Уйғоқ ҳукмидаги уйқучилар

Lotin alifbosida

Аслида, ислом шариатида ухлаб ётган одам уйқусида бирор иш қилиб қўйса, уни авф қилинади. Шаръан ҳам, қонунан ҳам унга бирор жазо таъйинланмаган. Бироқ, йигирма етти (27) та ўринда ухлаётган кимсанинг уйқусига бедорлик ҳукми берилади ва унга шаръий жазо таъйинланади. Гарчи бу ҳолатларнинг айримлари инсоннинг ҳаётида юз бериши ҳақиқатдан анча узоқ бўлса-да, бироқ, фиқҳий жиҳатдан унга қандай ҳукм берилишини билиб қўйишнинг ўзи ҳам бир илм бўлса, ажаб эмас. Менимча, ана шу ҳолатларни билиб қўйиш жуда қизиқ бўлса керак. Ҳанафий мазҳабидаги “ал-Ҳовий ал-қудсий” номли манба асосида ана шу ҳолатлардан йигирма беш (25) тасини зикр қилиб ўтмоқчиман (Жамолиддин ал-Ғазнавий. Ал-Ҳовий ал-қудрсий. 2-жилд. – Байрут: Дор ан-Наводир, 2011. – Б. 560-561.):

1) Сув йўқлиги сабабли таяммум қилган кимса ухлаб ётганида сув бор жойдан ўтса, таяммуми синган ҳисобланади.
2) Намозхон намоз ўқиётиб ухлаб қолса ва уйқусида гапириб юборса, намози бузилади.
3) Намозхон намоз ўқиётиб ухлаб қолса ва қиёмда турганида қироат қилган бўлса, қироати эътиборга олинган бўлади. (Бу бир ривоятга кўрадир.).
4) Намозхон намозда ухлаб қолиб, эҳтилом бўлса, намози бузилади ва унга ғусл қилиш (ювиниш) вожиб бўлади.
5) Ухлаб ётган одам уйқусида қироат қилиб, сажда оятини ўқиса, уни эшитган кимсага “сажда-и тиловат” вожиб бўлади.
6) Ухлаб ётган одам уйқусида қироат қилиб, сажда оятини ўқиса, уни эшитган кимса унга бундан хабар берса, унинг ўзига ҳам “сажда-и тиловат” вожиб бўлади. (Бу бир ривоятга кўрадир.).
7) Ухлаб ётган кимсанинг олдида сажда ояти ўқилса, у турганидан сўнг, унга бундан хабар берилса, унга ҳам “сажда-и тиловат” вожиб бўлади. (Бу бир ривоятга кўрадир.).
8) Рўзадор кимса чалқанча ухлаб ётганида, оғзини очиб, донг қотиб ухлаб ётган бўлса-ю, оғзига бир томчи сув (масалан, ёмғир суви) тушиб, ҳалқумига етса, рўзаси бузилиб кетади.
9) Эри хотинини ухлаб ётганида жимоъ (жинсий алоқа) қилса, хотиннинг рўзаси бузилади.
10) Ҳажда эҳромдаги аёлни эри (жинсий алоқа) қилса, хотинга каффорат лозим бўлади.
11) Ухлаб ётган эҳромдаги ҳожининг сочини биров қириб олса, ҳожига каффорат бериш лозим бўлади.
12) Ухлаб ётган эҳромдаги ҳожи думалаб кетиб, бирор жониворни ўлдириб қўйса, унга каффорат бериш лозим бўлади.
13) Уловнинг (туянинг) устида (ёки машинада) ухлаб ётган ҳожи Арафотдан ўтса, Арафот майдонида турган деб ҳисобланади ва ҳажи ҳаж бўлади.
14) Бирор кимса (ҳар қандай инсон) ухлаб ётганида думалаб, бировнинг нарсасини синдириб қўйса, ўша нарсани тўлаб бериши керак бўлади.
15) Ухлаб ётган фарзанд думалаб ўз ота-онасининг бировини босиб қўйиб, ўлдириб қўйган бўлса, барибир, меросдан маҳрум қилинади. (Бу бир ривоятга кўрадир.).
16) Ухлаб ётган одамни кўтариб, бирор деворнинг остига ётқизиб қўйсалар ва ўша девор қулаб, ушбу уйқучини босиб ўлдирса, ётқизган одамлар жавобгар бўлмайдилар.
17) Эр-хотин (ёки бегоналар) бирор жойда холи қолсалар, ўша хонада бошқа бир одам ухлаб ётган бўлса, улар, шариатга кўра, “хилвати саҳиҳа”, яъни бирга ёлғиз қолган бўлишмайди.
18) Уйқучи эрнинг олдига хотини кириб, бирор дақиқа бирга бўлса, эр ухлаётган бўлса ҳам, ўша ҳолат шариатга кўра, “хилвати саҳиҳа”, яъни бирга ёлғиз қолган, деб ҳисобланади.
19) Шунингдек, эр уйқучи хотинининг олдига кириб, бирор дақиқа бирга бўлса, хотин ухлаётган бўлса ҳам, ўша ҳолат шариатга кўра, “хилвати саҳиҳа”, яъни бирга ёлғиз қолган, деб ҳисобланади.
20) Ухлаб ётган аёлни бир бегона гўдак эмса, эмишганлик содир бўлади ва ўша гўдак мазкур уйқучи аёлнинг эмишган фарзанди бўлиб қолади.
21) Биров: “Фалончига гапирмайман. Агар гапирсам, масалан, хотиним талоқ бўлсин!”, деган бўлса, ўша кимса ухлаб ётганида ўша фалончига гапирса, бундан ўзи хабардор бўлмаса ҳам, хотини талоқ бўлаверади.
22) Биров хотинини ражъий талоқ (янгидан никоҳ қилмасдан қайтиб қўшилиш мумкин бўлган талоқ) қилган бўлса, хотин ухлаб ётганида, уни шаҳват билан силаса, эр талоқ деган гапини қайтариб олган ҳисобланаверади.
23) Шунингдек, хотинини ражъий талоқ (янгидан никоҳ қилмасдан қайтиб қўшилиш мумкин бўлган талоқ) қилган бўлса, эр ухлаб ётганида, хотин келиб уни ўпса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрича, эр талоқ деган гапини қайтариб олган ҳисобланаверади.
24) Аёл бирорта ухлаб ётган эркак билан жинсий яқинлик қилса, ўрталарида қариндошлик маҳрамлиги (“ҳурмат ал-мусоҳара”) юзага келади. Яъни, ўша эркакнинг яқин қариндошлари аёлга маҳрамга айланиб қолади. Бу ҳолатда аёлга ҳам, уйқучи эркакка ҳам ғусл қилиш (ювиниш) вожиб бўлади.
25) Шунингдек, ухлаб ётган эркак (ёки аёл)ни шаҳват билан ўпадиган бўлинса, ораларида қариндошлик маҳрамлиги (“ҳурмат ал-мусоҳара”) юзага келади. Яъни, ўша эркакнинг яқин қариндошлари аёлга маҳрамга айланиб қолади.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *