ҒИЙБАТДАН ҚУТУЛИШНИНГ 2 УСЛУБИ

2107Ғийбат тил офатлари ичида кенг тарқалаган маънавий касалликдир. Замонамизда бу дардга чалинмаган одамнинг ўзи йўқ бўлса керак. Авомнику қўя турайлик, ҳалол-ҳаромни фарқига борадиган зиёлилар ҳам ғийбатчилик дардига гирифтор бўлишган. Чунки, таниш-билишлари ортидан унга оғир ботадиган гап гапирмайдиган одамни топишнинг ўзи амри маҳол.

Бахтли замонларда яшаб ўтган салафи солиҳларимиз ғийбатдан қутулиш учун турли чораларни ўзларида синаб кўришган экан. Ҳижрий иккинчи асрнинг охири ва учинчи асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган Басралик олим Абу Абдуллоҳ Ҳорис Муҳосибий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Рисола ал-мустаршидин” номли асарига Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ таълиқ битган. Шунда ғийбатдан қутулиш ҳақида икки ажиб ҳикояни келтиради. Биринчисини имом Ибн Касирнинг “ал-Бидоя ван-ниҳоя” асаридан нақл қилган:

Суфён ибн Ҳусайн Воситий айтади: мен бир куни Басра қозиси Иёс ибн Муовиянинг олдида бир одамни ғийбат қилдим. Иёс ибн Муовия заковатда донғи чиққан тобеинлардан бири эди. У киши менга бир назар солдида, важоҳат билан деди:

— Румга қарши ғазотда қатнашганмисан?

— Йўқ…

— Синд, Ҳинд, Туркларга қаршичи?

— Йўқ. Уларга қарши ғазотларга ҳам чиқмаганман—дедим. У:

— Сендан румликлар, Ҳинд, Синд ўлкасида яшовчилар, турклар омон қолибдию, аммо диндош мусулмон биродаринг омон қолмаптида, а?—деди.

Шу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Шундан кейин биронта ҳам мусулмонни ортидан уни ҳафа қиладиган ғийбат сўз гапирмадим. Чунки мен аслида душманим қолиб, ўз дўстимнинг гўштини ер эканман…

Икинчи ҳикояни Абдулфаттоҳ Абу Ғудда Қози Иёзнинг “Тартиб ал-мадорик” асаридан нақл қилади:

Мисрда, ҳижрий иккинчи асрда яшаб ўтган Абдуллоҳ ибн Ваҳб ал-Қуроший деган муҳаддис олим бор эди. Имом Молик, Лайс ибн Саъд, Суфён Саврийларнинг яқин дўсти бўлган. Ўта зоҳид, обид фақиҳ зот эди. Шу одам ғийбат балосидан қандай халос бўлганини сўзлаб берган: Мен ўзимга ўзим сўз бердимки, қачон ғийбат қилсам бир кун рўза тутаман. Бу услуб ғийбатдан воз кечишимда самара бермади. Нафсимга оғирлик қилмади. Ғийбатни қилиб, рўза тутиб юравердим.

Кейин чорани ўзгартирдим. Қачон ғийбат қилсам бир дирҳам садақа қилишни йўлга қўйдим. Буниси оғир экан. Охир оқибат ҳеч кимни ғийбат қилмай қўйдим. (Рисола ал-мустаршидин. Таълиқи Абдулфаттоҳ Абу ғудда. 50-51 – Б).

Юқорида зикр қилинган икки услуб, яъни ғийбатчи душманини эмас, ўз диндош биродарининг гўтштини еяётганини мулоҳаза қилиши, ёки Абдуллоҳ ибн Ваҳб сингари ҳар ғийбатига маълум миқдор маблағни садақа қилишни йўлга қўйиши ғийбатчиликдан халос бўлишда бизга ҳам натижа берса керак. Келинг шу услубдан бирини синаб кўрамиз…

Абдуллаев ЎКТАМЖОН

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *