Фиқҳий қоидалар (4-қисм)

Lotin alifbosada

المعلق بالشرط يجب ثبوته عند ثبوت الشرط

  • «Шартга боғланган нарса шарт пайдо бўлиши биланоқ юзага чиқиши вожиб бўлади!».

Мисоллар: 1)»Фалончи келса, хотиним талоқ!», дейилса, ўша фалончи келиши биланоқ хотини талоқ бўлади. 2)»Фалон ишни қилсам, зиёфат бераман!», деган одам ўша иш бўлганидан сўнг зиёфат бериши лозим бўлади.

يلزم مراعاة الشرط بقدر الإمكان

  • «Имкон қадар шартлашилганга риоя қилиш лозим бўлади!».

Бирор нарсага шартлашилган бўлса, ўша шартлашув шаръан жоиз амал бўлса, унга қўлдан келганча амал қилиш вожиб ҳисобланади. Шаръан ножоиз саналадиган шартномаларга эса амал қилмасдан, унинг ножоизлигини билган заҳоти тўхтатиш зарурдир.

المواعد بصور التعليق تكون لازمة

  • «Боғлиқ бўлган суратдаги ваъдалар лозим бўлади!».

Бирор нарсага боғлиқ ҳолда қилинган ваъдаларга вафо қилиш лозим бўлади.

Мисоллар: 1)»Мана бу нарсани фалончига сотавер, агар у пулини бермаса, мен бераман» дейилса, ушбу гапга ишониб, нарса сотилганидан сўнг ўша фалончи пулини бермаса, ваъда қилган кимса пулини бериши лозим бўлади. 2)»Фалончи қарзини бермаса, мен бераман», деган ваъда берилса, агар ўша фалончи қарзини бермаса, ваъдага мувофиқ қарз тўланиши керак.

الخراج بالضمان

  • «Чиққан нарса товон билан биргадир!».

Бирор нарсада ортиқча зиёдалик ҳосил бўлса, товон тўланганда ўша ортиқча зиёдаликка алоҳида товон тўлаб берилади. Масалан, ҳовли ижарага олинса, ижарагир ҳовлини таъмирлайдиган бўлса, ижара ҳаққидан камайтириши мумкин.

الأجر و الضمان لا يجتمعان

  • «Ҳақ ва товон пуллари бирга жамланмайди!«.

1)Биров эшакка юк ортишга келишиб, ижарага олса, унга келишилган миқдордан кўпроқ юк ортиб эшакни ўлдириб қўйса, эшакнинг қийматини тўлайди, ижара ҳаққини тўламайди. 2)Машинани ижарага олиб миниб юрган одам уни авария қилиб ёки ёндириб юбориб, мутлақо яроқсиз ҳолга келтириб қўйса, машинани тўлаб беради, ижара пулини тўламайди.

الغُرم بالغنم

  • «Тўлов ўлжа билан бирга бўлади!».

Тўлов қўлга киритилган ўлжага – фойдага мувофиқ белгиланади. Ким қанча ўлжа – фойда олса, шунга қараб тўловни амалга оширади.

Мисоллар: 1)Тарозибон, ҳаммол кабиларнинг ҳаққи шериклар орасида тенг тақсимланади ёки шериклик нисбатига кўра тақсимланади. Чунки, фойда уларга оиддир. 2)Савдо ҳужжатлари, эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш йўлидаги ҳақларни харидор – сотиб олувчи тўлайди. Масалан, бирор кўчмас мулкни сотиб олаётган одам уни расмийлаштириш учун кетадиган ҳақларни ўзи тўлайди.

النعمة بقدر النقمة و النقمة بقدر النعمة

  • «Неъмат офат миқдори билан, офат эса неъмат миқдори ила ўлчанади!».

Мазкур қоида юқоридаги икки қоиданинг такроридан иборат. Зарарга қараб фойда, фойдага қараб зарар белгиланиши ушбу қоидада ўз аксини топган.

يضاف الفعل الى الفاعل لا الى الآمر ما لم يكن مجبرا

  • «Феъл қилувчига боғланади, модомики мажбур қилувчи бўлмаса буюрувчига боғланмайди!».

Бирорта ишни уни бажарувчи қилган, деб ҳукм қилинади. Уни буюрган қилган, деб ҳукм қилинмайди. Агар у ишни бажарувчини мажбур қилмаган бўлса буюрувчи қилмаган ҳисобланади. Агар буюрувчи уни мажбур қилган бўлса, у ҳолда айбдор буюрувчи бўлади. Масалан, биров бир инсонни фалончининг мол-мулкини талофатга етказ, ёки фалончини уриб майиб қил ёки ўлдир, деб буюрган бўлса, ўша ишни қилувчи айбдор бўлади, у товон тўлайди ёки қасос ундан олинади. Ишни буюрган кимса айбдор бўлмайди. Чунки, ишни қилувчининг ақли-ҳуши бор. Ким нима буюрса, қилиб кетавериши керак эмас. Агар буюрувчи уни зўрлаган, мажбур қилган бўлсагина буюрувчи айбдор бўлади.

اذا اجتمع المباشر و المتسبب يضاف الحكم الى المباشر

  • «Агар ишни бажарувчи ва унга сабаб бўлувчи жам бўлсалар, ҳукм ишни бажарувчига боғланади!».

Бирор ишнинг ва ҳодисанинг юз беришига биров сабабчи бўлса, бироқ ўша ишни бошқа биров қилса, қилган одам айбдор ҳисобланади. Ишга ёки ҳодисага сабабчи бўлган кимса айбдор бўлмайди. Бу қоида аввалги қоиданинг аниқлаштирилган варианти.

Мисоллар: 1)Бир одам омма ўтадиган йўлга расмий рухсат олмасдан чуқур қазиб қўйибди. Ўша чуқурга биров бошқа бировни итариб юборди. Чуқурга тушиб кетган кимса ўлиб қолди. Шунда айбдор уни итарган кимса бўлади, чуқур қазиган одам эмас. Агар бирорта ҳайвоннинг оёғи тайиб кетиб чуқурга тушиб кетса, у ўлса ёки майиб бўлса, товонни рухсатсиз чуқур қазиган одам тўлайди. 2)Биров ақли бор болага пичоқни ушлаб туришга берса, у пичоқ билан ўзини ўлдирса, берган одам айбдор ҳисобланмайди. Бироқ, пичоқ қўлидан тушиб, устига бола йиқилиб ўлса, пичоқни унга берган одам айбдор бўлади. 3)Биров ўғрига бошқа бировнинг мол-мулки қаерда турганини кўрсатса, ўғри ўша молни ўғирласа, товонни ўғри тўлайди, унинггина қўли чопилади.

الجواز الشرعى ينافى الضمان

  • «Шаръий жоизлик товон тўлашни ман қилади!».

Шаръий жиҳатдан ёки расмий жиҳатдан жоиз саналган ишни (мубоҳ амални) қилиш сабабли товон тўланмайди.

Мисоллар: 1)Бир одам ўз шахсий томорқасида чуқур қазиб қўйган бўлса, унга биров келиб тушиб кетиб ҳалок бўлса, томорқа эгасини айбдор саналмайди. 2)Биров гаровга бирор нарса олса, унинг ихтиёрисиз ўша гаровда турган нарса ҳалок бўлса, унга зомин бўлмайди. 3)Омонатни омонат берувчи айтган жойда, келишилган ҳолатда сақланаётганида ўғри уриб кетса, уни омонат сақловчи тўлаб бермайди.

المباشر ضامن و ان لم يتعمّد

  • «Гарчи қасддан қилмаган бўлса ҳам иш бажарувчи зоминдир!».

Ишни ўз ихтиёри ила қилгани боис у талофот етказишни қасд қилмаган бўлса ҳам, талофот етказилган нарсанинг товонини тўлаб беради.

Мисоллар: 1)Биров ўз мол-мулким деб ўйлаб бировнинг мол-мулкини ишлатиб юборди. Унга товонини тўлаб беради. 2)Ухлаётган одам думалаб бировнинг нарсасини синдириб қўйса ҳам унинг товонини тўлаб беради. 3)Ақли йўқ ёш бола бировнинг нарсасини бузиб қўйса ҳам унинг товонини тўлайди.

المتسبب لا يضمن الا بالتعمّد

  • «Сабабкор товон тўламайди, фақат қасддан қилсагина товон тўлайди!”.

Зарарга сабаб бўлувчи товон тўламайди, балки товонни ўша зарарни бевосита етказган кимса тўлайди. Агар сабабкор қасддан ўша ишга – зарарга сабабчи бўлса, товон тўлайди. Масалан, боланинг қўлига қасддан пичоқ берса, у бола ўзини ўлдириб қўйса; молни ёки бирор ҳайвонни ҳуркитиб, қувлаб юборса-ю ўша ҳайвон қўшнининг экнини пайҳон қилса, пичоқни берувчи ёки ҳайвонни уриб юборувчи товон тўлайди.

جناية العجماء جُبار

  • “Тилсиз жониворнинг жинояти бекордир!”.

Мазкур қоида ҳам саҳиҳ ҳадиси шариф матнидан олинган. Агар тилсиз жонивор бирорта кимсани босиб қўйса ёки экинини пайҳон қилса, унга ҳукм қилинмайди, унинг эгаси товон тўламайди. Бироқ, уни ҳайдаб бораётган бўлса, эгаси қасддан шу ишни қилса, унда товон тўлайди. Агар тилсиз жонивор бирор нарсага талофот етказаётганини унинг эгаси кўриб қолса-ю, уни бу ишдан тўхтатмаса ҳам товон тўлайди. Агар икки кимса молларини бир жойга боғласалар, улар бир-бирларини сузиб ёки арқонларига ўралиб, бир-бирини ўлдириб қўйсалар, товон тўланмайди.

الأمر بالتصرّف فى ملك الغير باطل

  • “Бошқанинг мулкидаги тасарруф қилинган иш ботил-пучдир!”.

Бошқанинг мулкини тасарруф қилиш ботил бўлиб, ҳеч қандай ҳукм амалга оширилмайди. Яъни, масалан, бировнинг молини унинг рухсатисиз сотиб юборилса, ўша мол сотилмаган, деб ҳисобланади.

لا يجوز لاحد ان يتصرف فى ملك الغير بلا إذنه

  • «Бошқа бировнинг мулкини унинг ижозатисиз тасарруф қилиш ҳеч кимга жоиз бўлмайди!».

Бу қоида юқоридаги қоиданинг кенгайтирилган варианти. Ижозат аниқ сўз билан бўлиши мумкин ёки далолат ва ишора қилинган бўлиши мумкин. Бундай ижозат берилган бўлса, товон тўланмайди. Акс ҳолда, ижозатсиз бирор иш амалга оширилса, ўшанга жавобгар бўлади.

لا يجوز لاحد ان يأخذ مال احد بلا سبب شرعى

96) «Бировнинг молини шаръий сабабсиз олиш ҳеч кимга жоиз бўлмайди!».

Бировнинг молини, хоҳ бегона бўлсин, хоҳ ўз қариндоши (ота-онаси, фарзанди, эри) бўлсин, унинг рухсатисиз ёки шаръий сабабсиз жиддий ёки ҳазиллашиб ҳам олиш жоиз эмас. Шаръий сабабга масалан, хотинига эри нафақа тўламасдан қочиб кетган бўлса, хотини қози рухсати билан эрининг мол-мулкидан нафақасига ишлатиб туриши киради. Қозининг рухсатини олмаган бўлса, эрининг рухсатисиз унинг мол-мулкидан ишлата олмайди.

تبدل سبب الملك قائم مقام تبدل الذات

  • «Мулк сабабининг ўзгариши зот ўзгаришининг ўрнига ўтади!».

Мисоллар: 1)Агар бировдан бир нарса сотиб олган кимса уни бошқага сотди. Шунда сотилган нарсанинг биринчи сотувчиси қўлида бўлган вақтдаги айби маълум бўлиб қолди. Бу айб учун сотилган нарса биринчи сотувчисига қайтарилмайди, балки иккинчи сотувчи товон тўлайверади. 2)Биров бошқа бировга бир нарсани совға қилди. Сўнг ўша нарсани ўзи сотиб олди. Совға берувчи: «Мен бу нарсани сенга совға қилиб берган эдим, совғамни қайтариб олаяпман», деб сотилган совғанинг пулини бермаслиги мумкин эмас.

من استعجل الشئ قبل آوانه عُوقب بحرمانه

  • «Кимки бирор нарсани ўз вақтидан олдин шошилиб қилса, ундан маҳрум қолиш билан жазо берилади!».

Мисоллар: 1)Хотинига мерос тегмасликни кўзлаб, ўлим тўшагида ётганида хотинини талоқ қилса, хотинига мерос берилади. 2)Хотин эрини ёқтирмагани боис диндан қайтиб (муртад) бўлса ҳам ундан ажралишни кўзласа, эридан ажратилмайди, бошқага турмушга чиқишга рухсат берилмайди.

من سعى فى نقض ما تمّ من جهته فسعيه مردود عليه

  • «Кимки ўзи тугал қилган нарсани синдиришга ҳаракат қилса, унинг саъй-ҳаракати рад қилинади!».

Биров ўз ихтиёри ила бирор ишни тугал қилса, тўлиқ адо қилса, сўнг уни ўзи бузишга ҳаракат қилса, бузишга рухсат берилмайди. Мисоллар: 1)Биров қайсидир ишга ўзи иқрор бўлса, сўнг бу иқрори хато эканини айтса, энди гапи тингланмайди. 2)Биров мерос мулкни тақсимлашга ўзи ҳаракат қилса, тақсимлангандан кейин ушбу мол-мулк фақат ўзига тегишли эканини айтса, даъвоси-гапи эшитилмайди. 3)Хотинини талоқ қилган кимсанинг: «Мен хотинимни талоқ қилмоқчи эмас эдим», деган гапига қулоқ солинмайди. 4) Биров халққа фойдали нарса ихтиро қилса ёки бино қурса ва уни халқ учун қилганини айтса, ундан сўнг ўша ихтиросини бузишга ёки биносини вайрон қилишга рухсат берилмайди.

Юқорида мисоллари ва айрим кичик изоҳлари билан келтирилган фиқҳий қоидалар қонунлар мажмуаси – “Мажаллат ал-аҳком ал-адлиййа”да қайд қилинган қоидалардир. Улардан ташқари ҳам ҳанафий мазҳабида кўплаб фиқҳий қоидалар мавжудлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Шулардан айримлари қуйидагилардир:

  • Кейинги ижозат ўтган ваколат кабидир!
  • Нарсалардаги асос мубоҳликдир!
  • Битимлардаги асос битим тузувчиларнинг розилигидир. Унинг натижаси эса шартномада кўрсатилган нарсага кўра бўлади!
  • Ишончли одам қасами билан ҳам тасдиқ қилинади!
  • Қозининг буйруғи билан қилинган тасарруф моликнинг амри билан қилингандек бўлади!
  • Ботил ижозатни қабул қилмайди!
  • Исломий юртларда шаръий ҳукмларни билмаслик узр ҳисобланмайди!
  • Қозининг хатоси давлат мулкидан қопланади!
  • Хиёнат бўлинмайди!
  • Шариат асосларига хилоф бўлган барча шартлар ботилдир!
  • Ҳар бир молик ўз қўли остидагиларга нафақа бериши лозимдир!
  • Бировнинг изнисиз унинг ҳаққини адо қилиб юбориши ўзича қилинган садақадир!
  • Бировнинг қўлидаги нарса фақатгина ҳақиқий исботланган даъво билангина тортиб олиниши мумкин!
  • Адоси вожиб бўлган нарсанинг вафоси ҳам вожиб бўлади!
  • Вакил билан асил бир шахс кабидир!
  • Ишончли одамнинг гапи далил-ҳужжатсиз ҳам эътиборга олинади!
  • Бир жинсдаги мақсади бир бўлган икки иш бир-бирига киритилади!
  • Ижмоъга мухолиф ишга ҳукм қилинса, ҳукм юрмайди, инобатга ўтмайди!
  • Мажбурланган одамнинг иқрори бекордир!
  • Гумоннинг ғолиби эҳтиёткорлик вақтида аниқлик ўрнидадир!
  • Қасамлар зоҳирдаги талаффузга боғлиқ бўлади!
  • Урфга асосланган ҳукм нассга асослангани каби бўлади, лекин далил бор жойда урф эътиборга олинмайди!
  • Умумий урф эътиборга олинади, махсус (хос) урф эмас!
  • Ҳаддлар (жазолашлар) шубҳалар ила соқит қилинади!
  • Вақф қилувчининг шартига шариат ҳукми каби амал қилинади!
  • Ҳар бир қарз манфаат келтирса, у рибодир!
  • Имкони борича мусулмоннинг куфрига фатво берилмайди!
  • Бажариш ҳаром бўлган нарсани талаб қилиш ҳам ҳаром!
  • Мутлақ итлоқи (мутлақлиги)га кўра, муқаййад қайдига кўра юритилади!
  • Кимки бир ишни қилган ёки қилмагани борасида шубҳага борса, қилмаган деб ҳукм этилади!
  • Фарзанд дин юзасидан отасига, озодлик борасида онасига эргашади!
  • Зоминлик ўзига ўхшаши билан бўлади!
  • Бадалнинг ҳукми алмаштирилганнинг ҳукмини олади!
  • Банданинг ҳаққи шариат ҳаққидан муқаддам қилинади!
  • Асл собит бўлмаса ҳам фаръ собит бўлиши мумкин!
  • Олувчининг гапи олинган нарсанинг миқдорича бўлади!
  • Шартсиз бериш ва тарк қилиш жоиз бўлган ҳар бир нарса шарт билан лозим бўлади!
  • Золимнинг илдизига ҳақ берилмайди!
  • Бир неча шартлар билан юзага келган шартнома битта шартнинг топилмагани сабабли бутунлай бекор қилинади!
  • Ҳукм ўз иллати (сабаби) атрофида айланади!

Юқоридаги фиқҳий қоидаларни яхши билан мусулмоннинг фиқҳий салоҳиятини оширади, шариат ҳукмларини чуқур ва теран билдиради. Бутун бошли фиқҳни фиқҳий манбаларни осонлик билан ўзлаштиришига сабаб бўлади. Демак, толиби илмлар, илмга қизиқувчилар мазкур қоидаларни ўзлаштириши, ўрганиши муҳим илмий талаблардан биридир.

Ҳамидуллоҳ Беруний

(тамом)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *