Мелодий XV асрда, темурийлар даврида қадим Хуросон ва Мовароуннаҳрда танилган уламо ва шайхлардан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ҳанафий аш-Шерозий раҳимаҳуллоҳ бўладилар. У зот ўнлаб асарлари билан бу ўлкаларда шуҳрат қозонган. Мадрасалар талабалари унинг асарларини даср жараёнларида севиб мутолаа қилганлар, ўзларининг дарсликларини тушунишда унинг шарҳларидан фойдаланганлар. Муҳаммад ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ барча ҳаққоний уламолар сингари тасаввуф ва тариқатга ҳам кирган бўлиб, ўз асрининг қутблари қаторида санаб ўтилган. У зот «Пирнинг муридга васиятномаси» деб аталган тасаввуфий тавсияларини йигирма беш (25) бандда кўрсатиб ўтган эканлар. Бу васиятномада тариқатга кирган мурид авлиё бўлиш йўлида нималарга эътибор бериши кераклиги ҳамда ўзида мужассам қилмоғи керак бўлган хислатлар, одоб-ахлоқлар ва фазилатлар баён этилган. Ушбу васиятнома араб тилида бўлиб, илк бор ўзбек тилига ўгирилиб, эълон қилинмоқда (Муҳаммад ал-Ҳанафий. Васиятнома-и Пир бо-Мурид. ШҚМ, № 500/IV. – В. 23б-25а.).
ВАСИЯТНОМА
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳга ҳақ ҳамдлар ила ҳамду санолар бўлсин! Унинг пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом)га ва аҳли байтлари-ю саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин!
Бу шайх, имом, одамларнинг раҳнамоси, замона ягонаси, асрининг яктоси, қутблар қутби, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ҳанафий аш-Шерозий, Аллоҳ унинг руҳини муқаддас қилсин, қабрини нурли айласин, мусулмонларга унинг баракотидан манфаат етказсин, томонларидан битилган васиятнома бўлиб, унда Аллоҳ таолога маърифат талаб қилиш ва танишнинг маъноси борасида сўз юритилган. У зот бундай деганлар:
Тариқатни қасд қилган, торликдан чиқиб, меҳрбон Рафиққа (Аллоҳга) етишмоқчи бўлган муридга қуйидагилар вожиб бўлади:
Аввало, ғафлат ва гуноҳда ўтган кунларига қаттиқ пушаймон бўлсин!
Иккинчи, зулм ва ситам қилган одамлардан кечирим сўраб, уларга (зулм билан олган) нарсаларини қайтарсин!
Учинчи, амал қилиш керак бўладиган даражада илм ўргансин!
Тўртинчи, жим юришни ва холиликда Аллоҳ таолони зикр қилишни лозим тутсин! Кеча-ю кундуз бунга амал қилсин!
Бешинчи, бирор нарсани бемаслаҳат амалга оширмасин! (Ҳамма ишда бошқалар билан маслаҳат қилсин!).
Олтинчи, унга насиҳатгўй дўст бўладиган, ўз насиҳатини аямайдиган бирорта устод керак!
Еттинчи, қалби тили билан бир бўлсин. Қалбини ҳар хил бўлмағур хаёллар ўтмасин!
Саккизинчи, барча ишларида ва гапларида тўғриликни ишлатсин!
Тўққизинчи, ички оламига (кўнгли ва хаёлларига) ҳамда тилига эгалик қилсин! Гара муриднинг нафси ёмон бўлса, шаҳватлар уни эгаллаб олади. Ўзи холамаган нарсасини унга қилдиради, кунлари ғафлатда ўта бошлайди, ички дунёси бузилади. Тили кўп гапирадиган бўлса, қалби Аллоҳни зикр қила олмай қолади. Муроқаба йўқолади. Чунки, тилнинг гуноҳи бошқа жами гуноҳлардан кўпроқдир.
Ўнинчи, адаб-икромга амал қилсин! Фақатгина зарурий вақтдагина гапирсин!
Ўн биринчи, хотинларга гап отмасин! Улар билан бирга ўтирмасин! Шунингдек, ёш ўғлонлар билан гаплашавермасин, йўлда ва хилватда бирга бўлмасин!
Ўн иккинчи, нонхурушларни (нон ва таомларга қўшимча, мураббо ва салат каби емишларни) камайтирсин! Чунки, нонхурушлар шаҳватни ҳаёжонга солади.
Ўн учинчи, кўзини юмсин! Одамларнинг хоналарига қарамасин! Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинганки, мусулмонларнинг хос хоналарига қараган кимса мунофиқ бўлади.
Ўн тўртинчи, ҳар онда таҳоратдан ғофил қолмасин! (Ҳамиша таҳоратли юрсин!). еб-ичишда ҳам, намоз олдидан ҳам таҳорат қилмоқдан ғафлатда қолмасин!
Ўн бешинчи, ғофил кимсалар билан бирга ўтиришда узоқ бўлгин! Фақат ўта зарурат бўлганда улар билан гаплаш!
Ўн олтинчи, мол-дунё (фитнаси)дан эҳтиёт бўл!
Ўн еттинчи, келинларнинг уйига кирмасин! Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом айтишларича, у ёмон (фитнали) уйдир.
Ўн саккизинчи, «Агар бу ишни қилсам…» ёки «Агар бу ишни қилмасам…», деганга ўхшаш гапларни гапирмасин! Чунки, бу мунофиқларнинг гапидир. Балки, «Худо хоҳлагани бўлади. Аллоҳ хоҳламаса, бўлмайди!» ёки «Тақдир қилгани бўлади! Аллоҳнинг ўзи бизга кифоя қилади. У зот вакилларнинг энг яхшиси!», дейишни одат қилсин!
Ўн тўққизинчи, одамларнинг бирортасига (яхши-ёмонига) мунофиқлик қилишдан сақлансин! Зотан, бу иш муридларнинг феъл-атворидан ва мақсадга етмоқчи бўлганларнинг йўлларидан эмас!
Йигирманчи, мўътазилийга ҳам, мушаббиҳаларга ҳам, қадарийга ҳам, рофизийга ҳам, (умуман, бидъатчи гуруҳ ва оқимларга) назар солма! (Уларга қўшилма, уларнинг ишларини маъқуллай кўрма!).
Йигирма биринчи, ўзича бирор васваса ва хаёлларни қабул қилиб, бошқалардан яхшироқман, бошқалар биладиган нарсани биламан, деб юрмасин!
Йигирма иккинчи, ишларингга ва гап-сўзларингга ажабланишдан (ужбдан) сақлан! Ажабланишнинг аломати ўзига ва амалларига рози бўлиш ва тўғри гапни қабул қилмасликдир.
Йигирма учинчи, кибрдан сақлан! Кибр ва манманликнинг аломати ўзини зўр деб билиш ва одамларни камситишдир.
Йигирма тўртинчи, ҳасаддан сақлан! Ҳасаднинг аломати одамларга Аллоҳ ўз фазли билан бирор нарса берган бўлса, ўшани кўра олмасликдир.
Йигирма бешинчи, қалбини Эгасидан чалғитадиган бирорта ишга машғул бўлмасин! Қаттиқ ҳаракат қилиб, ўзини огоҳ тутсин! Мисоли, қудратли подшоҳ бўлмиш Аллоҳнинг ҳузурида тўғрилик ила ўтирсин. Шунда, унга барча нарсалар осон бўлиб қолади.
Мурид тўртта нарсага муҳтож бўлади: чопқир от, кенг ҳовли, чиройли кийим ва нурли чироқ. Чопқир от бу сабрдир. Кенг ҳовли бу ақлдир. Чиройли кийим бу ҳаёдир. Нурли чироқ бу фойдали илмдир.
Сенга васиятим ушбудир: аҳдга вафо қилгайсан, барча ҳолатларда Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини лозим тутгайсан. Фақирлигингни яширгин.
Ҳақнинг тўшагида ўтирар экансан, (Аллоҳ яратган дунёда яшар экансан), Ҳақ таолони тилинг билан ҳам эслаб қўйгин. Ушбу васиятларга амал қилсанг, Ҳақ йўлда Ҳақ билан бориб Ҳаққа етишасан!
Тамом. Вассалом!
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

