САБРЛИ ИМОМ

image.phpАҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг тўрт йирик имомидан бири имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ эди. У кишининг даврида бидъатчи адашган тоифалардан мўътазилалар шаҳарни деярли қўлга олишади. Уларнинг бузуқ эътиқодларидан бири Аллоҳнинг каломи Қуръонни муҳдас (йўқдан бор қилинган, янги пайдо ыилинган) деб эътиқод қилишлари эди. Аҳли сунна мазҳабимизда эса Қуръон Аллоҳнинг каломи ва у азалийдир! — Деб эътиқод қилинади.

Золим мўътазилийлар ўз даврида катта олим ва кучли таъсирга эга имом—имом Аҳмадни ҳам шу эътиқодга мажбурлай бошладилар. Чунки бу кишининг “Аллоҳнинг каломи азалий эмас, янги ёзилган муҳдас” деб бир марта айтишининг ўзи жуда кўпчиликнинг эътиқодини ўзгартириб, бу масалада мўътазилийларга қўшилиб кетишига сабаб бўлар эди.

Хуллас бир тўда мўтазилийлар имом Аҳмадни халифанинг хузурига чақиришади. Мақсад: Қуръон масаласида у кишини мўътазилийлар фикрига қўшилишига мажбурлаш эди. Имом Аҳмад халифа Мщътасим хузурига борар экан йўлда унга бир ўғри рўпара келди ва деди:

Эй Аҳмад, мен бир ўғриман. Яқинда катта бир бойликни ўмардим. Мени ўғирликда гумонлаб тутиб кетишди. Аммо айбимни эътироф қилмадим. Айбимни бўйнимга қўйишга кўп уринишди, қийноққа солишди лекин азобларга бардош бердим. Охири ҳеч нимани исбот қилиша олмагач, қўйиб юборишди. Мана кўриб турибсанки, ўзим ноҳақ бўлсам ҳам сабр қилганим учун қўлим кесилмасдан соғ-омон юрибман. Менку бир жиноятимни тан олмасдан сабрим билан соғ қолдим. Лекин сен шак йўқки ҳақ йўлдасан. Агар сабр қилсанг, мендан кўра сенга кўпроқ яхши бўлади. Бардошли бўл! Эътиқодингни ўзгартирма!

Имом Аҳмадни халифа Мўътасимнинг саройига олиб боришди. Қуръон муҳдасми ё азалийми?—деб савол беришди. У киши: Қуръон Аллоҳнинг каломи. Алллоҳнинг каломи эса инсонларнинг каломига ўхшаб муҳдас бўлмайди. Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий—деб жавоб берди. Улар Қуръон муҳдас деб айтасан, керак бўлса ёзиб берасан, дейишди. Шунда имом Аҳмад “Қуръонни муҳдас демоқ енгил нарса эмас, мен унга қодир эмасман”—деди.

Шундан кейин у кишини қўлидан осиб, ўттизтадан ортиқ дарра уришади. Воқеага гувоҳ бўлганлардан бири: минг дарра урилган одамнинг орқаси имом Аҳмадникидек моматалоқ бўлиб кетмаса керак, у кишини шу даражада қаттиқ уришдики, орқасини кўрган одам даҳшатга тушарди.

Имом Аҳмаднинг шогирдларидан бири:

— Устоз, Аллоҳ “ўзларингни ўзларинг ўлдирманглар” деб айтганку?! Хўп деп қўйсангиз, жонингиз омон қолар эди—дейди. Имом Аҳмад:

— Ташқарига чиқиб қарагинчи, қанча одам бор экан?—деди.

У ташқарига чиқиб қараса ададини Аллоҳдан бошқаси билмас даражада катта халойиқ йиғилган. Ҳаммасининг қўлида қоғоз қалам. Улар имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Қуръон ҳақидаги сўзини ёзиб олишмоқчи эди. Қайтиб кириб устозига бор гапни айтди. Шунда имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: жонимни омон сақлаб қолиш учун шунча одамни адаштираманми?! Асло ундай қилмайман! – деб жавоб берди. (Сияру аълом ан-нубало. 11 – Ж. 254 — Б).

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *