АМАЛИМИЗ ЯГОНА ВА ҚАҲҲОР ЗОТ УЧУНДИР!

depositphotos_37668419-stock-illustration-question-answerСалафийларга раддия борасида фойдали савол-жавоблар:

— Агар сиздан Салафий «Аллоҳ қаерда?» деб сўраса, унга нима деб жавоб берасиз? — Унга «Аллоҳ азалда, азалда Ундан бошқаси бўлмаган» деб айтилади. Азалда осмон, Арш ва Курсий бўлмаган. Макон ҳам, томон ҳам бўлмаган. Аллоҳ маконсиз ва томонсиз мавжуддир!

— Агар Салафий сиздан «Маконсиз ва томонсиз мавжуд бўлиш ақлга сиғадими?» деб сўраса, нима деб жавоб берасиз? — Унга «Аллоҳ таоло макон ва томонни яратишидан олдин, маконсиз ва томонсиз мавжуд бўлганидек, маконни ва томонни яратганидан сўнг ҳам маконсиз ва томонсиз мавжуд бўлиши дуруст бўлаверади. Бу нарса Аллоҳнинг мавжудлигини бекор қилмайди!» деб айтилади.

— Агар қайсарлик қилиб, «Сен Роббингни инкор қилаяпсан» деб айтса, нима деб жавоб берасиз?. — Унга «Сен гумонинг бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Роббини инкор қилган, деб туҳмат қилган бўласан. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб айтганлар: «Аллоҳ бор эди ва Ундан бошқа бирор нарса бўлмаган!» (Имом Бухорий ривоят қилган)», деб айтилади.

— Агар сиздан «Аллоҳнинг Зоти бор деб биласанми?» деб сўраса, нима деб жавоб берасиз?. — Унга «Аллоҳнинг Зоти деганда бошқа ҳақиқатларга ўхшамаган Аллоҳнинг ҳақиқати тушунилади. Аммо, сенинг наздингдаги Зот эса, жисмдир!» деб айтилади.

— Салафий сиздан «Аллоҳ оламнинг ичидами ёки ташқарисида?» деб сўраса, нима деб жавоб берасиз?. — Унга «Олам йўқ пайти ҳам Аллоҳ азалда эди. Аллоҳ оламнинг ташқарисида, дейилмайди. Олам яратилганидан сўнг Аллоҳ оламнинг ичида бўлди, деб ҳам айтилмайди. Чунки, Аллоҳ ўзгармайди. «Ҳидаятул ҳаяро» деган китобда Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ: «Балки, Пайғамбарларнинг барчаси аввалидан охиригача битта эътиқодда бирлашади», деб келтирадилар ва пастроқда «Тўртинчиси (яъни, Аллоҳ таоло ҳақида эътиқод қилиш лозим бўлган шартлардан бири): Аллоҳ таоло ўзгармайди» деб зикр қиладилар», деб айтилади.

— Агар Салафий сиздан (устингиздан мазаҳ қилиб) «Аллоҳ таоло ўзгармайди» деган сўзнинг маъноси нима?», деб сўраса, нима деб жавоб берасиз?. — Унга «Аллоҳ таоло маконни яратишидан олдин маконсиз азалда бор эди. Уни яратганидан кейин ҳам азалда маконсиздир. Чунки, У Зот ўзгармайди», деб айтилади.

— Агар Салафий сиздан «Аллоҳ тепада ҳам эмас, пастда ҳам эмас, олдинда ҳам эмас, орқада ҳам эмас, ўнгда ҳам эмас, чапда ҳам эмас, деган сўзингни қаердан олиб гапираяпсан?» деб сўраса, нима деб жавоб берасиз?. (Димашқияларнинг сўзи). — Унга «Унга (Аллоҳга) ўхшаш бирор нарса йўқдир», оятидан. Тепа деган нарсанинг эса кўплаб мисоллари бордир. Бизнинг айтган сўзимизни Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини нақл қилиб келтирган Имом Таҳовийнинг сўзлари ҳам қўллаб-қувватлайди: «Аллоҳ таолони яратилган нарсаларда бўлганидек, олти томон ўраб турмайди!» деганлар», деб айтилади.

— Агар Салафий сизга «Агар Аллоҳ оламнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам бўлмаса, сизлар Роббингизни зое қилибсиз» деб айтса, нима деб жавоб берасиз? (Димашқияларнинг сўзи). — Унга «Олам Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилган яратган махлуқи. Азалда фақат Аллоҳ бордир. Аллоҳ Ўзининг ягона эканини айтади! Сизларнинг мусибатингиз Аллоҳ таолони тасаввурингизга солиб, махлуқотларига солиштиришингиз ва бунга эътиқод қилишдан бошқасини қабул қила олмаслигингиздир! Бу шайтоний солиштиришдир!» деб айтилади.

— Агар Салафий сизга «Аллоҳ таоло бирор макон тутмаган ҳолда Аршнинг устида мавжуддир» деб айтса, унга нима деб жавоб берасиз? — Унга «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аршнинг устида китоб (Лавҳул маҳфуз) борлиги собит бўлган» деб айтилади.

— Агар Салафий сизга «Аллоҳ таоло Аршдан юқорида махлуқ бўлмаган (яратилмаган) томондадир» деб айтса, нима деб жавоб берасиз? — Унга «Сен «Яратилмаган томон» деган сўзинг билан Аллоҳ таолога азалда шерик бор деган бўласан. Бу ширк ва залолатдир!», деб айтилади. Бир муддат илгари ўзимизники бўлмаган бир (интернетдаги) жамоада Аллоҳ таолони осмонда яшайди, дейдиган қайсар Салафийга раддия берган эдим. — Унга «Аллоҳ таолонинг барча нарсани яратувчиси эканига иймон келтирасанми?» дедим. — У «Ҳа» деди. — Унга «Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ таоло оламлардан беҳожатдир» оятига иймон келтирасанми?» дедим. — У «Ҳа» деди. — Унга «Сен ўзинг ҳозир ақидангни ботил эканини тасдиқладинг! Зеро, Аллоҳ таоло маскан тутадиган маконга муҳтож эмас. Чунки, У Зот оламлардан беҳожатдир!» дедим. Сўнг жамоадагилар уни жамоадан Аллоҳнинг фазли ила чиқариб юборишди…

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *