МАЖБУРИЙ САВДОНИНГ ҲУКМИ

10247913Савол:

Катта корхонада одддий ишчи лавозимида меҳнат қиламан. Баъзида раҳбарият тарафдан бизга кераксиз нарсаларни сотиб олишга мажбурлаш ҳолатлари бўлади. Масалан куни кеча бир қопдан картошка тарқатилди. Нархи бозордагидан нисбатан қиммат ва ҳамманинг сотиб олиши мажбур экан. Иложсиз, ишдан айрилиб қолмаслик учун рўзғоримизда етарли картошкамиз бўлса ҳам, сотиб олишга мажбур бўлдик. Ислом шариатида нарсаларни мажбурлаб сотиш мумкинми?

Жавоб:

Фиқҳий манбаларда “بيع الإكراه” (мажбурий савдо) атамаси бор. Бу худди сиз таърифлагандек савдога айтилади.

Шариат нуқтаи назарида мажбурий савдонинг ҳукми ҳаром ва бай сифатида тасдиқланмайди. Бу масала аҳли сунна уламоларининг ижмоъси билан бир овоздан қабул қилинган.

Қуйидаги олимлар мажбурий савдонинг ҳаромлиги ҳақида ижмоъ борлигини ривоят қилганлар:

1-) Мулаҳҳаб ибн Аҳмад Абулқосим Моликий (вафоти 435/ҳж) шундай дейди:

Уламолар бай ва ҳибага мажбурлаш жоиз эмас, деб ижмоъ қилганлар”. (Тартиб ал-мадорик 4/752). Ибн Баттол ва ибн Ҳажарлар Мулаҳҳаб ибн Аҳмаддан шу ижмоъни нақл қилганлар.

2-) Али ибн Халаф ибн Баттол ал-Бакрий: Саҳнун (Абдусалом ибн Саъийд Моликий. “Саҳнун” унинг лақаби бўлган. Ҳижрий 160 йили туғилган. Даврида у каби қомусий олим топилмаган.) айтган: “Бизнинг моликий дўстларимиз ва Ироқликлар ноҳақлик билан мажбурлаб амалга оширилган савдони жоиз эмас, деб ижмоъ қилганлар”. (Шарҳу ибн Баттол ъала “Саҳиҳ ал-Бухорий” 8/298).

Худди шу гапни имом Абу Абдуллоҳ Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам нақл қилган. (Ал-Жомеъ лиаҳком ил-Қуръон. 10/184).

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз, шофеъийлар ва ибн Ҳазм Зоҳирий ҳам бу масалада жумҳур билан ҳамфикр ва ижмоъга мувофиқ бўлганлар. Қаранг: “Бадойеъус-санойе” 5/176. “Табйин ул-ҳақоиқ” 5/182. “Мажмаъуз зимонот” 204-Б. “Радд ул-мухтор” 6/130. “Аснал-матолиб” 2/6. “Ассирож ал-ваҳҳож” 173 – Б. “Фатҳ ул-муъин” 3/7. “Маҳаллий” 7/510.

Ижмоънинг санади аввало Аллоҳ таолонинг ушбу оятини келтириш мумкин:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ

Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. (Нисо сураси 29. Тафсири Ҳилол).

Оятга кўра, ўзаро олди-берди розилик билан бўлмаса бу ботил йўл билан мол ейиш ҳисобланади. Бу эса ҳаромдир.

Ва яна Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам бизў баҳс олиб бораётган ижмоъга таянч бўлади:

إن الله وضع عن امتى الخطاء و النسيان و ما استكرهوا عليه

Аллоҳ умматларимдан хато, унутиш ва мажбурий қилинган ишлар масъулиятини кўтарди. (Ибн Можа, Байҳақий).

Мажбуран амалга оширилган иш ортидан банда жавобгарликка тортилмас эканми?! Шунга кўра,  мажбуран қилинган иш ҳам шаръий натижа бермайди.

Шунингдек, юқоридаги ижмоъга қиёсан қуйидагича далил қилиш мумкин: бировнинг қистови билан мажбуран куфр калимасини тилга олган одам иймонидан ажралмайди, худди шунингдек мажбуран қилинган савдо ҳам саҳиҳ савдо ҳукмини исбот қилмайди. “Ислом фиқҳида ижмоъ энциклапедияси” асосида тайёрланди.

Тожибоев БОТИРЖОН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имом ноиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *