ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ 1-қисм

14251477341Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ яратган жамики мавжудотнинг энг афзали ва шарафлисидир. Ул зоти шарифни Аллоҳ бошқа пайғамбар ва расулларда бўлмаган бир қанча фазилатлар билан хослаган. Сирожуддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ эътиқод илмида битган “Бад ул-амолий” қасидасида жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хусусиятларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан шундай дейди:

و ختم الرسل بالصدر المعلى * نبى هاشمي ذى جمال

Барча расул ва набийларнинг хатм кунандаси шаъни олий, жамол сифатининг соҳиби, ҳошимий пайғамбар — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам биландир.

Бу байтда Расулимиз алаҳиссаломнинг учта шарафли хусусияти баён этилмоқда:

Биринчиси:

Аллоҳнинг ер юзига рисолати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тамом бўлиши. Жанобимиз расулларнинг энг сўнггиси экани. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً

Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Аҳзоб сураси / 40).

Демак, аҳли сунна вал-жамоа таълимотига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг сўнггиси деб, ул зотдан кейин ҳаргиз бошқа пайғамбар келмайди деб иймон келтириш вожиб бўлади. Кимки ўзини пайғамбарман деб даъво қилса, у ғирт ёлғончи каззоб бўлади!

Иккинчиси:

Байтда баён этилган иккинчи хусусият Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийнасаб эканлигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насабий силсиласи узлуксиз то Аднонгача, Аднондан эса Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломгача етиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отаси Абдуллоҳ бўлган. У Абдулмуттолибнинг ўғли. У эса Ҳошимнинг ўғлидир. Ул зоти шарифнинг қавм-қариндошларини шу катта бобоси Ҳошимга нисбатан “ҳошимийлар” деб айтилади. Юқоридаги байтда ҳам шу кўзда тутилган.

Имом Муслим Восила ибн Ашқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом шундай деганлар:

 إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى كِنَانَةَ مِنْ وَلَدِ إِسْمَاعِيلَ ، وَاصْطَفَى قُرَيْشًا مِنْ كِنَانَةَ ، وَاصْطَفَى مِنْ قُرَيْشٍ بَنِي هَاشِمٍ ، وَاصْطَفَانِي مِنْ بَنِي هَاشِمٍ

Аллоҳ Исмоилнинг болалари орасидан Кинона қавмини танлади. Кинона қавми ичидан эса Қурайш қавмини танлаб олди. Қурайшнинг ичидан Ҳошим ўғилларини, Ҳошим ўғиллари орасидан эса Мени танлади! (Имом Муслим / 4228).

Бошқа пайғамбарлар ўз қавми ичида энг зоти олий бўлса, бизнинг Расулимиз жамики пайғамбарлардан ҳам олийнасаб бўлганлар!

Учинчиси:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири ул зоти шарифнинг халқи ва хулқининг гўзаллигидир. Ҳа, Расулимиз алайҳиссалом энг чиройли ва энг одобли зот эдилар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم احسن الناس وجها و احسنهم خلقا  ليس بالطويل البائن ، ولا بالقصير

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг хушрўйи ва хилқати гўзал эдилар. Ортиқча узун ҳам, калта ҳам эмасдилар. (Бухорий / 3356).

Ул зоти шарифнинг хулқ одобларига келсак, бу мавзуда қуйидаги ҳадис етарлича далил бўлади:

Саъд ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу айтади: Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадим:

  • Менга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқ-одоби ҳақида сўзлаб беринг. Ул зоти шарифа:
  • Сен Қуръон ўқимайсанми?!—дедилар. Мен:
  • Ўқийман, албатта—дедим. Онамиз:
  • Ул зотнинг хулқи Қуръон эди!—дедилар. (Бухорий).

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўёки тирик қуръон эдилар. Қуръонда Аллоҳ мақтаган, буюрган ҳамма ишлар ул зотда мужассам эди. Қуръонда қайтарилган, қораланган барча ишлардан ўзларини тияр эдилар.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *