УЙДИРМА ТУШ ҲАҚИДАГИ МАКТУБ

photo_2Ҳозирда интернет ва телеграмм тармоқларида айланиб юрган бидъат мактубларга мусулмонлар ва бизнинг азиз халқимиз алданиб қолмаслигини истаймиз. Бу хилдаги бидъатона хатлар  Саудия Арабистонидан тарқатилганини, Мадинадаги “Масжиди набавий”нинг Шайх Аҳмад деган номаълум имоми тушида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганини айтиш билан бошланади. Шундан сўнг, бир қанча фазилатли амалларни қилишга чақирилиб, ушбу мактубни 20 одамга (айримларида бу рақам ўзгариши мумкин) тарқатилиши айтилади. Ким буни тарқатса, ишлари юришиб кетиши таъкидланади. Фалончи-писмадончилар уни тарқатмагани учун ўлиб қолган, деб қўрқитилади.

Бу бизнинг давримизда пайдо бўлган бидъат ишлар жумласидандир. Одамларни фазилатларга чақириш бу тарзда бўлмаслиги керак, одамларни бу тарзда қўрқитилмаслиги лозим. Бу ношаръий ишдир! Унинг ношаръий эканини бу тарзда тушунтирсак яхши бўлади:

1) Бу ёлғон хабардир. Чунки, бу хабарнинг аввал ким томонидан ва қаердан чиқарилгани маълум эмас. “Масжиди набавий”нинг Шайх Аҳмад деган имоми бўлган эмас. Бўлган тақдирда ҳам, у “Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушимда кўрдим”, деб айтган эмас!

2) Гарчи тушда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриладиган бўлса, айнан ўзларини кўрганлик рост бўлган тақдирда ҳам, у зотнинг тушдаги кўрсатмалари шаръий ҳукм деб эътиборга олинмайди. Бу – дунёдаги жами ислом ҳуқуқшунос уламоларининг иттифоқ билан айтган фатволаридир! Яъни, бошқалар у ёқда турсин, ҳатто шу тушни кўрган одам ҳам уларга амал қилиши вожиб бўлмайди. Шариат зоҳирга суянади, тушга эмас ҳамда шариат уламолар орқали ва шаръий китоблар орқали олинади, қанақадир мавҳум тушлардан эмас!

3) Аллоҳ таолонинг “Қуръон”и мусулмонларнинг энг муқаддас китоби экани барчага маълум. Ўтмишда ҳам, бугун ҳам, келажакда ҳам ҳеч ким “Қуръон”ни, масалан, 20 одамга тарқатиши ва юбориши керак, деган эмас. Зотан, “Қуръон”ни 20 одамга тарқатиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас, суннат ҳам эмас. Бировга бирорта “Қуръон” бермаган ёки юбормаган кимсанинг ишлари юришмай қолган эмас. Одамзот ишларининг юришиши ёки юришмаслиги бир бидъатона мактубга ва ҳатто “Қуръон”га ҳам боғлиқ эмас! “Қуръон”ни тарқатмаган одамлар ўлиб қолган, деб ҳеч бир ақлли инсон айтган ҳам эмас! Инсоннинг ўлими бир бидъатона мактубга ва ҳатто “Қуръон”га ҳам боғлиқ эмас!

4) Ҳатто “Қуръон”ни айнан 20 одамга ўргатиш ва билдириш “Қуръон”ни кўрган, ушлаган ва ўқиган ҳар бир одамга лозим деб ҳеч ким айтган эмас. Ҳеч бир уламо “Қуръон”ни 20 одамга ўргатиши ва билдириши фарз ёки вожиб ёки суннат, деб айтган эмас! “Қуръон”ники 20 одамга ўргатиш ва билдириш лозим бўлмас экан, қанақадир бидъат мактубни билдириш асло лозим эмас!

5) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадиси шарифларини ҳар бир мусулмон айнан 20 одамга, ундан оз ёки кўп одамларга юборишини шариат фарз деб айтган эмас, вожиб санаган эмас, суннат ҳисоблаган эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳиҳ ҳадисларини тарқатиш ва кимларгадир юбориш ҳар бир мусулмонга лозим бўлавермайди. Айниқса, ишнинг юришиб кетиши саҳиҳ ҳадисларга боғлаб қўйилмаган, саҳиҳ ҳадисларни ўз танишларига юбормаслик ўлимга сабаб бўлмайди. Бас, шундай экан, қанақадир бидъатона мактубга ишнинг юришиб кетишини боғлаш, уни юбормаганлар вафот қилади, деб айтиш жоиз эмас!

6) Ислом душманлари шу хилдаги бидъатона мактубларни мусулмонлар орасига тарқатиб, исломдан совутиш мақсадини кўзлашади. Чунки, бирорта иши юришмаётган одам ихлос билан “ишим юришсин”, деб туриб, шу хатни тарқатиб кўради ва иши юришмагач, исломдан юз ўгириши, шариат одамларига ишонмай қолиши мумкин. Дин душманлари бу хилдаги ёлғон хабарларни тарқатишга ўч бўлишади.

Юқоридаги оддий ва мантиқий маълумотлардан маълум бўладики, бу хилдаги бидъат мактубларни тарқатиш, уларга ишониб қолиш, бу билан одамларни ташвишга қўйиш ва қўрқитиш, одамларнинг азиз вақтларини беҳудага сарфлатиш асло жоиз эмас. Мусулмонлар ва халқимиз бундан огоҳ бўлиб, ўзларини маданиятли тутмоқлари керак. Кўзига кўринган, қулоғига илинган, телефонига келган, телеграммига тушган ҳар нарсага ишониб кетавериш ақлли одамнинг иши эмас! Илтимос, бидъат мактубларга ишонманг, уларга алданиб қолманг!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *