланган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига ҳақиқий маънода қарши чиқиш куфрдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига юзаки, оғзаки тарзда, суратан қарши чиқилса, бу қабоҳатдир. Ҳадис айтилганда, бирданига қўпол равишда қарши чиқиш асло мумкин эмас. Гарчи муайян ҳадис саҳиҳ мақсад ва тўғри қараш ила тарк қилинаётган бўлса ҳам, ҳурмати юқори қўйилиши шарт.

Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур «Мирқот ал-мафотиҳ» асарида келтиришича, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бир даврада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовоқни яхши кўрганлиги айтилганида, бир кимса: «Мен қовоқни ёмон кўраман!» дейди. Шунда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ унга қиличини ёлонғочлаб, «Имонингни янгила ёки сени ўлдираман» деган. Шунда ўша кимса дарҳол тавба қилган экан.

Юқоридаги ривоятга ўхшаган воқеалар салафи солиҳинлардан кўплаб ривоят қилинган. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бўлган ҳурматлари жуда ибратлидир.

Муҳаддис Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир. Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деган ҳадисни айтган. Шунда яна бир саҳоба Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Мен баъзи китобларда ва айрим ҳикматларда ҳаёда Аллоҳ учун аниқ виқор ва сакина бор эканлигини кўрганман. Сизнинг у ҳадисингиз эса заиф бўлса керак» дейди. Унинг бу гапидан саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланиб кетади, икки кўзи қизариб, жаҳли чиқади ва: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисини айтсам, сен унга муораза қилиб, қарши чиқасанми?!», дейди. Саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳадисни яна қайтаради. Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳам гапдан қолмай, ўз гапини такрор айтади. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу баттар ғазабланади. Шунда Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг нима учун ғазабланаётганининг асл сабабини билиб қолади ва: «Биз бунақа-да тортишаверамиз, эй, Абу Нужайд (Имрон), мен сиз тарафдаман, ҳечқиси йўқ!», деб уни тинчлантиради.

Таниқли саҳоба Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кечаси масжидларга боришга аёлларга изн беринглар!» деган ҳадисини айтади. Шунда ўғли Билол (ёки Воқид): «Аллоҳга қасамки, мен уларга изн бермайман!» деб дағаллик билан қасамини такрорлайди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга изн беринглар, деган десам, сен изн бермайман, дейсанми?!» деб ғазабини сочиб, сўккан экан. Бу ривоятни муҳаддислардан Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган бўлиб, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу шундан сўнг бу ўғли билан умуман гаплашгани йўқ», дейилган. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса ровийнинг: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу нинг бу тариқада қаттиқ ғазабланиб, сўкканини кўрган эмасман!», дейилгани келтирилган.

Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ухлаб турганингизда қўлларингизни уч марта ювинг, чунки, ҳеч ким қўли қаерда ётганини билмайди», деган маънодаги ҳадисни айтганида бир кимса: «Ҳовуз бўлса, нима қилади?» деган кинояли савол беради. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар десам, ҳовуз бўлса, нима қилади, дейсанми?», деб ғазабланган экан.

Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу жияни билан бирга ўтирганида, у тирик жонзотни нишон қилиб ота бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу унга бундай қилмасликни, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганларини айтади. Шунда жиян бу қайтариққа эътибор бермасдан ўз ишини давом қилдира бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу яна гапини такрорлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтади. Жиян яна ота бошлайди. Шунда Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу унга: «Сен билан абадий гаплашмайман!», деб қасам ичади ва бу қасамига умрбод содиқ қолади. Ушбу ривоятни Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ ўз ҳадис тўпламида келтирган.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, тобеъинлардан Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: «Ҳажга олиб борилаётган қурбонлик жониворларига белги осиш суннатдир» дейди. Шунда бир кимса: «Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ бу белгини жониворнинг бирор жойини кесиб қўйиш билан бўлади, деган» деб қўшимча қилади. Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар, десам, сен Иброҳим ан-Нахаъий бундай деган деб турибсан?!» деб қаттиқ ғазабланадилар. Сўнг: «Сен ушбу гапинг учун то бу гапингни қайтиб олмагунингча ҳибсга солиб қўйсам, бўларкан» дейди.

Юқоридаги ривоятлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари айтилган вақтда, бирор нарса суннат деб тилга олинганида, унга ҳурмат бажо келтириш, суннатлигини тан олиш керак бўлади. Агар ҳадислар ҳукми эшитувчининг фиқҳий мазҳабига тўғри келмаса, унда бу айтилган ҳадисни бошқа мазҳаб қабул қилган, дейиш керак бўлади.

Ҳадиси шарифлар ўта заиф дейилган бўлса-да, унга қандайдир шартлар ила амал қилиш мумкин. Ҳаттоки мавзуъ дейилган ҳадисларни қайсидир олим ундай эмаслигини айтган бўлишининг эҳтимоли катта. Банобарин, ҳадис дейилган ҳикмат ва ҳукмларга ҳурмат бажо келтириш шарт. Умуман олганда, Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини қандай бўлишидан қатъий назар ҳурмат қилишимиз лозим.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *