Бутун дунё уламоларининг мавлиднинг жоизлиги ҳақидаги фатволари

Lotin alifbosida

Пайғамбаримиз, Расулуллоҳ, Муҳаммад Мустафо руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган ойларида у зотнинг туғилган кунларига бағишлаб, мавлид маросимларини ташкил қилиш ҳамда шу муносабат билан ул зоти шарифнинг ҳаёти, сийратлари ва суннатларини ўрганиш асрлар давомида мусулмонларнинг севимли урф-одатлари бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам бутун дунё мусулмонларининг уламолари, олимлар кенгашлари мавлиди шарифнинг жоизлиги ҳақида фатволар чиқариб келганлар. Бу иш аҳли суннат ва жамоатга тааллуқли бутун дунё мусулмонлари уламоларининг якдиллик ва иттифоқлик билан берган фатволари бўлиб, унга фақатгина ҳақиқий-соф аҳли суннат ва жамоат таълимотидан айрилган кимсаларгина қарши чиқишлари мумкин, холос. Хуллас, мавлиди шарифни байрам тарзида, хурсандчилик билан нишонлаш жоиз эканига бугун бутун дунё уламолари ижмоъ қилгандир!

Биз қуйида бутун дунё уламолари кенгаш ва академиялари томонидан мавлиди шарифнинг жоизлиги борасидаги фатволарини, ҳатто бу кунни айрим мусулмон мамалакатлари давлат миқёсида байрам ва таътил қилиб ўтказишлари ҳақидаги маълумотларни бирма-бир кўрсатиб ўтмоқчимиз:

 

Судан уламолари ҳайъати. Фатво кенгаши. Шаръий фатво. ҳ/а/с/2015/146:

“Мавлид муносабати ила тадбир уюштириш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини ўтказиш шаръат гўзал ишдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслашни қалбларда тирилтирмоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли хурсанд бўлмоқ Аллоҳ таолонинг сўзида амр қилингандир: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила айтинг! Бас, шу билан хурсанд бўлсинлар!…” (Юнус, 58). Ҳатто Абу Лаҳаб ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларида хурсанд бўлган эди. Шу сабабли ҳар душанба ундан азоб енгиллатилар экан. Кўпчилик уламолар ана шуни далил қилиб келтирганлар. Жумладан, аллома Ибн ҳажар, Имом ас-Суютий, Шайх Зарруқ, Ибн Ҳамдун, Ибн Ибод, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий ва бошқалар”.

 Миср фатвохонаси. Фатво рақами 140, талаб рақами 1186:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари билан тадбирлар уюштириш хурсандликни қабул қилмоқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хурсандлик ила қабул қилмоқ қатъий шаръан қабул қилинган ишдир. Чунки, у (шодлик ва хурсандлик) асллар асли ва илк суянчдир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз пайғамбарининг қадрини билдирган, ўз исмидан кейин унинг вужудини танитган, пайғамбар қилиб юборганини айтган, мақомини ва маконатини кўрсатиб берган. Бутун коинот оламларга юборилган Аллоҳнинг нури, шодлиги, неъмати ва ҳужжати сабабли мутлақ хурсандчилик ва доимий сурурдадир.

Бизнинг салафи солиҳларимиз тўртинчи ва бешинчи ҳижрийдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларида тантаналар уюштириб, мавлид кечасини турли-туман қурбатлар билан тирилтириб келганлар. Жумладан, таомлар едирганлар, Қуръон тиловатлари қилинган, зикрлар уюштирилган, ашъорлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида мадҳиялар куйланган. Бу ҳақида бир қанча тарихчилар ёзиб қолдирган. Жумладан, икки ҳофиз Ибн ал-Жавзий ва Ибн Касир, ҳофиз Ибн Даҳийя ал-Андалусий, ҳофиз Ибн Ҳажар, ҳофизлар хотимаси бўлмиш Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳумуллоҳ кабилар”.

Бирлашган Араб Амирлиги Вақф ва исломий ишлар Вазирлигинингнинг умумий ҳайъати. Фатво рақами 1489:

“Барча уламолар мавлидни тантанали ўтказишнинг шаръий эканлиги ҳақида айтганлар. Бу Аллоҳ таолога нисбатан бизга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборганлик неъматига шукр қилишнинг бир ажойиб суратидир!”.

Иордания фатвохонаси. Фатво рақами 653:

“Мавлиди набавийи шарифни тантанали ўтказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат изҳор қилишнинг маданий услуби ҳисобланади. Шунингдек, бу у зотнинг пешволигини эъзозлаш, шариатига янада кўпроқ эътибор қаратишдир. У ношаръий ишлардан холи бўлмоғи вожибдир. Унда хушбўй сийратни ва мукаррам шамоилни эслаш ҳамда динни маҳкам ушлашга тарғибот билан кифояланмоқ керак”.

Кувайт вақф ва исломий ишлар вазирлиги. Фатво рақами 10528:

“Ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслаб тантана қилиш шаръий ишдир. Ул зоти шариф туғилган бу кунда эса одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслаб йиғиладилар. Лекин, бу хилдаги йиғилишларда ул зотнинг сийратлари ва сифатларини эслаш, суннатларига эргашишга чақириш бўлмоғи вожибдир. Унда айрим одамлар қилаётганидек кўй-қўшиқ ва мусиқалар бўлмаслиги керак. Саҳобаларнинг мавлидларни қилмаганликлари ўша ишнинг ҳаромлигига асло далолат қилмайди. Чунки, бир ишни қилмаганлик (тарк) ҳаромликка далил бўлиб ҳисобланмайди!”.

Фаластин фатвохонаси. Фатво рақами 362:

“Агар мавлиди набавийни тантанали қилиб ўтказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, мадҳлари, ул зотга саловат айтиш, у зотга итоат этишга чақириш, мукаррам ҳидоятига эргашиш учун бўладиган бўлса, демак, у (мутлақо) жоиздир!”.

Фаластин давлати ҳукумати рабеъ ал-аввал ойининг 12 кунини дамолиш куни деб эълон қилган (1994 йилги қарор. Рақами 10). Бу ҳақида қаранг: http://www.dft.gov.ps

Тунис республикаси фатво ишлари девони:

“Мавлид, Лайлатулқадр каби диний муносабатлар билан тантаналар уюштириш – у мубоҳ одатлардир. Аммо, Арафа куни, Ашуро куни кабилардан рўза тутмоқ суннатдир!”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.di.tn/DetailReponseFatwa.aspx

Мағриб Вақф ва исломий ишлар вазирлиги:

“Андалусияда мусулмонлар қўшнилари масиҳийларнинг байрамларидаги тантаналарга ва ширинликлардан иборат “макитот”ларни қилишларига тақлид қила бошлаганлар. Шу вақтда уламоларнинг фикри ана шу нарсани Мавлиди набавий байрамидан бошқа тантаналар билан ўзгартириб бўлмаслигига иттифоқ бўлган. Шунинг учун, подшоҳ ал-Малакийнинг 691/1292 йилда Мавлидни расмий байрам қилиш ҳақидаги алоҳида расмий буйруғи чиқарилган”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.habous.gov.ma/daouat-alhaq/item/7213

Ливия республикаси фатвохонаси (Асос: Ливия элчихонаси саҳифаси):

“Мавлиди набавийи шариф байрами муносабати билан идоралар, умумий муассасалар, шаҳардаги фирмаларга таътил эълон қилинди. Ливия республикаси фатвохонаси эълон қилишича, мавлидни эслаш чоршанбага 23 конуни аввал 2015 йилга тўғри келар экан. Ушбу муносабат билан Бош Вазир жаноблари мамлакат аҳолисига табрик йўллаган”.

Бу ҳақида қаранг: http://assafir.com/Article/8/461565/SameChannel

Жазоир Вақф ва дин ишлари вазирлиги. Мавлид анжумани:

“Ушбу анжуманда баҳс қилувчилар ва устозлар тарихий, ижтимоий, фиқҳий, адабий манбаларни тақдим қилдилар. Булар мавлид тарихига алоқадор, тантана қилиш жоизлиги, мавлид ҳақидаги ашъорларни ўрганишга тааллуқли эди. Чунончи, ҳозир бўлганлар илмий ва руҳий озуқа олиб, ҳар хил диний шеърларни эшитишга мушарраф бўлдилар”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.marw.dz/index.php/component/content/article

Уммон султонлиги Вақф ва дин ишлари вазирлиги:

“Вақф ва дин ишлари вазирлиги мавлиди шарифлар уюштириб, ҳар хил эълон ва танловлар ўтказди. Уларнинг энг каттаси ҳақидаги кўрсатув чоршанба оқшоми шом намозидан сўнг давлат телеканали орқали кўрсатилади”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.mara.gov.om/News.asp?Newsld=77

Баҳрайн мамлакати:

“Рабеъ ал-аввалнинг 12-куни “Мавлидин набавийи шариф байрами” деб эълон қилинди ва расмий равишда таътил берилди. Расмий ҳужжат “Умумий қонунлар мажмуаси”да чиқарилган. 1976 йилги қонун рақами 23”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.moi.gov.bh/Print.p86b3.html?printid=799

Индонезия Республикаси:

“Индонезия оламда аҳолиси энг кўп давлатларнинг бири, Осиёда эса мусулмонлари энг кўп мамлакатдир. Дин Индонезияда жуда муҳим ҳисобланади. Буни давлатнинг бош манбасидаги “Яккаю ягона Аллоҳга имон” тушунчасидан ҳам фаҳмлаш мумкин. Шу билан бирга мамлакатда турли дин вакиллари ҳам истиқомат қиладилар. Бироқ, нисбатан олганда ислом энг каттаси бўлиб, аҳолининг 86 фоизини ташкил қилади. Ана шу сабабли Индонезия ҳукумати диний байрамларга алоҳида катта аҳамият бериб келади. Хусусан, мавлид тантаналари энг муҳим янгиликлардан биридир. Мамлакатнинг барча тарафида бу кунни расми равишда таътил деб эълон қилинган. Ҳукуматга тегишли жами мактабларда, тижорий ўқув даргоҳларнинг кўпчилигида таътил бўлиб, мавлидни матбуотнинг қайсидир саҳифасида ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилади. Мусулмонлар жамиятида бунга катта тайёргарлик кўрилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини нишонлаш баҳонасида жуда кучли тадбирлар ўтказилади. Бу хилдаги тадбирларга одатда турли томонлардан минг-минглаб индонезияликлар ташриф буюрадилар. Йилнинг охирида эса “Истиқлол” масжидида мавлид маросими уюштирилиб, унга Индонезий президенти ҳозир бўлади”.

Бу ҳақида қаранг: http://www.lastprofhet.info/mawlid-in-asia

Малайзия Республикаси:

“Малайзияда ҳар йили рабеъ ал-аввалнинг ўн иккисида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари байрам қилиб ўтказилади. Исломий тақвимга мувофиқ қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларининг куни белгиланади. (Яъни, у мелодий календарга кўра ҳар йили ўзгариб келади)”.

Бу ҳақида қаранг: http://malaysiandigest.com/…/484043-celebrating-mawlid-maul

Маълумотларни тайёрловчи: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *