Яна тавассул ҳақида: Имом Жазарий раҳимаҳуллоҳдан янгилик!!!

Lotin alifbosida

Таниқли ва машҳур қироат олими, шайх ал-курро Шамсиддин Муҳаммад ал-Жазарий (751-833 ҳ./1350-1429 м.) раҳимаҳуллоҳнинг муборак номини ҳамма билади. Бутун дунё мусулмонлари қироат илмини унинг тажвид ва қироатга оид асарларини ўқиш билан ўрганадилар, унинг асарлари ёрдамида Қуръони каримни тўғри ўқишга ҳаракат қиладилар. Жумладан, «ал-Муқаддима ал-жазария» ва ўнта қироат ҳақидаги асарлари жуда машҳур. Унинг «ал-Муқаддима ал-жазария» асари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб нашр этилган. Яна унинг дуо ва зикрлар борасида «ал-Ҳисн ал-ҳасин» («Мустаҳкам қўрғон») номли асари шуҳрат қозонган. Ушбу асарни Мовароуннаҳрда ҳам ўқиш одати бўлган. Масалан, уни подшохлар саройларида ҳам табаррук юзасидан тўлиқ ўқилганлиги тарихий манбаларда зикр қилинган. Мазкур асарнинг қулёзма, тошбосма ва замонавий нашрлари жуда кўп. (Асарни таржима қилмоқдамиз).

Мазкур «ал-Ҳисн ал-ҳасин» асарининг бошланишида «Дуо қилиш одоблари» деган алоҳида бўлим мавжуд. Ушбу жойда қандай ва қай тариқа дуо қилишнинг одоблари бирма-бир зикр қилинган. Унда биз зикр қилмоқчи бўлган тавассулни дуо қилишнинг одоби, зарурияти ва мустаҳаб амали сифатида зикр қилинган. «Тавассул» бу — инсон ўз дуосида: «Эй, Аллоҳим! Фалон улуғ зотнинг ҳурматидан менинг ушбу дуойимни ижобат қил, қабул айла!», деган маънода ўз тилакларини сўрашидир:

و ان يتوسل الى الله تعالى بأنبيائه و الصالحين من عباده

«(Дуонинг одоби шуки,) Аллоҳ таолога унинг пайғамбарлари ва бандаларидан солиҳ зотлар билан тавассул қилгай!».

Малоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ уни шарҳ қилар экан, пайғамбарлар ҳақида: «Пайғамбарларидан умумийлари ва танланганларидан хослари» деганлар. Яъни, барча пайғамбарлар билан тавассул қилиш мумкин ёки бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом каби танланган улуғ пайғамбар билан тавассул қилиш мумкин. Солиҳ зотларни эса: «Умумий ва хусусий бандалар, жумладан, пайғамбарлардан бошқа сиддиқлар, уламолар, шаҳидлар, авлиёлар» деб кўрсатганлар. Демак, дуоларимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ва авлиё умматларидан ўзимиз хоҳлаганларимиз билан тавассул қилмоғимиз қорилар шайхи Шамсиддин ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ наздида мандуб-мустаҳаб-савобли иш-дуонинг одоби экан.

Замонамизнинг фитначи бемазҳаблари тавассулни бидъат ва ҳатто ширк деб биладилар. Тавассул қилувчиларни ва тавассулни жоиз дегувчиларни бидъатчи ҳамда аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлар сифатида кўрсатиб келадилар. Холбуки, бутун дунё қорилар шайхи сифатида тан олинган Имом ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ ҳам анбиёлар ва авлиёлар билан тавассул қилишни дуонинг одоби сифатида қайд қилган эканлар. Бирок, бу бемазҳаблар ушбу маълумотни яшириб келадилар, айтишни унчалик хуш кўрмайдилар. Ўзлари айблаб турган ишни ўзлари тан олган қорилари шайхи мустаҳаб ва одоб деб тургандан кейин уни тан олгилари келмайди.

Ҳа, биз эса тавассул қилишни дуонинг одоби деб биламиз. Ҳа, уни Имом ал-Жазарий раҳимаҳуллох сингари аҳли суннат ва жамоатнинг энг улуғ ва энг машҳур уламолари жоиз ва одоб деб билганлар. Демак, тавассулни инкор қилиш, уни бидъатга ёки ширкка чиқариш ҳақиқатни тан олмасликнинг ҳамда одобсизликнинг айнан ўзи экан!

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга Ўзи тавфик берсин, бемазҳаблик балосидан Ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *