ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ 2-қисм

14251477341Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ яратган жамики мавжудотнинг энг афзали ва шарафлисидир. Ул зоти шарифни Аллоҳ бошқа пайғамбар ва расулларда бўлмаган бир қанча фазилатлар билан хослаган. Сирожуддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ эътиқод илмида битган “Бад ул-амолий” қасидасида жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хусусиятларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар. Аввалги мақоламизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учта алоҳида хусусиятини баён қилган эдик. Бу мақолада ҳам Сирожуддин Ўший раҳимаҳуллоҳ манзумаси асосида яна учта хусусиятларини ёритамиз.

Тўртинчи хусусият

Назм соҳиби шундай дейди:

إمام الأنبياء بلا اختلاف  *  و تاج الأصفياء بلا غختلال

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамики пайғамбарларнинг имомидир. Бу масалада ихтилоф йўқ. Шунингдек, ул зот жамики қалби соф валийларнинг ҳам тожидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг мутлақ шарафлиси ва афзалидирлар. Бу масалада бирор хилоф қараш бўлмаган, балки жамики салаф ва халаф уламолари бировоздан шундай деб ижмоъ қилганлар.

Исро кечасида Расулимиз алайҳиссалом пайғамбарларга имомлик қилганлар. Уларнинг олдида меҳробга ўтишлари ул зоти шарифнинг қадри юқори эканлигини билдиради.

Шунингдек ул зот жаноби олийлари Аллоҳга ибодат билан қурбат ҳосил қилган қалби соф валийларнинг тожмисол афзалидирлар. Балки, пайғамбаримиз аввалги ва охиргиларнинг ҳам саййидидир!

Бешинчи хусусият

و باق شرعه فى كل وقت  *  الى يوم القيامة و ارتحال

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати ҳар замон боқийдир. Ул зот келтирган дин аҳкомлари то қиёмат қоим бўлиб бу дунёдан у дунёга кўчиш вақтигача амал қилади.

Аллоҳ тало Қуръони каримда таъкидлаб айтади:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз. (Ҳижр сураси / 9).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатини бекор қилувчи бирорта ҳам шариат бўлмайди. Чунки ул зот энг сўнгги пайғамбардир. Охирзамонда Исо ибн Марям алайҳимас-салом осмонда тушиб ерда фаолият олиб боради. Аммо у киши ўз шариати билан эмас, балки бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобе бўлиб иш олиб боради.

Олтинчи хусусият

و حق امر معراج و صدق  *  ففيه نص اخبار عوال

Меърож иши ҳақиқат ва ростдир. Бу ҳақда исноди олий хабарлар бор!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир ўзига хос хусусиятлари шуки, ул зоти шарифни Аллоҳ Исро кечасида Ўзи хоҳлаган масофагача сайр қилдирган. Бу бошқа бирор пайғамбарларда бўлмаган. Фақат хоссатан Расулимиз Муҳаммад алайҳиссаломдагина бўлган. Ўша кечаси уммати муҳаммадияга беш вақт намоз фарз бўлган.

Масжид ал-ҳаромдан Масжид ал-ақсогача бўлган тунги сайрни “Исро” дейилади. Исро Қуръон билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади:

سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلاً مِّنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ البَصِيرُ

Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир. (Исро сураси / 1).

Меърож эса Масжид ал-ақсодан само оламига Аллоҳ хоҳлаган жойгача сайр қилдирилишига айтилади. Исронинг ҳужжати Қуръон. Меърожнинг ҳужжати эса исноди олий хабарлардир.

Исноди олий хабар деб ровий билан Расулуллоҳнинг орасида ривоят қилувчилар сони кам бўлган ҳадисга айтилади. Масалан бир ҳадисда имом Бухорий билан Расулуллоҳ орасида уч нафар ровий бор. Яна бирида эса 5 нафар. 3 нафари олий, 5 нафари нозил хабар дейилади. Исноди олий ҳадис нозилга нисбатан қувватли ҳисобланади.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *