Фиқҳий қоидалар (1-қисм)

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос фиқҳий қоидалари бўлади. Фиқҳий қоидалар лафзларининг қисқалиги, лўнда ва қатъий иборалари, ихчамлиги, тугал маънога эгалиги билан ажралиб туради. Улар сажъ вазнига кўра худди образли мақол ва маталлар каби тузилади. Улар битта ёки бир неча фаръий масалаларни ўзида қамраб олади. Баъзи қоидалар барча мазҳабларда умумий қоида сифатида эътироф қилинади. Демак, мазҳаб доирасидаги ва умумфиқҳий қоидаларни истинбот этиш; уларни таҳлил ва тадқиқ қилиш ҳамда улар орқали фаръий масалалар ишлаб чиқиш ёки кўрсатиб беришга бағишланган фуруъ ал-фиқҳнинг бир соҳаси «фиқҳий қоидалар илми» ҳисобланади. Улар умумий ном остида “қавоиди фиқҳиййа” ё “қавоиди куллиййа” ёки «куллиёти фиқҳиййа» ёхуд «усули куллиййа» деб номланади. Усулчи олимлар айрим ҳолларда фиқҳий қоидаларга нисбатан «қиёс« сўзини ҳам қўллайдилар. Уни умумий маънода «фиқҳий тамойиллар» деб ҳам аташ мумкин.

Манбаларда фиқҳий қоидалар фиқҳ илмининг руҳи, дейилган. Фиқҳий қоидаларни ёдлаб, тушунган одамга фиқҳий манбаларни тўла тушуниш осон бўлади. Ислом шариатига янада воқиф бўла бошлайди, ҳатто ижтиҳод ва истинбот қилиш малакаси бор мужтаҳид уламоларнинг қадрига ета бошлайди. Мазкур фиқҳий қоидаларни билган, фаҳмлаган кимса маҳкамаларда ҳукм қиладиган, минбарларда фатво берадиган бўлса, довдираб қолмайди. Зоҳирда бир-бирига қарама-қарши бўлган масалалар кўндаланг бўлганда, ҳайратда қолмайди. Фиқҳ илмини муфассал ўрганиш учун бутун умрини сарфлаган кимса булар билангина мақсадга тезда етади. Фиқҳий қоидаларни чуқур ўзлаштирган кимса шариатнинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар зарурий эканини билади. Бир сўз билан айтганда, бошқа фиқҳий манбаларни ўзлаштириш билан бирга фиқҳий қоидаларни ўзлаштирган одамгина ҳанафийликда «фақиҳ» номига сазовор бўлади!

Ҳанафийликда илк фиқҳий қоидалар Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобларида сочилган ҳолда учрайди. Улардан 17 тасини биринчи марта Х асрнинг таниқли ҳанафий олими Абу Тоҳир ад-Даббос раҳимаҳуллоҳ ишлаб чиққанлар. Унинг замондоши Абу-л-Ҳасан ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ эса мазкур қоидаларни кўпайтириб 37 ёки 39 тага етказганлар. Кейинчалик, XVI асрда Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” («Назиралар ва ўхшашликлар») асарида 44 та қоидани зикр қилиб шарҳлаганлар. XVIII асрга келиб Абу Саид Муҳаммад ал-Ходимий раҳимаҳуллоҳ “Мажомиъ ал-ҳақоиқ” («Ҳақиқатлар мажмуалари») асарида ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни 154 та қоидада жамлашга ҳаракат қилганлар. Усмонийлар халифалиги (1281-1924) даврида 1869-1876 йиллар давомида уламолар ҳайъати томонидан яратилган қонунлар мажмуаси – “Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да ҳанафийликдаги асосий 99 та фиқҳий қоида қайд этилган. Унинг ўнга яқин шарҳлари ҳам мавжуд. XIX аср охирида Шом муфтийси Маҳмуд ибн Ҳамза ал-Ҳамзовий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Фароид ал-баҳиййа фи-л-қавоид ва-л-фавоид ал-фиқҳиййа” («Фиқҳий фойдалар ва қоидалар борасида қимматбаҳо дурдоналар») номли асарларида 251 та фиқҳий қоидани тўплашга муваффақ бўлганлар. У фиқҳий мавзуларга бўлиб, тартиб берилган. Бу ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни энг кўп тўплаган муҳим манба бўлиб, Дамашқда 1986 йилда нашр этилган. Туркий дунёни фиқҳий қоидалар билан ХХ аср бошида Татаристонда ваҳҳобийлик тарқалишига сабабчи бўлган Мусо Жоруллоҳ «Қавоиди фиқҳиййа» асари билан таништиришга ҳаракат қилган. Шу тариқа, ҳанафийлик фиқҳидаги қоидалар ҳақида кўплаб китоблар битилган.

“Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да ҳанафийликдаги асосий 99 та фиқҳий қоида зикр қилинган бўлиб, улардан айримлари маъно жиҳатдан такрорланган бўлса-да, бироқ, айрим ҳолларда улар алоҳида-алоҳида олиб қаралганда, бир-биридан фарқлари борлиги маълум бўлади. Уларни айрим мисоллар ва изоҳлар билан келтирилади:

الأمور بمقاصدها

«Ишлар мақсадларига боғлиқдир!».

Мисоллар: 1)Бир кимса тарнов тагига сув тўплаш учун челак қўйган. Агар уни бошқа жойга олиб бориб тўкиш ёки ҳеч қандай сабабсиз қўйган бўлса, челакдаги сув уники ҳисобланмайди. Агар уни тўплаб, ўзи ёки ҳайвонларига ичириш мақсадида қўйган бўлса, челакдаги сув унинг мулки ҳисобланади. 2)Бир кимса тўрни сувга ҳеч мақсадсиз ташлаб қўйган бўлса, унга илинган балиқ уники бўлмайди, агар уни балиқ овлаш учун ташлаб қўйган бўлса, илинган балиқ унинг мулки ҳисобланади. 3)Йўқолган нарсани биров эгасига қайтариш учун топиб олса-ю, унинг қўлида у омонат ҳисобланади, агар уни ўзи ишлатиш мақсадида олса, у ғасб (босқинчилик) бўлади.

العبرة فى العقود للمقاصد و المعانى لا للألفاظ و المبانى

▪  «Битимларда мақсадлар ва маънолар эътиборлидир, лафзлар ва асослар эмас!».

Мисоллар: 1)Бир одам бировга муайян нарсани сотиб олишни васият қилди. Модомики бу одам тирик экан, ушбу васият ваколат бўлиб ҳисобланади. Агар уни ўлганидан кейин сотиб олишга васият қилса, унда у ҳақиқатда васият бўлади. 2)Агар нақд пулларни фойдаланиб туриш (орият)га олса, у қарз ҳисобланади. 3)Бир одам бировга «Сенга ушбу ҳовлини муайян муддатга фойдаланишга бердим», деса, у ижара ҳисобланади.

اليقين لا يزول بالشكّ

  «Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди!».

Мисоллар: 1)Бировнинг бировда қарзи борлигини билган одам бу ҳақида гувоҳлик бериши мумкин, гарчи ўша биров қарзини тўлаганлик эҳтимоли бор бўлса ҳам. 2)Бир кимса бировда қарзи борлигини даъво қилиб, ҳужжат келтирди. У ҳам ушбу қарзни тўлаганлик ҳақида ҳужжат кўрсатди. Қарз борлиги ҳақидаги ҳужжат то қарз тўланганлик ҳақидаги ҳужжатнинг бошқалигини исбот қилмагунча қабул қилинмайди. 3)Таҳорати бор кимса уни синганлиги борасида шубҳага борса, таҳорат синмаган, деб ҳукм қилинади.

الأصل بقاء ما كان على ما كان

▪  «Ўтган нарсанинг бўлиб ўтган ҳолида қолиши асосдир!».

Мисоллар: 1)Хотин эри нафақа бермаганлигини, эр эса нафақа берганини даъво қилди. Шунда аёлнинг гапи қасам билан қабул қилинади. Чунки, нафақа зиммада қолган. Унинг қолмаганлигига қуруқ даъво эмас, далил-ҳужжат керак. 2)Хотин идда ўтмаганини даъво қилди. Унинг гапи қасам билан эътиборга олинади ва унга идда нафақаси таъйинланади. Чунки, аслида идда боқийдир. 3)Қарздор қарзини узганини, харидор пулини тўлаганини, ижарадор ижара пулини берганини даъво қилсалар, лекин буни қарз берувчи, сотувчи, ижарага қўювчи инкор қилса, қарз берувчи, сотувчи ва ижарага қўювчиларнинг гапи инобатга олинади. Чунки, аслида қарз, нарх пули, ижара ҳақи зиммада турибди. Унинг берилганлигини далил-ҳужжат билан аниқ исботлаш керак бўлади.

القديم يترك على قِدمه

«Қадимги нарса эскилигича ўз ҳолига қўйилади!».

Бирор нарса ва ҳолатнинг аввали ва бошланишини биладиган одам топилмаган ҳолатда, у «қадим» ҳисобланади. Мисоллар: 1)Бировнинг ўзга бир кимсанинг ҳовлисига чиқиб турган бостирмаси бор экан ёки бировнинг ҳовлисидан ўтадиган ариқ, канализацияси бор. Ушбу нарсаларни ким қургани, қачон қурилганини билмайдилар, бу ҳолатда эгаси рухсатисиз қўшни ҳовлидагилар бостирма ёки ариқни буза олмайдилар. 2)Бировнинг қўшниси ҳовлисидан ўтадиган йўлчаси бор, ушбу йўлча қадимдан бери келаётган бўлса, ўз ҳолича қолади. Агар уни ўзгартирмоқчи бўлсалар, қўшнидан розилик олиниши лозим.

الضرر لا يكون قديما

«Зарар қадимий бўлмайди!».

Зарарнинг эскиси ҳам, янгиси ҳам зарар сифатида бартараф қилинади. Мисоллар: 1)Бировнинг уйидан катта кўчага оқиб ётган чиркин сувлари бор, уни эскидан шундай бўлиб келаётган бўлса ҳам бартараф қилинади ва эгасини кўчага сув оқизишдан ман қилинади. 2)Қўшнининг деразаси ҳамсояси ҳовлиси ва уйи томонга қаратилган, бундан ҳамсоя аёллари хижолатга қоладиган бўлса, ушбу дераза эскидан келаётган бўлса ҳам ёпиб ташлашга буюрилади.

الأصل براءة الذمّة

«Аслида зимма холидир!».

Аслини олганда, инсоннинг зиммаси таклиф ва ҳуқуқлардан холи ва озод ҳисобланади. Мисоллар: 1)Омонатга олинган нарсани эгасига топширганликни даъво қилинса, ушбу сўз инобатга олинади. Чунки, аслида омонатлар топшириладиган нарсалардир. 2)Қарз қанчалиги борасида берувчи ва олувчи ихтилоф қилиб қолсалар, қарз олувчининг гапи инобатга олинади. Қарз берувчининг гапи эса шунг ҳужжати бўлсагина инобатга олинади. 3)Бировнинг молини ҳалокатга учратган кимсанинг ушбу мол миқдори борасидаги гапи инобатга олинади, эгасининг гапи эса аниқ ҳужжат келтирмагунча инобатга олинмайди.

الأصل فى الصفات العارضة العدم

«Ташқи белгилардаги асос йўқликдир!».

Вақтинча бўладиган, бирор нарсанинг асли ва асоси ҳисобланмайдиган сифатлар йўқ, деб ҳисобланади. Мисоллар: 1)Бир кимса бировга бир нарса бериб, сўнг уни қайтариб олишни хоҳлади. Олувчи уни сотиб олганини ёки совға сифатида берилганини даъво қилди. Бу ерда берувчининг гапи инобатга олинади. 2)Аёл гўдакнинг оғзига кўкрагини тутди, бола оғзига олган бўлди-ю, сут эмгани аниқ билинмай қолди. Шунда бола сут эммаган ёки сут эмизувчи она ҳисобланмаган, деб ҳукм қилинади.

ما ثبت بزمان يحكم ببقائه ما لم يقم الدليل على خلافه

▪ «Бирор замонда тасдиқланган нарса, модомики унинг хилофига далил мавжуд бўлмас экан, унинг ўзича қолганига ҳукм қилинади!».

Мисоллар: 1)Муайян бир нарсанинг жавобгар қўлида қолганини айтилса, ҳужжат билан у қабул қилинади, акс ҳолда, бу даъво қабул қилинмайди. 2)Ўлган кимсанинг зиммасида қарзи борлигини даъво қилса ва бунга гувоҳлик келтирилса, ушбу даъво мақбул ҳисобланади.

الأصل إضافة الحادث  الى أقرب أوقاته

▪ «Юз берган воқеани энг яқин замонига боғлаш асосдир!».

Мисоллар: 1)Хотин ўз эри уни ўлим тўшагида ётганида талоқ қилганини, шунинг учун ундан мерос олиши кераклигини айтди, меросхўрлар эса буни инкор қилиб, эри хотинини анча аввал соғ-саломат юрган вақтида талоқ қилганини айтдилар. Бу ерда хотиннинг гапи инобатга олинади. Меросхўрларнинг гапи қуруқ гапдан иборат бўлиб қолгани учун инобатга олинмайди. 2)Ўлган кимсанинг насроний хотини эри ўлимидан аввал мусулмон бўлганини, шунга биноан эридан мерос олабилишини даъво қилди. Меросхўрлар буни инкор қилиб, эри ўлимидан кейин ушбу насроний хотин имон келтирганини айтдилар. Бу ерда меросхўрларнинг гапи инобатга олинади ва хотин меросдан маҳрум қилинади. 3)Бир инсон сотиб олган нарсада айб бор деб эгасига қайтармоқчи бўлди. Сотувчи ушбу айб мол сотилганидан сўнг пайдо бўлган, деди. Агар харидор айб молни сотиб олишдан олдин содир бўлганига далил келтира олмаса, сотувчининг гапи инобатга олинади.

الأصل فى الكلام الحقيقة

«Гап-сўзлардаги асос ҳақиқатдир!».

Гап-сўзларда уларнинг ҳақиқий маъноси инобатга олинади, мажозий маъноларига далил бўлсагина мурожаат қилинади. Мисоллар: 1)Биров ўзининг болаларининг болаларига вақф қолдирса, қизларининг болалари ҳам бунга киради. Чунки, қизнинг боласи ҳақиқатда ҳам боланинг боласидир. 2)Бирор нарсани еб-ичиш, кириб-чиқиш ва ухлаш борасида қасам ичса-ю, уни вакилига қилдирса, уни вакил қилган дейилади, бу билан қасам ичувчининг қасами бузилмайди.

لا عبرة بالدلالة فى مقابلة التصريح

▪ «Очиқ-ойдин солиштирилганда далолат-ишорага эътибор қилинмайди!».

Бирорта гап очиқ-ойдин ва маъноси аниқ ифодаланиб турганида, унинг бирор нарсага далолат қилиб ёки ишора қилиб турганига эътибор қаратилмайди. Мисоллар: 1)Вақф назоратчиларнинг умумий таомулига қараб тасарруф қилинаверади, бироқ, вақф шартлари ёзилган вақфнома бўлса, таомулга эмас, вақфномада кўрсатилган шартларга кўра тасарруф қилинади. 2)Харидор пулни тўламасдан олдин сотувчи олдида сотилган нарсани олди, буни сотувчи рад қилмади. Сукут аломати ризо бўлгани боис харидорга молни олиш дуруст. Шундан сўнг сотувчи сотилган нарсани қайтариб беришни талаб қила олмайди, балки сотувчи пулни беришни харидордан талаб қила олади. Бироқ, харидор нарсани олишдан аввал сотувчи олишни ошкора ман қилса, харидор пулни бермагунча нарсани ололмайди.

لا مساغ للإجتهاد فى مورد النصّ

▪ «Далил келган жойда ижтиҳодга рухсат йўқ!».

Бу ерда мазҳаб доирасида ижтиҳод қилиниб, якдиллик билан қабул қилинган, оят ва ҳадислардан аниқ далили бор ҳукмларни ўзгартиришга ҳожат йўқлиги тушунилади.

ما ثبت على خلاف القياس فغيره لا يقاس عليه

▪ «Қиёснинг хилофига асосланган ҳукмга бошқаси қиёс қилинмайди!».

Оят ва ҳадисдаги далил билан келтирилган нарсага бошқасини қиёс қилиб ҳукм қилинмайди. Қиёс қилиш учун алоҳида далиллар зарур бўлади. Мисоллар: 1)Ўғрининг қўли чопилишига далил бор, унга кафан ўғрисини қиёс қилинмайди.

الإجتهاد لا ينقض بمثله

«Ижтиҳод ўзининг ўхшашини синдира олмайди!».

Ижтиҳод натижасида қилинган ҳукмни бошқа ижтиҳод бекор қила олмайди, қозининг чиқарган ҳукмини бошқа қози бекор қилмайди.

(давоми бор).

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *