«БАЛВОИ ОММА» ТУШУНЧАСИ

344Фиқҳда «балвои омма» деган тушунча бор. Бу сўз луғавий жиҳатдан оммавий синов, умумий кулфат деган маъноларга далолат қилади.

Балвонинг умумий ва оммавий бўлиши қай тарзда юз бериши борасида усулул фиқҳ ва фиқҳ олимлари бир-бирига яқин бўлган турли хил сўзларни айтганлар. Жумладан, ҳанафийлардан Ибн Обидийн (ва шофейилардан Шаҳобиддин Қалюбий) балвои оммага шундай таъриф берадилар:


«الحالة أو الحادثة التي تشمل كثيرًا من الناس ويتعذر الاحتراز عنها

яъни «у кўп одамларга тааллуқли бўладиганв а ундан сақланиш қийин бўлган ҳолат ёхуд ҳодисадир» (Ибн Обидийн. Раддул муҳтор. 1/206;). Мувсилий эса уни «الضرورة العامة» яъни «умумий зарурат» дея тушунтиради (Мувсилий. ал-Ихтиёр литаълил ал-мухтор. 1/34;).

Шунингдек, яна Ибн Обидийн ҳошиясида ва Фатовои ҳиндийя китобларида балвои омма «الضرورة الماسة» (кечиктирилмайдиган, зарурий эҳтиёж) ва «حاجة الناس» «халқ эҳтиёжи» дея таърифланади (Ибн Обидийн ҳошияси: 4/246; ал-Фатово ал-ҳиндийя: 3/209;). Алоуддин Бухорий эса балвои оммани «هو ما تمس الحاجة إليه في عموم الأحوال» яъни: «у кўп ҳолатда эҳтиёж тушадиган нарсадир» дея тасвирлайди (Алоуддин Бухорий. Кашфул асрор ъан усул ал-Баздавий. 3/16;).

Агар бирор масалада умумий балво юзага келса, у ҳолат ўз-ўзидан енгиллашади. Зеро, барча уламолар ижмоъ қилган «المشقة تجلب التيسير» (машаққат енгиллик чақиради) шунингдек, «إذا ضاق الأمر اتسع» яъни «бир ишда танглик юзага келса, ўша ишда кенглик пайдо бўлади» қоидаларига кўра бирор масалада балвои омма юзага келса, ўша масалада фиқҳий жиҳатдан ҳам енгиллик юзага келади.

Буни нима учун айтяпмиз?!.. Гап шундаки, бугунги кунда кўплаб озуқавий қўшимчалар, дори-дармон воситалари ғарбдан келади. Ва уларнинг таркибида гўшти ҳаром қилинган ёки умуман ўзи нопок бўлган ҳайвон қўшимчалари мавжуд бўлади, гарчи, улар мазкур дориларга қўшилишдан аввал кимёвий реакцияга учраган бўлса ҳам.

Кўпчилик мусулмонлар кўпинча, докторлар томонидан шундай дори воситаларини қабул қилиш буюрилганда улар билан даволанишдан воз кечиб, ўз соғликларига зарар етказиб қўядилар. Ваҳоланки, бизнинг ҳанафий олимларимиз агар бирор ҳаром нарса билан даволаниш мумкин бўлса ва унинг каби таъсир қиладиган ундан бошқа нарса топилмаса, зарурат ва эҳтиёж юзасидан ҳатто ҳаромлиги очиқ бўлган ва ҳеч қандай кимёвий реакцияга учрамаган модда билан ҳам даволанишни мубоҳ деб айтадилар.

Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса кимёвий реакция ва кимёвий синтезга учраган асли ҳаром бўлган нарсалар фиқҳда истиҳола, истиҳлок ва мукосара номлари билан маълум бўлган ҳолатларга дучор бўлиши натижасида ўзининг ҳаромлик ва нажаслик ҳолатидаги кўриниши ва васфларини йўқотиб, бошқача кўриниш ва бошқа модда касб этганлиги туфайли уламолар жумҳурига кўра уларни истеъмол қилиш ёки ишлатиш мубоҳ ва ҳалол бўлади.

Бугунги кунда кўплаб дори воситалари Европада ишлаб чиқарилади ва уларнинг кўпининг таркибида асли ҳаром бўлган ҳайвон ёки моддадан олинган моддалар мавжуд бўлади. Аммо, мазкур моддалар дори воситасига қўшилишдан олдин устида кимёвий муолажа ўтказилган, ишлов берилган ва ўзининг бирламчи ҳолати ва васфини йўқотган бўлади.

Масалан, кўплаб дориларнинг капсуласи желатиндан қилинади. Желатин эса шу ҳолатда табиатда мавжуд бўлмайди балки, айрим ўсимликлардан ва баъзи ҳайвонларнинг суяклари ва териларидан кимёвий ишлов бериш орқали экстракция қилиб олинади.

Ҳаром ҳайвондан желатин олиш фиқҳан таъқиқланса-да аммо, юқорида айтилганидек, кимёвий реакцияга учратилиб, истиҳола ёки истиҳлок йўлига кўра олинган бўлса, фиқҳий академиялар уни ишлатишни мубоҳ санайдилар. Фақат, мазкур моддалар аслий ҳолатидан буткул ўзгарганлиги яъни истиҳола этиб, этмаганлиги борасида замондош тадқиқотчилар ўртасида ихтилофли фикрлар бор.

Шунга биноан, ўлимтик ҳайвондан ёки асли нопок бўлган тўнғиз каби ҳайвонлардан олинган желатин агар ишлов давомида аслий ҳолатидан буткул ўзгармаган бўлиб, аваалги ҳолатидаги васфларини сақлаб қолган бўлса, уни истеъмол қилиш ва ишлатиш ҳаром бўлади.

Агар кимёвий ишлов давомида мазкур бирламчи ҳаром модда ўзининг асли ва васфини йўқотиб, умуман бошқа кўринишдаги моддага айланган бўлса, истиҳола йўлига кўра аввалги ҳукми ўзгариб, пок ва ҳалол нарсага айланади.

Кўпчилик замондош ислом уламолари ва тадқиқотчилари желатин моддаси ўсимлик ва ҳайвон тўқималаридан олинар экан ўзининг табиатдаги бирламчи ва аслий ҳолатидан буткул ўзгариб, бир моҳиятдан бошқа моҳиятга тўлиқ ўтишини таъкидлайдилар. Желатин одатда ўсимликлардан, қорамол ва туялардан ҳамда тўнғиздан олинади.

Қароргоҳи Кувайт давлатида жойлашган «тиббий билимларга ихтисослашган исломий ташкилот» (المنظمة الإسلامية للعلوم الطبية) ҳам масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, желатин моддаси олинаётган вақтда буткул истиҳола ҳолатини бошдан кечиришини тасдиқлаб, шунга кўра, бугунги кундаги барча желатин моддаларининг маншаи ва асли қандай бўлишидан қатъий назар мубоҳлигини қайд этган. Аммо, юқорида айтганимиздек, бу борада тадқиқотчилар ва олимлар орасида турли хил қарашлар мавжуд.

1-тип қандли диабетига йўлиққан ёхуд ривожланиб кетган 2-тип қандли диабет билан оғрийдиган беморларнинг аксари инсулин моддасини инъекция қиладилар. Маълумки, инсулин чўчқанинг, қорамолнинг ошқозоности бези ширасидан олинади. Шунингдек, одам инсулини деб аталувчи инсулин препаратлари ҳам бор. Гарчи, уларнинг номи шундай бўлсада аслида одамлардан олинмайди. Агар шундай қилинса, ўта ноёб ва қимматга айланиб кетади. Балки, одам инсулини (человеческий инсулин) ҳам юқоридаги ҳайвонлардан олинган инсулин моддаси яхшилаб ишлов берилиб, биосинтез ва ген муҳандислиги йўли билан сифати яхшиланади ва инсон организмининг табиий инсулинига яқинлаштирилади.

Хуллас, уламолар агар мутахассис шифокор буюрган бўлса ва ўрнини босувчи бошқа дори воситаси топилмаса ҳамда касалнинг даволанишга зарурати бўлса чўчқадан олинган инсулин гормони билан даволанишга рухсат берганлар. Бу рухсат «балвои омма» ва «ҳаром билан даволаниш» масалаларига нисбатан мазҳабимиз уламоларининг тутган йўлларига мувофиқ келади. Бошқа тарафдан эса инсон танасига юбориладиган инсулин препарати тайёр ҳолатга келгунча кимёвий реакцияга йўлиқиб, истиҳола ҳолатига ҳам тушиши мумкин.

Шунингдек, ҳайвондан олинган панкреатин моддасини ўз ичига олган креон, фестал, мезим, пензитал ва бошқалар каби ҳазм жараёнини осонлаштирувчи дори воситалари ҳақида ҳам замондош уламоларимизнинг аксари мазкур дорилар билан даволанишга рухсат берадилар.

Ушбу дори воситалари қорамол ёки чўчқанинг ошқозон ости безидан кимёвий синтез йўли билан олинган амилаза, липаза ва протеаза каби ферментларни ўз ичига олади. Агар мазкур дори востиалари қорамолдан олинган бўлса, у бил иттифоқ мубоҳ. Бордию, чўчқадан олинган бўлса, истиҳола ва кимёвий реакцияга учраганлиги жиҳатидан аксар уламолар мубоҳ десалар, бошқалар, жоиз эмас, дейдилар.

Албатта, тақво қилишни истаганлар то аслини билмагунча желатинли моддалар қўшилган озуқа моддаларидан ҳамда зарурат бўлмаса, юқоридаги каби дори воситаларидан тийилиб, асли ҳалолдан олинган бадилини излашга ҳаракат қилишлари афзал.

Аммо, масала ихтилофли эканлиги шунингдек, одамларнинг эҳтиёжи мавжудлиги ва ҳар доим ҳам ҳалол ҳайвондан олинган ўринбосар дори топилавермаслигини эътиборга олиб бу борада, барчани ҳаражга туширадиган шаклда юқоридаги дорилардан фойдаланишни буткул ман қилиб қўйиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлаймиз.

Шу билан бирга аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган мамлакатлар асли ҳалол нарсалардан олинувчи моддалардан таркиб топган дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари нур устига нурдир.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *