Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳунинг васиятномаси

Lotin alifbosida

shahobiddin-as-suhravardiy-quddisa-sirruhuning-vasiyatnomasiБу шайх, имом, қутб ал-ақтоб Шаҳобиддин Умар ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳунинг васиятномасидир. У зот ушбу васиятномани имом, фақиҳ Нажибуддин Умар ибн Абу Саъд ибн Умар ал-Мўлтоний учун бир неча варақларда қоралаган эдилар. Ушбу зот Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳунинг ҳузурларида ўқиганлар ва ўз қўллари билан мана шу васиятноманинг охирига имзо чекишларини илтимос қилганлар. Шаҳобиддин ас-Суҳравардий қуддиса сирруҳу унинг бу илтимосига жавоб бериб, уни шу билан шарафлантирганлар. Васиятнома ушбудир:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Эй, ўғилчам! Сени Аллоҳга тақво қилишга ва ундан қўрқишга васият қиламан!

Аллоҳ таолонинг ва унинг расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларини лозим тут! Ота-онангнинг ҳам, жами устозларнинг ҳам ҳақларини унутма! Зотан, шундай қилсанггина Аллоҳ таоло сендан рози бўлади.

Махфийликда ҳам, ошкораликда ҳам Аллоҳни эсингда тут!

Зоҳирда ҳам, ботинда ҳам, махфийликда ҳам, ошкораликда ҳам Қуръон қироатини тарк қилма! Уни тушуниш билан, тадаббур қилиш билан, тафаккур билан, маҳзунлик ва йиғи-сиғи билан ўқи! Барча ҳукмларда Қуръонга қайт! Чунки, Қуръон Аллоҳ таолонинг халқига юборган ҳужжатидир. Унинг ҳаққини асраб-авайла!

Илмдан бир қадам ҳам ташқари чиқма! Фиқҳни – ислом ҳуқуқини ўрган! Жоҳил сўфийлардан ва авомлардан бўлиб қолма!

Бозорлар аҳлидан (бозорга муккасидан кетган дунёпарастлардан) узоқ бўл! Чунки, улар дин ўғрилари ва мусулмонлар йўлларининг қароқчиларидир.

Ўзингга суннатни ва тавҳид аҳлининг эътиқодини лозим тут! Янгги бидъатлардан сақлан! Чунки, ҳар бир (ёмон) янгилик залолатдир.

Янгиликка ҳавасмандлар, (бегона) хотин-қизлар, мубтадеълар, бой-бадавлат (инсофсиз ва саховатсиз) кимсалар ҳамда ҳою-ҳавасга берилганлар билан ҳамсуҳбат бўлмагин! Чунки, у ҳолда, дининг кетиб қолади. Дунёдан озгинасига ҳам қаноат қил!

Хилватни лозим деб бил! Ўз хатоликларингга йиғлагин!

Ҳалол егин! Чунки, у яхшиликлар калитидир. Ҳаромни ушламагин! У ҳолда, қиёмат куни дўзахга тушасан.

Ҳалол кийгин! Шунда, имоннинг ва ибодатнинг ҳаловатини топасан. Аллоҳ таолога қўрқув билан бўл! Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида туришингни асло унутма!

Кечалари намоз ўқишни, кундузлари эса рўза тутишни кўпайтир! Имом ёки муаззин бўлмасанг, жамоатга хилоф иш қилма!

Раисликни – бошчи бўлишни талаб қилма! Чунки, бошлиқ бўлишни севиш абадий нажотга эришмасликдир.

Гувоҳлик учун хатга туша кўрма! Қозилар ва султонларнинг мажлисларига ҳозир бўлма! Васийликни ола кўрма!

Одамлардан худди шердан қочгандек қоч, хилватни ўзингга лозим тут. Шунда динингни кетказмайсан.

Сафарни лозим тут! Шунда, нафсинг хорликни англайди. Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафар қилинглар, соғлом бўласизлар ва ғаниматга эга бўласизлар!», деганлар.

Машойихлар ва устозларнинг қалбларини сақла!

Сени мақтаган кимсанинг гапига мағрурланма, сени ёмонлаган кимсанинг эса гапини олиб юрма! Сенинг қаршингда мақтов ҳам, ёмонлаш ҳам баробар бўлсин!

Барча одамлар билан хулқингни гўзал қил! Тавозеъни – камтарликни ўзингга лозим тут! Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: «Кимки Аллоҳ учун тавозеълик қилса, Аллоҳ уни (мартабасини) кўтаради! Кимки такаббурлик қилса, Аллоҳ уни паст қилади!».

Жами ҳолатларда яхши билан ҳам, ёмон билан ҳам одобни лозим деб бил! Барча инсонларга – катталарга ҳам, кичикларга ҳам раҳм-шафқатли бўл! Уларга фақатгина марҳамат кўзи ила қарагин!

Кулма, чунки, кулгу ғафлатдандир. У қалбни ўлдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Агар мен билган нарсаларни билганларингизда эди, кам кулиб, кўп йиғлар эдингизлар!».

Аллоҳ таолонинг синовидан омондаман, деб ўйлама! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма! Хавф ва ражо (умид ва қўрқув) орасида яшагин!

Эй, ўғилчам! Мол-дунёни тарк қил! Чунки, уни талаб қилиш динингни кетказмоқдир.

Ўзингга рўза ва намозни лозим тут!

Фақирликда озода, иффатли, енгил, одоб-ахлоқли, парҳезкор, илмпарвар, адабиётни севувчи, жоҳил сўфилардан қочувчи, машойихларга мол, бадан, обрў ва ҳиммат билан хизмат қилувчи бўл! Машойихларнинг сўзларини ва сийрат (ахлоқларини) доимо ёдда сақла! Бирор нарсада уларни инкор қилма, фақат улар агар жамоатга хилоф қилсалар, улар фикрларига қўшилмасанг бўлади. зотан, уларни агар инкор қиладиган бўлсанг, нажотга абадий эришмайсан.

Одамлардан бирор нарса сўрама! Уларга қарши борма!

Эртанг учун бирор нарса (ортиқча) ғамлаб қўйма! Чунки, Аллоҳ тақсимланган ризқни Ўзи келтиради. Аллоҳ сенга ризқ қилиб берган нарсалар билан жону дилдан саховатли бўл! Бахилликдан, ҳасаддан, ғиллу ғашдан (гина-кудуратдан) узоқ бўл! Чунки, бахил ва ҳасадгўй инсон дўзахдадир.

Жами ҳолатларингда одамларга ўз аҳволингни изҳор қила кўрма! Зоҳирингни ортиқча зийнатлама! Чунки, ташқи кўринишнинг зийнатли бўлиши ички оламнинг хароб эканидан далолатдир.

Ризқ ишида Аллоҳ таолонинг ваъдаларига суянгин! Чунки, Аллоҳ таоло жами жонли нарсаларнинг ризқига Ўзи кафил бўлган. Аллоҳ таоло бундай деган: «Ерда қандай жонзот бўлмасин, уларнинг ризқи Аллоҳ зиммасидадир!».

Жами халойиқдан (яхшилик қилишларидан) умидингни уз, уларнинг яхшилигини эса асло унутма!

Ҳақни гапир! Яралмиш инсонларнинг бирортасидан бу борада қўрқиб ўтирма! У ҳолда, ҳақ сени ўз эшигидан улоқтириб ташламасин.

Ўзингни-ўзинг ҳисоб-китоб қилиб тур! Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Инсоннинг мусулмонлигининг яхшилиги аломати унинг фойдасиз нарсаларни тарк қилмоғидир!», деганлар.

Барча инсонларга насиҳатгўй бўл! Уларга фойда келтирувчи бўл!

Еб-ичишни, уйқуни ва гап-сўзни озайтир! Жуда оч қолган вақтингда егин! Фақатгина зарурат пайтидагина гапиргин! Уйқу ғалаба қилган ондагина ухлаб олгин!

Кечки намозни ва кундузги рўзани лозим деб билгин!

Самоъ (рақсли зикр) бор жойларда кўп ўтирма! Чунки, у мунофиқликни ўстиради, сўнг қалбни ўлдиради. Уни бутунлай инкор ҳам қилма! Чунки, унинг ҳам ўз арбоблари бор. Самоъ қалби тирик, нафси эса ўлик кимсаларга фойда ҳам бериб қолади. Бу ҳолатда бўлмаганлар эса рўза, намоз ва зикрлар билан машғул бўлмоқлари фойдали.

Қалбингни маҳзун тут, баданингни касалманд тут, кўзингни ёшли қил, амалингни холис айла, дуойингни жидду жаҳд ила амалга ошир, кийимларингни эски ва тоза тут, йўлдошларингни фақирлардан сайла, уйингни масжид қилиб ол, молингни фиқҳ (илм), зийнатингни парҳез, дўстингни карамли Парвардигор қилгин!

Бирор кимсани биродар-дўст қилмоқчи бўлсанг, унда бешта хислат – бойликдан кўра фақирликни, илмдан кўра амални, дунёдан кўра охиратни, азизликдан кўра хорликни ихтиёр қилиш очиқ-ошкора кўринсагина ўзингга биродар-дўст қил! У махфийликда ҳам, ошкораликда ҳам, илмни кўрувчи бўлсин, ўлимга эса тайёрланиб бораётган бўлсин.

Эй, ўғилчам! Мол-дунё ва унинг гуллари сени ғурурлантириб қўймасин! Чунки, мол-дунё яшнаб турган ям-яшил ва ширин нарса. Кимки унга осилса, унга боғланиб қолади. Кимки ундан юз ўгирса, ундан қутилади. Чунки, унинг боқийлигига асло йўл йўқ. Шундай экан, кеча-кундуз дунёдан реҳлат қилишингга тайёргарлик кўр!

Эй, ўғилчам! Яна хилватни лозим тут! Якка-ёлғизликда қолиб, қалбинг синиқ ҳолда Аллоҳ таолодан хавфда бўласан. Шундагина, Аллоҳнинг кароматларига хос банда бўласан. Дунёда ғариб каби ёки йўлдан ўтувчи каби бўл! Ундан эса келганингдек (бегуноҳ ва маъсум) бўлиб кет! Зотан, қиёматда номинг қандай бўлишини билмайсан!

Аллоҳ таоло бизни васиятномадаги ўгитлардан насибалантирсин! Ундаги нарсаларнинг аксини қилишдан Ўзи асрасин!

Ақл-идрокни инъом қилувчи Зотга ҳамдлар бўлсин! Ваҳийни кўтарувчи Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ул зоти шарифнинг аҳли оилалари ва жами саҳобаларига саловатлар бўлсин!

Эй, Аллоҳ! Мен сендан фойда бермайдиган илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан, эшитилмайдиган дуодан паноҳ сўрайман! Эй, раҳмлилар раҳмлиси, омин!

Тамом!

(Шаҳобиддин ас-Суҳравардий. Васиятнома. ШҚМ, № 2956/IX. – В. 165b-167a.).

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Bakhodir:

    Assalamu alaykum! Judayam foydali ma’lumotlar. Alloh sizlardan rozi bolsin! Lekin maqola uchun tanlangan rasm xato tanlangan. Iloji bolsa, maqola mos rasm qoying. Bizni ulamolar parranda patini ishlatishmagan.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *