Ҳанафий-мотуридийлар билан боғлиқ Набавий башорат

Lotin alifbosida

21354РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ҲАНАФИЙ-МОТУРИДИЙЛАР ҲАҚИДАГИ БАШОРАТЛАРИ

(янги маълумотлар)

Севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мотуридий эътиқодли ҳанафий мазҳабидаги одамларни мақтаб башорат қилганлари эътиқод ва амалиётдаги ушбу икки мазҳабнинг ҳақлигини тасдиқлайди!!!

Зотан, хурофот ва ботил ҳамда уни қилувчи шахслар ҳеч қачон мақталмайди. Гап шундаки, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадимий Қустантиниянинг фатҳ этилишини башорат қилганларида, фатҳ қилувчи амирни ва аскарларни мақтаганлар. Қустантинияни оврўполиклар Константинополь дейишган, бахтли мусулмонлар қўлида фатҳ қилингандан сўнг Исломбўл! деб атала бошлаган, ҳозирда Истанбул дейилади. Башоратомуз ҳадиси шариф ушбудир:

عن عبيد الله بن بشر الغنوى (الخثعمى) عن ابيه انّه سمع النبىّ صلى الله عليه و سلم يقول لتفتحنّ القسطنطينية فنعم الأمير أميرها و نعم الجيش ذلك الجيش قال مسلمة بن عبد الملك فسألنى فحدّثه فغزا القسطنطينية

“Қустантиния албатта фатҳ этилажак. Унинг амири қандай ҳам яхши амирдир! Бу қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир!”.

Ровий айтади: “Маслама ибн Абдулмалик мени чақириб, ушбу ҳадисни мендан сўради. Мени айтиб берувдим, у Қустантиния фатҳига жўнади”.

(Бухорий, “ат-Тарих ал-кабир”, 2/1760; Бухорий, “ат-Тарих ас-сағир”, 1/1482; Аҳмад, 4/18977; Ҳоким, “ал-Мустадрак”, 4/8300; Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 2/1216; Абу Нуайм, “Маърифат ас-саҳоба”, 1/1177; Ибн Қонеъ, “Мўъжам ас-саҳоба”, 1/117).

Мазкур ҳадиси шариф олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламида учрамаса ҳам, бироқ, ҳадисшунос муҳаддислар унинг ровийларини ишончли бўлган саҳиҳ ҳадис деганлар:

Муҳаддис Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ “Китоб ас-Сиқот” (“Ишончли ровийлар”) номли асарида мазкур ҳадис ровийси Бишр ал-Ғанавий разийаллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганлигини алоҳида қайд қилганлар (“ас-Сиқот”, 3/102).

Муҳаддис Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни “ал-Мустадрак”да ривоят қилар экан, унинг саҳиҳлигини алоҳида таъкидлаганлар (“ал-Мустадрак”, 4/8300).

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Талхис ал-Мустадрак” асарида мазкур ҳадисни саҳиҳ деган (“Талхис ал-Мустадрак”, 4/8300).

Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ал-Жомеъ ас-сағир” асарида мазкур ҳадисни саҳиҳ деганлар (“ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/7227).

Ҳофиз ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ “Мажмаъ аз-завоид”да мазкур ҳадиснинг ровийларини ишончли деганлар (“Мажмаъ аз-завоид”, 6/10384).

Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ “ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб” асарида мазкур ҳадиснинг ровийси Бишр ал-Ғанавий таърифида унинг иснодини ҳасан деб қайд қилганлар (“ал-Истиъоб”, 1/52).

Ҳадисшунос Аҳмад ал-Бусирий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Иттиҳоф ал-хиярат ал-маҳара” асарида ушбу ҳадисни муҳаддислардан Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлари ҳамда унинг ровийларини ишончли эканини қайд қилганлар (“Иттиҳоф ал-хиярат ал-маҳара”, 8/7595).

Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ ҳам “ат-Тайсир” асарларида мазкур ҳадисни саҳиҳлигини қайд қилганлар (“ат-Тайсир би-шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/564).

Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Таъжил ал-манфаат” ва “ал-Исоба фий тамйиз ас-саҳоба” асарларида ушбу ҳадисни келтириб, унинг исноди борасида сукут ихтиёр қилганлар. Унинг бирор ҳадис борасидаги сукути ушбу ҳадиснинг далилланишга яроқли эканини билдиради (“Таъжил ал-манфаат”, 1/91; “ал-Исоба”, 1/685).

Бирор ҳадисни ўтмишдаги ҳамма тан олган ҳадисшунос, муҳаддислар саҳиҳ деб турганида, ҳозиргиларнинг уни заифга ёки мавзуъ (сохта)га чиқаришларининг мутлақо аҳамияти йўқ пуч гапдир! Зотан, бу ҳадиси шарифни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бобомиз “Саҳиҳи Бухорий” асарларида келтирилган қуйидаги: أوّل جيش من أمّتى يغزون مدينة قيصر مغفور لهم – “Умматимнинг аввалги қўшини Қайсарнинг шаҳрига ғазот уюштирадилар: улар мағфират қилингандирлар!”, деган ривояти билан қувватлаш ҳам мумкин (Бухорий, 2/2924). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий эътибор ва истаклари, тарғиботлари Қустантинияни фатҳ қилишга қаратилган эди.

Ушбу ҳадиснинг ҳақиқатдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари эканлигини бошқа улуғ саҳобалар ҳам билганлар. Жумладан, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳнинг жаҳонга машҳур “Муқаддима” асарларида келтирилишича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳам ушбу башоратни айтиб юрганлар (Ибн Халдун. Муқаддима // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 1/442).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида буюк саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг уйлари эшиги олдига туялари чўкканди. Шу баҳона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйларида 7 (етти) ой яшаганлар. Ушбу буюк зот – Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу юқоридаги башоратни билиб, Қустантинияга 52/672 йили Ҳазрати Муовия разийаллоҳу анҳу даврида (аниқроғи, унинг ўғли Язиднинг халифалик пайтида) ғазот қилиб борганлар ва у ерда вафот қилганлар. Ўзлари у ерга дафн қилинишини васият қилганлар. Саҳобалар даврида Қустантинияни фатҳ қилишга уриниш бўлганини муҳаддис Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳам ёзиб қолдирганлар (Термизий, 4/2239). Мазкур фатҳ қилишга уриниш чоғида саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр, Зурора ал-Килобий, Авф ибн Молик ал-Ашжаъий, Абу Шайба ал-Худрий разийаллоҳу анҳу кабилар ҳам бирга бўлишган.

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ, Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддислар ёзиб қолдиришларича, таниқли саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг қабрлари Қустантинияда маълум ва машҳур, одамлар зиёратга борадилар, қаҳатчилик вақтларида уни васила қилиб ёмғир сўрайдилар (Абу Довуд, 2/2512; Ҳоким, 3/5928-5929; Байҳақий, 2/18659).

Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳуни одамлар васила қилиб ёмғир сўрашини Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ва Бадриддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган шарҳлари “Фатҳ ал-Борий” ва “Умдат ал-қорий”да ҳам айтиб ўтганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 6-жилд. – Миср: Матбаат ал-кубро, 1882. – Б. 75; Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қорий. 14-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 277).

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ эса “Мирқот ал-мафотиҳ”да Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг қабрларига одамлар шифо истаб боришларини ва шифо топиб кетишларини ёзиб қолдирганлар (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 53).

Ҳозир ҳам Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг қабрлари Истанбулда “Айюб султон” номидаги катта зиёратгоҳлардан биридир.

Саҳиҳ ҳадисда Қустантинияни фатҳ қилиниши башорат қилингани боис,  жуда кўп саркардалар ва ғозийлар фатҳ қилишга ўндан ошиқ марта урунганлар. Лекин, Аллоҳ таоло 1453 йили май ойида Султон Муҳаммад II Фотиҳ Султон раҳимаҳуллоҳ томонидан Қустантиниянинг фатҳ қилинишини ирода қилган экан, бу шарафга ўша давр мусулмонлари мушарраф бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур башоратларини Султон Фотиҳ ўзларининг Истанбулда қадим византияликларнинг “Ўн икки ҳаворий” ибодатхонасининг ўрнида барпо қилган, 1455 йилдан бошлаб қурдиришга киришган, ва ниҳоят, 867-875 ҳ./1463-1470 м. йилларда батамом қуриб битказилган “Фотиҳ жомеъси ва куллияси” мажмуасининг пештоқига фахр-ифтихор билан ёздириб қўйганлар. Бугун ҳам у ерда ушбу катиба лавҳасини кўриш мумкин.

Мазкур ҳадиснинг башоратига кўра, ушбу амир ва фатҳда қатнашган қўшин энг яхши амир ва энг яхши қўшиндир! Булар эса эътиқодда мотуридий, амалда ҳанафий эдилар!

Айрим ҳаддан ошган бемазҳаблар айтганидек, мотуридий-ҳанафийлар залолатга кетган бўлганида, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан мақталган бўлармидилар?! Демак, мазкур башоратнинг бўлиши мотуридий-ҳанафийликнинг Аллоҳ таоло ва унинг Расулига мақбул эканлигини билдиради.

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ ва унинг қўшинидагилар ҳанафий-мотуридий эканлигини қаердан биламиз? Аслида, бу очиқ-равшан бўлиб, қуёшни исбот қилгандекдир. Бироқ, айрим бехабарлар эътироз билдирмаслиги учун уни далиллаб ўтсак ёмон бўлмайди:

Қустантиния-Истанбул фатҳида қатнашганлар кимлар эди?

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Қустантиния – Истанбулни фатҳ қилган чоғда амирнинг ёнларида турган олим ва уламолар ҳанафий ва мотуридий бўлганлар. Уларнинг энг улуғи шак-шубҳасиз нақшбандия ва байрамия тариқатидаги сўфий бўлиб, таниқли мутасаввиф Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳу ҳисобланади.

Демак, юқорида тилга олинган саҳиҳ ҳадиси шариф башоратига кўра ҳанафий ва мотуридийлик сингари нақшбандия тариқати ҳам, сўфийлик ҳам ҳақ тариқат, ҳақ сўфийлик бўлиб, унда юрган мусулмонлар “қандай ҳам яхши!”, деб таърифланишга лойиқ одамлар бўлган экан.

Муҳаммад ибн Ҳамза Оқ Шамсиддин ар-Румий (ваф. 865 ҳ./1461 м.) қудиса сирруҳу ҳазратлари Султон Фотиҳни Истанбул фатҳига шижоатлантирганлар, “Мусулмонлар фалон куни фалон жойдан қалъага кирадилар”, деб башорат қилганлар. Ўша кунги фотиҳ мусулмонлар ушбу буюк авлиёнинг хос дуосини олган эдилар. Султон Фотиҳ: “Мен бугун ушбу фатҳга мазкур зотнинг менинг замонимда яшаганидан кўра кўпроқ қувонмадим!”, деб Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳу билан фахрланган экан. Истанбул фатҳ қилинганидан сўнг, асъаса-ю дабдаба билан улуғ шайхнинг ҳузурига ташриф буюрганида, ёнбошлаб ётган Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳу унга ўрнида қўзғалиб ҳам қўймаган экан. Кейинчалик Султон Фотиҳга вазирлар унинг фатҳ сабабли ғурурга берилмаслиги учун шундай қилинган, деб тушунтирган эканлар.

Фатҳ кунлари ҳар куни Султон Фотиҳ Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳунинг орқаларида намоз ўқир, бомдоддан кейин эса у зотнинг “Аврод”ни ўқишларига тиззалаб ўтириб, ихлос билан қулоқ солиб ўтирар эди.

Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳунинг махсус кўрсатмаси билан ҳозирги кундаги Истанбулдаги энг катта ва энг машҳур зиёратгоҳ саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг дафн қилинган жойи аниқланиб, маҳобатли мақбара тикланишига сабаб бўлинган.

Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳу моҳир табиб бўлганлар. Тибга оид рисоласи бўлган. Шунингдек, тасаввуфга бағишланган рисола ёзганлар. Султон Фотиҳ унинг авлодларига атаб вақфлар ажратган. Ҳозиргача ушбу вақфлар унинг авлодлари қўлидадир.

Байрамия тариқатининг таниқли вакили Мавлоно Муҳаммад Зийрак қуддиса сирруҳу ҳам Истанбулнинг илк мударрисларидан бири эди. У зотга “Зийрак” деган лақабни Ҳожи Байрам валий қуддиса сирруҳунинг айнан ўзлари қўйган эди. Мавлоно Зийрак қуддиса сирруҳуни Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Истанбулга олдириб, унга ҳар кунига 50 (эллик) дирҳамдан маош таъйинлаган.

Мавлоно Абдулкарим раҳимаҳуллоҳ Султон Фотиҳнинг хос ходимларидан бири бўлган, бош вазир Маҳмуд пошшоҳ раҳимаҳуллоҳнинг энг ҳурматли одамларидан бири ҳисобланган. Қустантиния – Истанбул фатҳ этилганидан сўнг илк қурилган саккизта мадрасадан бирига бош мударрис қилиб таъйинланган. Истанбулда қозиаскар ва муфтий лавозимида ҳам фаолият юритган. У зот Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафийлик фиқҳига оид машҳур “ат-Талвиҳ” асарига шарҳ битганлар.

Султон Фотиҳнинг устозлари

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг устозлари ҳанафий мазҳабидаги мотуридий эътиқодли зотлар эди. Ана шу маълумотнинг ўзиёқ Қустантиния – Истанбулнинг фатҳ қилган зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларига нойил бўлган ҳақ йўлдаги одамлар эканлигини тасдиқлайди. Улар ҳанафий-мотуридий зотлар эди:

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг илк устозларидан бири аввал шофиъий мазҳабида бўлган, кейинчалик ҳанафийликни қабул қилган Шаҳобиддин Аҳмад ал-Кўроний (813-893 ҳ./1410-1488 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У ашъарий-мотуридий таълимотидаги олим бўлган. Имом ас-Субкий раҳимаҳуллоҳнинг “Жамъ ал-жавомеъ” асарига шарҳ битганлар.

Улардан яна бири Хўжазода номи билан танилган Мустафо ибн Юсуф ал-Бурсавий (ваф. 893 ҳ./1488 м.) раҳимаҳуллоҳ деган олимдир. У Адирнада, Қустантинияда қози бўлган, Бурсада муфтийлик қилган, Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ фалсафий таълимотини ўрганиш мақсадида, айнан Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ буйруғига биноан “Таҳофут” асарини ёзганлар, ашъарий-мотуридий таълимотига оид “ал-Мавоқиф” асарига шарҳ битганлар.

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳга тафсирдан дарс берган Ибн ат-Тамжид лақаби билан танилган муфассир Муслиҳиддин Мустафо ибн Иброҳим (ваф. 880 ҳ./1475 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам ҳанафий мазҳабидаги олим эди.

Мавлоно Синон лақаби билан шуҳрат қозонган Синониддин Юсуф ибн Хизрбек (ваф. 891 ҳ./1486 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг муаллимларидан бири ҳисобланади. У зот Адирнадаги “Дор ал-ҳадис” мадрасасига мударрис қилиб таъйинланган. Кейинчалик, Султон Фотиҳнинг хос муаллимларидан бири сифатида, султон ёнидан ажралмаган. Султон Фотиҳнинг амри билан Қозизода Румий раҳимаҳуллоҳнинг Чағминий раҳимаҳуллоҳ асарига ёзган шарҳига шарҳ битган эканлар. Кейинчалик бир муддат Султон Фотиҳнинг вазири ҳам бўлиб турган. Ашъарий-мотуридий таълимотига оид “Шарҳ ал-Мавоқиф” асарига шарҳ битганлар. Тариқат намояндаси сифатида эса туркий тилда “Муножот” номли асари бор.

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг муаллимларидан бири Ибн ал-Хатиб лақаби билан танилган Муҳйиддин Муҳаммад (ваф. 901 ҳ./1495 м.) раҳимаҳуллоҳдир. У зот Истанбулнинг илк саккиз нафар мударрисларидан бири ҳисобланади. Гапга чечан фасоҳатли, баҳсларда доим енгиб чиқадиган ўта билимли зот бўлганлар. Султон томонидан унга ҳар куни 100 (юз) дирҳам маош белгиланган экан. Барча уламолар султон билан қўлини ўпиб кўришар, ёлғиз угина султоннинг қўлини ўпмас эканлар. У зот мотуридийлик ақидасига оид “Шарҳ ат-Тажрид”га, шунингдек, машҳур тафсир “ал-Кашшоф”га шарҳ битганлар. Ҳанафийлик фиқҳининг эътиборли фиқҳий манбаси “Шарҳ ал-Виқоя”га ҳам шарҳ-ҳошия ёзганлар.

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг муаллимларидан яна бири Ҳасан ибн Абдуссамад ас-Сомисуний (ваф. 891 ҳ./1486 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. Қустантиний – Истанбулнинг илк қозиларидан бири, саккизта мадрасасидан бирининг бош мударриси бўлганлар. У зот моҳир хаттот бўлиб, айнан Султон Фотиҳ учун “Сиҳоҳ ал-Жавҳарий” асарини китобат қилиб берган эканлар. Ўзлари мотуридий олими Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг бир неча асарларига шарҳ ёзганлар.

Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳнинг муаллимларидан яна бири Хожа Хайриддин раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У ўз ҳисобига Қустантиния – Истанбулда илк мадраса қурдирган зотлардан биридир. Ашъарий-мотуридий таълимотига оид “Шарҳ ал-Мавоқиф” асарини ўқитиш билан шуҳрат қозонган.

Султон Фотиҳ даври олимлари ва унга атаб битилган асарлар

Қустантиния – Истанбулни фатҳ қилганлар айнан ҳанафий ва мотуридийлар эканлигини Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳга атаб битилган мотуридия таълимоти, ҳанафий мазҳабига оид асарлар орқали ҳам билиш мумкин. Султон Фотиҳ ҳурмат ва иззат кўрсатган, эҳтиром қилган ўша давр олимларининг ҳанафий ва мотуридий эканлиги ҳамда тариқат сўфийлари бўлганлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларига нойил бўлган бу хилдаги олимлар биз йўлларида юришимиз лозим бўлган ҳанафий-мотуридий-нақшбандий эдилар:

Жумладан, Мулла Хизрбек номи билан танилган Хизр ибн Жалолиддин ар-Румий (810-864 ҳ./1407-1459 м.) раҳимаҳуллоҳ Қустантиния – Истанбулнинг энг биринчи қозиси ҳисобланади. У мотуридия таълимотига оид “ал-Қасидат ан-Нуния” асарини Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳга бағишлаган. У, аслида, “Жавоҳир ал-ақоид” деб аталган.

Мулла Хизрбек раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Жавоҳир ал-ақоид” (“Ақидалар гавҳари”) номли ақидавий манзуманинг ҳар бир байти “нун” ҳарфи билан тугагани учун манзума “Қасидаи нунийя” номи билан шуҳрат қозонган. Муаллиф манзумани ёзиб, Истанбулни фатҳ қилган Султон Фотиҳ Муҳаммадхон раҳимаҳуллоҳга жўнатади. Султон Фотиҳга қасида мақбул бўлади, лекин олдида ўтирган бир олим қасиданинг илк байтига эътироз билдириб қолади. Шунда Султон Фотиҳ унинг эътирозини дарҳол ёзиб, олимга жўнатади. Олим эрталабгача ўз қасидасига тўла шарҳ ёзиб, эътирозга жавоб ўлароқ қуйидаги икки оятни битиб юборган эканлар:

فى قلوبهم مرض فزادهم الله مرضا

“Қалбида маразлик (иллат) борларга Аллоҳ маразни зиёда қилади”  (Бақара, 10).

و اذا تليت عليهم آياته زادتهم ايمانا

“Уларга оятлари тиловат қилинса, имонлари зиёда бўлади” (Анфол, 2).

Яъни, бу жавоб зимнида ҳанафий мазҳаби, мотридия эътиқодига асосан битилган ушбу қасида Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларга биноан ёзилган бўлиб, уни севиб ўқиб-ўрганганларнинг имонлари нури зиёда бўлади, билакс, ҳанафий мазҳаби ва мотридия эътиқодини ёмон кўрганлар, уни ёқтирмасдан ундан бидъат ва хато ахтарадиганлар қалбида маразлик бор, деган маъно мавжуд эди.

Ана шу қасидага битилган мўжаз шарҳча “Ужолату лайла ав лайлатайн” (“Бир ёки икки кечада шошилинч битилган қасида”) номини олган. Чунки, унинг охирида Султон Фотиҳга хитобан қуйидаги байтлар бор эди:

الا يا أيّها السلطان نظمى، عجالة ليلة او ليلتين

مع الأشغال فى ايّام درسى، و ما فارقت شغلى ساعتين

“Аё, эй Султон! Менинг бу назмим бир ёки икки кечада дарсларим кунларида машғулотларим бўлиб турганида машғулотларимдан икки соат ҳам ажрата олмай тугатилган!”.

Хуллас, мазкур “Қасида-и нунийя” ҳанафий мазҳаби, мотуридия эътиқодига мувофиқ битилган!

Мулла Хусрав Муҳаммад ибн Фаромурз (ваф. 885 ҳ./1480 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ҳанафий олими бўлиб, ўзларининг ҳанафийлик фиқҳига оид “Дурар ал-ҳукком” асари билан шуҳрат қозонган. Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг машҳур “ат-Талвиҳ” асарига шарҳ битганлар, ҳанафийлик усул ал-фиқҳига оид “Мирқот ал-вусул” номли асари ҳам машҳур. У зот Истанбулнинг илк қозиси, “Аё Сўфия”нинг илк мударриси эди. У зот жумъа куни “Аё Сўфия”га кириб келганида масжиддаги тамоми халқ унинг ҳурматига ўринларидан турар эканлар, меҳробгача йўл ажратилар экан. У зот дабдаба билан меҳробга бориб, намоз ўқишга киришар экан. Уни узоқдан кузатиб турган Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ ҳар сафар ўз аъёнларига қараб, “Ўз замонининг Абу Ҳанифасига қаранглар!”, деб ифтихор қилар экан. У зот “Дурар ал-ҳукком” асарининг муқаддимасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни миллат ва диннинг чироғи деб васф қиладилар, унинг мазҳабига бахтли инсонларгина эргашади, деганлар. Ислом фақиҳлари унинг мазҳабига кўра фатво беришларини, кўплаб мужтаҳидлар унга эргашишларини таъкидлаганлар.

Мулла Хусрав раҳимаҳуллоҳ моҳир хаттот бўлганлар. У зот вафот қилганида, ўз қўллари билан кўчирилган иккита нусхада Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-Мавоқиф” асарининг қўлёзма нусхаларини топишган. Мазкур асар ашъарий-мотуридий таълимотини ёритувчи энг машҳур асарлардан бири ҳисобланади. Бу уни кўчирган зот ашъарий-мотуридий таълимотига эргашувчи аҳли суннат ва жамоат вакили эканини тўла исботлайди. Уларнинг ҳар бири Истанбул фатҳида қатнашган уламолар томонидан 6000 (олти минг) дирҳамга сотиб олингани ҳам маълум.

Мулла Хусрав раҳимаҳуллоҳ бир муддат Бурсага бориб яшаб, у ерда мадраса қурдирганлар, яна Истанбулга қайтиб келиб эса муфтийлик қилганлар. “Тафсири Қози”га, шунингдек, ҳанафийлик усул ал-фиқҳига оид “ат-Талвиҳ”га ҳошия битганлар.

Мавлоно Хаёлий (829-861 ҳ./1425-1458 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг мотуридия ақидасига бағишланган “Шарҳ ал-Ақоид” асарига битган ҳошия-шарҳлари билан шуҳрат қозонган. Бу зот мазкур ҳошияни битганларидан сўнг ундан Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ хабардор бўлиб, “Шарҳ ал-Ақоид”га ҳошия ёзган шу йигитми?”, деб сўрайди. Тасдиқ жавобини олгандан сўнг уни дарҳол Изниққа ҳар куни 130 (бир юз ўттиз) дирҳам маош таъйинлаб, бош мударрис қилиб жўнатишга фармон беради. Мавлоно Хаёлий раҳимаҳуллоҳ бу пайтда ҳали ўттиз ёшларига ҳам етиб улгирмаган эди. Илмий баҳсда эса Хўжазода раҳимаҳуллоҳни ҳам енгиб чиққан. Кунда бир марта овқатланар, ниҳоятда тақво ва парҳезгорлиги билан танилган зот бўлганлар. У зот ўз устози Мулла Хизрбек раҳимаҳуллоҳнинг юқорида эслатилган ақоидига ҳам шарҳ битганлар.

Мавлоно Хаёлий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-ақоид”га битган ҳошия-изоҳларида аҳли суннат ва жамоат ҳақида бундай деганлар:

الأشاعرة هم أهل السنة و الجماعة هذا هو المشهور فى ديار خراسان و العراق و الشام و أكثر الأقطار و فى ديار ما وراء النهر اهل السنة و الجماعة هم الماتريدية أصحاب الإمام أبى منصور الماتريدى و ماتريد قرية من قرى سمرقند و بين طائفتين اختلاف فى بعضى المسائل كمسئلة التكوين و غيرها

“Ашъарийлар аҳли суннат ва жамоатдир! Улар Хуросон, Ироқ, Шом ва бошқа кўпгина минтақаларда машҳур. Мовароуннаҳр диёрида эса аҳли суннат ва жамоат мотуридийлардир! Улар Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг шогирдларидир. Мотурид – Самарқанд қишлоқларидан бири. Бу икки гуруҳ орасида таквин ва бошқа айрим масалаларда турлича фикрлар мавжуд”. (Хаёлий. Ҳошия шарҳ ал-Ақоид. – Лакнау: Шавкат ал-ислом, 1894. – Б. 19).

Демак, Мавлоно Хаёлий раҳимаҳуллоҳ фикрича аҳли суннат ва жамоат фақатгина ашъарий ва мотуридийлар ҳисобланади. Унинг ушбу фикрларини ўқиган Султон Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳам уни чин дилдан тасдиқ қилган ҳамда ушбу фикрлар муаллифини ҳурмат-иззат қилган эканлар.

Муслиҳиддин Мустафо Қасталоний (ваф. 901 ҳ./1495 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур даврнинг таниқли олимларидан биридир. Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ у зотни Истанбулдаги саккиз нафар энг олий мударрислардан бири қилиб таъйинлаган, қози аскар қилган эди. У зот Қустантиния-Истанбулда жомеъ қурдирганлар. “Шарҳ ал-Ақоид”га, “Шарҳ ал-Мавоқиф”га шарҳлар битганлар. Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу живорларига дафн қилинган.

Алоуддин Али ал-Арабий (ваф. 901 ҳ./1495 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур даврнинг таниқли олимларидан биридир. У зотга Султон Фотиҳ ҳар куни 80 (саксон) дирҳам маош билан саккиз мадрасасидан бирига бош мударрис қилиб таъйинлаган. Кейинчалик Қустантиния – Истанбулнинг бош муфтийси бўлганлар. Мадрасаларда одатда сешанба куни таътил бўлган экан. У зот ўз мадрасида шанба куни таътил берар эканлар. У зот Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг машҳур “ат-Талвиҳ” асарини тўла ёд олганлиги билан машҳур бўлган экан. Унинг бизнинг ватандошимиз Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Муқаддимот ал-арбаъа” асарига битган шарҳи бўлган.

Мазкур Алоуддин Али ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ халватия тариқатининг етук шайхи сифатида ҳам ном қозонган, мажзуб авлиёлардан бўлган. Узун бўйли, кенг соқолли, ниҳоятда иссиқ мижозли, қишда ҳам енгил кийимда бошяланг ўтириб дарс айтаверар эканлар. Дарс жараёнидаги овози узоқ-узоқлардан ҳам яққол эшитиб турар экан. Жориялари билан ҳар кеча мужомаат қилар, ҳар куни ғусл қилиб олиб, сўнг тонггача ҳам дарс берар эканлар. Унинг 67 (олтмиш етти) нафар фарзанди бўлган.

Муҳаммад ибн Мустафо (ваф. 886 ҳ./1481 м.) раҳимаҳуллоҳ Қустантиния – Истанбулнинг илк қозиларидан бири, саккизта мадрасадан бирига бош мударрис қилиб таъйинланган зотлардан бири ҳисобланади. Онатўли, Румэли вилоятларига ҳам қози қилиб юборилган. У зот Истанбулда ўз ҳисобидан мактаб, мадраса ва жомеъ қурдирган. Султон Фотиҳга бағишлаб, “Ғароиб ал-луғот” асарини битган. Унинг “Мезон ас-сарф” асари шуҳрат қозонган.

Али Қушчи раҳимаҳуллоҳ дунёга машҳур олимлардан биридир. У зот Мирзо Улуғбек раҳимаҳуллоҳ вафот қилганидан кейин Самарқанддан кетиб, Қустантиния – Истанбулга Султон Фотиҳ хизматига борганлар. Султон Фотиҳ уни ниҳоятда ҳурмат-иззат ва икром билан кутиб олган. Унинг Табриздан Истанбулга қараб йўлга чиққанини эшитиб, Султон Фотиҳ ҳар бир марҳала учун 1000 (минг) дирҳамдан унга берилишига амр қилган. Истанбулга етиб келиши биланоқ, илк учрашувда Али Қушчи раҳимаҳуллоҳ ўзининг ҳисоб илмига оид Султон Фотиҳга бағишланган энг машҳур рисоласини – “Муҳаммадия” номи билан атаб, унга тақдим қилади. Кейинчалик ҳайъат илмига оид “Фатҳия” номли асарини ҳам унга бағишлаган. Султон Фотиҳ уни машҳур “Аё Сўфия” мадрасасига ҳар куни 200 (икки юз) дирҳам маош билан бош мударрис қилиб таъйинлаган. Султон Фотиҳ Истанбулга ташриф буюрган Али Қушчи раҳимаҳуллоҳни бирга келган тамоми кишиларини қандайдир мансабларга таъйинлашга фармон чиқарган эди. Ҳолбуки, у зот билан бирга икки юз нафар зот келган экан.

Али Қушчи раҳимаҳуллоҳ “Кашшоф”га шарҳ битган, ашъарий-мотуридий ақидасига оид “Шарҳ ал-Матолеъга”га ҳам ҳошия боғлаган, ҳанафийликнинг энг машҳур фиқҳий матни бўлмиш “Мухтасар ал-Виқоя”га алоҳида шарҳ битган зотдирлар. У зот Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу ёнларига дафн қилинган.

Ҳасан Чалабий ибн Муҳаммадшоҳ ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ ўша даврнинг энг машҳур уламоларидан биридир. У зот камтарлик юзасидан асло уловга минмас эканлар. Аввалига Адирнадаги “Ҳалабия” мадрасига мударрис бўлганлар. Сўнгра, Султон Фотиҳдан шахсан рухсат олиб, Мисрга бориб ўқиганлар. Жумладан, наҳв фанига оид машҳур “Муғний ал-лабиб” асарини, ҳадисдан “Саҳиҳ ал-Буорий”ни Мисрда ўқиб, устозлардан ижоза олиб, Қустантиния – Истанбулга қайтиб келади. “Муғний ал-лабиб”га ажойиб шарҳ битиб, уни Султон Фотиҳга бағишлайди. Султон Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ уни ўқиб кўриб, унинг илмига тан берган ва Изниқдаги мадрасага мударрис қилиб таъйинлаган экан. Кейинчалик уни Қустантиния – Истанбулдаги илк қурилган саккиз мадрасадан бирига бош мударрис қилинган. Ашъарий-мотуридий таълимотини ўзида акс эттирган “Шарҳ ал-Мавоқиф”га, шунингдек, ҳанафийлик усул ал-фиқҳига оид “ат-Талвиҳ”га шарҳлар битганлар.

Ҳасан Чалабий раҳимаҳуллоҳ “Ҳошият ат-Талвиҳ” асарида муташобеҳ сифатли оят ва ҳадисларни таъвил қилишни ёқлаб, таъвилни фақатгина мутааххирин олимлар, кейинги даврдаги мотуридийлар ёқлаган, деган гапни рад қилиб, таъвил ўтган даврлардан ҳам бўлган дея: و ليس كذلك بل التأويل كان فى القرن الأوّل و الثانى – “Бундай эмас. Балки таъвил аввалги ва иккинчи замонларда ҳам (яъни, саҳоба ва тобеъинлар даврида ҳам) бўлган”, деганлар (“ат-Тавзиҳ маъа ат-Талвиҳ”. Ҳасан Чалабий асари алоҳида ҳошияда илова қилинган. – Қозон, 1902. – Б. 193).

Шайх Мусаннифак номи билан танилган олимлардан бири Шайх Али ибн Маждуддин Муҳаммад ар-Розий (ваф. 875ҳ./1470) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, таниқли ашъарий олими Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳнинг авлодидан ҳисобланади. У Қустантиния – Истанбулга келганида, Султон Фотиҳ унга ҳар куни 80 (саксон) дирҳам маош таъйинлаганлар. У зот жуда кичик ёшидан китоб ёзишни бошлаганлари учун “Мусаннифак” (“Кичкина муаллиф”) номи билан танилган экан. Юздан ортиқ асарлар ёзгани маълум, саксон беш ёшларидан ўтганларидан сўнг, ёзмасликка қарор қилган эканлар. У зот Султон Фотиҳнинг амри билан Қуръони каримга форс тилида тафсир ёзганлар. Ҳанафий олими сифатида “ал-Ҳидоя”, “Шарҳ ал-Виқоя” кабиларга шарҳ битганлар. Мотуридий олими сифатида эса “Шарҳ ал-Ақоид”га ҳошия боғлаганлар.  Шайх Мусаннифак раҳимаҳуллоҳ Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу қабристонига дафн қилинган.

Мавлоно Ҳамидуддин ал-Ҳусайний (ваф. 908 ҳ./1502 м.) раҳимаҳуллоҳ Қустантиния – Истанбул қозиларидан ва муфтийларидан бири. Султон Фотиҳнинг шахсан ўзи уни Бурсадаги мадрасага бош мударрис қилган, кейинчалик Истанбулдаги саккизта мадрасадан бирига бош мударрис қилиб таъйинлаган.

Мавлоно Ҳамидуддин ал-Ҳусайний раҳимаҳуллоҳ ҳақларида: “Агар Истанбулдаги китоблар ёниб кетганида ҳам, унинг ҳифзи – ҳофизаси билан уларни қайта тиклаш мумкин эди!”, дейилган экан. У зот ашъарий-мотуридий таълимотига оид “Шарҳ ал-Матолеъ”, “Шарҳ ал-Мухтасар” каби асарларга ҳошия-изоҳ битганлар.

Фахриддин Яҳё ар-Румий (ваф. 864/1460) раҳимаҳуллоҳ Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳга атаб ҳанафий фиқҳига оид “Муштамил ал-аҳком” асарини битганлар. Бу асар ўша давр қозилари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилган.

Қора Синон лақаби билан танилган Юсуф ибн Абдулмалик ар-Румий (ваф. 852/1448) раҳимаҳуллоҳ ҳанафийлик усул ал-фиқҳига оид Абулбаракот ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг машҳур “Манор ал-анвор” асарига “Зайн ал-манор” номли шарҳ битганлар.

Хуллас, Қустантиния – Истанбулни фатҳ қилган Султон Фотиҳ Муҳаммадхон атрофидаги олимларнинг барчаси ҳанафий мазҳабидаги, мотуридий ақидасидаги, машҳур тариқатлардан бирига мансуб зотлар эди.

ХУЛОСА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мотуридий эътиқодли ҳанафий мазҳабидаги, нақшбандий тариқатидаги одамларни мақтаб башорат қилганлари эътиқод ва амалиётдаги ушбу мазҳабларнинг ҳақлигини тасдиқлайди! Зотан, хурофот ва ботил ҳамда уни қилувчи шахслар ҳеч қачон мақталмаслиги ўз-ўзидан маълум. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қустантиния албатта фатҳ этилажак. Унинг амири қандай ҳам яхши амирдир! Бу қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир!”, деб мақтаганлари Қустантиния – Истанбулнинг фотиҳи Султон Муҳаммад Фотиҳнинг у ерда қурдирган илк жомеъсининг пештоқига ифтихор билан ёзиб қўйилган. Бугунги кунда ҳам ушбу катиба у ерда кўрк бағишлаб турибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадиси шарифларини бугунги куннинг айрим ноаҳллари заифга ёки сохта-тўқимага чиқаришга урунаётганини кўриш мумкин. Ҳолбуки, ҳадисшунос муҳаққиқ олимлар Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ, Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ, Имом аз-Заҳабий, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ, Ҳофиз ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ кабилар мазкур ҳадисни саҳиҳ ва унинг ровийларини ишончли деб баҳолаганлар. Ана шу маълумотнинг ўзи бизга мазкур ҳадисга ишонишимизга кифоя қилади.

Қустантиния – Истанбулни фатҳ қилган фотиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан “энг яхши” деб таърифланган экан, биз уларнинг мотуридий эътиқодли ҳанафий мазҳабидаги, нақшбандий тариқатидаги одамлар эканини айтишимиз керак. Биз буни юқорида бирма-бир исботлашга ҳаракат қилдик. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, мотуридий эътиқодли ҳанафий мазҳабидаги, нақшбандий тариқатидаги одамлар мусулмонлар ичидаги энг яхши одамлар эканига шак-шубҳа йўқ!

Биз ҳанафий мазҳабига тақлид қилишимиздан, мотуридий ақидасида мустаҳкам туришимиздан, нақшбандия тариқатига ихлос қилишимиздан фахрланамиз! Зотан, асил аҳли суннат ва жамоат таълимоти айни мана шулардир!

Сиз ҳам мотуридий эътиқодли ҳанафий мазҳабидаги, нақшбандий тариқатидаги мусулмон бўлиб қолаверинг. Ноаҳл ва нокасларнинг сафсаталарига қулоқ тутманг. Шунда, файз-у футуҳ, фатҳ-у зафар, ютуқ ва ғалаба Сизники бўлади!

Ҳамидуллоҳ Беруний. 

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *