РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН АМАЛЛАР

1-81Қуйидаги амаллар билан рўзадорнинг рўзаси бузилмайди:

  • Киши рўзадорлигини унутган ҳолда бирор таом еса, ё ичса, ёки жинсий алоқа қилса. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рўзадор унутиб еса ё ичса, у аллоҳ унга берган ризқдир ва унга қазо лозим эмас”. (Бухорий).Шу ишларни мабодо рўзадорлиги ёдида бўлган ҳолда қилса унга каффорат вожиб бўлади. (Каффорат — бир қулни озод қилиш, агар қул топилмаса, олтмиш нафар мискинни тўйдириш, агар у ҳам топилмаса олтмиш кун пайдар-пай рўза тутиб бериш).
  • Рўзадор бирор аёлнинг авратини тамошо қилиб, ёки ҳаёлида тасаввур қилиб бўшаниб қўйса. Чунки бу вазиятларда жинсий алоқа бўлгани йўқ.
  • Баданига ёғ суртса, ёки сурма қўйса ва ҳатто сурманинг таъмини ҳалқумида ҳис қилса ҳам рўзаси очилмайди.
  • Қон олдирса. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолида қон олдирганлар.
  • Зулук солдирса.
  • Рўзани очиб нимадир ейишга ё жинсий алоқа қилишга ният қилдию, аммо ниятини амалга оширмаса.
  • Халқумига беихтиёр тутун кирса. Чунки ундан сақланишнинг ўзи имконсиздир. Аммо рўзадор ўз ихтиёри билан ичига тутун ютса (сигарет, наша кабиларни чекса) рўзаси бузилади.
  • Халқумига чанг кирса, ҳатто тегирмон чанги бўлса ҳам.
  • Халқумига пашша, ёки дорининг таъми кирса ҳам рўзаси бузилмайди.
  • Уйқусидан жунуб ҳолда уйғонса ва то кечгача шу ҳолида ғусл қилмасдан давоом этса ҳам.
  • Олатининг учига сув ёки ёғ томизса. Бу имом Абу Ҳанифа ва имом муҳаммад раҳимаҳумаллоҳнинг наздида. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бузилади деган.
  • Сувга шунғиса ва қулоғига сув кириб кетса ҳам рўзаси бузилмайди, шунингдек, қулоғини чўпак билан ковлаб чиқарганда чўпак учида кир илашиб чиқса ва уни яна қайтариб ковлаш учун бир неча киргизиб чиқарса ҳам.
  • Димоғига бурун суви келса ва уни тортиб ичига ютиб юборса.
  • Рўзадорга қусқи ғолиб келса ва чиқмасдан ортига қайтиб кетса, гарчи оғзи тўла бўлса ҳам, саҳиҳ қавлга кўра бузилмайди.
  • Оғзи тўладан озроқ миқдордаги қусуқни ўзини ўзи мажбурлаб чиқарса ҳам саҳиҳ қавлга кўра рўзаси бузилмайди.
  • Тиши ковагида қолган мошдан кичкина қолдиқ таомни еб юборса.
  • Сотиб оладиган нарсаларни тил теккизиб татиб кўрса, зарур бўлганда таом чайнаб берса, мисвокдан фойдаланса, обдаста билан ғусл қилса, совун билан покланса дуруст бўлади.
  • Шифо ва зарурат талабидан рамазонда кўзга даво учун чаккадан олинган укол рўзани бузмайди.
  • Этнинг остига, мускулга (томирга эмас) қилинган укол рўзани бузмайди.
  • Кўзга томизилган дори билан рўза бузилмайди.
  • Нафас қисишига қарши пуркалувчи дори билан рўза бузилмайди.
  • Юрак хуружини даволаш учун тил остига ташланувчи таблеткалар билан рўза бузилмайди. Улар дарҳол сўрилиб кетади ва қон орқали юракка етиб боради натижада пайдо бўлган юрак хуружи тўхтайди. Ушбу таблеткаларнинг ҳукми: рўзадор учун уларни истеъмол қилиш жоиз, чунки улардан бирор нарса ҳам қорин бўшлиғига етиб бормайди балки оғизнинг ўзида сўрилиб кетади ва шунга кўра улар рўзани очувчи эмасдирлар.
  • Бурунга томизилувчи дорилар билан рўза очилмайди. (Бу бугунги замондош олимларининг бир қисмига кўра, яна баъзи олимлар эса бу билан рўза очилади дейди).
  • Бурунга пуркалувчи дори рўзани очмайди.
  • Тиббий моддалардан иборат дорини қулоққа қуйилса, рўза очилмайди.

Содиқов Жалолдин

Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжид ноиб имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...