Хожа-и жаҳон (Абдулхолиқ Ғиждувоний) васиятномаси

Lotin alifbosida

Тарихда «Хожа-и жаҳон» («Жаҳоннинг хўжаси») номи билан шуҳрат қозонган таниқли мутасаввиф, улуғ ватандошимиз Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (496-574/1103-1179) қуддиса сирруҳу “Хожагон” тариқатига асос солган бўлиб, ундан “Нақшбандия” тариқати вужудга келган эди. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу бухоролик етти нафар буюк пирларнинг биринчиси ҳисобланадилар. У зот нақшбандийликнинг асосий ўн битта (11) қоидаларининг ишлаб чиқилишида асосий ҳисса қўшган зотлардан биридирлар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг бир қанча тасаввуфий мазмундаги асарлари мавжуд. Уларнинг аксарияти ўзбек тилига таржима қилинган. Шундай асарларидан бири «Хожа-и кабир» («Катта хўжа») деб аталадиган ўз фарзандларига қилган васиятномаларидир.

Ушбу васиятнома тасаввуфнинг асосини ташкил қилади. Унда кўтарилган масалаларни бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган одоб-ахлоқ ва маънавият асоси, десак муболаға бўлмайди. Мазкур исломий одоб-ахлоққа йўғрилган васиятларни ҳукмингизга ҳавола қилмоқчимиз (Хожа-и жаҳон. Васиятномаи дар одоби тариқат. ШҚМ, № 500/II. – В. 18а-19а.).

ВАСИЯТНОМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Тариқат одоби ҳақидаги ушбу васиятномани Хўжа-и жаҳон ҳазратлари ўзларининг фарзандлари Хўжа-и кабир учун ёзган бўлиб, улуғ фойдаларни ва буюк ҳикматларни ўзида мужассам қилган. Ушбу васиятномага барча соликлар, муридлар амал қилмоқлари хайрлидир. Ушбу бир қанча одоб-ахлоқ тўпламидан иборат васиятномани табаррук юзасидан келтириб ўтилади. У зот бундай деб тавсия қилганлар:

Эй, фарзанд! Мен сенга барча ҳолатларда илм, адаб ва тақвода бўлишингни васият қиламан!

Ўтган уламоларнинг изидан юришинг лозим. Аҳли суннат ва жамоатнинг мулозими бўл!

Фиқҳ ва ҳадис ўргангин!

Жоҳил сўфилардан эҳтиёт бўлгин!

Ҳамиша намозни жамоат билан ўқигин! Бироқ, имом ва муаззин бўла кўрма!

Ҳаргиз машҳурликни талаб қилма! Чунки, шуҳратда офат бор!

Бирор мансабга қаттиқ боғланиб қолма!

Доимо номинг йўқ (гумном) бўлсин! (Номинг кўп ҳам чиқавермасин! Камтар бўл!).

Ҳужжатларга номингни ёздирма, қозилик (суд) маҳкамаларига боришдан эҳтиёт бўл! Бировнинг товонига қолма! Бировлар учун жавобгар бўлиб юрма!

Подшоҳлар ва уларнинг фарзандлари ила ҳамсуҳбат бўлишдан қоч! (Яъни, манман, ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган, одамни камситиб гапирувчи такаббурлар билан суҳбатлашма!).

Ўзингга хонақоҳ қуриб олма, хонақоҳда (шайхлик) қилиб ўтирма!

Cамоъ (рақсли зикр) бўлаётган жойда кўп бўлма. Чунки, самоъда мунофиқлик юзага келади. Кўп самоъ дилни ўлдиради. Уни инкор ҳам қилма. Чунки, самоънинг ўз эгалари бор.

Кам гапир, кам еб-ич ва кам ухла!

Одамлардан худди шердан қочганинг каби қоч! Хилватда ўзингга хизмат қил!

Одамлар, хотинлар, бидъатчилар, бой-бадавлат инсонлар ва омилар билан ҳамсуҳбат бўлаверма!

Ҳалол егин, шубҳали емишлардан сақлан!

Иложи борича уйланаверма, у ҳолда, мол-дунё талабкори бўлиб қоласан.

Мол-дунё талабида динингни барбод қилма!

Кўп кулма! Қаҳқаҳа хандасидан узоқ бўл! Кўп кулгу дилни ўлдиради.

Барча одамларга меҳр-шафқат назари билан боқ! Ҳеч бир кимсани паст санама!

Ташқи кўринишингга ҳадеб оро бераверма! Чунки, ташқи гўзаллик ботиннинг хароблигидан далолатдир.

Халқ билан талашиб-тортишма! Ҳеч кимдан бирор нарса истама, тамаъ қилма!

Бировларга хизмат буюрма! (Ҳамма ишни ўзинг қилишга ва бажаришга ўрган!).

Шайх ва уламоларга молинг, жонинг ва танинг билан хизмат қил! Уларнинг ишларини инкор қилмагин! Чунки, уларга мункир бўлишдан нажот топа олмайсан.

Ҳеч кимга ҳаргиз ёмонлик қилма!

Мол-дунёга мағрур бўлма!

Кўнглинг ҳамиша қўрқувда, баданинг бемор мисоли, кўзларинг намли, амалларинг холис, дуоларинг тавба-тазарру билан, кийимларинг эски ва озода, йўлдошларинг фақирлар, дастурхонинг камтарона, хонадонинг масжид (ибодатгоҳ), мунис ҳамроҳинг эса Ҳақ таоло бўлсин!!!

Тамом. Вассалом!

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *