Долзарб мавзу — маййитхона маросимлари ҳақидаги саволга жавоб!

mayyitxona marosimlarii

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

САВОЛ:

Ассалому алайкум муҳтарам сайт ходимлари!

Сизлардан шу кунларда телеграм тармоғида кенг тарқалган бир аудио марузада эшитган муҳим бир масалага ойдинлик киритиб беришингизни илтимос қилардик. Андижон вилоятининг “Миробод” деган қишлоғида бир домла маруза қилибди. Унинг таъкидлашича, марҳумларни йўқлаб қилинадиган “40, 3 ва пайшанба” маросимларини шариатда йўқ дейишлик аслида яҳудлар тарафдан Ислом ичига киритилган экан. Уни инкор этувчи мусулмонлар эса яҳудларнинг тобелари бўлиб уларнинг иши одамларни эътиқодини бузиб кофир қилишдан иборат эмиш. Шунингдек, қирқ куни эҳсон қилиш, пайшанба кунларда, улуғ кунларда эҳсон қилиниши, йили тўлганда ўлган кунини ҳисоблаб эҳсон қилишлик шаръий китобларимизда бор экан.

Шу масалага илмий ёндашув асосида батафсил жавоб беришингизни сўрар эдик. Жавобларингиз учун олдиндан ташаккур.

Андижонликлар

ЖАВОБ:

Ва алайкум ассалом.

Ҳурматли ўқувчи, сиз юборган файлни тўлиқ тинглаб, бир қанча дўстларимиз билан таҳлил қилиб чиқдик. Ундан ташқари бизнинг электрон қутимизга яна бошқа бир шахсга тегишли худди шу мавзудаги маруза ҳам келиб тушган эди. Икки марузачининг овоз ва гапириш услубларига қараганда улар бошқа-бошқа одамлар бўлсада бир хил мавзуни ёритишга иккаласи ҳам зўр бериб уринишган. Яъни, иккласи ҳам, “маййит чиққан хонадон эгалари ўтганларга кун санаб муайян кунларда эҳсон қилишлари шаръий аслга эга, буни бидъат деганлар, яҳудларнинг тобеълари ва адашган тоифалардир”—деган иддаони исботлашга ҳаракат қилишган.

Аслида бу мавзудан четда туришни аслам ва афзал ҳисоблаб келаётган эдик, бироқ, эътиқодий масъулият юзасидан энди мавзуга аралашмасликдан ўзга чорамиз қолмади. Зеро, бидъатчиларнинг ҳаракатларига жим туришлик, уларнинг залолатларини тасдиқлаш билан баробардир. Ана шу туйғу бизни тинч қўймади ва бу мавзуда ўз мулоҳазаларимиз билан жавоб беришни лозим топдик!

Аввало, халқимиз орасида оммалашган бу хилдаги маросимларнинг асл тарихи Исломдан ҳам аввалги жоҳилят замонларга бориб тақалади. Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ ўз тазкирасида айтади:

Mаййитхонага йиғилиш ва уерда маййит чиқиб кетмасдан бурун таом тайёрлаш — буларнинг ҳаммаси жоҳилят сарқитларидир! Маййит эгаларининг ўша куни ва еттинчи куни тайёрлайдиган таоми ҳам ўшандай. У ерга одамларни йиғиб, маййитга қурбат ва тараҳҳумни ният қилишади ва ҳолбуки бу иш бидъатдир! Олдин (салафи солиҳлар даврида) бўлмаган! Қолаверса, бу олимлар мақтайдиган иш ҳам эмас. Уламолар айтганки: Мусулмонларнинг аҳли куфрларга эргашмоқлари ярашмайди. Ҳар бир инсон ўз аҳлини бунга ўхшаган жойларга боришдан қайтариши керак. (Абдуррауф Муновий. Файз ул-қадир. 1/Ж. 533/Б).

“Қирқ” инсон ўлганининг қирқинчи ёки ундан камроқ куни, “йигирма” эса йигирманчи ёки ундан камроқ куни, “йил” эса бир йилдан сўнг ёки ундан олдинроқ, “пайшанба” ҳафтанинг ҳар пайшанба куни то қирқ кунга қадар ўтказиладиган маросимларга айтилади. Бу маросимларни ўтказиш ҳозиргача туркий халқлар орасида Ислом таълимотига зид тарзда жорий бўлиб келмоқда. Лекин, аслида барча мўътабар манбалар ва хусусан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид манбаларда ҳам бундай маросимлар ўтказиш, унда қатнашиш макруҳ дейилган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Мусулмонлари идораси “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида” махсус фатво чиқарган (Тошкент, 1998 йил, 3 ноябрь). Унда, жумладан, шундай дейилади: “Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки қадимдан кимлардир жорий этган бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин”. Қаранг: Абдурашид қори Баҳромов. Ислом ва маърифат. – Т.: Мовароуннаҳр, 2002. – Б. 58-61.).

Энди қуйидаги ибораларни таҳлил қилар эканмиз, ушбу фикрларимизни билдирамиз:

Марҳумларни йўқлаб қилинадиган “40, 3 ва пайшанба” маросимларини шариатда йўқ дейишлик аслида яҳудлар тарафдан Ислом ичига киритилгандеган гапга келсак, бу ерда ишонч билан яҳудларга нисбат берилишига қараганда, ўша марузачи яҳудларнинг китобларини кўп ўқиб юрадиган яҳудийшуносга ўхшайди. Шундай бўлганда ҳам, “Яҳудлар қайтарган ишларнинг ҳаммаси Исломда машру ва жорийдир”—деган ҳеч қандай қоида йўқки, уларнинг қайтариқларига асосан Исломда бирон ҳукм собит бўлса…

Шунингдек, бу каби маросимлардан қайтарувчиларни яҳудларнинг тобелари, динбузарлар ва одамларни кофир қилувчи тоифа—деб баҳолаш бениҳоят даражада қабиҳ фитнадир! Ва яна шариатимизга, мазҳабимизга, эътиқодимизга ва собиқ ўтган соф эътиқодли аждодларимиз таълимотига нисбатан чексиз беадабликдир! Бу гапни эс-хуши жойида бўлган мусулмон асло гапирмайди!

Лекин биз шуни ишонч ва тўлиқ асос билан айта оламизки, юқоридаги гапни қасддан ва ўз ихтиёри билан айтган ҳар қандай одам аҳли сунна вал-жамоа ақидасидан ҳам, тўрт фиқҳий мазҳаб таълимотидан ҳам, хусусан ўлкамизда оммавий ёйилган ҳанафий мазҳабидан ҳам мутлақо бехабар такфирчи, чаласавод мутаассиб фитначидир! Агар у мусаффо динимиз ақидаси ва соф ҳанафий мазҳабимиз таълимотидан заррача хабари бўлганида, юқоридаги қўполликка журъат қилмаган бўларди.

У одам бошқаларнинг ҳаракатларига шаръий нуқтаи назардан “яҳудларнинг тобеълари, одамларни кофир қиладиган тоифа”—деб баҳо беришдан олдин бир мусулмонни кофирга чиқаришнинг ҳукми нима эканлигини ўзи билиб олсин! Агар у шу эътиқодига содиқ қолган бўлса, унинг ўзи иймонидан ажраб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунингдек, қирқ куни эҳсон қилиш, пайшанба кунларда, улуғ кунларда эҳсон қилиниши, йили тўлганда ўлган кунини ҳисоблаб эҳсон қилишлик шаръий китобларимизда бордеб айтган одам авом олдида қуруқ сафсатабозлик қилишдан олдин, ўша шаръий китобларни кўрсатиб берсин! Ё бирортасининг лоақал номини “фалон китобда айтилган”—деб тилга олсин. У қайси шариат китобларини назарда тутяпти экан? Ҳарқалай, Ислом шариати китобларида у айтган гапларнинг фақат тескарисини ўқиш мумкин.

Тўғри, баъзи бидъатчи оми хотинлар ўқиб юрадиган “Биби сешанба, Биби пайшанба”, “Биби мушкулкушод” номли кичик-кичик рисолалар бор. Мумкин ўша рисолаларда у домла айтган гапларни учратиш мумкиндир. Аммо у китобларга “шаръий китоб” мақомини бериш ғирт нодонлик бўлади! Ўрта осиёда устози кул ҳисобланмиш марҳум Мавлавий Ҳожи Ҳиндистоний ҳазратларининг “Отин ойиларга насиҳат”и овозли ленталарга ёзиб қолдирилган. Уни эшитганлар “Биби сешанба”, “Биби пайшанба”, “Биби мушкулкушод”ларнинг ҳукмини яхши билиб олади.

Муҳтарам ўқувчи, сиз шуни яхши билингки, юқоридаги каби “40, 3 ва пайшанба” каби маййит ортидан қилинмиш маросимлардан аслида буюк саҳобаи киромлар, аҳли сунна вал-жамоа аталмиш тўрт фиқҳий мазҳаб фақиҳлари, айниқса ҳанафий мазҳаби уламолари, собиқ ўтган аждодларимиз орасидаги олиму фузалолар, ҳокиму муфтийлар ҳар доим ва ҳар замон кескин қайтариб келишган! Ва бу ҳукм иншааллоҳ то қиёматгача ўз кучида қолади!

Қаранг! Биз сизга олдинги ўтган аждодларимиз йўлини тўла акс эттирувчи шаръий китобларда бу мавзуга доир қандай гаплар борлигини равшан кўрсатиб берамиз:

1) Ҳанафий олими Камолуддин ибн Ҳумом (р.а.) Ҳидоянинг шарҳи “Фатҳ ул-қадир”да дафн ҳақидаги фаслнинг энг охирида, шаҳид бобидан сал олдин шундай дейди:

وَيُكْرَهُ اتِّخَاذُ الضِّيَافَةِ مِنْ الطَّعَامِ مِنْ أَهْلِ الْمَيِّتِ لِأَنَّهُ شُرِعَ فِي السُّرُورِ لَا فِي الشُّرُورِ ، وَهِيَ بِدْعَةٌ مُسْتَقْبَحَةٌ
رَوَى الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ : كُنَّا نَعُدُّ الِاجْتِمَاعَ إلَى أَهْلِ الْمَيِّتِ وَصُنْعَهُمْ الطَّعَامَ مِنْ النِّيَاحَةِ .

“Маййит эгалари томондан таом пишириб, зиёфат ташкил қилиниши макруҳ бўлади. Чунки зиёфат одатда хурсандчилик кунларида уюштирилади, оғир мусибат кунларида эмас. Бу каби зиёфатлар қабиҳ бидъатлардандир. Имом Аҳмад ва ибн Можа (р.а.) лар саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”. (Фатҳ ул-қадир. 1/ж. 473/Б. Матбаъат ул-кубро ал-Амирийя. Миср. 1315-ҳж).

2) Шофеъий олимларининг таниқлиларидан бири имом Нававий (р.а.) “Равзат ут-толибин ва умдат ул-муфтиййин” номли китобида, маййит эгаларининг қўшнилари уларга таом чиқарса мустаҳаб бўлишини айтгач, уларнинг ўзлари таом тайёрлашлари ҳақида шундай деганлар:

 وَأَمَّا إِصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُهُمُ النَّاسَ عَلَيْهِ ، فَلَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَهُوَ بِدْعَةٌ غَيْرُ مُسْتَحَبَّةٍ

“Аммо, аҳли маййит томондан таом тайёрланиб, унинг атрофига одамларнинг тўпланиши ҳақида салафлардан ҳеч қандай далил нақл қилинмаган. Бу иш бидъат ва қабул қилинмаган ишдир”. (Равзат ут-толибийн 2/Ж. 145/Б. Алмактаб ул-Исломий. Байрут. 1405).

3) Моликий мазҳаби олимларидан Хаттоб Моликий (р.а.) шундай дейди:

امَّا إصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُ النَّاسِ عَلَيْهِ : فَقَدْ كَرِهَهُ جَمَاعَةٌ ، وَعَدُّوهُ مِنْ الْبِدَعِ ؛ لِأَنَّهُ لَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَلَيْسَ ذَلِكَ مَوْضِعَ الْوَلَائِمِ

“Аммо, маййит эгаларининг таом тайёрлаши ва унга одамларни жамлаб таклиф қилишига келсак, бу амални катта бир гуруҳ уламолар кариҳ кўришган ва уни бидъатлардан ҳисоблашган. Чунки салафи солиҳларимиздан  бу амал ҳақида ҳеч нарса келмаган. Шунингдек, маййитхона тўйхона эмасдир!”. (Мавоҳиб ул-жалил фи шарҳи мухтасар ил-халил. 2/228).

4) Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Муваффиқуддин Ибн Қудома (р.а.) шундай дейди:

فاما صنع اهل الميت طعاما للناس فمكروه، لان فيه زيادة علي مصيبتهم و شغلا لهم الي شغلهم و تشبها بصنيع اهل الجاهلية .

“Аммо, ўлик эгаларининг одамларга таом тайёрлашлари макруҳдир! Чунки, бу мусибат устига мусибатдир,  овворагарчилик устига овворагарчиликдир. Бу худди жоҳилият даври одамларининг одатларига ўхшаш одатдир”. (ал-Муғний. 3/497 . Дору оламил-кутуб. Риёд).

5) Мавлоно Абдураҳмон Жазийрий раислигида бир гуруҳ Миср олимлари томондан таълиф этилган “Алфиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа” номли фиқҳий асарда шундай дейилади:

و من البدع المكروهة ما يفعل الآن من ذبح الذبائح عند خروج الميت من البيت او عند القبر و اعداد الطعام لمن يجتمع التعزية و تقديمه لهم كما يفعل في الافراح و محافل السرور و اذا كان في الورثة قاصر عن درجة البلوغ حرم اعداد الطعام و تقديمه

“Ва яна, хозирда қилиниб келаётган макруҳ бидъатлардан бири: Худди шодлик вақти, ҳурсандчилик йиғинларида қилинадиган суратда, маййит чиққанда ёки (дафндан кейин) қабристонда жонлиқ сўйиш ва таъзияга келганларга ундан таом пишириб едириш”. Агар ворислар ичида балоғат ёшига етмаганлар бўлса, таом пишириб едириш ҳаром бўлади. (Ал-фиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа. 2/Ж. Мактабат ул-ҳақиқа. Истанбул. 2004).

6) Фарғона водийсида туғилиб, ижод қилган, машҳур ҳанафий фақиҳи, ҳижрий олтинчи асрнинг таниқли олимларидан бири, имом Фахруддин Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатво тўпламида шундай ёзади:

يكره إتخاذ الضيافة في ايام المصيبة لأنها أيام تاسف فلا يليق بها ما يكون للسرور

“Мусибат кунларида зиёфат қилишлик макруҳ бўлади. Чунки у кунлар афсус-надомат кунлари бўлиб, ҳурсандчилик кунларда қилинадиган тадбирлар унга тўғри келмайди.”

7) Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ўтган, машҳур ҳанафий олими, ақоид илмига доир “Қасидат ул-амолий” рисоласининг соҳиби, Ўзганлик аллома Сирожуддин Абу Муҳаммад (р.а.) ўз қаламига мансуб “ал-Фатавас сирожия” номли фатволар тўпламининг кароҳият бўлими, валима (тўй) ҳақидаги қисмида шундай деганлар:

لا يباح اتخاذ الضيافة عند ثلاثة أيام في المصيبة

“Мусибат вақтида уч кун ичида зиёфат ташкил қилиш мубоҳ бўлмайди” (ал-Фатавас сирожия. Дор ул-улум Закария. ЖАР. 2011 м).

8) Шунингдек яна, ҳамюртимиз улуғ ҳанафий фақиҳи, Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ “Ат-тажнис вал-мазид” номли фиқҳий асарида шундай деганлар:

لا يباح إتخاذ الطعام عندنا ثلاثة ايام في المصيبة لان الضيافة تتخذ عند السرور

“Бизнинг наздимизда мусибат вақтида уч кун таом тайёрлаш мубоҳ бўлмайди. Чунки зиёфат ҳурсандчилик вақтида бўлади”. (Ат-тажнис вал мазид. 1039-масала. 287/Б. Идорат ул-Қуръон вал улум ил-Исломия. Покистон. 2004.)

9) Китоблари юртимиз аҳли илмлари ичида суйиб ўқиладиган, ақоид, фиқҳ, тафсир, тажвид ва яна бир қанча соҳалар билимдони, мавлоно Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот ул-мафотиҳ”да Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласига таом чиқарилгани ҳақидаги ҳадиснинг шарҳида шундай дейди:

و اصطناع اهل البيت له لأجل اجتماع الناس عليه بدعة مكروهة بل صح عن جرير رضي الله عنه «كنا نعده من النياحة» و هو ظاهر في التحريم. قال الغزالي: «يكره الاكل منه». قلت: و هذا اذا لم يكن من مال اليتيم او الغائب و الا فهو حرام بلا خلاف

“Уй эгаларининг одамлар жамланишлигини ҳисобга олиб, маййит учун таом тайёрлашлари макруҳ бидъатдир. Балки, Жарир розияллоҳу анҳудан саҳиҳ келганки “биз уни ниёҳатдан ҳисоблардик”. Ва бу хабар ҳаром деб ҳукм қилиш учун зоҳир, очиқ-ойдин ҳужжатдир. Ғаззолий айтганлар: “Ундан емоқ макруҳ бўлади”. Мен айтаман: ”Бу—яъни макруҳ бўлиши агар етим-сағир ёки ғоибдаги вориснинг молидан бўлмагандадир. Агар уларнинг ҳаққини сарфлаб таом тайёрланса, у хилофсиз ҳаромдир!”. (Мирқот ул-мафотиҳ. Жаноиз китоби. 4/Ж. 194/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 2001).

10)  Ҳанафийлар ичида маъруфу-машҳур “Мухтасар виқоя”нинг “Мажмаъ ул-мақсуд” номли туркий забонда ёзилган шарҳида шундай дейилади:

“Уч куннинг ичида зиёфат қилмоқ мубоҳ эмас. Ушбудек “Тоторхониййа”да мазкурдир.”. (Мажмуъ ул-мақсуд. 1/ж. 243/б. Тошкент “Адолат” 1996).

Шунингдек яна у киши шундай деган:

Ўлган куни таом тайёрламоқ, учинчи куни, етти кундан кейин, ийд кунларида, мавсумда гўристонга таом олиб бормоқ, Қуръон ўқимоқ учун одам чақирмоқ, хатм қилмоқ учун ё сураи “Ихлос”, ё сураи “Анъом”ни ўқимоқ учун солиҳларни ва қориларни чақирмоқ макруҳдир. Бас, бу масъалаларнинг хулосаси шуки, Қуръон ўқиган вақтда емоқ учун таом тайёрламоқ макруҳдир. (Мажмуъ ул-мақсуд. 1/ж. 244/б. Тошкент “Адолат” 1996).

11) “Фатавои Баззозия”да шундай келтирилади:

و يكره اتخاذ الطعام في اليوم الاول و الثالث و بعد الاسبوع و الاعياد

“Биринчи куни, учинчи куни, еттинчи кундан кейин ва ҳайитларда таом тайрламоқ макруҳ бўлади”. (Фатавои Баззозия. Жаноиз бўлими. Фатавои Ҳиндиянинг ҳошиясида. 4/Ж. 81/Б. Дор ул-фикр. Санаси кўрсатилмаган).

12) Абу Саъийд Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ томондан имом Биргивий ҳазратларининг “Тариқат ул-Муҳаммадия”сига ёзилган шарҳда, ейилиши макруҳ бўлган нарсаларни санаш жараёнида қуйидаги ибораларни учратамиз:

(و يكره الاكل عند الجنازة و اكل طعام الميت)  المتخذ لاجل الميت سواء اتخذ في يوم الاول او الاسبوع او الاربعين او الاعياد

“(Жаноза вақтида ва маййит таомидан емоқ макруҳ бўлади) у таомки маййитга атаб тайёрланган. Хоҳ уни биринчи куни тайёрласин, ё еттинчи куни, ё қирқинчи куни ва ёки ҳайитларда, ҳаммаси тенг макруҳ бўлади”. (Бариқа. 3/Ж. 121/Б. Дор ул-хилофа ал-Алия. 1318).

13) Худди шу қўшимча изоҳни яна, ўша китобга мавлоно Ражаб ибн Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ томондан ёзилган “Алвасилатул Аҳмадия”, деб номланган шарҳида ҳам кўрамиз. Бу китоб юқоидаги китобнинг ҳошиясига жойланган (Алвасилат ул-Аҳмадия. 3/Ж. 121/Б. Дор ул-хилофат ил-Алия. 1318).

14) Ҳанафий олими имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳ “Жало ул-қулуб”да имом Қуртубийнинг ушбу танбеҳини келтиради:

قال القرطبي في تذكرته: الاجتماع الي اهل الميت و صنعهم الطعام و الميت عندهم كل ذلك من امر الجاهلية، و منه الطعام الذي يصنعه اهل الميت اليوم، و في اليوم السابع، فيجمع له الناس يريد بذلك القربة للميت و الترحم له، و هذا محدث لم يكن فيما تقدم، و لا هو مما يحمده العلماء. قالوا: و ليس ينبغي للمسلمين ان يقتدوا باهل الكفر، و ينهي كل انسان اهله عن الحضور لمثل هذا

Имом Қуртубий ўз тазкирасида айтади: маййитхонага йиғилиш ва уерда маййит чиқиб кетмасдан бурун таом тайёрлаш—буларнинг ҳаммаси жоҳилят сарқитларидир. Маййит эгаларининг ўша куни ва еттинчи куни тайёрлайдиган таоми ҳам ўшандай. У ерга одамларни йиғиб, маййитга қурбат ва тараҳҳумни ният қилишади ва ҳолбуки бу иш бидъатдир! Олдин  (салафи солиҳлар даврида) бўлмаган! Қолаверса, бу нарса олимлар мақтайдиган (бидъати ҳасана ҳам)  ҳам эмас. Уламолар айтганки: Мусулмонларнинг аҳли куфрларга эргашиши ярашмайди. Ҳар бир инсон ўз аҳлини бунга ўхшаган жойларга боришдан қайтариши керак.

15) Имом Қуртубийнинг ушбу огоҳлантиришини нафақат имом Биргивий балки яна бошқа олимлар ҳам ўз таснифотларида худди юқоридаги иборалари билан алоҳида зикр қилган.  Масалан, Абдуррауф Муновий (р.а.) Имом Суютийнинг “ал-Жомеъ ус-сағир” асарига ёзилган шарҳида, Росулуллоҳнинг аҳли аёлларига:  “Жаъфарнинг оиласига таом чиқаринглар”, деб айтгани ҳақидаги (1091-рақам билан қайдланган) ҳадиснинг изоҳида бу танбеҳ нақл қилинган. (Файз ул-қадир. 1/Ж. 533/Б). Ва яна, имом Абу Саъид Ходимийнинг “Тариқат ул-Муҳаммадия”га ёзган шарҳида ҳам худди шу огоҳлантириш китобнинг 3-жузи 254-бетида айтиб ўтилган.

16) Мутааххир ҳанафийлар фахри саналмиш, Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мажмуат ул-фатово” номли тўпламида ҳам мусибат кунларидан кейинги яъни, уч кундан кейинги расм-русумлар хусусида алоҳида савол-жавоблар бор:

Савол: Ўлгандан кейинги қирқинчи куни ёки олти ойдан сўнг ёки шунга ўхшаш бир кунларда биродарларни чақириш ҳукми қандай?

Жавоб: Шайх Абдулҳақ Муҳаддис Деҳлавий “Жомиъ ул-баракот”да ёзадиларки, бу диёрлардаги каби бир йилдан сўнг ёки олти ойда ёки қирқ кунда таом пиширишлар ва биродарлар орасида тақсимлашларни “баҳожи” ҳам дейилади. Унинг шаръан эътибори йўқдир. Энг яхшиси шуки, ундан бориб емасин.

17) Ҳанафий олими Муҳаммад ибн Тулун раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб “Фассул-ховатим фийма қийла фил-валоим” номли рисолиси бўлиб, муаллиф бу асарида турли зиёфатларнинг шаръий ҳукмларини ёритиб берган. Унда айтилишича зиёфатлар умумий 12 тур ва шулардан бири маййит ортидан қилинадиган зиёфатлардир. Унинг номини муаллиф “Валиматул-вадийма” деб ёзган ва уни маййитнинг қариндошлари ва қўшнилари ўлик эгаларига мусибат чоғида едирадиган таомларига айтилишини билдирган. Бу тур валима ҳақидаги маълумотлар қаторида муаллиф “النياح علي الميت” (маййит орқасидан йиғлаш) номли кичик банд ажратиб унда шундай дейди:

و يحرم تهيئة النائحات لانه إعانة على معصية. و قال الكمال الدميري في باب التعزية من شرحه: و يكره الاكل من طعام المأتم. إنتهى. و قال في «حياة الحيوان» في باب الطاوس في كلامه علي ترجمة الامام طاوس إبن كيسان فقيه اليمن ما صورته: و روى احمد عنه في كتاب الزهد انه قال: إن الموتي يفتنون في قبورهم سبعة ايام، و كانو يستحبون ان يطعم عنهم في تلك الايام انتهي. وَأَمَّا إِصْلَاحُ أَهْلِ الْبيتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُ النَّاس عَلَيْهِ ، فَلَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَهُوَ بِدْعَةٌ مستقبحة و غيره مستحب. قاله إبن صباغ. و قد روى الإمام احمد و ابن ماجة باسناد صحيح عن جرير إبن عبد الله رضى الله عنه قال: كُنَّا نَعُدُّ الِاجْتِمَاعَ إلَى أَهْلِ الْمَيِّتِ وَصُنْعَهُمْ الطَّعَامَ مِنْ النِّيَاحَةِ.  قال الاذرعي: و لا خفاء في تحريم ذلك إذا كان على الميت دين او في الورثة محجور او غائب و صنع ذلك من التركة انتهي.

Ўлик ортидан дод-вой солиб йиғловчи хотинларни таййорлантириш ҳаром бўлади. Чунки бу маъсиятга кўмаклашмоқ демакдир. Камол Дамийрий ўзининг шарҳидан таъзия бобида айтади: “Мотамхона таомидан емак макруҳ бўлади”. Тамом. “Ҳаётул-ҳайвон” китобининг “Товус” бўлимида, Яман фақиҳи Товус ибн Кайсоннинг тржимаи ҳолини баён қилишда қуйидаги суратда шундай деган: имом Аҳмад Товусдан ривоят қилганки, маййитлар қабрларида етти кун давомида имтиҳон қилинишади. Шунга кўра, уларнинг ортидан таом тарқатишни мустаҳаб санашар эди. Аммо уй эгаларининг таом пиширишлари ва унинг атрофига одамларни йиғиши масаласига келсак, бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат нақл қилинган эмас. Аксинча бу ишлар хунук бидъатлардандир! Бундан бошқа (садақотлар) эса мустаҳаб бўлади. Буни Ибн Саббоғ айтган. Имом Аҳмад ва ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳларлар саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”. Имом Азраъий айтадики, агар маййитнинг қарзи бўлса, ёки меросхўрлар ичида тасарруфдан ман қилинган сағирлар бўлса, ё, сафарга кетган ғоиблар бўлса ва ўша таом мерос молидан қилинса бу вазиятда унинг ҳаромлиги асло махфий эмасдир! Тамом. (“Фассул-ховатим фийма қийла фил-валоим”. Муҳаммад ибн Тулун. 11/Б.)

18) Ўз даврида машҳур бидъатлар ҳақидаги рисоласи билан шуҳрат қозонган улуғ олим, қадим Бухоронинг охирги муфтийларидан бири Ватандош аждодимиз домла Икромча роҳимаҳуллоҳ ўзининг “МАШҲУР БИДЪАТЛАР БАЁНИ” номли рисоласида шундай дейди:

Хотинларнинг азадорликдаги расм-русмлари ҳам мана шу (машҳур бидъатлар) қисмдандир. Уни “қирқ”, “йигирма” ва “йил” деб атайдилар

Бу маросимларда махсус тартиблар борки, уни ўзгартиришнинг сира иложи йўқ. Бир неча аҳмоқлик қилувчилар тўпланиб, ҳар хил йиғи-сиғи ва сийналарини чок қилиб, уриб, қон йиғлайдилар. Шу хилда, агар бирор аҳмоқ иккинчи бор кириб келса ҳам, яна ўша йиғи ва ўзини уришлар лозим ва “вожиб” бўлади. Ўша жойда ўзгартиришга йўл бермайдиган махсус таомлар (масалан, ҳолвайтар, ширгуруч) пиширадилар. Баъзи бировлар ўша мажлисда ейишни “вожиб” деб билсалар, бошқа бировлар жоиз эмас, балки уйга олиб кетиш “вожиб”, дейдилар. Азадорликда иштирок этган аёлларга махсус кунларда кийим-кечак ва совун бериш ҳам уларга “вожиб” бўлади. Хотинларнинг бу қабиҳликлари эркакларга, айниқса, олиму фозиллар ва ҳокимларнинг ҳаммасига ҳам маъқул, ҳеч қайсиси унинг таркини жоиз кўрмайдилар, балки, кўпчилик одамлар лозим ва вожиб деб билиб, кўп дирҳамларни унда сарфлайдилар. Ҳолбуки, ўзларининг фарзи айни бўлган закотидан беш тангани адо этмайдилар. Бу замонда турли-туман исрофлар ғассол ва ғассола сифатидагиларга харжланади ҳамда ўлган куни кўп ширинликлар сарф қилинади. Гарчи сағир ёки сағира ҳаққи унга боғланган бўлса ҳам. Айтилинган ножоиз ишларнинг ҳаммасини ман қилиш кучи бор ҳокимларга лозим ва вожибдир! (МАШҲУР БИДЪАТЛАР БАЁНИ. Домла Икромча. 29/30. Бетлар).

19) Уч кундан кейинги махсус маросимларга тааллуқли биз аниқлаган сўнгги таъқиқ диний раҳбариятимиз—Ўзбекистон мусулмонлар идораси мууфтиёти томондан эълон қилинган “ТЎЙ, МАРОСИМ ВА МАЪРАКАЛАРНИ МЕЪЁРИДА ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА” чиқарган фатвосида расмий имом домлалар зиммасига қўйилган ушбу талабномадир:

Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом хатиблари жума намози хутбаларида, никоҳ тўйлари, ақиқа маросимлари ва турли муносабатлар билан қилинадиган тадбирларда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, риёкорлик каби иллатларнинг моддий ва маънавий зарарлари, шунингдек, тежамкорлик ва ўртаҳолликнинг фойдалари тўғрисида асосли далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ташвиқот ишларини олиб борсинлар.

Маросим ва тадбирларни миллий ва диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш мақсадида имом хатиблар, маҳаллаларнинг оқсоқоллари ва фаоллари билан ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлари инобатга олинсин.

Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин. Киши вафот бўлгандан сўнг таъзия 3 кун эканлиги тушунтирилсин.

Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган худойи, маъракалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож оилаларга, меҳробонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатишнинг афзаллик жуҳатлари ёритиб берилсин. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси. 2002 йил. 28 декабрь.

манба: http://www.muslim.uz/index.php?option=com_content&view=article&id=949&catid=44:2010-02-07-12-50-40&Itemid=75).

Муҳтарам ўқувчи!

Юқоридаги иқтибосларнинг ҳаммаси асли аждодларимиз эътиқоди ва амалиётларини ўзида акс эттирган ишончли манбалардан олинди ва малакали мутахассислар томондан таржима қилинди. Айтмоқчимизки, сиз асло иккиланмасдан кўнгилхотиржамлиги билан шу манбаларга амалий ва эътиқодий жиҳатдан тўлиқ суянишингиз мумкин. Маййитлар ортидан қилинадига маросимлар ҳақида бизнинг аждодларимиз қадимдан амал қилиб келган ҳанафийлик мазҳабига доир шаръий китобларимиздаги гаплар шулардир!

Муҳтарам ўқувчи, шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, юқоридаги маълумотлардан ўлик чиққан хонадонда қатъий кун белгилаб маросим қилишнинг макруҳлиги чиқади! Бу маълумотлардан “тирикларнинг хайрли амалларидан ўликларга савоб бағишланса, буни ўликларга фойдаси йўқ экан”—деган нотўғри тушунча келиб чиқмайди!

Аҳли суннат уламолари ва мазкур маросимларни макруҳ деган уламоларнинг ҳеч қайсиси маййитга савоб етиб бормайди, деб айтган эмаслар. Биз ҳам бу хилдаги эътиқоддан йироқмиз. Савоблар ўликларга етиб боради, маййитга атаб Қуръон ўқиш жоиз. Бироқ, маълум бир кунларни белгилаб, ўша куни эҳсон қилинса, савоб ёки савоби кўпроқ, деб эътиқод қилиш, ёки шариатда ўша кунлари маросим ўтказиш айтилмаган бўлсада ўзига ўзи вожиб қилиб олиш кабилар қораланади!

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди бўйича тирикларнинг амалларидан маййитларга савоб боради. Бунда шубҳа бўлиши мумкин эмас! Буни адашган тоифаларгина инкор этади!

Ва яна, сизга шуни тавсия қиламизки, ўз обрўсини орттириш, шуҳрат қозониш йўлида нафсига қул бўлган ҳар-хил бетайин оқим ташвиқотчиларининг фитна-фасодга тўла маруза ва мақолаларидан доим йироқ бўлинг! Охирзамон яқинлашиб фитналар кўпайган бу даврда турли бетайин чаласавод, бузғунчи оқимлар кўпайиб бормоқда. Улар ўз ташвиқотларини имкон қадар кенг ёйиш тараддудида интернетдан самарали фойдаланишяпти. Уларнинг домига илиниб, ҳақ йўлдан адашиб қолишдан хушёр бўлинг.

Қачонки сизда диний муаммолар юзасидан савол туғилса энг аввало, ўзингиз яшаб турган ҳудуд расмий имом домласига мурожаат қилинг. Бугунги кунда Ватанимиздаги масжидларда малакали, билимли имом домлалар фаолият олиб боришмоқда. Мабодо улардан қониқарли жавоб ололмасангиз, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси (ЎМИ) ходимларига, шахсан Муфти ҳазратларининг ўзларига интернет орқали мурожаат қилинг!

На диний ва на дунёвий қонун қоидалар фарқига бормайдиган мутаассибларга парво қилманг!

 

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Музаффаржон:

    Унда аниқ фатво чиқаринглар, бундай маросим қилинсин бундайи қилинмасин деб.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *