ТАҲОРАТГА ДОИР УЧ МАСАЛА

تفسير-رؤية-الوضوء-في-المنامТаҳоратдан кейин ортган сувдан ичмоқ

Таҳорат олувчи киши амаллар сўнггида ортган сувдан ичиши мустаҳабдир. Таҳоратдан ортган сувни қиблага қараб, тик турган ҳолда ичилади. Худди зам-зам суви каби. Бу икковидан бошқа ҳолларда тик туриб сув ичмоқ макруҳ дейилган. Таҳоратдан ортган сувни ихлос билан шифо тилаб ичган одам дардига шифо топади. Абдулғани Набулисий раҳматуллоҳҳи алайҳ шундай деган: “Қачон бемор бўлсам таҳоратдан ортган сувни қиблага қараб тик туриб шифо ниятида истеъмол қилардим ва дардимга шифо топардим. Буни тажрибадан кўп ўказганман. Тиб ан-набавийда айтилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари менга асос эди”.

Таҳоратда исроф

Исроф умумий маънода шаръан ҳаром амал. Шу жумладан таҳоратда ҳам сувни исроф қилмоқ гуноҳ саналади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд розияллоҳу анҳунинг олдидан ўтиб қолди. У таҳорат олаётган эди. Расулуллоҳ: “Сувни исроф қилганинг нимаси?!”—дедилар. У: “таҳоратда ҳам исроф бўладими?”—деб таажжубланди. Расулуллоҳ: “ҳа, агарча оқиб турган анҳор қирғоғида бўлсанг ҳам…”—дедилар.

Таҳорат олувчи кишининг керагидан ортиқча сув ишлатиши исроф бўлади. Масалан уч марта ювиш керак бўлган аъзони тўрт марта ювиш билан, ёки бошга янги-янги сув олиб такрор масҳ қилиш билан сув исроф этилган бўлади.

Таҳорат устига таҳорат олмоқ

Таҳорат амалларини уч мартадан ошириш бидъат ва исроф. Лекин, биринчи таҳоратни суннатга мувофиқ тамомлаб ортидан яна қайта таҳорат олиши макруҳ эмас. “Хулоса”да шундай дейилган.

Фуқаҳолар айтадики, биринчи таҳоратдан кейин бирорта таҳорат билан бажариладиган амал қилиш керак. Масалан намоз ўқисин, ё тиловат саждаси қилсин, ёки мусҳафни қўлига олсин. Ана ундан кейин яна қайта таҳорат олса макруҳ бўлмайди. Аксинча бўлса ғирт исроф бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким таҳорат устига таҳорат олса унга ўнта ҳасана ёзилади” дейилган ҳадиси шарҳида имом Суютуий шундай деган: бундан мурод аввалги таҳорати билан фарз ё нафл намоз ўқилган бўлсин. Агар биринчи таҳорат билан намоз ўқимаган бўлса уни яна янгилаш суннатга мувофиқ бўлмайди. Шайҳ Муҳаммадамин ибн Обидиннинг “Радд ал-мухтар” асари асосида

Элмурод ҚЎЗИЕВ

Андижон Тумани “Холдарбой Хожи” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *