АБУ БАКР СИДДИҚНИНГ ВАСИЯТИ

75120_1428376124Ўлим тўшагида ётган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни хузурига чорлаб шундай деди: Эй Умар, агар қабул қилсанг сенга бир қанча васиятларим бор:

Аллоҳнинг тунги ҳақлари бор уларни кундузи қабул қилмайди;

Шунингдек, Аллоҳнинг кундузги ҳақлари бор уларни тунда қабул қилмайди; (Яъни, ҳар бир кеча кундузда қилинадиган ибодатларнинг ўз вақти бор. Ибодатлар ўз вақтида адо қилинса қабул бўлади. Ҳар бир тоатни ўз вақтидан олдинга ҳам кейинга ҳам сурмагин).

Аллоҳ таоло то фарзлар адо этилмагунча нафлларни қабул қилмайди; (Шундай экан фарзларга маҳкам бўлгин. Фарзни қўйиб нафл ибодатлар билан оввора бўлма. Кўпинча шайтон обидни худди шу ерда алдайди. Ўзи йўлга қўйган нафл вирдларига маҳлиё бўлиб, фарзларга бепарво бўлиб қолади. Ва ҳолбуки нафллар қачонки фарзлар тўкис адо этлсагина кейин қабул қилинади).

Биласанми, солиҳ инсонларнинг амал тарозуси охиратда нега оғир босади? Чунки улар дунёда ҳаққа тобе бўлишган. Ҳаққа тобе бўлиш эса жуда ҳам оғирдир! Ундан ҳам оғирроқ нарса бор эканми?! Охират куни тарозунинг зиммасига ҳақни оғир қилиб кўрсатиш юклатилган;

Биласанми, фожирларнинг амал тарозуси охиратда нега тош босмайди? Негаки улар дунёда нафсларига эргашиб енгил ишларни ихтиёр этишган. Ботилга тобелик енгилдир ва ундан ҳам енгилроқ иш бор эканми?! Қиёмат куни тарозунинг зиммасига ботил амалларни енгил қилиб кўрсатиш юклатилган;

Биласанми, Аллоҳ таоло Қуръонда ҳар бир шиддат ояти ортидан умидбахш оятини, умидбахш ояти ортидан эса шиддат оятини нозил қилган. Токи банда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор ва азобидан қўрқувда бўлсин, ўзини ҳалокатга дучор қилмасин ва ноҳақ нарсалардан умидвор бўлмасин учун;

Агар бу насиҳатларимни қулоққа олсанг сенга ўлимдан кўра севимлироқ нарса бўлмагай. Агар қабул қилмасанг сен учун ўлимдан кўра ёқимсизроқ нарса бўлмагай.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам, унинг насиҳатига қулоқ тутган ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам аслида тириклик чоғларидаёқ жаннат башоратини олган бахтли саҳобалардан эди. Уларнинг бири иккинчисига қилган насиҳатига қаранг! Аслида бу насиҳат бутун уммат учундир. Бу насиҳатномада уммати муҳаммадиянинг саодат топишига етарли сабоқлар бор. Янаям аниқроқ айтсак айнан бугунги замон мусулмонлари—биз учун дарс бор! Ибрат бор! Тўғри эмасми?!

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *