Масжид ичида жаноза ўқишнинг ҳукми

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Жаноза намози ҳовлиларда ёки махсус тайёрланган майдонларда ўқилади. Жасад солинган тобутни масжид ичига олиб кириб, имом ва жамоат ҳам бирга масжид ичида туриб жаноза ўқишлари бизнинг ҳанафий мазҳабимизда, шунингдек, моликий мазҳабида ҳам макруҳдир (“масжид” деганда – хонақоҳ тушунилади, масжид ховлиси эмас). Бир ривоятда макруҳлик даражаси ҳаромга яқин деб баҳоланса, бошқа бир ривоятда макруҳи танзиҳий дейилган. Баъзи муҳаққиқлар танзиҳийлигини маъқуллаган. Масалан Камол ибн Ҳумом ва у кишининг талабаси Аллома ибн Амир Ҳож ўшалардан эди.

Имом Шофеъий ва Аҳмад Ҳанбалий мазҳабида эса, масжидда жаноза ўқиш макруҳмас дейилган. Уларнинг далили имом Муслим тўпламида келган қуйидаги ривоятдир:

Абу Салама розияллоҳу анҳу Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади, ул зоти шарифа Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу вафот этганда: “Уни масжидга олиб киринглар, токи биз ҳам унга намоз ўқийлик”, дедилар. Шунда баъзи саҳобалар тарафдан ул зоти шарифага эътироз билдирилди. Онамиз эса: “Аллоҳга қасам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байзонинг икки ўғли — Суҳайл ва унинг акасига масжидда жаноза ўқиганлар”, деб жавоб қайтардилар.

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз қуйидаги далилга таянадилар: имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Маъоний ул-асор”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

من صلى على جِنازة في مسجد فلا شيء له

Ким масжид ичида жаноза намоз ўқиса унга ҳеч нарса йўқдир”.

Бу ҳадисни Абу Довуд ва Ибн Можа Абу Зувайбдан, у эса Тавъаманинг мавлоси Солиҳдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ибн Можанинг лафзи “فليس له شيء” (унга ҳеч нарса йўқ) ибораси бўлган. Яна бир ривоятда “فلا شيء عليه” (унга зарар йўқ), бошқа бир ривоятда эса “فلا اجر له” (унга ажр йўқ) ибораси билан ҳам келган. Ибн Абу Шайба эса ўз “Мусаннаф”ида “فلا صلاة له” (унга намоз йўқ. Яъни унинг намози намоз эмас) ибораси билан ривоят қилган.

Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ: “فلا اجر له” (унга ажр йўқ) ибораси очиқ-ойдин хато. Саҳиҳи “فلا شيء له” (унга ҳеч нарса йўқ) дейилган ривоятдир, деган.

Юқоридаги ҳадис рижоллари ичида Тавъаманинг мавлоси Солиҳни баъзилар заиф деган. Лекин Ибн Муъин у киши ҳақида шундай деганди: Тавъаманинг мавлоси Солиҳ ҳадис ривоятида ишончли киши бўлган. Бироқ, у ўлимидан сал олдин гапирган гапларини алмаштириб юборадиган паришонхотир бўлиб қолди. Унинг шу касалга чалинишидан олдинги барча ривоятлари ишончли ва ҳужжат бўла олади. Ҳадисшуносларнинг барчаси Абу Зувайб юқоридаги ҳадисни Тавъаманинг мавлоси Солиҳ ҳаёлпаришонлик касалига чалинишидан олдин эшитганига иттифоқ қилишган.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ бу икки далилни таҳлил қилиб қуйидагича хулоса берганлар:

Бизнинг ҳужжатимиз имом Шофеий суянган Оиша онамиз ҳадисидан кучлидир. Чунки, Оиша онамиз ҳали масжидда жаноза ўқишдан қайтарилмаган, балки мубоҳлик вақтларда содир бўлган ишни хабар қиляптилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса аввалда мубоҳ бўлган ишни Расулуллоҳ кейинчалик қайтарганларини ривоят қилмоқда. Демак, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис, Оиша онамиз айтган даврдаги ҳукмни бекор қилган.

Яна бир эътибор бериладиган жиҳат ҳам бор. Қаранг, Оиша онамиз Саъд ибн Абу ваққоснинг жасадини масжидга олиб киришларини буюрганда баъзи саҳобалардан бунга эътироз қилинди. Саҳобалар эса Оиша онамиздек олима аёлга ўзларича эътироз билдиришмас эди. Улар эътироз қилдиларми, демак, бу ерда бир гап бор. Улар жанозани масжид ичида ўқиш масаласида Оиша онамиз буюрган ишнинг тескарисини қилиш кераклигини билишган. Акс ҳолда Оиша онамиз амр қилган ишни индамасдан бажаришар эди. Имом Таҳовий ҳазратлари шундай изоҳлаганлар.

Ундан ташқари, Оиша онамиз айтган ривоятдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Байзонинг икки ўғлига масжид ичида намоз ўқиши тасодифий бир ҳолат бўлиши мумкин. Бундан умумий ҳукм олинмайди. Ёки, бирор сабаб туфайли одатга хилоф равишда ўша жаноза масжид ичида ўқилгандир. Масалан Расулуллоҳ ўшанда эътикофда бўлгандирлар, ёки масжид ичида жаноза ўқишлик ҳам жоизлигини билдириб қўймоқчи бўлгандирлар.

Энди яна бир маълумот бор. У ҳам бўлса ҳазрати Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларнинг икковларига ҳам масжидун-набавий ичида жаноза ўқилган. Бунга ўша даврдаги муҳожиру ансорий саҳобаларнинг ҳеч бири эътироз билдирмаганлар. Имом Хаттобийнинг изоҳлашича, ўша давр саҳобаларининг бунга эътироз билдирмаганлари масжид ичида жаноза ўқишнинг жоизлигини билдиради.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ бунга қуйидагича жавоб берганлар: икки халифанинг жанозаси масжид ичида ўқилишига бутун бошли саҳобаларнинг жим туришлари бу – ўша икки зотнинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига дафн этилишлари билан боғлиқ бўлган. Акс ҳолда саҳобалар бунга йўл қўймаган бўларди.

Агар тобутни масжид ташқарисига қўйиб имом ҳам бир саф билан унинг ташқарисида турса ва қолганлар сафни улаган ҳолда масжид ичкарисида туришсачи? Бунинг ҳукмида машойихларимиз (“Машойихларимиз” деганда имом Аъзам Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан кейин яшаб ўтган мутааххир ҳанафийлар тушунилади. Жомеъур ромуз) турлича фикр билдиришган. Бир ривоятда макруҳ бўлмайди, чунки бу ҳолатда масжидни ифлос қилиш эҳтимоли йўқ, дейилган. Бошқа бир ривоятда эса, макруҳ бўлади. Чунки масжидлар фарз намозлар адоси учун қурилган, фарздан бошқа ибодатларни фақат зарурат юзасидангина адо қилиш мумкин, дейилган.

Аввалги гап зоҳир ва аниқроқдир. Чунки масжидларда нафл ибодатлар, дуо ва бошқа тур зикрлар қилиш асло макруҳ бўлмайди. Шунга кўра, жасадни ташқарига қўйиб имом бир қанча нафар одам билан бир саф тортиб ташқарида турса ва бошқалар сафни улаб ичкарида ўқишса макруҳ бўлмайди.

Шайҳ ибн Обидин “Муҳит” ва “Мабсут”да ҳам шу фикрга мойиллик билдирилгани ва амалда ҳам шунга таянилганини айтиб шахсан ўзлари қуйидагича қўшимча қилган: Мен айтаманки, “Ғоят ул-баён” ва “Иноя”да жасадни ташқарига қўйиб жаноза ўқишлик бил-иттифоқ макруҳ бўлмайди дейилган.

Шунингдек, “Хизона”да “Қозихон”дан нақл қилиб шундай дейилган: ёмғир, қор ва бошқалар каби узрлар туфайли масжид ичида жаноза ўқиш бил-иттифоқ макруҳ бўлмагани каби, жасадни ташқарига жойлаб имом ва баъзи қавмнинг ташқарида туриб қолганлар сафни улаган ҳолда ичкарида ўқишлари бил-иттифоқ макруҳ эмас.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан жасаднинг ёлғиз ўзи ташқарида туриб имом ва қавм ичкарида турса макруҳ бўлмайди деган ривоят ҳам бор.

Ботиржон қори
16.09.2017й.

Фойдаланилган манбалар:

1. “Фатҳу боб ил-иноя”. Мулла Али Қори.
2. “Родд ул-мухтор”. Ибн Обидин.
3. “Ғунят ул-мумталий”. Иброҳим Ҳалабий.
4. “Жомеъур ромуз”. Шамсуддин Қўҳистоний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *