“Ал-ақоид ан-насафия”

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

       “ал-Ақоид ан-насафия” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (462-537/1068-1142) Самарқандда фаолият олиб борган ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва мутакаллимидир. У муфассир ва муҳаддис сифатида ҳам тафсир ва ҳадис бўйича асарлар битганлар. Умуман, унинг юздан ортиқ асарлар ёзганлиги манбаларда таъкидланган.

      “ал-Ақоид ан-насафия” асари ғоятда машҳур ва ақида борасида асарларнинг энг эътиборлиларидан бири ҳисобланади. Мазкур рисола кичик ҳажмда бўлишига қарамасдан, 9 (тўққиз) асардан буён Марказий Осиё ва ислом оламида мотуридийлик ақидаси бўйича энг машҳур қўлланмалардан бири вазифасини бажариб келмоқда.

     “ал-Ақоид ан-насафия” матнини биз Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “Матлаъ ан-нужум ва мажмаъ ал-улум” тўпламидан олдик. Муаллиф уни мазкур тўпламга “Усул ад-дин ъала эътиқод ал-муҳтадийн” (“Ҳидоят истаганларнинг эътиқодига диннинг асослари”) номи билан киритганлар. Бу “ал-Ақоид ан-насафия” асарининг бизга маълум энг қадимги қўлёзма нусхаси бўлиб, тахминан мелодий 1363 йилда кўчирилган.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Бисмиллaҳир роҳманир роҳийм

بسم الله الرحمن الرحيم

قال الشيخ الامام الأجل نجم الملة و الدين ابو حفص عمر بن محمد بن أحمد النسفى رحمة الله عليه

Шайх, имом, улуғ зот, дин ва миллатнинг юлдузи Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи дедилар:

(Ушбу жумла ақоид матнининг кейинги даврларда кўчирилган нусхаларига тегишли).

قال اهل الحق حقائق الأشياء ثابتة والعلم بها متحقق خلافا للسوفسطائية

Ҳақиқат аҳли дедилар: “Нарсаларнинг ҳақиқатлари барқарордир ва уларни билиш тасдиқлангандир”. Сўфастоийяларга (бу) хилоф (бўлган қоида)дир.

(“Ҳақиқат аҳли”дан мурод аҳли суннат ва жамоат гуруҳидан бўлмиш Ашъарий ва Мотуридийларга эргашганлардир.

“Ҳақиқат” бу воқеъликка мувофиқ келувчи ҳукмдир. Унинг муқобили “ботил”дир. “Ҳақиқат” сўзи гаплар, ақидалар, дину мазҳаблар учун ишлатилаверади. “Сидқ” эса фақат гап-сўзларга нисбатан ишлатилади ва унинг муқобили “кизб” (ёлғон) бўлади.

“Сўфастоийя” сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, ундаги “сўфо” сўзи “илм” маъносида, “исто” эса “ғалат, нотўғри” маъносидадир. “Сафсата” сўзи ҳам мана шу сўздан олинган. Ушбу тоифага мансуб кишилар нарсаларнинг ҳақиқатини инкор қиладилар. Нарсалар хаёл ва тасаввурдан иборат дейдилар. Баъзилари эса: “Нарсалар эътиқодга боғлиқ, агар нарсани жавҳар деб эътиқод қилсак, жавҳардир. Агар қадимий деб эътиқод қилсак, қадимийдир ва агар янги пайдо бўлган деб жазм қилсак, янги пайдо бўлгандир”, дейдилар).

ثم أسباب العلم للخلق ثلاثة الحواس الخمس و خبر الصادق و العقل و الحواس هى السمع و البصر و الشمّ و الذوق و اللمس و بكل حاسّة منها توقف على ما وضعت هى له

Сўнгра, илмнинг сабаблари халқ учун учтадир: бешта (соғлом) ҳис-туйғулар, тўғри хабар ва ақл. Бас, ҳис қилувчи (аъзолар бештадир): эшитиш, кўриш, ҳидлаш, тотиш ва ушлаш-силаш. Улардан ҳар бир ҳосса ўзи учун қўйилган нарсагагина воқиф бўлур.

(Яъни, Аллоҳ таоло улардан ҳар бирини махсус нарсаларни идрок қилиш учун яратган. Эшитиш овозлар учун, тотиш таъмлар учундир. Бирови билган нарсани бошқаси идрок қила олмайди. Лекин бу хусусият қиёмат куни ўзгариши мумкин. Масалан, қўл гапириб, эгаси қилган ишлардан хабар беради).

و خبر الصادق على نوعين أحدهما الخبر المتواتر الثابت على السنة قوم لا يتصور تواطئهم على الكذب و هو موجب للعلم الضرورى كالعلم بالملوك الخالية فى الأزمنة الماضية و البلدان النائية

Тўғри хабар икки навъга (бўлинади). Икковидан бири мутавотир хабардир. У (бирор) қавмнинг тилларида уларнинг ёлғон (сўзлаш)га келишиб олишлари тасаввур қилинмайдиган мустаҳкам хабардир. У мозий замонларда ўтган подшоҳлар ва узоқ шаҳарларни билиш каби (ўз-ўзидан) зарурий илм (билим) учун сабабдир.

والثانى خبر الرسول المؤيّة بالمعجزة يوجب العلم الاستدلالى و العلم الثابت به يضاهى العلم الثابت بالضرورة فى التيقن والثابت

Иккинчиси, мўъжиза ила қувватланган Пайғамбар хабаридир. У (яъни, Пайғамбар хабари) истидлолий (далил талаб қиладиган) илмни вожиб қилади. У билан барқарор бўлган илм аниқлик ва мустаҳкамликда заруратан пайдо бўлган илмга ўхшаш бўлади (шунга қиёс қилинади).

 و اما العقل فهو سبب العلم ايضا وما تثبت منه بالبديهة فهو ضرورى كالعلم بان كل شئ أعظم من جزئه وما تثبت بالاستدلال فهو اكتسابى

Аммо ақл, бас, у илм учун яна (бир бошқа) сабабдир. Ундан (яъни, ақл ила пайдо бўлган илмдан) бадоҳатан (бирданига юз берадиган, ўйланиб, изланиб турмасдан тафаккурга тезда келадиган билиш) бўладиган нарса ҳам (худди) ҳар бир нарса ўз бўлагидан каттароқ эканлигини билиш каби зарурийдир. Далил талаб қилиш билан пайдо бўлган нарса, бас, у иктисобийдир (яъни, касб қилиб, изланиб топилгувсидир).

و الإلهام ليس من اسباب معرفة صحة الشىء عند اهل الحق

Илҳом ҳақиқат аҳли наздида (бирор) нарсанинг саҳиҳлигини таниш сабабларидан эмас.

(Илҳом бу файз тариқасида қалбга келадиган маънодир, қарашдир. Авлиёуллоҳларнинг қалбига келган нарсалар ҳам илҳом деб аталади. У шаръан далил сифатида олинмайди. Масалан, кимдир бировни ўғри деб кўрсатиб, бу менга илҳом орқали кашф бўлди, деса, унинг сўзи билан ўша кимсани ўғри деб тутилмайди. Ёки менга илҳом орқали маълум бўлдики, эртага рамазон рўзаси бошланади, деса унинг сўзи билангина рўза бошланиб кетмайди.).

و العالم بحميع أجزائه  مُحدَث إذ هو أعيان و أعراض و الأعيان ما له قيام بذاته وهو إما متركب [و هو الجسم او غير متركب] وهو الجزء الذى لا يتجزى و هو الجوهر و الأعراض ما لا قيام له بذاته و يحدث فى الاجسام والجواهر كالألوان والأكوان والطعوم الروايح

Олам жами бўлаклари билан пайдо бўлгандир. Чунки, у ъайнлар ва ъаразлар(дан иборат)дир. Бас, аъён ўз зоти ила (яъни, ўзича) тура оладиган нарса(лар)дир. У ёки мураккаб (таркиб топадиган бўлур), у (ҳар хил нарсалардан таркиб топадигани) жисмдир. Ёки таркиб топмайдиган (бўлур). У бўлакларга бўлинмайдиган (энг кичик заррасимон) бўлакдир. У жавҳардир. Аразлар (эса) ўз зотида тура олмайдиган нарсадир ва (у) ранглар, борлиқлар, таъмлар, ҳидлар каби жисмларда ва жавҳарларда пайдо бўлади.

(Фалсафада ъраз – аъроз сўзини аксиденция, симптом; жавҳар сўзини эса модда, материя билан ифодаланади, ъайн – аъён эса аксиденциянинг аксидир.

Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ “борлиқлар” деганда жамъланиш, ажралиш, ҳаракат ва сукунатни тушунганлар.).  

 و المحدث للعالم هو الله تعالى الواحد القديم الحي القادر[العليم] السميع البصير الشائي المريد

Олам учун пайдо қилгувчи у ягона, (аввалу охир бўлмиш) қадим, (ҳамиша) тирик, (ҳар нарсага) қодир, (барча нарсани) билгувчи, (ҳамма овозларни) эшитгувчи, (барчани) кўргувчи, (ўзи хоҳлаганини) хоҳлагувчи ва (истаганини) ирода қилгувчи Аллоҳ таолодир!

 ليس بعرض و لا جوهر و لا جسم و لا مصوّر و لا محدود و لا معدود و لا متبعض و لا متجزى و لا متركب و لا متناهى لا يوصف  بالمائيّة و لا بالكيفية و لا يتمكن فى مكان و لا يجرى عليه زمان و لا يُشبهه شىء و لا يُخرج عن علمه و قدرته شىء

(У Аллоҳ) араз эмас, жавҳар эмас, жисм эмас, тасаввур қилинган эмас, чегараланган эмас, саналадиган эмас, баъзи (ҳам) эмас, бўлакланган ҳам эмас, (улардан) таркиб топган (ҳам) эмас, ниҳояланган (яъни, ниҳояси бор ҳам дейилган) эмас. Нималиги ва қандайлиги сифат (қилиб) гапирилмайди, (бирор) маконда макони бор дейилмайди. Унга замон(лар-у вақтлар) ўтмайди. Унга бирор нарса ўхшамайди. Илми ва қудратидан ҳеч нарса чиқиб кетмайди.

(Яъни, Аллоҳ таоло бирорта сурат ва шаклга эга эмас. Бу нарсалар инсон, ҳайвонот ва жисмларга хос нарсалардир.

Яъни, умумийликнинг баъзиси эмас. Бу ерда муаллиф Аллоҳ таолони қўл, оёқ, юрак сифатида бўлакларга бўлиб тасаввур қилишни рад қилмоқда.).

و له صفات ازلية قايمة بذاته و هى لا هو و لا غيره و هى العلم و القدرة و الحيوة و القوة و السمع و البصر و الإرادة و المشية و الفعل و التخليق و الترزيق

Унинг учун ўз зотида қоим бўлмиш азалий сифатлар бор. Улар У эмас, Ундан ўзга (ҳам) эмас. Улар (яъни, ўша сифатлар) илм (билишлик), қудрат (қодирлик), ҳаёт (тириклик), қувват, самъ (эшитиш), басар (кўриш), ирода, машиат (хоҳиш), бажариш, яратиш ва ризқ беришдир.

(Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор ушбу гапни назмга солиб: “Субутийдир анинг саккиз сифоти. Сифот зотий эмас, на ғайри зотий”, деб ифодалаганлар. Яъни, Аллоҳ таолонинг сифатлари зотининг ўзгинаси эмас ва зотидан айри ҳам эмасдир.).

 و الكلام و هو متكلم بكلام هو صفة ازلية ليس من جنس الحروف و الاصوات و هى منافية للسكوت و الآفة و الله تعالى متكلم بها آمر ناهى مخبر

Калом ва у Унинг учун азалий сифат бўлган калом (гап-сўзлар) билан гапиргувчидир, (ўша гап-сўзлар) ҳарф ва овозлар жинсидан эмас. У (калом) сукут қилиш, ва (ҳар хил дудуқланиш, гунг бўлиб қолиш сингари) офатларни рад қиладиган сифатдир. Аллоҳ таоло гапиргувчидир, ўша (сифати) билан амр қилгувчи, қайтаргувчи, хабар бергувчидир.

 و القران كلام الله تعالى غير مخلوق و هو مكتوب فى مصافحنا محفوظ بقلوبنا مقرؤ بألسنتنا مسموع بأذاننا غير حالّ فيها

Қуръон Аллоҳ таолонинг яратилмаган каломидир. У бизнинг мусҳафларимизда ёзилган, қалбларимизда сақланган, тилларимиз ила ўқилган, қулоқларимиз ила эшитилган (ҳамда) уларга сингиб кетмагандир.

(Яъни, Қуръон Аллоҳнинг зотида қоим бўлган қадим сифати бўлиб, мусҳафларга қалбларга, тилларга, қулоқларга сингиб кетмайди.).

 و التكوين صفة الله تعالى ازلية و هو تكوين للعالم و لكل جزو منه لوقت وجوده و هو غير المكوَّن عندنا

Таквин (бор қилиш, яратиш) Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. У (яъни, таквин) олам учун ва унинг бўлакларидан ҳар бир бўлак учун ижод қилиш вақтида Унинг яратишидир ва бизнинг наздимизда (таквин сифати) яралмишдан бошқадир.

(Мўътазилийлар Аллоҳнинг таквин сифатини мукавван билан, яъни яралмиш билан бирга деб тасаввур қиладилар ва бу иккиси айни нарса, дейдилар.).

و الارادة  صفة الله تعالى ازلية قايمة بذاته

Ирода Аллоҳ таолонинг ўз зотида қоим бўлган азалий сифатидир.

 و رؤية الله تعالى جائزة فى العقل واجبة بالنقل ورد الدليل السمعى بايجاب روية المؤمنين الله تعالى فى الدار الاخرة فيُرى لا فى مكان و لا على جهة من مقابلة او إتصال شعاع او ثبوت مسافة بين الرائى و بينه تعالى

Аллоҳ таолони кўриш ақлда жоиз ва нақл билан (эса ишониш) вожибдир. Охират масканида (турганларида) мўъминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари заруриятига самъий далиллар (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитилган ҳадиси шарифлар) ворид бўлгандир. Демак, (Аллоҳ таолони) кўрилади, (бу кўриш) маконда эмас, юзма-юз туриладиган тарафда эмас. Ёки ёруғликнинг етишуви, кўрувчи билан Аллоҳ таоло орасида масофа қарор топиши (ҳам бўлмайди).

(Яъни, масалан қуёшга қарасак, унинг нури бизга келиб турганини ҳис қиламиз. Аллоҳни кўрганда бундай ҳодиса бўлмайди.).

 و الله تعالى خالق كل أفعال العبد من الكفر و الإيمان و الطاعة والعصيان و هى كلها بمشيئته و إرادته و حكمه و قضيته و تقديره

Аллоҳ таоло бандаларнинг куфр, имон, тоат ва исёндан иборат барча феълларининг яратувчисидир. Уларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиши, иродаси, ҳукми, қазоси ва тақдири билан (бўлур).

 و للعباد أفعال اختيارية يثابون بها و يعاقبون عليها و الحسن منها برضا الله تعالى و القبيح منها ليس برضاه

Бандалар учун ихтиёрий феъллар бор. Ўшалар сабаб (агар савоб иш қилсалар) савоб олурлар, ўшаларга (агар гуноҳ иш қилсалар) азобланурлар. Улардан (яъни, банданинг бажарган амалларидан) яхшиси Аллоҳ таолонинг ризоси билан бўлгай ва улардан ёмони эса Аллоҳ таолонинг ризоси билан эмас.

و الإستطاعة مع الفعل و هى حقيقة القدرة التى تكون بها الفعل و يقع هذا الاسم على سلامة الأسباب و الألات و الجوارح و صحة التكليف تعمد هذه الاستطاعة و لا يكلف العبد ما ليس فى وُسْعِهِ

Иститоат (яъни, бирор амални бажаришга қодир бўлиш, ишни бажариш қуввати) феъл билан биргадир. У (яъни, иститоат) у сабабли (бирор) феъл бўладиган ҳақиқий қудратдир. Бу исм сабабларнинг, асбобу олат ва аъзоларнинг саломатлигига кўра юзага келади. Таклифнинг саҳиҳ бўлиши иститоатга боғлиқ бўлади. Банда ўз тоқатида бўлмаган нарсага таклиф қилинмайди.

(Яъни, Аллоҳнинг бандаларни бирор нарсага буюриши ёки ундан қайтариши ана шу иститоатга – банданинг ўша нарсани қила олиш қудратига қараб белгиланади. Масалан, намозни тик туриб ўқишга қодир кимса тик туриб ўқийди, бўлмаса ўтириб ўқийверади. Ўтиришга ҳам қуввати йўқ кимса ётиб намоз ўқийверади.).

 و ما يوجد من الألم فى المضروب عقيب ضرب انسان و الإنكسار فى الزجاج عقيب كسر انسان و ما أشبهه كل ذلك مخلوق الله تعالى لا صنع للعبد فيه و المقتول ميت بأجله و الأجل واحد

Инсоннинг уруши орқасидан урилган (аъзо)да оғриқдан топилган нарса, инсоннинг синдириши орқасидан шишадаги синиш ва шунга ўхшаш буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг яратганидир. Банда учун уни (оғриқ ва синиққа ўхшаш нарсаларни) яратиш – тайёрлаш йўқ. Ўлган ўз ажали билан ўликдир. (Ўлим ўликда мавжуддир, (у) Аллоҳ таолонинг яратганидир). Ажал биттадир.

(Яъни, инсон бировни уриши, нарсани синдиришга уриниши мумкин, лекин оғриқни ёки синиқни ярата олмайди. Уларни Аллоҳ ўзи хоҳлаганида яратади. Банданинг уларни яратишда иштироки бўлмайди. Шунинг учун урилган аъзода оғриқ пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин, синдиришга қанчалик ҳаракат қилманг, бирор нарса синмай қолиши ҳам мумкин.).

 و الحرام رزق  و كل يستوفى رزق نفسه حلالا كان او حراما و لا يتصور ان لا يأكل انسان رزقه او ان يأكل غيره رزقه

Ҳаром (ҳам) ризқдир. Ҳар бир (жонли нарса) ҳалолдан бўлсин ёки ҳаромдан бўлсин ўз ризқини тўла олади. Инсон ўз ризқини емаслигини ёки унинг ризқини бошқа биров еб қўйишини тасаввур қилинмайди.

و الله يضل من يشاء و يهدى من يشاء

Аллоҳ таоло кимни хоҳласа, адаштиради ва кимни хоҳласа, ҳидоят қилади.

(Ҳидоят ва залолат Аллоҳ таолодандир. Банданинг хоҳиш-истаги эмас, Аллоҳнинг хоҳиш-истаги амалга ошади. У хоҳлаган кимса ҳидоятга етишади, У хоҳламайдиган бўлса, банда залолатда қолиб кетаверади.).

و ما هوالاصلح للعبد فليس ذلك بواجب له على الله تعالى

Банда учун салоҳиятли (яъни, фойдали ва манфаатли) бўлган нарса, бас, мана шуни Аллоҳ таолога унинг учун (банда учун) қилиши вожиб эмас.

(Аллоҳ таолога ҳеч нарса вожиб эмас. У бандаларига яхшилик қилиши ҳам вожиб эмас. Мўътазилийлар Аллоҳ таоло бандаларига яхшилик қилиши вожиб, дейдилар. Шунинг учун яхшиликни фақат Аллоҳдан, деб ёмонликни ўзларидан ёки шайтондан кўрадилар. Аслида, яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам яратувчиси Аллоҳдир. Бандага қилинган ёмонлик, зулму ситам, унинг гуноҳ ишларга рўпара бўлиши – буларнинг ҳаммасининг оқибатида хайр, ҳикмат ва бирорта фойда бўлиши мумкин. Аллоҳнинг барча ишлари ҳикмат ва адолатдан холи эмас.).

 و عذاب القبر للكافرين و لبعض عُصاة المؤمنين و تنعيم اهل الطاعة فى القبر و سؤال منكر و نكير ثابت بالدلايل السمعية

Кофирлар ва мўъминларнинг баъзи осийлари учун (Аллоҳ таолонинг ўзи билган ва ирода қилган нарсалари билан) қабр азоби, қабрда тоат аҳлининг неъматланиши ҳамда Мункар ва Накир (деган икки фаришта)нинг савол бериши (Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан) эшитилган далиллар ила собитдир, бўлиши муқаррардир.

 و البعث حق و الوزن حق و الكتاب حق و السؤال حق و الحوض حق و الصراط حق و النار حق و الجنة حق و هما مخلوقتان و موجودتان باقيتان لا تفنينان و لا يفنى اهلهما

Қайта тирилтириш ҳақиқатдир, (амалларни) ўлчаш ҳақиқатдир, (Аллоҳ таолонинг хоссатан ўзи) савол бериши ҳақдир, ҳавз(и кавсар) ҳақдир, сирот (ва ундан бандаларнинг ўтиши) ҳақдир, дўзах ҳақдир, жаннат ҳақдир. Иккови (ҳозирда) яратилган ва мавжуд бўлган, боқий бўлган, фоний бўлмайдигандир. Икковининг аҳли ҳам (яъни, икковидаги хизматчи фаришталар ва кейинчалик уларга тушадиган жаннатий ва дўзахий кимсалар ҳам) йўқ бўлмайди.

و الكبيرة لا تخرج العبد المؤمن من الايمان و لا تدخله فى كفر

Кабира (гуноҳ) мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга киритмайди.

(Гуноҳлар икки турга бўлинади. Кабира ва сагира – катта ва кичик гуноҳлар. Катта гуноҳларнинг сони чекланган. Одам ўлдириш, зино қилиш, сеҳр-жоду ишлатиш, ота-онага оқ бўлиш, судхўрлик қилиш кабилар катта гуноҳлардир. Улар тўққизтадан то уч юзгача саналган. Хавориж тоифаси катта гуноҳ қилган кимсани кофир бўлади, дейдилар. Бу қоида уларга раддия сифатида айтилган.).

و الله لا يغفر الشرك و يغفر ما دون ذلك لمن يشاء من الكباير والصغاير و يجوز العقاب على الصغيرة و العفو عن الكبيرة اذا لم يكن عن إستحلال و الإستحلال كفر

Аллоҳ таоло унга ширк келтиришни кечирмайди. Мана шундан бошқа сағира ва кабира гуноҳлардан иборат нарсаларни (ўзи) хоҳлаган кимса учун мағфират қилади. Сағира (гуноҳлар)га азоб бериш, кабира (гуноҳлар)ни афв қилиш жоиз бўлади. Қачонки, (кабира гуноҳлар) ҳалол санашдан иборат бўлмаса. Чунки, (гуноҳларни) ҳалол санаш куфрдир.

 و الشفاعة ثابتة للرسل و الأخيار فى حق اهل الكباير بالمستفيض من الأخبار

Шафоат хабарларда тўла келганлиги (яъни, машҳур бўлганлиги) учун аҳли кабира (катта гуноҳларни қилганлар) ҳаққида яхши (зот)лар ва Пайғамбарлар учун берилиши муқаррардир.

(Яхши зотлардан мурод солиҳ амал қилувчилар, тақводорлар, пайғамбарлар, шаҳидлар, саҳобалар, билганига амал қилувчи олим ва қорилардир. Улар ҳам Аллоҳнинг изни билан шафоат қиладилар.).

 و اهل الكباير من المؤمنين لا تخلدون فى النار

Мўъминлардан бўлмиш аҳли кабиралар дўзахда абадий қолмайдилар.

(Мўъмин-мусулмонлар катта-катта гуноҳларни қилиб-қилиб, тавбасиз ўлган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолиб кетмайдилар. Гуноҳларига жазо олиб, гуноҳкорлар мўъмин-мусулмон бўлганлари учун алалоқибат жаннатга киритиладилар. Бу Аллоҳ таолонинг фазли-маҳамати, шафоатчиларнинг шафоати ила амалга оширилади. Жаннатга кирган гуноҳкор мўъминлар билан гуноҳсиз мўъминларнинг жаннатдаги даражалари фарқли бўлади, албатта).

 و الايمان هو التصديق بما جاء من عند الله تعالى و الاقرار به فاما الأعمال فهى طاعات فهى تتزايد فى أنفسها و الإيمان لا يزيد و لا ينقص

Имон – у (Пайғамбар алайҳиссалом) уни Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқ қилиш ва унга иқрор бўлишдир. Бас, амаллар улар тоатлардир, шундай экан улар ўзича зиёда бўлур, имон эса зиёда ҳам бўлмайди, нуқсонли ҳам бўлмайди.

(Имон машҳур ҳадиси шарифга кўра еттита нарсага ишонишдир. Аллоҳга, пайғамбарларга, фаришталарга, муқаддас китобларга, қиёмат бўлишига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига ҳамда охират кунида қайта тирилишга ишониш имондир. Улар бундан зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам қилинмайди, ортиб ҳам кетмайди, озайиб ҳам қолмайди. Ишонган одам ҳаммасига ишонади, бирисини инкор қилган кимса барчасини инкор қилган бўлади. Бирортасига имон келтирмай юришга узр-маъзур йўқ. Амалларни эса бирини қилиб, бошқасини қилолмай юриш мумкин.)

 و الإيمان و الإسلام واحد و اذا صح للعبد التصديق و الإقرار صح له ان يقول انا مؤمن حقا و لا ينبغى له ان يقول انا مؤمن ان شاء الله

Имон ва Ислом биттадир. Қачон бандадан тасдиқ ва иқрор топилса, унинг “Мен ҳақиқий мўъминман!” дейиши дурустдир. “Аллоҳ таоло хоҳласа мен мўъминман” дейиши тўғри бўлмайди.

(Мўъмин мусулмон бўлади, мусулмон эса мўъмин ҳисобланади. Имон ва ислом банданинг орқа-олдига ўхшайди, бири бўлиб, бошқаси бўлмай қолмайди.)

 و السعيد قد يشقى و الشقى قد يسعد و التغير يكون على السعادة و الشقاوة دون الإسعاد و الإشقاء فهما من صفات الله تعالى و لا تغير على الله تعالى و لا على صفاته

Бахтли инсон гоҳо бадбахт бўлади, бадбахт эса гоҳида бахтли бўлади. Ўзгариш эса саодат ва шақоватда бўлади, бахтли қилиш ва бадбахт қилиш (сингари Аллоҳ таолонинг сифатлари)да эмас. Иккови (бахтли ва бадбахт қилиш) Аллоҳ таолонинг сифатларидандир, Аллоҳ таолода эса ўзгариш йўқ, сифатларида ҳам йўқ.    

(Муаллифнинг бу бахтли ва бахтсиз деган гапи Пайғамбаримизнинг машҳур ҳадисига эргашиб айтилмоқда. Бахтли инсондан мурод мўъмин бандадир, Худо сақласин, у кофир бўлиб кетиши мумкин. Бадбахт инсондан мурод кофирдир, у бахтлилар қоторига қўшилиб, мўъмин бўлиши мумкин.

Саодатни яратиш, шақоватни яратиш Аллоҳ таолонинг азалий сифатларидир. Улар ҳеч қачон ўзгармайдилар. Банданинг саодатли бўлиши ёки шақоватга мубтало бўлиши эса ўзгаради.).

 و إرسال الرسل حكمة و قد أرسل الله رسلا من البشر الى البشر مبشرين و منذرين و مبينين للناس ما يحتاجون اليه من أمور الدنيا و الدين و أيّدهم بالمعجزات الناقضات للعادات

Пайғамбарларни юборишда ҳикмат бор. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло башариятдан (олиб) башариятга (уларни) хурсанд қилувчи, қўрқитувчи, одамлар учун дунё ва дин ишларида уларга муҳтож бўладиган нарсаларни баён қилувчи Пайғамбарларни юборгандир. Уларни одатларни синдиргувчи мўъжизалар билан қувватлагандир.

 و الأول الأنبيآء آدم عليه السلام و آخرهم محمد صلى الله عليه و سلم و قد رُوى بيان عددهم فى بعض الاحاديث و الأولى ان لا يُقصر على عدد فى التسمية فقد قال تعالى «مِنْهُمْ مَنْ قَصَصْنا عليك و منهم من لم نَقَصُصْ عَليْكَ» و لا يؤمن فى ذكر العدد ان يدخل فيهم من ليس منهم او يخرج منهم من هو منهم و كلهم كانوا مبلّغين عن الله تعالى صادقين ناصحين و أفضل الأنبياء محمد صلى الله عليه و سلم

Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом, охиргилари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Баъзи ҳадисларда уларнинг ададининг баёни ривоят қилинган. Энг яхшиси шулки, номлашда (аниқ бир) ададга қисқартирилмагай. Зеро, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло (бундай) деган: “Улардан баъзи Пайғамбарни Сизга (эй, расулим,) қисса қилдик ва улардан баъзи Пайғамбарни Сизга қисса қилмадик”. Адад зикрида улардан бўлмаган (сохта) кимса улар ичига кириб қолгай ёки улардан бўлган (ҳақиқий) кимса улар (қатори)дан чиқиб қолгай. Уларнинг (яъни, ҳақиқий Пайғамбарларнинг) ҳаммаси Аллоҳ таолодан етказгувчи, хабар бергувчи, тўғри сўз, насиҳат қилгувчи бўлганлар. Пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.

(Аҳод ҳадиси шарифларда Пайғамбарларнинг адади бир юз йигирма тўрт минг, бошқа бир ривоятда эса икки юз йигирма тўрт минг, деб айтилган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримнинг бир нечта жойида (масалан, 40:78) Пайғамбаримизга пайғамбарлар ададини зикр этилмаганлиги айтилади. Шу боисдан муаллиф аҳод ҳадисларга эмас, айнан Қуръон нассига суянишни афзал билганлар.).

و الملائكة عباد الله تعالى و العاملون بامره و لا يوصفون بذكورة و لا أنوثة

Фаришталар Аллоҳ таолонинг бандаларидир, Унинг амрига амал қилгувчидирлар. Эркаклик ва аёллик ила васф қилинмайдилар.

 و لله تعالى كتب أنزلها على أنبيآئه بيّن فيها أمره و نهيه و وعده و وعيده

Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига нозил қилган китоблари бор. Уларда ўз амру наҳйини, ваъдаси ва ваъидини баён қилган.

(Аллоҳ таолонинг кўпчиликка маълум Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон номли китоблари бор. Уларда Аллоҳнинг буйруқлари (амри), қайтариқлари (наҳйи), яхши амал қилганларга савоб ва мукофотлар ваъдаси ҳамда ёмон амал қилганларга қўрқитишлари (ваъидлари) мавжуд. Қуръондан бошқа муқаддас китобларнинг тиловатлари, китобатлари, аксар ҳукмлари бекор қилинган.).

 و المعراج لرسول الله محمد صلى الله عليه و سلم فى اليقظة بشخصه الى السماء ثم الى ما شآء الله تعالى من العلى حق

Аллоҳ таолонинг расули Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом учун бедорликда, ўз жасадлари ила самога, сўнгра олийликдан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойгача кўтарилиши (меърож воқеаси) ҳақиқатдир.

 و كرامات الأولياء حق فتظهر الكرامة على طريق نقض العادة للولى مِن قطع المسافة البعيدة فى المدة القليلة و ظهور الطعام و الشراب و اللباس عند الحاجة و المشى على المآء و فى الهواء و كلام الجِماد و العجماء و إندفاع متوجه البلآء و كفاية المهم من الأعداء و غير ذلك من الأشياء و يكون ذلك معجزة للرسول الذى ظهرت هذه الكرامة لواحد من أمّته لانه يظهر بها انه ولى و لن يكون وليّا الا و ان يكون محقا فى ديانته و ديانتُهُ الإقرار برسالة رسوله

Авлиёларнинг кароматлари ҳақиқатдир. Бас, валий учун одатни синдириш йўлига кўра узоқ масофани оз муддатда босиб ўтиши, ҳожат (тушиши) пайтида либос, ичимлик ва таомнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, тилсиз ва жонсиз (нарсалар)нинг гапириши, балодан юзланган (нарса)ларни дафъ қилиш, душманлардан бўлмиш ғам-ташвишга кифоя қилиш ва булардан бошқа нарсалардан иборат кароматлар (мавжуд бўлиб, авлиёларда) зоҳир бўлур. Мана шу Пайғамбар учун мўъжиза бўлур, бу каромат (бўлиб) умматидан бирортасида зоҳир бўлур. Чунки, шу сабабли унинг валий экани равшан бўлади. Ҳаргиз валий бўлмайди, илло (фақат) ўз диёнатида ҳақ бўлгувчи бўлсагина валий бўлгай. Унинг диёнати ўз расулининг пайғамбарлигига иқрор бўлишидир.

 و أفضل البشر بعد الأنبياء أبو بكر الصديق ثم عمر الفارق ثم عثمان ذو النورين ثم على المرتضى رضى الله عنهم و خلافتهم ثابتة على الترتيب ايضا و الخلافة ثلثون سنة ثم بعدها ملك و أمارة

Пайғамбарлардан кейин башариятнинг афзали Абу Бакр ас-Сиддиқ, сўнг Умар ал-Форуқ, сўнг Усмон Зун-нурайн, сўнг Али ал-Муртазодирлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Уларнинг халифалиги ҳам ушбу тартибга кўрадир. Халифалик ўттиз йил, сўнг улардан кейин подшоҳликлар ва амирликлардир.

 و المسلمون لا بد لهم من إمام يقوم بتنفيذ أحكامهم و إقامة حدودِهم و سدّ ثغورهم و تجهيز جيوشهم و أخذ صدقاتهم و قهر المتغلبة و المتلصصة و قطاع الطريق و إقامة الجمع و الأعياد و قطع المنازعات الواقعة بين العباد و قبول الشهادات القايمة على الحقوق و تزويج الصغار و صغائر الذين لا أولياء لهم و قسمة الغنائم ثم ينبغى ان يكون الإمام ظاهرا لا مختفيا منتظرا و يكون من قريش و لا يجوز من غيرهم و لا تختص ببنى هاشم و أولاد على رضى الله عنهم و لا يشترط ان يكون معصوما و لا ان يكون أفضل من اهل زمانه و يشترط ان يكون من اهل الولاية سايسا قادرا على تنفيذ الاحكام و حفظ حدود دار الإسلام و إنصاف المظلوم من الظالم و لا ينعزل الامام بالفسق

Мусулмонлар – улар учун ҳукмларни юритиш, жазо (ҳад)ларни жорий қилиш, сарҳадларни маҳкам қилиш, аскарларни тайёрлаш, садақаларни (закот ва хирожларни муносиб ўринларга сарфлаш учун) олиш, босқинчи, ўғри ва йўлтўсарларга қаҳр қилиш, жумъа ва ийд (намоз)ларни барпо этиш, бандалар орасида юз берган низоларни бартараф қилиш, ҳуқуқларда мавжуд бўлган гувоҳликларни қабул қилиш, эгалари йўқ бола ва қиз (етим) гўдакларни (катта бўлганларида) никоҳ қилиш ва ўлжаларни тақсимлашни қоим мақом қиладиган имом (подшоҳ) лозимдир.

Сўнгра, имом (подшоҳ) зоҳир бўлиши, махфий ва чиқиши кутилган бўлмаслиги керак. Қурайшдан бўлади, уларнинг бошқасидан жоиз бўлмайди. Бани Ҳошимга ва Али разийаллоҳу анҳунинг авлодларига махсус бўлмайди. Имом (подшоҳ) маъсум (бегуноҳ) бўлмоғи ва замонаси одамларидан энг афзали бўлиши ҳам шарт қилинмайди. (Мутлақ, комил) бошқарув аҳлидан, сиёсатдон, ҳукмларни юритишга, Ислом мамлакати ҳудудларини асрашга, золимдан (ўч олиб) мазлумнинг додига етишга қодир бўлмоғи шарт қилинади. Имом (подшоҳ) фосиқлиги (гуноҳ ишларга муккасидан кетиши ва жавру ситами) сабабли мансабидан бўшатилмайди.

(Назр ибн Кинона авлодлари Қурайш деб аталган. У араблардаги катта ва энг машҳур қабиладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда тўрт чаҳорёр ана шу қабиладан чиққанлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг боболари Абдулмутталибнинг отаси Ҳошимдир. Бани Ҳошим деганда эса Абдулмутталибдан бўлган ўғиллар – Али разийаллоҳу анҳу, Аббос разийаллоҳу анҳу, Жаъфар разийаллоҳу анҳу, Ақил разийаллоҳу анҳу, Ҳорис разийаллоҳу анҳу тушунилади.).

و يجوز الصلوة خلف كل بر و فاجر و يصلى على كل بر و فاجر

Ҳар бир яхши ва ёмон кимсанинг орқасида намоз ўқиш жоиз бўлади. Ҳар бир яхши ва ёмон одамга (агар у имон билан ўлса) намоз (яъни, жаноза) ўқилади.

(Яхшининг даражасига қараб намознинг савоби ҳам ортади, албатта. Ёмон кимсага иқтидо қилиб намоз ўқиш эса макруҳ бўлиши мумкин.).

 و يكف عن ذكر الصحابة الا بخير و نشهد بالجنة للعشرة الذين بشرهم النبى عليه السلام بالجنة

Саҳобаларни эслашда жим турилади, фақат яхшилик билан (эсланади). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга жаннатни башорат қилган ўн нафар саҳобий учун жаннатий деб гувоҳлик берамиз.

(Ўн нафар жаннат башорати берилган зотлар булардир: Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу,  Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу, Талҳа ибн Убайдуллоҳ разийаллоҳу анҳу, Саъид ибн Зайд разийаллоҳу анҳу, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ разийаллоҳу анҳу, Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом разийаллоҳу анҳу ва Абдурраҳмон ибн Авф разийаллоҳу анҳу.).

 و نرى المسح على الحفين فى الحضر و السفر

Иккита маҳсига муқимликда-ю сафарда масҳ тортишни жоиз кўрамиз.

 و لا نحرّم نبيذ الجزّ

Хурмо шарбатини ҳаром санамаймиз.

(Хурмо шарбати (аслида шароби)ни тайёрлаш учун хурмоқоқи ёки майизни сувда эзиб, сопол идишга солиб қўйилади. Унда қандайдир бижғиш юз беради. Аҳли суннат ва жамоат қоидасига кўра, у ҳаром эмас. Лекин бу ачиб, мускирга (маст қиладиган ҳолатга) етадиган бўлса, ози ҳам, кўпи ҳам, ҳаромлигига иттифоқ қилинган. Машҳур фиқҳ китоби “Мухтасар ал-Виқоя” асарида бундай дейилган: “Хурмо ва майизнинг шираси озгина қайнатилиб, гарчи маст қилмайдиган миқдорда ачиса ҳам, бекорчилик ва ўйин-кулгу учун бўлмаса, (ичиш) ҳалолдир”. Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ гапларидир. Лекин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ҳаром бўлади, деб ҳисоблаганлар.).

 و لا يبلغ ولىّ درجةَ الانبيآء و لا يصل العبد الى حيث يسقط عنه الامر و النهى

Валий Пайғамбарлар, уларга солату саломлар бўлсин, даражасига ета олмайди. Банда (модомики ақли жойида, балоғат ёшидаги кимса бўлса), ундан амр-у наҳийлар соқит бўладиган ҳолатга етмайди.

(Баъзи нодонлар инсоннинг ёши тўқсон ёки юздан ўтса, ибодатлар соқит бўлади дейдилар. Баъзилар эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилган валий кимсалардан ҳам ибодатлар соқит бўлади, деганга ўхшаш ботил гаплар айтишади.).

 و النصوص على ظواهرها و العُدُول عنها الى معان يدّعيها اهل الباطن إلحاد و كفر و رد النصوص كفر و إستحلال المعصية كفر و الإستهانة بها كفر و الإستهزاء على الشريعة كفر و اليأس من الله كفر و الأمنُ من الله كفر و تصديق الكاهن بما يخبر به من الغيب كفر

Далиллар (яъни, китоб ва суннатдан олинган ҳужжатлар) – уларнинг зоҳирига тааллуқли бўлади. Улардан (яъни, зоҳирий далиллардан) аҳли ботин даъво қиладиган маъноларга чекиниш динсизлик ва куфрдир. Далилларни рад қилиш куфрдир, (хоҳи кичик хоҳи катта бўлсин) гуноҳни ҳалол санаш куфрдир, уларни енгил санаш куфрдир, шариатга нисбатан истеҳзо (масхара қилиш) куфрдир, Аллоҳ таолодан ноумид бўлиш куфрдир, Аллоҳ таолодан хавфланмаслик куфрдир, ғайбдан хабар берган нарсаси сабабли коҳинни (фолбинни) тасдиқлаш куфрдир.

 و المعدوم ليس بشئ

Йўқлик, номавжудлик (бирор) нарса эмас.

 و فى دعا الأحيآء للأموات و صدقتهم عنهم نفع لهم و الله تعالى يُجِيبَ الدعوات و يقضى الحاجات

Тирикларнинг дуосида ўлганлар учун ва уларнинг (яъни, тирикларнинг) улар (яъни, ўлганлар номи)дан қилган садақаларида улар (яъни, ўлганлар) учун фойда бор. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни адо қилади, битказади.

(Яъни, Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилувчи зотдир. Банда ўзи бирор хайрли амални адо қилиб бўлиб, унинг савобини бошқага бағишлаб дуо қилса, ана шу досини Аллоҳ ижобат қилади.).

 و ما أخبر به النبى عليه السلام من أشراط الساعة من خروج الدجال و دابة الارض و يأجوج و مأجوج و نزول عيسى عليه السلام من السماء و طلوع الشمس من مغربها فهو حق

Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг Дажжол, ер ҳайвони, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг (тўртинчи) осмондан тушиши, қуёшнинг ўзининг ботиш жойидан чиқиб келишидан иборат бўлган қиёмат аломатларидан хабар берган нарсалари, бас, улар ҳақиқатдир.

(Қиёмат аломатлари катта ва кичикка бўлинади. Катта аломатлар ўнта бўлиб, қиёматга жуда яқин қолганда юзага чиқади. Улар дажжол, ер ҳайвони, Яъжуж ва Маъжуж, Исо алайҳиссалом, қиёшнинг мағрибдан чиқиши, ер юзининг уч жойида ер ютишлар, тутун ва олов чиқиши. Мазкур аломатлардан олдин 300 (уч юз)га яқин кичик аломатлар кўринади.).

و المجتهد قد يُصيب و قد يخطى

Мужтаҳид гоҳида хато қилади ва гоҳида тўғри топади.

(Яъни, мужтаҳид уламолар ҳам ҳукм қилиб, фатво берганларида тўғри йўл тутишлари ҳам, хатога йўл қўйишлари ҳам мумкин. Бироқ, ҳар икки ҳолатда савобга эга бўлаверадилар. Тўғри ҳукм чиқарсалар, икки савоб, хато фатво берсалар, бир савоб оладилар. Уларнинг бошқалардан фарқлари ҳам шу ерда. Шунинг учун, мужтаҳидларни айблашга, таъна қилишга бировнинг ҳаққи йўқ.).

 و رسل البشر أفضل من رسل الملائكة و رسل الملائكة أفضل من عامة البشر و عامة البشر أفضل من عامة الملائكة

Башариятнинг пайғамбарлари фаришталарнинг расулларидан афзалдир. Фаришталарнинг пайғамбарлари башарият оммасидан афзалдир. Башариятнинг оммаси фаришталарнинг оммасидан афзалдир.

Рисола тамом бўлди. 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *