Ибн Таймия – Қодирия тариқатидаги сўфийдир!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Алҳамдулиллаҳ. Вас-солату вас-саламу аъла Расулиллаҳ. Амма баъд.

Тасаввуф – Ислом динининг ажралмас бир қисми бўлиб, илму ирфон сифатида у ўтган уламоларнинг барчасининг олимлик сифатларидан бири бўлиб келган. Тарихдаги қайси олимнинг ҳаётини ўрганманг, у албатта тасаввуфдан баҳраманд бўлган, ўзини тариқатлардан қайсидир бирига мансуб санаган бўлиб чиқади. Бу саҳобалардан кейинги тобеинлар давридан бери шундай бўлиб келмоқда. Ислом оламида энг таниқли олимлардан бири Аҳмад Ибн Таймия ҳам қодирия тариқатига мансуб бўлиб, тасаввуф ва тариқат сарчашмасидан баҳраманд бўлгандир. Бироқ, ҳозирги кунда Ибн Таймия ва унинг шогирди бўлган ибн Қоййимни ўзларининг маънавий раҳнамолари деб биладиган тоифалар бу икки зотнинг тасаввуфий қарашларини, уларнинг қодирия тариқати силсиласидаги машойихлардан бўлганликларининг ҳақиқатини ўзларининг издошларидан беркитадилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда тасаввуф (сўфийлик)ни тўлиқ рад қилиб, «Барча сўфий тариқатлар – Аҳли суннада оғишган ва адашган фирқалардир, ҳатто улар мушриклардир», деб эълон қилаётган замонамиздаги айрим бемазҳаб тоифалар (ваҳобийлик, салафийлик)га эргашган одамлар Ислом умматини тафриқага солиб, мисли кўрилмаган даражада катта фитналарга сабаб бўлмоқдалар.

Ваҳобийлик фирқасининг энг асосий етакчиси бўлган, Арабистоннинг Нажд ўлкасидан чиққан Ибн Абду-л-Ваҳҳоб (м.1703-1792), ўзини ақийда ва фиқҳда ҳижрий 7-асрда яшаган Аҳмад ибн Таймия (м.1263-1328) ва у кишининг шогирди бўлмиш Ибн Қоййим (м.1290-1350)га эргашишини таъкидлаган бўлиб, барча даврларда ва ҳозирги кунда ҳам унинг издошлари ушбу икки шайхга эргашишларини даъво қилиб келадилар.

Бироқ, Ибн Таймия гарчи Аҳли сунна ва жамоа ижмоъ қилган бир қанча масалаларга қарши чиққанлиги билан тарихда қолган бўлса ҳам, у қодирия тариқати вакили ўлароқ тасаввуфни асло ёмонлаган эмас. Хуллас, у бугунги кунда ўзларини унинг издошлари, деб ҳадеб таъкидлайверадиган ваҳобийлар каби тасаввуфни ширк дея баҳолаган эмас. Ибн Таймия тасаввуф борасидаги ижобий қарашларини улар оммадан яшириб келадилар. Биз ушбу мақоламизда ҳақиқий маълумотларни тақдим қилмоқчимиз.

ИБН ТАЙМИЯ – ҚОДИРИЯ ТАРИҚАТИ ВАКИЛИДИР

Ибн Таймиянинг тасаввуф тўғрисида иккита китоби бўлиб – биринчисининг номи «ат-Тасаввуф» («Суфийлик»), иккинчиси эса «ас-Сулук» («Сўфийлик йўли»)дир. Ибн Қаййимнинг эса «Мадориж ас-соликийн» («Тариқат соликлари учун юксалувчи зина»), «ар-Руҳ» («Жон») китоблари ҳам тасаввуфга оиддир. Ушбу китобларда бу икки зот ҳозирги ваҳобийлар каби тасаввуфни ва тариқатни ёмонлаган эмаслар, албатта.

Шайх Жамолуддин Талёнийнинг «Тарғиб ал-Мутаҳаббин фи лубс хирқат ал-мутамаййизин» («Ажралиб турувчиларнинг хирқаларини кийиш борасида муҳаббат қўювчиларга тарғиб») китобида Ибн Таймиянинг «Масъала ат-Табризийя» («Табризликлар масаласи») китобидаги қуйидаги сўзлари келтирилган:

لبست الخرقة المباركة للشيخ عبد القادر وبيني وبينه اثنان

«Менга Шайх Абдулқодир (Жийлоний)нинг муборак ҳирқалари кийдирилди. Мен ва у зотнинг ўртасида (силсилада) икки киши бордир».

(Ибн Таймия, «Масъала ат-Табризийя», Жамалуддин Талёний, «Тарғиб ал-Мутаҳаббин фи лубс хирқат ал-мутамаййизин»).

Шайх Ибн Абдул-Ҳодий Ҳанбалий (ваф. 1503) ўзининг «Баб ул-илқа би лабс ул-ҳирқа» китобида Шайх Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳунинг тариқат силсиласини қуйидагича келтирган:

1) Абдул-Қодир Жийлоний (ваф. ҳ.561)

2а) Абу Умар Ибн Қудома (ваф. ҳ.607)

2б) Мувафақуддин Ибн Қудома (ваф. ҳ.620)

3) Ибн Абу Умар Ибн Қудома (ваф. ҳ.682)

4) Ибн Таймия (ваф. ҳ.728)

5) Ибн Қаййим ал-Жавзия (ваф. ҳ.751)

Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий (1335-1392) айтади:

وقد أخذ أبو عمر وأخوه ابن قدامة الخرقة من عبد القادر نفسه 

«Дарҳақиқат, Абу Умар ва унинг биродари ибн Қудома, ҳирқани Абдул-Қодир Жийлонийнинг ўзларидан қабул қилганлар».

Шундай қилиб, Абдул Қодир Жийлоний қуддиса сирруҳу ва Ибн Таймия ўртасидаги ўша икки киши – Мувафақуддин Ибн Қудома ва Ибн Абу Умар раҳимаҳумаллоҳ бўладилар.

Шунингдек, Ибн Абдул-Ҳодий яна Ибн Таймиянинг қуйидаги сўзларини келтиради:

لبست خرقة التصوف من طرق جماعة من الشيوخ, منهم الشيخ عبد القادر الجيلاني الذي تعتبر طريقته أعظم الطرق و أشهرها 

«Менга турли тариқат жамоалари ва шайхларининг тасаввуф ҳирқалари кийдирилди. Уларнинг ичида Шайх Абдулқодир Жийлоний ҳам бор. У зотнинг тариқати мўътабар бўлиб, у бошқа тариқатлардан буюкроқ ва машҳурдир».

Ибн Таймия айтади:

واجل الطرق طريقة سيدي عبد القادر الجيلاني 

«Тариқатларнинг энг буюги – менинг саййидим Абду-л-Қодир Жийлонийнинг тариқатидир».

(Юқоридаги иқтибослар қуйидаги манбалардан олинган: Шайх Юсуф Ибн Абдул-Ҳодийнинг «Баб ул-илқа би лабс ул-ҳирқа»  китобининг қўлёзмаси —  Дамашқ Университетида 985Н-рақам билан ва «Princeton Library Arabic Collection»даги 154a, 169b, 171b-172a-рақамли фолиантларда сақланади. Жамолуддин Талёнийнинг «Тарғиб ал-Мутаҳаббин фи лубс хирқат ал-мутамаййизин» китобининг қўлёзмаси – Дублиндаги  Chester Beatty 3296 (8), 67a-рақамли фолиантда сақланади).

ИБН ТАЙМИЯ ТАСАВВУФ ҲАҚИДА

 Ибн Таймия тасаввуф ва сўфийлар ҳақида ўзининг «Мажмуъ ал-Фатаво» китобида қуйидагиларни айтган:

طائفة ذمت الصوفية والتصوف وقالوا أنهم مبتدعون خارجون عن السنة ونقل عن طائفة من الأئمة في ذلك من الكلام ما هو معرفون وتبعهم على ذلك طوائف من أهل الفقه والكلام وطائفة غلت فيهم وادعوا أنهم أفضل الخلق وأكملهم بعد الأنبياء وكلا طرفي هذه الأمور ذميم , والصواب أنهم مجتهدون في طاعة الله كما اجتهد غيرهم من أهل طاعة الله ففيهم السابق المقرب بحسب اجتهاده وفيهم المقتصد الذي هو من أهل اليمين وفي كل من الصنفين من قد يجتهد فيخطىء وفيهم من يذنب فيتوب أو لا يتوب ومن المنتسبين إليهم من هو ظالم لنفسه عاص لربه وقد انتسب إليهم من أهل البدع والزندقة ولكن عند المحققين من أهل التصوف ليسوا منهم

«Бир тоифа инсонлар сўфийлар ва тасаввуфни мазаммат қилган ва уларни «бидъатчи ва суннатдан чиқувчилар» деган. Бошқа бир тоифа эса улар ҳақида мақтовда ҳаддидан ошган ва уларни «халойиқнинг энг афзали ва Анбиёлардан кейин акмали» деганлар. Бу ишларнинг икки тарафи ҳам мазаммат қилингандир. Улар Аллоҳнинг тоатида ижтиҳод қилувчилардир. Бу ҳудди бошқа аҳли тоатлар ижтиҳоди кабидир. Уларнинг ичида, ижтиҳодга қараб, ўзувчилардан бўлганлари бордир. Уларнинг ичида ўртачалардан бўлиб, ўнг тараф аҳлидан ҳисобланадиганлари ҳам бор. Икки тоифадан ҳам ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйганлари бор. Гуноҳ қилиб, тавба қилганлари ва қилмаганлари бор. Шунингдек, нафсига золимлик қилиб Роббисига осий бўлганлар ҳам суфийларга нисбат берилади. Дарҳақиқат сўфийларга нисбат бериладиганлар ичида аҳли бидъат ва зиндиқлар  ҳам бор. Лекин, ҳақиқий таҳқиқ қилувчиларнинг фикрича – тасаввуф аҳли улардан (адашган сохта сўфийлардан) эмас». («Мажмуъ ал-Фатаво», 11-жилд, 17-бет).

Ибн Таймия яна айтади:

فأما المستقيمون من السالكين كجمهور مشايخ السلف مثل الفضيل بن عياض , وإبراهيم بن أدهم , وأبي سليمان الدارني , ومعروف الكرخي , والسري السقطي , والجنيد بن محمد , وغيرهم من المتقدمين , مثل الشيخ عبد القادر الجيلاني, والشيخ حماد , والشيخ أبي البيان , وغيرهم من المتأخرين فهم لا يسوغون للسالك ولو طار في الهواء أو مشى على الماء أن يخرج عن الأمر والنهي الشرعيين , بل عليه أن يعمل المأمور ويدع المحظور إلى أن يموت . وهذا هو الحق الذي دل عليه الكتاب والسنة وإجماع السلف , وهذا كثير من كلامهم

«Бас, салафларнинг жумҳури бўлмиш мустақим сулук йўлидаги Фузайл ибн Иёз, Иброҳим Адҳам, Абу Сулаймон ад-Дороний, Маъруф ал-Курхий, Сарий Сақатий, Жунайд ибн Муҳаммад ва бошқа мутақаддим зотлар ҳамда Шайх Абдул-Қодир Жийлоний, Шайх Ҳаммод, Шайх Абул Баён ва бошқа мутааххир зотлар – уларнинг барчаси, соликлар (муридлар)га, гарчи улар хавода уча оладиган ва сув устида юра оладиган бўлса ҳам, шариат буйруқлари ва қайтариқларидан ташқарига чиқишга рухсат бермайдилар. Балки, вафот қилгунига қадар улар фақат яхши амалларни қилиши ва ёмон амаллардан четланиши лозимдир. Мана шу Китоб ва Суннат далолат қилувчи ва салафлар ижмо қилган ҳақ йўлдир. Бу сингари сўзлар уларнинг гапларида жуда кўпдир». («Мажмуъ ал-Фатаво», 10-жилд, 516-517-бетлар).

Ибн Таймия яна айтади:

وأما جمهور الأمة وأهل الحديث والفقه والتصوف فعلى ما جاءت به الرسل وما جاء عنهم من الكتب والاثارة من العلم وهم المتبعون للرسالة اتباعا محضا لم يشوبوه بما يخالفه

«Муҳаддислар, фақиҳлар ва сўфийларнинг жумҳури Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган нарсага эргашадилар. Улардан келтирилган (улар битиб қолдирган) китоблар ва  асарлар илмдандир. Улар рисолатга ҳақиқий эргашувчилар бўлиб, унга хеч бир нарсада хилоф қилмайдилар». («Мажмуъ ал-Фатаво», 12-жилд, 36-бет).

Ибн Таймия яна айтади:

فمن سلك مسلك الجنيد من أهل التصوف و المعرفة كان قد اهتدى و نجا و سعد!

«Тасаввуф ва маърифат аҳли бўлмиш Жунайд (Бағдодий)нинг сулукига эргашган солик дарҳақиқат ҳидоятга эргашибди ва у нажот топган ва бахтлидир!». («Мажмуъ ал-Фатаво», 14-жилд, 355-бет).

«СЎФИЙЛИК» АТАМАСИ ҲАҚИДА

 Ҳозирги бемазҳаб ваҳобийлар «сўфий», «тасаввуф» деган сўзлар кейинги даврларда ўйлаб топилган, улар ҳиндлар ва юнон фалсафаси таъсирида пайдо бўлган, Аҳли суннадан чиқиб кетган оқим деб даъво қиладилар. Шунингдек, уларнинг ичидаги баъзи ҳаддидан ошганлари, «сўфилик»  сўзини юнон тилидаги суфия (sophia), яъни «ҳикмат» сўзидан олинган, деган ғарблик кофир шарқшунослар тўқиб чиқарган очиқдан очиқ ёлғонларни тарқатиб, бу даъво билан, тасаввуфни исломга алоқаси йўқ таълимот демоқчи бўладилар. Аслида ҳам шундайми?

Аслида эса, ваҳобийлар ўзларига маънавий раҳнамо қилиб олган Ибн Таймия тасаввуфни яхши кўрган, ўзи ҳам тариқатга кирган, китобларида тасаввуф ҳақида тўхталган, тасаввуф аҳлига эҳтиром кўрсатган бўлиб, сўфийлар ҳақида, тобеъинлардан бўлган буюк олим Ҳасан Басрий (ҳ.21-110/ м.642-728й.) раҳматуллоҳи алайҳдан бошлаб тавсиф берган. Бироқ, буни ваҳобийлар яшириб келадилар.

Ибн Таймия яна айтади:

أول ما ظهرت الصوفية من البصرة وأول من بنى دويرة الصوفية بعض أصحاب عبد الواحد بن زيد وعبد الواحد من أصحاب الحسن وكان في البصرة من المبالغة في الزهد والعبادة والخوف ونحو ذلك ما لم يكن في سائر أهل الأمصار ولهذا كان يقال فقه كوفي وعبادة بصرية

«Аввалги сўфийлар Басра шаҳрида зоҳир бўлдилар. Уларнинг аввалгилари «Ас-сўфиёт» давраси ва Абдул-Воҳид ибн Зайднинг баъзи асҳоблари эдилар. Абдул-Воҳид (ибн Зайд) эса Ҳасан (Басрий)нинг (ҳ.21-110/м.642-728й.) асҳоби эди. У Басралик бўлиб, зуҳд, ибодат, тақво ва бошқа фазилатларда ўзга шаҳарларда ҳам унга тенг келадиган йўқ эди. Шу сабабли: «Фиқҳу Куфий ва иъбадату Басрияти» (яъни «Фиқҳ — Кўфалик, ибодат – Басраликдир»), дейишар эди». («Мажмуъ ал-Фатаво», 11-жилд, 6-бет).

Ибн Таймия яна айтади:

وإذا عرف أن منشأ » التصوف » كان من البصرة، وأنه كان فيها من يسلك طريق العبادة والزهد، مما له فيه اجتهاد، كما كان في الكوفة من يسلك من طريق الفقه والعلم ماله فيه اجتهاد، وهؤلاء نسبوا إلى اللبسة الظاهرة، وهي لباس الصوف . فقيل في أحدهم : » صوفي » وليس طريقهم مقيدا بلباس الصوف، ولا هم أوجبوا ذلك ولا علقوا الأمر به، لكن أضيفوا إليه لكونه ظاهر الحال .

ثم » التصوف » عندهم له حقائق وأحوال معروفة قد تكلموا في حدوده وسيرته وأخلاقه، كقول بعضهم : » الصوفي » من صفا من الكدر، وامتلأ من الفكر، واستوى عنده الذهب والحجر . التصوف كتمان المعاني، وترك الدعاوي . وأشباه ذلك : وهم يسيرون بالصوفي إلى معنى الصديق، وأفضل الخلق بعد الأنبياء الصديقون . كما قال اللّه تعالى : {فَأُوْلَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا } ( النساء : 69 ) ولهذا ليس عندهم بعد الأنبياء أفضل من الصوفي؛

«Тасаввуфнинг униб-ўсиб чиққан жойини билинадиган бўлса, у Басрадан бўлиб чиқади. У ерда ўзининг ижтиҳодига кўра ибодат ва зуҳд йўлини ушлаган кимсалар бўлган. Бу худди ўз ижтиҳодига кўра илм ва фиқҳ йўлини тутган кимсалар Кўфада бўлгани кабидир. Уларни зоҳирий либосга нисбат қилганлар. У «суф» («жун») либосидир. Улардан бирларини «суфий» дейилган. Уларнинг йўли «суф» либосига боғлиқ эмас, уни ўзларига вожиб ҳам қилмаганлар, ишни унга боғлаб ҳам қўймаганлар. Лекин, ташқи ҳолатда шундай бўлганлари учун унга боғлаб қўйдилар.

Тасаввуф аҳли фикрича тасаввуф ҳақиқат таниқли ҳолатлардан иборат. Тасаввуфнинг чегаралари, сийратлари ва ахлоқлари тўғрисида гапирганлар. Айримлар «сўфий» қалби кудуратдан соф, фикр-тафаккурга тўла кимсадир, деганлар. Унинг олдида олтин ва тош баб-баровардир. Тасаввуф маъноларни яширин ва даъволарни тарк этишдир. Шунга ўхшаш, тасаввуф аҳли сўфийликдан сиддиқлик маъносига сайр қиладилар. Пайғамбарлардан кейинги одамларнинг энг афзали сиддиқлардир. Чунончи, Аллоҳ таоло «Нисо сураси»нинг 69-оятида баён қилиб ўтган. Шунинг учун ҳам улар фикрича пайғамбарлардан кейин ҳеч ким сўфилардан афзал эмас!». («Мажмуъ ал-Фатаво», 11-жилд, 16-бет).

Ибн Таймия яна айтади:

هو ـ أي الصوفي ـ في الحقيقة نوع من الصديقين فهو الصديق الذي اختص بالزهد والعبادة على الوجه الذي اجتهدوا فيه فكان الصديق من أهل هذه الطريق كما يقال : صديقو العلماء وصديقو الأمراء فهو أخص من الصديق المطلق ودون الصديق الكامل الصديقية من الصحابة والتابعين وتابعيهم فإذا قيل عن أولئك الزهاد والعباد من البصريين أنهم صديقون فهو كما يقال عن أئمة الفقهاء من أهل الكوفة أنهم صديقون أيضاً كل بحسب الطريق الذي سلكه من طاعة الله ورسوله بحسب اجتهاده وقد يكونون من أجلّ الصديقين بحسب زمانهم فهم من أكمل صديقي زمانهم والصديق من العصر الأول أكمل منه والصديقون درجات وأنواع ولهذا يوجد لكل منهم صنف من الأحوال والعبادات حققه وأحكمه وغلب عليه وإن كان غيره في غير ذلك الصنف أكمل منه وأفضل منه

«Сўфийлик – сиддиқларнинг ҳақиқий навларидандир. Мазкур сиддиқлар зуҳд ва ибодатда ижтиҳод қилиши билан хослангандирлар. Сиддиқлар мазкур тариқат (сўфийлик) аҳлларидан эдиларки, ҳудди айтганларидек: сиддиқ уламолар ва сиддиқ амирлар – улар мутлақ сиддиқларнинг ва бошқа комил сиддиқларнинг хосларидан бўладилар. Сиддиқлик саҳобалар ва тобеъин, табаъа тобеинларнинг сифатидир.

Басралик мазкур зоҳидлар ва обидларни албатта сиддиқлар эканликлари тўғрисида айтилганда, бу худди Кўфа аҳлидан бўлган фуқаҳолар имомларининг ҳам сиддиқлардан эканликлари айтилгани кабидир.

Шунингдек, Аллоҳ ва унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га итоат этишга киришган барча тариқатлар бунда ижтиҳод қилувчи бўлсалар, улар ўз замонларининг сиддиқлари ҳисобланадилар.

Бас, улар ўз замонларининг энг комил сиддиқлари ҳисобланадилар. Аввалги асрларнинг сиддиқлари эса улардан комилроқ ҳисобланадилар. Сиддиқларнинг ўз даражалари ва навълари мавжуддир. Шу боис, уларнинг ҳар бирларининг таҳқиқ қилган ва ҳукмини билдирган ўз ҳолатлари, ва ибодатлари мавжуд. Бошқа синфларда бўлганлар улардан бу ҳолатларда ўзиб кетсалар, улардан комилроқ ва афзалроқ бўлишлари мумкин». («Мажмуъ ал-Фатаво», 11-жилд, 16-бет).

ЗИКР ҲАҚИДА

 Ваҳобийлар томонидан тасаввуф аҳлини адашувда айблайдиган яна бир масала – зикр ҳалқалари, зикрда тасбеҳ ишлатиш, зикрда вазифа олиш (вирд), намоздан сўнг жамоат бўлиб зикр қилиш ва шунга ўхшаш Аҳли сунна вал жамоада фазилатли ва савобли амаллар, деб барча даврларда қилиб келинган амаллар ҳисобланади.

Хўш, бу хусусда Ибн Таймиянинг фикри қандай бўлган?

Имом Муҳаммад ас-Саффориний ал-Ҳанбалий (ваф. ҳ. 1188 й.) раҳимаҳуллоҳ «Ғизо ул-абвоб» номли китобида келтиради:

قَالَ ابْنُ الْقَيِّمِ : سَمِعْت شَيْخَ الْإِسْلَامِ ابْنَ تَيْمِيَّةَ قَدَّسَ اللَّهُ رُوحَهُ يَقُولُ : الذِّكْرُ لِلْقَلْبِ مِثْلُ الْمَاءِ لِلسَّمَكِ فَكَيْفَ يَكُونُ حَالُ السَّمَكِ إذَا فَارَقَ الْمَاءَ .

«Ибн Қоййим айтди: «Шайхул ислом Ибн Таймия қуддасаллоҳу руҳаҳу қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Зикрнинг қалб учун тутган ўрни, ҳудди балиқ учун сув кабидир. Сувсиз қолдирилган балиқнинг аҳволи қандай бўлади?». (Ас-Саффориний Ҳанбалий, «Ғизо ул-абвоб»).

Ибн Қоййим Жавзия ўзининг «Мадориж ас-соликийн» китобида айтади:

ومن تجريبات السالكين، التي جربوها فألفوها صحيحة: أن من أدمن يا حي يا قيوم لا إله إلا أنت أورثه ذلك حياة القلب والعقل.

وكان شيخ الإسلام ابن تيمية — قدس الله روحه — شديد اللهج بها جدا. وقال لي يوما: لهذين الاسمين — وهما الحي القيوم — تأثير عظيم في حياة القلب. وكان يشير إلى أنهما الاسم الأعظم. وسمعته يقول: من واظب على أربعين مرة كل يوم بين سنة الفجر وصلاة الفجر يا حي يا قيوم. لا إله إلا أنت. برحمتك أستغيث حصلت له حياة القلب. ولم يمت قلبه.

 «Соликлар (тасаввуф сулукидагилар) томонидан тажрибадан ўтказилган, текширилган ва саҳиҳ деб топилган нарса шуки – кимки «Йаа Ҳайю йаа Қойюм, лаа илааҳа иллаа Анта» зикрини айтишда бардавом бўлса, қалбини ва ақлини барҳаётлигини таъминлайди. Шайх Ибн Таймия, қуддасаллоҳу руҳаҳу, бу зикрда қаттиқ шиддат қилар эди. Бир куни у: «Ушбу Ал-Ҳайю ва Ал-Қойюм исмлари, юрак ҳаётига жуда катта таъсир кўрсатади», деган эди. Ва бу икковини Исмул-Аъзам эканлигига ишора қилган эди. Мен яна эшитган эдимки, у: «Кимда ким, «Йаа Ҳайю Йаа Қойюм, лаа илааҳа иллаа Анта, би роҳматика астағису» зикрини ҳар куни бомдод номозининг суннати ва фарзи орасида 40 мартадан қайтаришга қаттиқ киришса, унинг қалби тирилади ва хеч қачон ўлмайди», деганди». (Ибн Қоййим, «Мадориж ас-соликийн». – Байрут: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1973. 264-бет).

Юқоридаги иқтибосларда Ибн Қоййим ўз устози Ибн Таймиянинг зикрдаги вирдларини эслаб, унга нисбатан «қуддасаллоҳу руҳаҳу» деб, тасаввуф шайхларига нисбатан ишлатиладан сўзларни айтганига эътибор беринг!

РОБИТА ҲАҚИДА

 Ваҳобийлар томонидан тўлиқ рад қилинадиган ва ҳатто ширк деб аталадиган яна бир масала – тасаввуфдаги «робита» масаласидир. Тасаввуфда,  робита деб, мурид томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, саҳобалар ёки улардан кейинги салафи солиҳлар, бошқа буюк валий зотларни ва ўз шайхини ҳаёлан тасаввур этган ҳолда, улар билан руҳий боғлиқлик ҳиссини туйишига ва бу орқали Аллоҳга бўлган муҳаббатга эришиш, ўз иймонини мустаҳкамлаш ва солиҳ амалларини кўпайтириб бориш тушунилади. Бунга асос бўлиб, Қуръони каримдаги Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари далил ҳисобланади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар». (Тавба сураси, 119-оят).

Шунингдек, Қуръони каримдаги аввалги Пайғамбарлар ва уларнинг умматларининг қиссалари ҳам, уларнинг ҳаётларини бизга  ўрнак, намуна, далда бўлади ҳамда уларнинг сийратлари ҳақида ҳаёлан тасаввур хосил қилишимизга ёрдам беради, яъни мана шунинг ўзи айнан тасаввуфий тушунчадаги робитадир. Жумладан, робитага мисол сифатида яна қуйидаги оятни келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло, Юсуф сурасининг 24 оятида, Юсуф алайҳиссаломни зино қилишга таклиф қилган аёл ҳақида айтади:

وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلَا أَنْ رَأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاءَ

«Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик».

Ушбу оят ҳақида «Тафсири жалолайн»да ҳамда Имом Тобарий ва Имом Ибн Касийр раҳимаҳумуллоҳларнинг тафсир китобларида буюк саҳобий ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, оятдаги «агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида» сўзларидан мурод – Юсуф алайҳиссаломнинг кўз ўнгиларида оталари Ёқуб алайҳиссалом гавдаланиб, у кишини кўкракларига урадилар. Шу орқали Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломдаги шаҳватни кетказдиради.

Умуман, далил бўладиган оят ва ҳадислар жуда кўп.

Бу хусусда, Ибн Таймия тасаввуфдаги робита тушунчасини айни  тасвирлаб берадиган қуйидаги сўзларини айтади:

فإنك إذا أحببت الشخص للّه كان اللّه هو المحبوب لذاته، فكلما تصورته في قلبك تصورت محبوب الحق فأحببته، فازداد حبك للّه، كما إذا ذكرت النبي صلى الله عليه وسلم، والأنبياء قبله، والمرسلين وأصحابهم الصالحين، وتصورتهم في قلبك، فإن ذلك يجـذب قلبك إلى محبة اللّه المنعم عليهم، وبهم إذا كنت تحبهم للّه، فالمحبوب للّه يجذب إلى محبة اللّه، والمحب للّه، إذا أحب شخصًا للّه، فإن اللّه هو محبوبه، فهو يحب أن يجذبه إلى اللّه تعالى، وكل من المحب للّه والمحبوب لله يجذب إلى اللّه.

 «Агарда сен бир кишини Аллоҳ учун севсанг, унда сен худди Аллоҳнинг Ўзини севгандек бўласан. Ҳар қачонки, бу инсонни ўз қалбингда тасаввур этган вақтингда, уни янада кўпроқ сева бошлайсан ва унга бўлган муҳаббатинг билан Аллоҳга бўлган муҳаббатинг ҳам зиёда бўлиб боради. Худди шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни, у зотдан олдин ўтган Набий ва Расул (алайҳимуссалом)ларни, уларнинг солиҳ асҳобларини эслаб, уларни қалбингда тасаввур қилганингда, албатта бу сенинг қалбингда Аллоҳга бўлган муҳаббатингни жўш уриши (жазб)га сабаб бўлади. Улар сабабли қачонки уларни Аллоҳ учун севсанг, маҳбуб Аллоҳ бўлиб, бу Аллоҳнинг муҳаббатига тортади. Аллоҳ учун бу муҳиб бўлади. Қачонки бирор шахсни Аллоҳ учун севса, Аллоҳ унинг маҳбуби бўлади. Бас, у Аллоҳ таолога жазб ҳолатида бўлишни яхши кўради. Аллоҳ учун муҳиб бўлган ҳам, маҳбуб бўлган ҳам Аллоҳга жалб қилинган бўлади». («Мажмуъ ал-Фатаво», 10-жилд, 608-бет).

Юқоридаги иборалардан олдинроқ Ибн Таймия бундай дейди:

 والمحب إنما يجذب المحبوب بما في قلب المحب من صورته التي يتمثلها، فتلك الصورة تجذبه بمعنى انجذابه إليها، لا أنها هي في نفسها قصد وفعل، فإن في المحبوب من المعنى المناسب ما يقتضى انجذاب المحب إليه

«Севувчининг қалбида бўлган маҳбубнинг тамсил қилган сурати тортади (жазб қилади). Бас, ана шу сурат уни маҳбубга жозибали кўрсатиш маъносида тортади. Уни ўзича қасд қилмаса ҳам шундай бўлаверади. Чунки, маҳбуб борасида бу тамсил уни севувчининг жозибаси тақозо қилган муносиб маънода юз беради». («Мажмуъ ал-Фатаво», 10-жилд, 606-бет).

ЛАВҲУЛ МАҲФУЗДАН ЎҚИЙ ОЛИШ ВА КЕЛАЖАК ҲАҚИДА БАШОРАТ БЕРИШ

Мусулмонларнинг замонамиздаги ваҳобийнамо тафтишчилари томонидан куфр ва ширк деб баҳо бериладиган яна бир масала, Аллоҳ таоло томонидан айрим авлиёларга каромат сифатида берилиши мумкин бўлган, авлиёларга келажакдаги айрим воқеа ва ҳодисаларни билдириши мумкинлигидир. Бундай хусусиятлар авлиёларга берилиши мумкинлиги кароматига Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг китобларида жуда кўп мисоллар келтирилган, лекин, биз ҳозир фикрларини ўрганаётган Ибн Таймия билан боғлиқ ҳодисани кўриб чиқамиз.

Ибн Қоййим ўзининг «Мадориж ас-соликийн» китобида ёзади:

 ولقد شاهدت من فراسة شيخ الإسلام ابن تيمية رحمه الله أمورا عجيبة وما لم أشاهده منها أعظم وأعظم ووقائع فراسته تستدعي سفرا ضخما أخبر أصحابه بدخول التتار الشام سنة تسع وتسعين وستمائة وأن جيوش المسلمين تكسر وأن دمشق لا يكون بها قتل عام ولا سبي عام وأن كلب الجيش وحدته في الأموال : وهذا قبل أن يهم التتار بالحركة

ثم أخبر الناس والأمراء سنة اثنتين وسبعمائة لما تحرك التتار وقصدوا الشام : أن الدائرة والهزيمة عليهم وأن الظفر والنصر للمسلمين وأقسم على ذلك أكثر من سبعين يمينا فيقال له : قل إن شاء الله فيقول : إن شاء الله تحقيقا لا تعليقا

وسمعته يقول ذلك قال : فلما أكثروا علي قلت : لا تكثروا كتب الله تعالى في اللوح المحفوظ : أنهم مهزومون في هذه الكرة وأن النصر لجيوش الإسلام قال : وأطعمت بعض الأمراء والعسكر حلاوة النصر قبل خروجهم إلى لقاء العدو وكانت فراسته الجزئية في خلال هاتين الواقعتين مثل المطر

«Албатта, мен Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фаросатига мисол бўла оладиган ажойиб ишларга гувоҳ бўлганман, гувоҳ бўлмаганларим эса ундан ҳам кўп. Фаросатига далил бўладиган воқеалар қалин бир китобни юзага келтирган бўларди.  У ўз издошларига татарлар (муғуллар)ни Шомга 699 (1299 милодий) йили киришини хабар қилди. У мусулмонларнинг қўшини мағлуб бўлади, Дамашқ эса қатлиом қилинмай қолади, у ерда умумий асирлар олинмайди. Қўшиннинг итлари мол-мулк билан овора бўлиб қолади, деганди. У буни муғулларни Шом томонга юриш қилишидан олдин айтди. Сўнгра, муғуллар 702 йил (милодий 1302)да Шомни қасд қилиб юриш қилганда, муғулларни тор-мор ва мағлуб этилиши ҳамда мусулмонлар албатта зафар қучишини айтиб, бу ҳақда етмиш мартадан кўп қасам ичди. Унга: «ИншаАллоҳ деб айт», дейишганда, у: «Буни ҳақиқатда бўлишига ишониб туриб «ИншаАллоҳ!» дейман, лекин уни «Балки бўлар», деб боғлиқ қилиш учун эмас», деди.

Унинг қуйидаги сўзларини ўзим эшитганман: «Улар бу ҳақда гапни кўпайтириб юборишганда, мен: «Бас қилинглар, Аллоҳ таоло Лавҳул Маҳфузда: «Албатта улар (муғуллар) бу сафар тор-мор қилинади ва ғалаба Ислом қўшинида бўлади», деб ёзди», — дедим. У яна: «Амирлар ва аскарлардан баъзисини улар ҳануз душманга йўлиқиш учун чиқишларидан олдиноқ ғалаба ҳаловати ила озиқлантирдим», деди. Бу икки воқеа атрофидаги унинг жузъий фаросати ёмғир каби бўлган эди». (Ибн Қоййим Жавзия. «Мадориж ас-соликийн». – Байрут: Дор ал-китоб ал-арабий, 1973. – Б. 489).

ТАБАРРУК ОЛИШ

 Табаррукнинг жоизлиги Қуръони каримдаги очиқ мисолда келган бўлиб, Бақара сурасининг 248-оятида Бани Исроил қавмига Толутни подшоҳ қилиб сайлаб, душманга қарши урушга чиққанлари ҳақида Аллоҳ таоло айтади:

وَقَالَ لَهُمْ نِبِيُّهُمْ إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِّمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَى وَآلُ هَارُونَ تَحْمِلُهُ الْمَلآئِكَةُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لَّكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ 

 «Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларинг, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди».

Энг машҳур тафсирлардан бири, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ва унинг устози Жалолиддин ал-Маҳаллий раҳимаҳуллоҳга тегишли «Тафсири Жалолайн»да айтилишича, фаришталар келтирган ушбу идиш (сандиқ)да Мусо алайҳиссаломнинг иккала калишлари, ҳассалари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари, уларга туширилган дастурхондан қолган бир ман буғдой, (ёзув ёзадиган) лавҳанинг бир парчаси ва бошқа буюмлар бўлган. Оятда кўрсатилганидек, улардаги хайр-барака орқали Бану Исроил қавмига хотиржамлик ва душманга қарши қўшимча ёрдам бўлган, яъни Аллоҳга муқарраб бўлган марҳумларнинг буюмларини табаррук саналиши ва кейинги авлодларга эъзозлаб етказилиши ҳеч қандай ширк эмас.

Шунингдек,  Юсуф алайҳиссалом ўз оталарига кўйлакларини юборганликлари воқеаси ҳам табаррук олиш ва бериш мумкинлигига яққол далилдир. Кўзлари кўр бўлиб қолган Яъқуб алайҳиссалом ушбу кўйлакни кўзларига суртганларида, кўзлари очилган. Бу воқеа Қуръони каримнинг Юсуф сурасида ва тафсирларда батафсил зикр қилинган.

Шунга кўра ва кўплаб саҳиҳ ҳадисларда келган ривоятларга асосланиб, Аҳли сунна вал жамоада – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотга тегишли нарсалардан ҳамда солиҳ, валий зотлардан табаррук олиш мумкинлиги ижмоъ қилинган масалалардан ҳисобланади. Бунга мисол қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ҳажлари вақтида сочларини олдириб, соч толаларини саҳобаларга бўлишиб берганлари, у зотнинг узукларини Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар халифа бўлганларида тақиб юрганликлари (узук йўқолгандан кейин фитналар бошлангани ҳам ривоят қилинган), Мадина аҳли Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламга идишларда сувлар олиб келиб, у зот қўлларини теккизиб табаррук қилиб беришлари, у зот кийган кийимларини саҳобалар ўзларига кафан қилиш учун сўраб олишгани, таҳорат қилганларидан кейин қолган сувни саҳобалар талашишгани, ҳатто туфуклари ҳам ерга тушмаслиги, саҳобалар у зотни табаррук қилиб қўлларини ўпишлари ва шунга ўхшаш жудаям кўп ишончли ривоятлар келган. Худди шундай мисоллар саҳобалар ва кейинги салафи солиҳларда ҳам сон-саноқсиздир.

Замонамиздаги сохтакор «тавҳид қўриқчилари» эса, шу масалада ҳам мусулмонларни ширкда айблашда фойдаланадилар (албатта, улар айрим сохта сўфийларнинг бу ишлардаги ғулувга кетишларини кўрсатиб, бутун тасаввуфни қораламоқчи бўладилар) ва ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотга тегишли нарсалардан табаррук олиш мумкинлигини рад этадилар ва бунга ҳам ширк деб баҳо берадилар.

Энди эса, Ибн Таймияга нисбатан унинг замонасидаги издошларининг нималар қилганларини ўқиймиз ва ундан нафақат тириклигида, ҳаттоки ўлганидан кейин ҳам табаррук олишга ҳаракат қилганликларига гувоҳи бўламиз (бу ерда кўрсатилган ишлар ҳозирги тасаввуф аҳли учун ҳам ҳайратланарли бўлса керак). Албатта, бунга унинг ўзидан рухсат берилмаганда, унинг энг яқин содиқ издошлари буни қилмаган бўлардилар ва бу ҳодисани келтирган ал-Баззор буни қоралаш учун эмас, балки Ибн Таймиянинг даражасини сифатлаш учун ёзмаган бўларди.

Умар ибн Али ал-Баззор (уни «Муснад» соҳиби муҳаддис ал-Баззор билан адаштириш керак эмас) ўзининг Ибн Таймиянинг таржимаи ҳолига бағишланган «ал-Аълом ал-ъалийя фий маноқиби Ибн Таймия» китобида айтади:

فَغسل رَضِي الله عَنهُ وكفن . قَالُوا وازدحم من حضر غسله من الْخَاصَّة والعامة على المَاء الْمُنْفَصِل عَن غسله حَتَّى حصل لكل وَاحِد مِنْهُم شَيْء قَلِيل . ثمَّ أخرجت جنَازَته فَمَا هُوَ إِلَّا ان رَآهَا النَّاس فأكبوا عَلَيْهَا من كل جَانب كلا مِنْهُم يقْصد التَّبَرُّك بهَا حَتَّى خشِي على النعش ان يحطم قبل وُصُوله إِلَى الْقَبْر

«Уни, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ювдилар ва кафанладилар. Унинг танасини ювиш вақтида, ғуслдан қолган сувдан олишга жуда кўп хосу ом одамлар (хос – олимлар, шайхлар; ом – омма, оддий халқ) йиғилиб, тирбанд бўлдилар, ҳаттоки уларни ҳар бирига озгинадан сув етди, холос. Сўнгра, унинг тобутини олиб чиқилганда, одамлар уни кўришлари билан ҳар тарафдан ўраб олдилар ва уларнинг ҳар бири уни табаррук қилиб ушлаб қолишга қасд қиларди, ҳаттоки тобутни кўтариб кетаётганлар уни қабрига етказиб олиб боргунларича уни ағдариб юборишади, деб қўрқдилар». (ал-Баззор, «Иълам ал-илмия фи манақиб Ибн Таймия», ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 1/83).

Бу ҳолатга ваҳобийларнинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг атрофидагиларнинг ҳаммаси – уни ювганлар ҳам, тобутини олиб бориб кўмганлар ҳам мушрик ҳисобланиши, бу ишларни хеч қандай қоралашсиз тасвирлаб бераётган ал-Баззор ҳам уларнинг шериги бўлиши керак эди.

ВАЛИЙ ЗОТЛАР ТОМОНИДАН ЎЛИКЛАРНИ ТИРИЛТИРИШ ВА БОШҚА КАРОМАТЛАР

 Тасаввуфга оид китобларда, авлиёларнинг кароматлари келтирилганда, айрим буюк шайхлар томонидан ўлик жонзотларни тирилтириш кароматини зоҳир қилганликлари келтирилади. Мисол тариқасида, бундай ривоятларнинг энг машҳурларидан, Шайх Абдул-Қодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳни (юқорида Ибн Таймия у зотни «менинг саййидим» деган сўзларини ўқидик) дастурхонга қўйилган пиширилган товуққа қарата «кишт» деганларида, уни Аллоҳни изни ила тирик товуққа айланганлиги ҳодисаси ҳисобланади.

Замонамиздаги сохтакор «тавҳид жарчилари», бундай кароматни ҳам тасаввуф шайхларидан содир бўлиши мумкинлигини рад этадилар.
Албатта, бу масалада ҳам Ибн Таймиянинг сўзларини уларга раддия сифатида келтирамиз. Бу сўзларни авлиёларнинг кароматлари масаласи юзасидан ваҳобийларга умумий раддия деб ҳисоблашимиз  мумкин.

Ибн Таймия ўзининг «Китоб ан-Нубуввот» китобида айтади:

 فآيات الأنبياء مستلزمة لصدقهم وصدق من صدقهم وشهد لهم بالنبوة والآيات التي يبعث الله بها أنبياء قد يكون مثلها لأنبياء أخر مثل إحياء الموتى فقد كان لغير واحد من الأنبياء وقد يكون إحياء الموتى على يد أتباع الأنبياء كما قد وقع لطائفة من هذه الامة ومن أتباع عيسى فإن هؤلاء يقولون نحن إنما أحيى الله الموتى على أيدينا لاتباع محمد أو المسيح فبايماننا بهم وتصديقنا لهم أحيى الله الموتى على أيدينا فكان إحياء الموتى مستلزما لتصديقه عيسى ومحمدا لم يكن قط مع تكذيبهما فصار آية لنبوتهم

«Набийларнинг мўъжизаларини ҳақиқат эканлигини эътироф этиш ва уларни тасдиқловчиларни ҳам эътироф этиш ҳамда уларнинг набувватларига гувоҳлик бериш лозимдир. Аллоҳ таоло мўъжизалар билан юборган Набийларнинг ушбу мўъжизалирига бошқа Набийлар ҳам эга бўлиши мумкин. Мисол учун Аллоҳ ўликларни тирилтириш мўъжизасини бошқа Набийларга ҳам берган. Шунингдек, ўликларни тирилтиришни Набийларга эргашганларга ҳам берилган бўлиб, бу ишлар ушбу умматдан бўлган ва (бундан олдин) Исо алайҳиссаломга эргашган айрим тоифа инсонларда содир бўлгандир. Улар айтардиларки: «Албатта, Аллоҳ таоло ўликни бизнинг қўлимиз билан тирилтирди. Аллоҳ таоло ўликни бизнинг қўлимиз билан тирилтиргани – биз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки Исо (алайҳиссалом)га иймон келтирганимиз ва уларни тасдиқлаганимиз сабаблидир. Шу боис, ўликни тирилганлиги, Исо (алайҳиссалом) ва Муҳаммад  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни тасдиқлашни лозим қилади. Буни қилинганлиги уларни асло ёлғонга чиқаришга имкон бермайди! Бас, бу уларнинг Набувватининг мўъжизаларидандир». (Ибн Таймия. «Китоб ан-Нубуввот». 213-бет).

Ибн Таймия мазкур китобида яна айтади:

 فانه لا ريب أن الله خص الأنبياء بخصائص لا توجد لغيرهم ولا ريب أن من آياتهم ما لا يقدر أن يأتي به غير الأنبياء بل النبي الواحد له آيات لم يأت بها غيره من الأنبياء كالعصا واليد لموسى وفرق البحر ، فإن هذا لم يكن لغير موسى وكانشقاق القمر والقرآن وتفجير الماء من بين الأصابع وغير ذلك من الآيات التي لم تكن لغير محمد من الأنبياء ، وكالناقة التي لصالح فإن تلك الآية لم يكن مثلها لغيره وهو خروج ناقة من الأرض ، بخلاف إحياء الموتى فانه اشترك فيه كثير من الأنبياء بل ومن الصالحين

«Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Набийларни бошқа инсонларда мавжуд бўлмаган хусусиятлар билан хослаб қўйгандир. Ва шубҳасизки, Набийларга берилган шундай мўжизалар борки, улардан бошқа инсонлар кўрсатишга қодир бўла олмайдилар. Ҳаттоки, бир Набийга берилган мўъжизани бошқа бир Набий келтира олмаслиги мумкин. Мисол учун, асо, қўлнинг рангини ўзгариши ва денгизни иккига бўлиниши фақатгина Мусо (алайҳиссалом)нинг ўзларига берилган мўъжизалардир. Ойни иккига бўлиниши, Қуръон, бармоқларни орасидан сувнинг отилиб чиқиши ва бундан бошқа мўъжизалар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа Набийларга берилмаган. Солиҳ (алайҳиссалом)ни туяни ердан чиқаришлари сингари мўъжиза ҳам бошқаларга берилмаган.

Булардан фарқли ўлароқ, ўликни тирилтириш кўплаб Набийларда ва ҳатто (Набий бўлмаган) солиҳ кишилардан ҳам содир бўлгандир». (Ибн Таймия. «Китоб ан-Нубуввот». 218-бет).

 Ибн Таймия мазкур китобида яна айтади:

ولا يقدر أحد من مكذبي الأنبياء أن يأتي بمثل آيات الأنبياء، وأما مصدقوهم فهم معترفون بأن ما يأتون به هو من آيات الأنبياء مع أنه لا تصل آيات الأتباع الى مثل آيات المتبوع مطلقا وإن كانوا قد يشاركونه في بعضها كاحياء الموتى وتكثير الطعام والشراب فلا يشركونه في القرآن وفلق البحر وانشقاق القمر لأن الله فضل الانبياء على غيرهم

 «Набийларни ёлғонга чиқарувчи бирор бир киши, Набийларнинг мўъжизаларига ўхшаш нарсани келтиришга қодир бўлолмайди. Набийларни тасдиқловчилар эса, ўзларидан содир бўлган (кароматлар)ни ўзлари эргашган Набийларининг мўъжизалари деб эътироф этадилар. Лекин, эргашувчилардан содир бўлган мўъжиза, хеч қачон эргашилинаётган (Набий)нинг мўъжизаси сингари бўла олмайди. Набийлар ва уларга эргашувчилар ўликни тирилтириш, таомни ва ичимликни кўпайиши каби баъзи мўъжизаларда шерик бўлишларининг имкони бўлса-да, лекин Қуръон, денгизни иккига бўлиниши, ойни бўлиниши каби мўъжизаларда шерик бўла олмайдилар. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз Набийларини бошқа инсонлардан афзал қилгандир». (Ибн Таймия. «Китоб ан-Нубуввот». 232-бетлар).

 ТАВАССУЛ ВА ИСТИҒОСА

 Ваҳобийлар томонидан мусулмонларни ширкда айблайдиган энг севган мавзулари – тавассул ва шафоат сўраш масаласидир. Аслида, Аҳли сунна вал жамоада тавассул ва шафоат сўраш жоиз саналади ва бунга бир қанча далиллар келтирилади. Бинобарин, Ибн Таймия ҳам тавассул ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шафоат сўрашни жоиз санаган олимлардан ҳисобланади.

Буюк тарихчи ва муҳаддис, Имом Имодуддин Ибн Касийр (1301-1373) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя» номли китобларида айтадилар:

قال البِرْزالي : وفي شوَّالٍ منها شكَى الصوفيةُ بالقاهرةِ علي الشيخِ تقيِّ الدين وكلامِه في ابن عربيِّ وغيرِه إلى الدولةِ ، فردُّوا الأمرَ إلى القاضي الشافعي ، فعُقِد له مجلسٌ وادَّعَى عليه ابنُ عطاءٍ بأشياءَ فلمْ يَثبُتْ عليه منها شيءٌ ، لكنه قال: لا يُستغاثُ إلا باللهِ ، لا يُستغاث بالنبي استغاثةً بمعنى العبادةِ ، ولكن يُتوسَّلُ به ويُتشفَّعُ به إلى الله

 «ал-Бирзолий айтди: «Шу йилнинг Шаввол ойида (бу милодий 1308 йилнинг март-апрелига тўғри келади) Қоҳирадаги сўфийлар Шайх Тақийуддин (Ибн Таймия) устидан, уни (Муҳйиддин) ибн Арабий ва бошқалар тўғрисидаги сўзлари хусусида давлатга шикоят қилдилар. Бу ишни шофеъий қозисига етказдилар. Мажлис ташкил этилди ва унга қарши ибн Ато (ас-Сакандарий) баъзи нарсаларни даъво қилди. Лекин унга нисбатан улардан ҳеч нарса исботланмади.

Лекин, у (Ибн Таймия) айтди: «Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ёрдам сўралмайди. Набийдан ҳам ибодат маъносида ёрдам сўралмайди.  Лекин у билан тавассул қилиш мумкин ва ундан Аллоҳга шафоатчи бўлишлигини (ташаффуъ) сўраса бўлади».  (Ибн Касийр. «ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя». 14-жилд. 45-бет).

Ибн Таймиянинг энг содиқ шогирди бўлмиш  Ибн Қоййим ўзининг «Руҳ» номли китобида тириклар ва ўликларда кўпгина қувват ва энергиялар борлигини, солиҳлардан шафоат ва мадад сўраш мумкинлигини таъкидлайди ва буни қандай равишда амалга ошиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берган ҳолда, ўз давридаги тасаввуфга нисбат бериладиган айрим жамоатларни ҳам танқид қилади:

«Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳ таолога шафоатчи бўлиб йўлланишни сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Буни тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат юксак ақл эгаларигина қодир бўладилар. Бу, тасаввуфга нисбат бериладиган баъзи жамоаларнинг алаҳлашига ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзуънинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».

(Ибн Қоййим, «Ар-Руҳ». Иқтибос таржимаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобининг 257-бетидан олинди. Тошкент, Шарқ нашриёти, 2011й.).

Юқоридаги иқтибослардан келиб чиқиб, ваҳобийлар энди Ибн Таймия, Ибн Қоййим, Ибн Касийр раҳимаҳумуллоҳларни ҳам ширкка рози бўлишган, улар ҳам мушрик бўлган дейишармикан?!

ХУЛОСА

 Тасаввуф – Аҳли сунна вал жамоанинг ажралмас қисми бўлмиш руҳий тарбия, зуҳд, тақво ва ихлосни шакллантиришни ўргатувчи фандир. Тасаввуфни рад этувчилар томонидан энг буюк олим деб эътироф қилинадиган Ибн Таймиянинг бу ҳақида айтган сўзларига юқорида гувоҳ бўлдик. У ўз қарашларини нафақат сўзлар билан ифодалагани, балки унинг ўзи ҳам тасаввуф тариқатининг аъзоси, сўнгра машойихи бўлганлигини кўрдик.

Шунингдек, бугунги кунда тасаввуф душманлари томонидан билдирилаётган айбловлар, аслида уларнинг зиддига эканлигига Қуръон ва Суннат асосида амин бўлдик. Шунча келтирилган ҳужжат-далиллардан сўнг, аслида, бизнинг бу изланишимизнинг мақсади бўлган, тавфиқидан умид қилган инсонларимизни, ушбу сатрларни ўқиб чиқиб, қуйидаги 3 та йўлдан бирини танлашлари мумкин деб ўйлаймиз.

1) Энг ёмон мутаассибликка яна киришиб, ўзларининг бидъатларини фош қилинган сўзлари келтириладиган бошқа уламоларга нисбатан қилганлари сингари, «Ибн Таймия ва Ибн Қоййим ҳам кейинчалик бу сўзлардан қайтганлар», деб ёлғон тўқиб ёки уларнинг биз иқтибос келтирган китобларини уларга тегишлилигини шубҳа остига олиб, рад этиши мумкин. Бунга ўхшаш очиқ ёлғон ишлар, Ислом душманлари томонидан мусулмонларнинг ичига фитна чиқариш учун киритилган, ўзини олим қилиб кўрсатадиган, ҳар қандай ҳужжат-далилни кўрмасликка оладиган иккиюзламачилар ва уларга эргашган илмсиз жоҳил кимсалардан содир бўлиши тажрибадан яхши маълум.

2) Ҳийлакорлик йўлига ўтиб, юқоридаги сўзларни тасдиқлаган ҳолда – «Ҳа, биз тасаввуф фанини тан оламиз, лекин ўша даврдаги сўфийлар бошқачароқ эди, ҳозирги даврдагилар уларнинг йўлида эмас, ҳаммаси адашган», деб, замонамиздаги ҳақиқий тасаввуф тариқатларига нисбатан адоватни давом эттириш мумкин. Яъни, тасаввуф тариқатларини – шариатга асосланган ҳақ йўлда бўлганларига ва сохта тариқатларга ажратмасдан, барчасини умумий равишда рад этиб, ўзининг ваҳобийлик йўлида давом этади. Ўзига керак бўлганда, тасаввуф шайхларининг номларидан, уларнинг китобларидан фойдаланиб, уларни ўз адашган фирқасига одамларни жалб қилишда ишлатади. Бу ишни, юқорида айтганимиздек, мунофиқона усулни қўллаганлар ва уларнинг ҳийласини тушунмасдан уларга эргашган одамлардан кутиш мумкин.

3) Ўзлари билмасдан эргашиб юрган бемазҳаб ваҳобийлик (салафийлик) фирқасининг очиқдан-очиқ залолатда эканлигини тушуниб етиб, тасаввуф бу – Аҳли сунна вал жамоанинг бошқа фанлари сингари бир фан эканлигини тан олиб, Қуръон ва Суннатга асосланган ҳақиқий тасаввуф тариқатлари ва салафи солиҳларга эргашувчи ҳақиқий тариқат шайхларини излаб топишга ёки мустақил равишда буюк мутасаввиф уламоларнинг руҳий тарбияга бағишланган китобларидан фойдаланган ҳолда, ихлос, зуҳд ва тақвони кучайтириб боришга бел боғлашлари мумкин. Зеро, мутавотир хабарларда келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини залолатда бирлашмаслигини ваъда қилганлар ва ҳар доим кўпчилик билан, жамоат билан бўлишликка чақирганлар.

Умид қиламизки, Аллоҳ ҳар бир ихлосли мусулмон биродарларимизни ушбу учинчи, энг тўғри йўлни танлашга муваффақ айлайди ва буни Аллоҳдан сўраб дуо қиламиз.

Шунингдек, юқорида ёзилганлардан хулоса қилган ҳолда,  бошқа бир тараф – яъни, Ибн Таймиянинг шахсиятига нисбатан адоватда шиддатли бўлганларни, унга ҳатто такфир айтиш (кофир деб эълон қилиш) даражасига ҳам етиб борган айрим одамларни, ушбу масалада ўрта йўлни танлашларига ва бу олим тўғрисида ўз фикрларини қайта кўриб чиқишларига умид қиламиз.

Зеро, барчамиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига муносиб равишда ягона Ислом уммати бўлишга ва бугунги кунда Аҳли сунна вал жамоа мусулмонларини бирлашишига тўсиқ бўлаётган ихтилофларга барҳам беришда биргаликда ҳаракат қилишимиз лозимдир. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103 ва 105-оятларида марҳамат қилади:

 وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا

وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ تَفَرَّقُوا وَاخْتَلَفُوا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمْ الْبَيِّنَاتُ وَأُوْلَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг!».

«Ўзларига очиқ баёнотлар келгандан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлманглар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир».  

Вассалом.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Анвар Абдуллоҳ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...