Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни (айрим кишиларга) шундай нидо қилади:
— «Эй Одам боласи, касал бўлдим, лекин ҳолимдан хабар олмадинг!».
— Банда: «Эй Раббим, қандай қилиб Сенинг ҳолингдан хабар оламан, ҳолбуки, Сен оламлар Парвардигорисан-ку?», – дейди.
— Шунда Аллоҳ: «(Эй бандам), билмадингми, фалон бандам касал бўлди, лекин уни бориб кўрмадинг. Билмасмидинг, агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!», – деб айтади” (Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф касал кўришнинг Аллоҳ наздида бениҳоя буюк аҳамиятга эга эканлигига далолат қилиши билан бирга касалланиш мусулмон учун Аллоҳ сари, Унинг васли ва важди сари очилган бир йўлак эканлигига ҳам латиф ишоратдир.
Албатта, хасталаниш, оч қолиш, сувсизликдан қийналиш каби заифликка далолат қилувчи ҳолатлар Аллоҳ таолога нисбатан маҳолдир. Зеро, У ҳар қандай айбу нуқсонлардан олий ва муназзаҳ бўлган зот. Аммо, қудсий ҳадиснинг сиёғи, ундаги баёний услуб инсонлар ўзаро ишлатадиган мажоз ва истиоралар, одамлар қалбига таъсир қиладиган сўзлар воситасида амалга оширилганлиги туфайли ундан, хасталаниш ва шу туфайли кўнгилда ҳосил бўладиган синиқиш мўмин кишини Аллоҳга яқинлаштирадиган, унинг қурбатини тақозо қиладиган мақомлардан бири эканлигини тушуниш мумкин (албатта, бундан инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, атайин танига зарар етказиш ҳолатлари мустасно).
Эътибор, беринг, ҳадиснинг бемор кишига тааллуқли қисмида Аллоҳ таоло: Билмасмидинг, агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!» , дея бу иш қилинганда банда томонидан эришиладиган мукофотни зикр қилиб ўтирмасдан, бу амал тақозосида топиладиган ва эришиладиган мавжудият бевосита Ўзи эканлигини айтган. Аслида эса бу амал туфайли топиладиган нарса Аллоҳнинг ризоси ва муҳаббати эди. Аммо, диққат қилинг, мақом нақадар буюклигига ишора бўлсин деб, Аллоҳ таоло бошқа воситаларни ўртадан кўтарди ва улардан воз кечиб, бошқа иборани қўллади: Билмасмидинг, агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!». Албатта бу бежиз эмас. Бу, хаста инсон бошқалардан кўра Аллоҳни топишга яқинроқ эканлигидан дарак. Шу эътибордан, ҳадиснинг мазмунида касал зиёрати иккинчи ўринга ўтади. Бирламчи масала эса хаста инсоннинг Аллоҳга нечоғли яқинлигидир. Буни ҳадиснинг давомидаги сийға ҳам тасдиқлайди. Ҳадиснинг давомида оч қолган ва сувсизликдан қийналган инсонлар тилга олинади. Аммо, уларга нисбатан, «унинг ҳузурида албатта, Мени топган бўлардинг!» деган лафз ишлатилмайди. Балки, бошқачароқ сўзга ўзгартирилади. Ҳадис давомини ўқиймиз: «эй Одам боласи, Мен сендан мени таомлантиришингни сўрадим, аммо сен менга таом бермадинг». Банда айтади: «эй Раббим, қандай қилиб, Сени таомлантираман, ахир Сен оламлар Раббисисанку?!». Шунда Аллоҳ айтади: «билмадингми, фалончи бандам сендан таом сўраган эди, сен эса бермагандинг? Билмаганмидинг, агар сен уни тўйғазганингда буни (нг савобини) албатта Менинг ҳузуримда топган бўлардинг?!». Демак, очликдан қийналиш, ташналикка йўлиқиш ҳам Аллоҳга яқинлаштиришда маълум маънода хасталанишдан кейинги ўринда туради. Буни ҳадиси қудсийдаги тартибдан ҳам ва касал кўришдаги мукофот учун ишлатилган услуб билан, очлик ва ташналикдан нажот беришга нисбатан қўлланган лафзий услубдан ҳам билиб олса бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло касал одамнинг олдида ўтирмайди. Аллоҳ таоло бандалари орасига жойлашиб олмайди. Албатта, ҳадиси қудсийдаги мазкур сўз яъни «агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!» деган сўз Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклигига муносиб равишда таъвил қилинади. Бу ўринда касал кўргани борган одам шу амали туфайли Аллоҳнинг ризоси ва мукофотига эришиши тушунилади. Аммо, юқорида айтилганидек, касалланган мусулмон кишининг Аллоҳни «топиши» бошқа ҳолатдаги одамлардан кўра осонроқ эканлигига ишоратан бу сўз ҳадиснинг давомида ишлатилмади.
Шу нуқтада нима учун мазлумнинг, мусофирнинг ва рўзадорнинг дуоси мустажоб эканлигининг сири ойдинлашади. Зеро, бу уч тоифани битта умумий ҳолат бир орага келтирган. У ҳам бўлса синиқликдир. Шу боис ҳам уларни бир ҳадис жамлаган. Ривоятлардан бирида Аллоҳ қалби синиқлар билан бирга эканлиги айтилади. Булардан ҳар бирининг қалбида синиқлик бор. Мусофир ғурбатда ўзига бир яқини йўқлигидан кўнгли синиқ, рўзадор очлик машаққатидан, мазлум зулмдан шикаста қалб. Худди шунга ўхшаб, хаста ҳам дарддан кўнгли ярим.
Ҳадиси қудсийда ишлатилмиш «Аллоҳни топиш» деганда худди бир кўчадан тилла топиш деган маънони тушунмаслик керак. Лекин, бизлар ожизу нотавон ва имкониятлари чекланган махлуқот бўлганимиз учун Аллоҳ таоло Қуръони карим ва қудсий ҳадисларда биз ишлатадиган иборалар билан бандаларига хитоб қилган. Қуръони каримда кўп марта Аллоҳга нисбатан ишлатилган «важада» сўзи ҳам мажозий маънодадир. Аллоҳ таоло вужуд сўзини Ўзига нисбатан кўп бора ишлатган:
«يجد الله غفورا رحيما», «لوجدوا الله توابا رحيما»
Шунинг учун ҳам тасаввуф аҳли ушбу сўзга кўп мурожаат қиладилар. Важд, вужд, тавожуд каби лафзлар сўвфийларда муомалада айланади, аммо, ҳамма ҳам бу лафзлар қаердан пайдо бўлгани, нимани англатиши ва улар орасидаги фарқлар қандай эканлигини билавермаслиги мумкин. Орифлардан бири айтади: инсонлар уч тоифадирлар: солик (Аллоҳни топиш йўлига тушган), восил (Унга етишган) ва ниҳоят вожид (Уни топган). Демак, вожид восилдан кўра олийроқ мақом экан. Чунки, интилгани бир нарсага етишган билан, унга эришган орасида катта фарқ бор. Инсон бир мақомга етишиши, аммо етишган пайтида ундан фойдаланмай, юз буриб кетиши, ёхуд ортига тисарилиши мумкин. Аммо, етишгандан сўнг, уни қўлга киритиб, ундан фойдаланиши ва уни ўзининг мавжудига айлантириши бу энди важддир. Бу соликнинг охирги мақомидир. Демак, лўндароқ ибора билан айтилса, сулук бу излаш, талаб қилиб йўлга чиқиш, кейин етишиш ва ундан кейин эса эришиш келади. Соликдан пастроқда мақом йўқ. Солик ҳам бўлмаган киши йўлдан узилган, йўлда қолиб кетган мунқатеъдир.
Шу боис, Аллоҳга етишиш истагидаги инсон аввал йўлга сулук этади. Аммо, тасаввуф аҳлининг ҳаммаси ҳам мазкур мақомотларни бир хил ифода этмайди. Баъзилар наздида йўлнинг аввали тавожуд, ўртаси важд ва охири вужуддир. Тавожуд бу важдни такаллуф қилиш, важд ҳолатини топишга интилишдир. Важд эса бу ўринда Аллоҳни муроқаба қилиб, унинг махлуқотлари ва ишлари ҳақида тааммул ва назар қилган дамларда Аллоҳ томонидан унинг қалбига очиб бериладиган шундай ҳолатки, мазкур ҳолат унга ё шодлик ва фараҳ ёхуд ижобий маънодаги ҳузн бахш этади. Шу ҳолатга эришиш учун ҳаракат қилиш тавожуд дейилади. Аммо, бу такаллуфку, наҳот такаллуф инсонни холис ва самимий ҳолатга етаклайди, наҳот бу иш ундан мақбул ва мусаллам бўлади(?) дейилса, бу ҳақда икки тоифа икки хил гап айтади. Бир тоифа важдни такаллуф қилиш мусаллам эмас, нотўғри, зеро бунда ўзида мавжуд бўлмаган ҳолатни изҳор қилиш бор, дейди. Бошқа бир тоифа эса, агар бу такаллуф ортида чин маъноларни топиш истаги бўлса, мумкин, риё учун бўлса, мумкин эмас, дейдилар ва бунга Набий алайҳисолату вассаломнинг Қуръони карим тиловат қилган пайтларда ва Аллоҳ қўқрувидан йиғлашга тарғиб этиб:
«ابكوا ، فإن لم تبكوا فتباكو»
яъни: «йиғланг, агар йиғлолмасангиз йиғлашга ҳаракат қилинг» деган маънодаги сўзларини далил қилиб келтиришади.
Хуллас, аввал тавожуд қилиб, важдни топишга интилади. Важдга эришгач, унда истиғроқ этади ва вужудга эришади.
АбулҲасан Нурий айтади: «мен йигирма йилдирки, важд (топиш) билан фақд (йўқотиш) орасидаман: Раббимни топсам, қалбимни йўқотаман, қалбимни топганимда эса Раббимни йўқотаман». Бу сўз кўпчиликка тушунарсиз ва мушкил бўлиб қолди. Лекин, унинг тўғри таъвили шундан иборатки, том маънодаги «вужуд» вожидни ўзидан айиради, нафсидан мужаррад қилади. ва у ўзининг мавжуди туфайли ўз вужудидан фоний бўлади, ўзининг машҳуди туфайли ўз шуҳудидан айрилади. Ҳақиқатни топса, ўзининг нафси ва сифатларидан ғойиб бўлади. Аммо, ҳақиқат ундан ҳойиб бўлса, яна ўз сифатлари ва нафси билан бирга қолади.
Шу маънода айтадиларки:
وجودي أن أغيب عن الوجود بما يبدو علي من الشهود
Яъни: «Менинг вужудим (вужуд мақомига эришишим) шуҳудимдан менга зоҳир ва мутажаллий бўлган маънолар туфайли ўз вужудимдан ғойиб бўлишимдир».
Баъзилар ушбу тавожуд, важд ва вужуд босқичларини қуйидагича тамсил қиладилар: Тавожуд (маърифат) денгизини мушоҳада қилиш, важд денгиз бўйлаб кемада саёҳат қилиш, вужуд эса унда ғарқ бўлиш. Шунинг учун ҳам баъзи сўвфийлар: тавожуд истийъобни тақозо этади, важд истиғроқни келтириб чиқаради, вужуд эса истиҳлокни дейдилар. Баъзилар бу мартабаларни яна ҳам ўзгачароқ ибора ва истиоралар билан тушунтиради: уларга кўра банда учун аввал қусуд (қасд этиш, манзилни кўзлаш), кейин вуруд (унга келиш), сўнг шуҳуд (мушоҳада қилиш), сўнг вужуд, сўнгида эса хумуд келади.
Эслатма: Юқоридаги тавожуд, важд ва вужуд ҳақидаги сўзлар менинг сўзларим эмас, балки, тасаввуф намояндалари ва орифларнинг сўзларидир. Бу масалада мутахассис эмасмиз. Уларни фақатгина касал кўриш ҳақидаги ҳадис қудсийнинг маъноларини кенгроқ очиш мақсадида қўшимча маълумот ўлароқ келтирилди, холос.
Алишер Рихсиддин ўғли

