Фиқҳий қоидалар (3-қисм)

Lotin alifbosada

التابع تابع

  • «Тобеъ эргашувчидир!».

Мисоллар: 1)Ер сотилганда унда кўкариб турган дов-дарахтлар ҳам савдога қўшилган, деб ҳисобланади. 2)Сигир сотилганда елинида тўлиб турган сути ҳам савдога ўз-ўзидан қўшилган бўлади. 3)Ҳовли сотилганда эса унинг томи ҳам савдога киритилади.

التابع لا يفرد بالحكم ما لم يَصِر مقصودا

  • «Модомики мақсадга айланмаган бўлса, тобеъ ҳукмда алоҳида қилиб олинмайди!».

Бирор нарсанинг таркибий қисми ҳисобланган, унга қарам бўлган нарсага алоҳида ҳукм қилинмайди. Бироқ, ўша таркибий қисм ҳам мақсад қилинган бўлса, унга алоҳида ҳукм қилиниши мумкин. Мисоллар: 1)Сигирнинг қорнидаги боласини ёки елинида турган сутни алоҳида сотилмайди. 2)Босқинчилик йўли билан бўғоз сигирни тортиб олинган бўлса-ю, ғасб қилувчининг қўлига тушганидан сўнг у туғса, сўнг ғасб қилувчининг суиистеъмоли туфайли бузоқ ўлдирилса, уни алоҳида тўлаб берилади.

من ملك شيئا ملك ما هو من ضروراته

  • «Кимки бирор нарсага молик бўлса, унинг зарурати бўлган нарсаларга ҳам эгалик қилади!».

Мисоллар: 1)Ер сотиб олса, ўша ерни суғорадиган ариқларга ҳам эгалик қилади. 2)Ҳовли сотиб олса, унга кириб-чиқиладиган йўлакчаларга ҳам эгалик қилган бўлади.

اذا سقط الأصل سقط الفرع

  • «Қачон асос йиқилса, шох ҳам йиқилади!».

Агар асос кетса, унинг шохлари, қўшимчалари ҳам кетади. Аксида эса ундай бўлмайди. Мисоллар: 1)Қарз берувчи қарздордан қарзини кечса, унга кафил бўлган кимсанинг ҳам кафолати бекор қилинади. 2)»Мана бу идишдаги сувни шу бугун ичаман» деб қасам ичилса-ю, идишдаги сув кун охирга етмасдан тўкиб ташланган бўлса, қасами ботил бўлади.

الساقط لا يعود كما أنّ المعدوم لا يعود

  • «Бекор қилинган нарса қайтмайди, худди йўқолган қайтмаганидек!».

Мисоллар: 1)Гаровга нарса олган кимса, гаровни ушлаб туришдан ўзини соқит қилса, гаровга нарса олишдан бутунлай маҳрум бўлади. 2)Қарздан кечилганини қарздор қабул қилган бўлса, кейин қарз берувчи қарзни даъво қила олмайди. 3)Васият қилинган кимса ҳамда шуфъа ва қасос ҳаққи бор кимсалар ўз ҳақларини кечсалар, ҳақ соқит бўлиб, ундан бутунлай айриладилар.

اذا بطل الشئ بطل ما فى ضمنه

  • «Бир нарса ботил бўлса, унинг зимнидаги нарса ҳам бекор бўлади!».

Мисоллар: 1)Бирор инсон бировга иқрор қилса ёки ўз ҳаққидан кечса, бу иқрор ва ҳақдан кечиш савдо ёки сулҳ борасида бўлса-ю, ўша савдо ва сулҳ бузилган деб топилса, иқрор ва кечиш ҳам бўлмаган деб ҳисобланади. 2)Сотишга мажбурланган сотувчидан бирор нарса сотиб олинса, мажбурлаш йўқотилса, савдо бузилган, деб ҳисобланиши мумкин.

اذا بطل الأصل يُصار الى البدل

  • «Қачон асл бекор бўлса, бадалга айлантирилади!».

Бирорта нарса йўқолса, унинг ўрнини босувчи нарса ўрнига берилади. Мисоллар: 1)Қарзга берилган нарсанинг айнан ўзи қайтариб берилиши мумкин бўлмагани учун унга ўхшаган нарса ёки унинг қиймати бериб адо қилинади. 2)Босқинчилик йўли билан тортиб олинган нарса ҳалок бўлса, унинг ўхшаши ёки қиймати берилади.

يغتفر فى التابع ما لا يغتفر فى المتبوع

  • «Эргаштирувчида кечирилмаган нарса эргашувчида кечирилади!».

Мисоллар: 1)Ерни экиш асбоблари ила вақф қилинади, унга асбоблар тобеъ ўлароқ киритилади. Чунки, асбоблар эргаштирувчи (ер)нинг эҳтиёжларидан ҳисобланади. 2)Харидор сотувчини сотилган нарсани ўзининг номидан олишга вакил қилса, тўғри бўлмайди. Чунки, битта одам ҳам топширувчи, ҳам олувчи бўла олмайди.

يغتفر فى البقاء ما لا يغتفر فى الإبتداء

  • «Бошланишда кечирилмаган нарса қолганида кечирилади!».

Бирор ишнинг бошланишида айб кечирилмаса-да, ишнинг ўртасида ёки охирида кечирилиши мумкин. Мисоллар: 1)Шерикликдаги нарсани ижарага қўйиб бўлмайди. Унинг барча қисмини ижарага бериш мумкин. Агар шерикликдаги нарсанинг ҳаммасини ижарага қўйилса, сўнг ҳиссадорларнинг баъзиси шартномани бузадиган бўлсалар, ҳиссанинг қолган қисмида ижара саҳиҳ бўлиб, боқий қолаверади. 2)Турмушга чиқаётган аёл никоҳ қилинаётганда маҳрдан кечиши мумкин эмас. Бироқ, маҳр белгиланиб, никоҳ қилингандан сўнг аёл маҳрдан тамоман ёки бир қисмини кечиши мумкин. 3)Икки одам муайян нарх белгиламасдан савдони келишсалар, жоиз эмас. Муайян нарх белгиланиб, савдо бўлганидан сўнг сотувчи харидордан пулни кечса жоиз. 4) Меросхўрлар ўзларига тегадиган мерос ҳиссасини аниқ билмасларидан олдин, масалан, кенжалари фойдасига ўз ҳиссаларидан кечишлари мумкин эмас.

البقاء أسهل من الإبتداء

  • «Бошланишдан кўра қолган осонроқ!».

Бирор нарсанинг бошланишида ҳукм қилгандан, ишнинг қолган қисмида, унинг давомида ҳукм чиқариш осон кечади.

لا يتمّ التبرّع الا بالقبض

  • «Инъом этиш фақат қўлга олиш билангина тугал бўлади!».

Совғалар, садақалар берилган одам уни қўлига тўлиқ олиши билан комил бўлади. Мисоллар: 1)Бўлакларга бўлинадиган нарсаларнинг бир қисмини ҳадия қилишда, тўлиқ қўлга олиш маъноси бўлмагани учун бундай ҳадиялар жоиз эмас. Масалан, сутдаги ёғни, зиғирдаги мойни, буғдойдаги унни ҳадия қилиб бўлмайди. 2)Ҳадияни қабул қилувчи олишга лойиқ бўлиши керак, жинни, ёш гўдакка ҳадия қилинса, ҳадия комил бўлмайди. уларнинг васийлари қабул қилиб олишлари мумкин.

التصرّف على الرعية منوط بالمصلحة

  • «Раиятни тасарруф қилиш маслаҳатга боғлиқ!».

Халқни, оммани тасарруф қилиш маслаҳатга, яхшиликка, одамларга қилинадиган фойдаларга боғлиқ ҳолда олиб борилиши шарт. Мисоллар: 1)Подшоҳ ҳеч кими йўқ кимсани ўлдирганни кечирса, авф тўғри ҳисобланмайди, жазо ҳам соқит бўлмайди. 2)Вақф қилувчининг шартларидан ташқари вазифаларни вақф учун таъйин қилиш мумкин эмас.

الولاية الخاصّة أقوى من الولاية العامّة

  • «Махсус эгалик умумий эгаликдан кўра кучлироқдир!».

Мисоллар: 1)Мутаваллийси бор бўлган вақфларга қози эгалик қилиб, уни тасарруф қила олмайди. 2)Сағирларнинг васийси бўла туриб, қози унинг мол-мулкини тасарруф қила олмайди.

إعمال الكلام أولى من إهماله

  • «Гапни амалга ошириш уни эътиборсиз қолдиришдан яхшироқ!».

Мисоллар: 1)Биров хотинини «Сен талоқсан, талоқсан, талоқсан!» деса, уч талоқ қилинган деб ҳисобланади. 2)Биров гарданида муайян қарз борлигини эътироф қилса, сўнг қарзга яна қўшимчаси борлигини иқрор қилса, айтилган қарзни қўшимчалари билан бор, деб ҳукм қилинади. 3)Болаларига васият қилинса, ўзининг пушти камаридан бўлган болалари назарда тутилган, деб ҳисобланади. Агар бундай қилинмаса, боласи деб чақирилганларнинг ҳаммаси васиятга киритилиши керак бўлиб қолади.

اذا تعذرت الحقيقة يُصار الى المجاز

  • «Қачон ҳақиқат узрли бўлиб қолса, мажозга айлантирилади!».

Мисоллар: 1)Биров: «Бу қозонни емайман» ёки «Бу дарахтни емайман» деса, қозон ва дарахт эмас унда пишган нарса назарда тутилган, деб ҳисобланади. 2)»Бу уйга қадам босмайман!» деса, айнан қадам босиш эмас, унга кириш тушунилади ва уйга уловда кирса ҳам қасами бузилган бўлади.

اذا تعذر إعمال الكلام يُهمل

  • «Қачон гапни амалга ошириш узрли бўлса, уни эътиборсиз қолдирилади!».

Мисоллар: 1)Биров кафил бўлса, ўзи нимага кафил бўлганини билмаган бўлса, кафолат тўғри бўлмайди. 2)»Мана бу ҳовлини фалончига беринглар» деса-ю, бу гапи васият эканини ҳам, аслида ўша ҳовли фалончиники эканини айтмаган бўлса, бу гапга эътибор берилмайди. 3)Биров аъзосини кесиб ташлашганини даъво қилса-ю, бироқ ўша аъзо жойида турган бўлса, унинг даъвосига қулоқ солинмайди.

ذكر بعض ما لا يتجزأ كذكر كله

  • «Бўлакларга бўлинмайдиган нарсанинг баъзисини зикр қилиш худди ҳаммасини зикр қилгани кабидир!».

Мисоллар: 1)Биров хотинининг учдан бири ёки ярмини талоқ қилса, тўлиқ бир талоқ қилган бўлади. 2)Шуфъа ҳаққининг ярмини топширса, ҳамма ҳақдан кечган бўлади. 3)Қасоснинг тўртдан бири ёки бешдан бирини авф қилса, ҳаммаси соқит бўлади.

المطلق يجرى على إطلاقه ما لم يقم دليل التقييد نصّا او دلالة

  • «Мутлақ модомики уни қайдлашга матн ёки далолат ҳолидаги далил бўлмаса, ўз мутлақлигига кўра юритилади!».

Умумийликни матн, яъни лафз қайд қилмаслиги керак, масалан, арабий от, андижоний дўппи каби. Умумийликни яна далолат ҳам қайдлаш керак эмас, масалан, «Мен учун ҳовли сотиб ол», дейилса, у дарҳол сотиб олса бўлади, бир йил ўтганидан кейин сотиб олганининг фойдаси йўқ. Мисоллар: 1)Бировни бозорда савдо қилишга вакил қилса, савдода ҳеч нарсани қайд қилинмаган бўлса, ўша вакил бозорда нақд ва насия, пулга ва матога ўзи хоҳлаган нарсани олиб-сотиши мумкин.

الوصف فى الحاضر لغوٌ

  • «Ҳозирдаги васф – сифатлаш бекордир!».

Бирор нарса ҳозир бўлиб турганда уни сифатлашнинг кераги йўқ, шундоқ ҳам унинг ўзига қараб тушунса, билиб олса бўлади. Мисоллар: 1)Сотувчи от сотаётганида ҳозир турган оқ отни савдо қилса-ю, «Сенга бу қора отни сотдим», деб юборса, харидор ҳам қабул қилса, байъ тўғри бўлади.

السؤال معاد فى الجواب

  • «Савол жавобга оиддир!».

Берилган саволга қайтарилган жавоб ҳукм бўлиб ҳисобланади. Мисоллар: 1)»Хотинингни талоқ қилдингми?», деган саволга «Ҳа!» деб берилган жавобга кўра хотини талоқ бўлади. 2)»Фалончи ушбу уйга кирса, унга битта зиёфат лозим» дейилса, ўша кимса «Яхши, розиман!» деганидан сўнг уйга кирса, айтилган зиёфатни бериш унга вожиб бўлиб қолади.

لا ينسب الى ساكت قول لكن السكوت فى معرض الحاجة بيان

  • «Сукут қилувчига гапни нисбат қилинмайди, лекин ҳожат юзага келган вақтда сукут баён ўрнидадир!».

Мисоллар: 1)Сотувчи кўз олдида харидор сотилган нарсани олаётганида сотувчи индамаса, унинг олишга ижозат берганини билдиради. 2)Бировнинг мол-мулкига унинг кўз олдида талофот етказилса, унинг сукути бунга ижозат берганини билдирмайди. 3)Қизни ўзининг тенггига турмушга берилмаётган бўлса, унинг сукути бунга ижозат берганини билдирмайди.

دليل الشئ فى الأمور الباطنة يقوم مقامه

  • «Ички ишларда нарсанинг далили унинг ўрнига ўтади!».

Мисоллар: 1)Харидор сотиб олган нарсасида айб кўрса-ю, уни даволаса ёки тузатса, ўша айбига рози бўлганини англатади. 2)Даъвогар узоқ муддат давомида даъво қилмаса, масалан, вақфда 36 йил, бошқа ишларда 15 йил даъво қилмаса, шундан кейинги даъвоси инобатга олинмайди. 3)Танага жароҳат етказадиган ўткир нарса билан бировни ўлдириб қўйиши унинг шу ишни қасддан қилганини билдиради.

الكتاب كالخطاب

  • «Мактуб хитоб кабидир!».

Бировга атаб ёзилган ёзув худди ўша кимсага хитоб қилганга ўхшайди. Қози олдида эса бу имзо ёки муҳр билан тасдиқланган бўлсагина инобатга олинади. Мисоллар: 1)Хотинига: «Сен талоқсан» деб ёзиб юборса, ўша ёзувни хотини ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам ёзган заҳоти талоқ бўлади. 2)Бировни бир ишга вакил қилиб юборса, ўша кимса ёзувни ўқиши биланоқ вакилга айланади. 3)Фалончидан қарзи борлигини ёки ундан кечишини ёзилган бўлса, бу қарзга иқрор ёки ундан иброъ ҳисобланади.

الإشارة المعهودة للأخرس كالبيان باللسان

  • «Гунг кимсанинг одатдаги маълум ишораси тил билан баён қилгани кабидир!».

Гунг одамнинг никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ, ижара, совға, гаров, иқрор, инкор, қасам кабиларда одатида қиладиган ишорасига қараб фикри инобатга олинади. Гувоҳликда эса бу инобатга ўтмайди, у бирор нарсани ёзиб ҳам тасдиқлаши керак бўлади.

يقبل قول المترجم مطلقا

  • «Таржимоннинг гапи мутлақо қабул қилинади!».

Даъво, ҳужжат келтириш, ҳадларни ижро қилишда таржимонларнинг таржима қилиб турган гаплари инобатга олинади. Бироқ, ҳадларни ижро қилишда таржимон эркак кимса бўлиши шарт қилинади, аёл таржимоннинг таржималари инобатга олинмайди. Шунингдек, ҳоким ёки қози таржима қилинаётган тилни билмаслиги шарт, акс ҳолда таржимоннинг таржималарига ҳожат йўқ.

لا عبرة بالظنّ البيّن خطؤه

  • «Очиқ-аниқ гумон сабабли хато қилганининг эътибори йўқ!».

Мисоллар: 1)Талоқ тушганига муфтий фатво бергани учун талоқ бўлган деб ҳисоблаб юрганида, талоқ тушмагани аниқ маълум бўлса, талоқ тушмаган деб ҳисобланади. 2)Бировдан қарз олган, деган гумон билан унга қарзи берилса, сўнг қарзи йўқлига маълум бўлиб қолса, берилган маблағ қайтариб берилади. 3)Бировнинг мол-мулкини ўзиники деб ўйлаб, ишлатиб юборса, унга зомин бўлади.

لا حجّة مع الإحتمال

  • «Эҳтимол билан бирга ҳужжат йўқ!».

Бирор нарсага эҳтимоли бўла туриб, ҳужжат қабул қилинмайди. Мисоллар: 1)Ўлим тўшагида ётганида, бировдан қарзи борлигини иқрор қилса, ёки меросдан бировни маҳрум қилса, ушбу иқрори ёки маҳрум қилиши инобатга олинмайди. Чунки, у меросдан бировларни қасддан маҳрум қилишни ўйлаб шу гапларни айтган бўлиши мумкин. 2)Вакил ўзининг молини вакил қилувчи учун сотиб олса ёки вакил вакил қилувчисининг молини ўзига сотиб олса, буни қабул қилинмайди. Чунки, у ўзига фойда бўлиши учун шу ишларни қилган бўлиши мумкин.

لا عبرة للتوهّم

  • «Тахмин-шубҳанинг эътибори йўқ!».

Мисоллар: 1)Меросхўрлар «Биздан бошқа меросхўр йўқ», дейишса, уларнинг гапи инобатга олинади. Булардан бошқа меросхўрлар бўлиши ҳақидаги тахминнинг эътибори йўқ. 2)Кўчмас муллка ҳозир ва ғойиб шафеъ бор. Ҳозир бўлган шафеълик ҳаққини талаб қилса, ғойиб шафеънинг келиб шафеълик қилиши кутиб ўтирилмайди. Чунки, унинг шафеълик ҳаққини талаб қилиш-қилмаслиги аниқ маълум эмас. 3)Бировга музораба тариқасида маблағ берган бўлса, унинг ҳаромдан касб қилиши аниқ маълум бўлмаса, фойдадан олинаверади.

الثابت بالبرهان كالثابت بالعيان

  • «Ҳужжат билан тасдиқланган нарса кўз билан кўриб тасдиқланган кабидир!».

Даъвогар ёки жавобгарнинг ҳужжат ва далил билан қилган кўрсатмаси худди қозининг ўз кўзи билан кўрганидек ишончли ҳисобланади. Бироқ, у ҳис-туйғулар ва мушоҳадалар билан тасдиқлангандек бўлиши керак. Бировнинг қўлини чопилгани айтилса-ю, ўша қўл жойида турган бўлса, қанча ҳужжат-далил келтирилса ҳам улар қабул этилмайди.

البيّنة على المدّعى و اليمين على من أنكر

  • «Даъвогарга ҳужжат-далил, инкор қилганга қасам лозим!».

Ушбу қоида саҳиҳ ҳадиси шариф матнидан олинган. Даъвогарнинг тарафи заиф бўлиб, унга кучли ҳужжат – далил керак бўлади. Жавобгар эса аслида мажбуриятлардан покдир, унга заиф ҳужжат – қасам ҳам кифоя қилаверади.

البيّنة لإثبات خلاف الظاهر و اليمين لإبقاء الأصل

  • «Ҳужжат-далил зоҳирнинг аксини исботлаш учун, қасам эса аслни қолдириш учундир!».

Зоҳирда, яъни бўлган ёки бўлмаган нарсанинг аксини тасдиқлаш учун ҳужжат талаб қилинади, бўлган ёки бўлмаган нарсани аслида шундай эканлигини тасдиқлаш учун эса қасам ичдирилади.

البيّنة حجّة متعدّية و الإقرار حجّة قاصرة

  • «Далил ўтувчи ҳужжатдир, иқрор эса қисқа ҳужжатдир!».

Ҳужжат биров учун ҳам кўрсатилиши мумкин, иқрор эса фақат ўзи учун бўла олади. Мисоллар: 1)Даъвогарнинг даъвоси бўлмаса ҳам ёки жанжал бўлмаса ҳам иқрор дуруст бўлади.

المرء مؤاخذ بإقراره

  • «Инсон ўз иқрори сабабли жазога тортилади!».

Иқрор қилувчи кимса оқилу болиғ бўлиши шарт ва иқрор ўз ихтиёри ила бўлмоғи керак. Шу шартлар топилса, унинг иқрорига биноан уни жазога мустаҳиқ қилинади. Ёш боланинг ва жиннининг иқрори қабул қилинмайди. Ақлан ва шаръан маҳол бўлган нарсани иқрор қилса, иқрори бекордир.

لا حجّة مع التناقض و لكن لا يختلّ معه حكم الحاكم

  • «Бир-бирига қарама-қарши гап билан ҳужжат бўлмайди, лекин у билан ҳокимнинг ҳукмига халал етмайди!».

Гувоҳлар ўз гувоҳликларига қарши гап айтсалар, масалан, гувоҳликларидан қайтсалар, бу билан ҳукм қилинмайди. Бироқ, қози ўз ҳукмини чиқарганидан сўнг гувоҳлар ўз сўзларидан қайтсалар, у эътиборга олинмайди, аммо улар жавобгарга товон тўлайдилар. Мисоллар: 1)Биров бир ҳовлини ижарага олганини айтса-ю, сўнг уни ўз мулки эканини даъво қилса, даъвоси қабул қилинмайди. Бироқ, уни ижарага олганимдан сўнг сотиб олган эдим деса ҳужжат талаб қилинади. 2)Гувоҳлар ўз гувоҳликларидан қайтсалар, агар ҳоким-қозининг мажлисида қайтсалар ҳам, ундан кейин ташқарида қайтсалар ҳам гаплари тингланмайди.

قد يثبت الفرع مع عدم ثبوت الأصل

  • «Гоҳида асос исбот қилинмаган бўлса ҳам қўшимча исбот қилинади!».

Қўшимчасиз асос бўлишига мисол шуки, кафили бўлмаса ҳам қарздор бўлиш мумкин. Гоҳида эса асосий иш топилмаса ҳам унинг қўшимчаси топилиши мумкин. Мисоллар: 1)Биров: «Фалончига мен кафил» деган бўлса, ўша фалончи олган қарзини инкор қилса, қарз берган одам кафилга мурожаат қилса, кафилга уни адо қилиш лозим бўлади. 2)Эр хулуънинг бадалига талоқни даъво қилса, хотин уни инкор этган бўлса ҳам талоқ бўлган ҳисобланади, хулуъ эвазига мол лозим бўлмайди. 3)Икки хотинининг биттасига талоқ тушгани борасида шубҳа пайдо бўлса, кейин бир хотини вафот қилиб қолса, тирик қолганга талоқ тушган деб ҳисобланади. Эрнинг: «Мен ўлган хотиннинг талоқ бўлишини истаган эдим», деган гапи инобатга олинмайди, бироқ, шу гапи сабабли эр меросдан маҳрум бўлади.

Ҳамидуллоҳ Беруний

(давоми бор)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *