ОЛИМЛАР ҲУРМАТИ

f3532ee6ddb983e311c0ad65ff982406Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир гуноҳ саналади.

Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади.

Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади.

Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади.

“Аллоҳ билдирган шиорларни” дея маъно берганимиз сўз ояти каримада “шаъоируллоҳ” лафзи билан ишлатилган. Аслида бу сўзни бир лафз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъоируллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарса тушунилади.

Олимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг энг бошида турадилар. Бунга далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар жуда кўп.

Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу)дари ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса менинг умматимдан эмас” (Имом Аҳмад ривояти).

“Наводиру-л-усул” китобида ушбу муборак ҳадисга қуйидагича шарҳ берилган: “ёши кекса инсонни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Чунки, кекса инсон узоқ муддат давомида ҳаётини ибодатда ўтказди. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳнинг ишига мувофиқ иш қилишдир. Чунки, Аллоҳ кичикка раҳм қилиб, ундан бандалик ишларини талаб қилмади. Гуноҳ қилса, жазо тайинламади. Олимнинг ҳаққини билиш эса илмнинг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси).

Мазкур ҳадиси шариф устозу муаллимлар каби Аллоҳ улуғ қилган ҳамда шаръан ҳам, ақлан ҳам эҳтиромга лойиқ бўлган кишиларга ҳурматсизлик қилиш нақадар ёмон иш эканлигига далолат қилади.

Ўтган улуғларимиз, солиҳ салафларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар.

Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади», дейдилар.

Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: «мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан», дер эди.

Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим».

Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: «Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: «ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам».

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).

Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.

Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат лаънати замон ва лаънати макондагина эҳтиром қилинмайдилар. Чунки, Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир.

Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, алим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Нававий «ал-мажмуъ»да ёзишича, қадимда ўтган улуғларимиздан бирлари ҳар сафар муаллимининг ҳузурига кетаётганда етим-есирларга садақа ва хайр-эҳсон қилар экан. Сунг, қўлларини дуога очиб: «Илоҳо, муаллимимнинг айбини мендан яширгин! Ва унинг баракасидан мени маҳрум қилмагин!», дея илтижо қилар экан.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *