РАСУЛУЛЛОҲДАН УЧТА МУҲИМ НАСИҲАТ

attachment.5555Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди бугунги умматнинг ҳолини олдиндан билгандек, керакли насиҳатни қилиб қўйган эканлар. Шу ҳадиснинг учала бандида айтилган ишлар бугунги умматнинг энг оғриқли муаммоларидандир! Умр қисқа ва ғанимат. Ҳолимизни ислоҳ қилмасак эрта қиёматда қийналиб қолишимиз тайин! Эътибор беринг:

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

من تقول على ما لم اقل فليتبوأ مقعده من النار و من استشاره اخوه المسلم فاشار عليه بغير رشد فقد خانه و من افتى فتيا بغير ثبت فاثمه على من افتاه

  • Кимки мен айтмаган гапни “Расулуллоҳ айтган” деса, дўзахдан бўлган жойига тайёргарлигини кўрсин!
  • Кимданки диндош мусулмон биродари маслаҳат сўраса ва у нотўғри маслаҳат берса, бас, у ўз биродарига хиёнат қилибди!
  • Кимгаки асоссиз фатво берилган бўлса, бунинг гуноҳи фатво айтгангадир! Ал-адаб ал-муфрад/259. Имом Бухорий.

Изоҳ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган, демаган сўзни ул зотга нисбат бериш шаръан ҳаромдир. Ҳатто яхши ниятда бўлса ҳам жанобимиз айтмаган сўзни бу ҳадис деб гапириб бўлмайди. Бу ғирт ёлғон ва бўҳтондир. Бу танбеҳ умуман олганда ҳаммамизга сабоқ. Хусусан эса, кўпроқ воизу насиҳтгўйларга тегишли. Чунки сўзларини таъсирли чиқиши учун кўпроқ ўшалар айтаётган “ҳадислари”нинг соғлом ва носоғломлигига аҳамият беришмайди ва ўйлаб ўтирмасадан “ҳадисда ундай келган, бундай келган. Расулуллоҳ ундай деган бундай деган”—деб аравани қуруқ олиб қочишади. Расулуллоҳга ёлғон тўқиш билан бошқа одамларга туҳмат қилган орасида катта фарқ бор. Ул зотга қилинган туҳматнинг гуноҳи ул зотнинг шаънига яраша катта ва оғирроқ бўлади.

Ҳадиснинг иккинчи бандидан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин: мусулмон мусулмоннинг диндош ака-укаси ҳисобланади. Ўшанинг учун ҳам ҳадис матнида “اخ”  ака ва ука маъносини англатувчи сўз қўлланган. Агар бир мусулмон бошқа мусулмондан маслаҳат сўраса, демак у ўз манфаатини ишониб бир яқин биродарига топширяпти. Шу ҳолатда атайин нотўғри маслаҳат берган одам ўз биродарига хиёнат қилган билан баробар ҳисобланар экан. Кўпинча янги иш бошламоқчи бўлганлар танлаган соҳаларида тажриба орттирган мутахасислардан маслаҳат сўраб боради. Худди шу чоқда нонига “шерик” чиқишидан хавфсираб маслаҳат сўраб келган одамни фикридан қайтаришга уриниш, унга нотўғри маслаҳат бериб, бошқа соҳадан иш қидиришни маслаҳат берилади. Бу ҳолат хозирги замонда ҳамма соҳада учрайди. Ҳадисда шу ишнинг асли хиёнат экани уқтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда илмсиз фатво берадиган чаламуллаларнинг ўзбошимчалигига ҳам алоҳида тўхталганлар. Бирор иш ё нарсанинг шаръий ҳукмини билмасдан, ўзидан кўра билимлироқ деб билган биродарига юзланадиганлар кўп. Масалан, “фалончи ака, сиз масжидга кўп борасиз. Фалон ишнинг ҳукми қандай бўларкин?” – дейди. Худди шунда “билмайман” дейишдан уялиб, ўзича, масаланинг аниқ ҳукмини билмасдан “ундай ё бундай”, деб фатов берадиганлар йўқ эмас. Унга ишониб савол сўраган одам, раҳмат айтиб унинг фатвосига таяниб иш кўриб кетаверади. Аслида эса икковининг ҳам иши шариатга мос келмаган. Бу пайтда асосий жавобгарлик ўзича фатво берган чаламулланинг бўйнига тушар экан.

Ойбек РАҲИМОВ

“Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Андижон тумани

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *