Фиқҳ (1-қисм). Фиқҳ илмининг фазилати

Lotin alifbosada

ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Илм – дунёда азизлик охиратда шарафдир. Инсониятнинг азизу мукаррам бўлишида илмнинг ўрни беқиёс. Ҳазрати Одам ато илм туфайли фаришталардан ҳам юқори мартабага мушарраф бўлган. Илоҳий китобимиз Қуръони каримда олимлар билан омилар асло тенг бўла олмаслиги уқтирилган. Аҳли илмларни юксак мартаба ва олий даражаларга кўтаришни Роббимиз Аллоҳ таолонинг ўзи ваъда қилган. Диний ё дунёвий соҳа бўлсин, илмнинг ҳар тури инсоният учун шараф омили бўлсада, бошқа соҳалар ичида айниқса Ислом ҳуқуқшунослиги—фиқҳнинг қадри ўзгачадир. Зеро фиқҳ инсониятнинг дунё ва охират саодатига эришмоғи учун кафолатли воситадир. Эътибор қилинг! Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

 يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً

“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, бас, ҳақиқатан унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара/269).

Тафсирчи олимлар оятдаги “ҳикмат” сўзига “бундан фиқҳ кўзда тутилган”, деб изоҳ берганлар. Яъни кимга Аллоҳ таоло дин илмида фақиҳлик мақомини берган бўлса, демак унга дин ва дунё ишларида яхшилик охиратда абадий саодат берилган бўлади. Бу маънони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу саҳиҳ ҳадисларидан ҳам билсак бўлади:

من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين

“Кимгаки Аллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилади” (Бухорий/71).

Ишонч билан айта оламизки, абадий саодат ва Ислом динида фақиҳ олим бўлишлик бир-бири билан чамбар-час боғлиқ нарсалардир. Кимки фақиҳ бўлса шубҳасиз унда кўп яхшиликлар мавжуд, кимники яхши бўлиши даргоҳи илоҳийда исталган бўлса, шубҳасиз у динда фақиҳ бўлади. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

نعم الجل الفقيه في الدين، إن احتيج إليه نفع، و استغني عنه أغني نفسه

“Динда фақиҳ бўлган киши қандаям яхшидир. Агар унга муҳтож бўлсалар фойдаси тегади. Мабодо унга ҳеч кимнинг эҳтиёжи тушмаган тақдирда ҳам унинг бошқаларга эҳтиёжи бўлмайди” (Ибн Асокир).

Ҳа, дарҳақиқат шундай. Кимки фиқҳ илмини эгаллаган бўлса, унга барчанинг эҳтиёжи тушади, дин аҳкомларини ундан сўрайдилар. Ибодат ишлари, савдо-сотиқ, қарз-ҳавола, ва ҳоказо муомала турларида ҳамма-ҳамма албатта фақиҳларга мурожаат қилади, муаммоларини ҳал қилишда ҳакамлик қилишларини илтимос қилишади. Муҳтожларга ёрдам бериб, охирати учун ишончли захира жамғарган фақиҳларни ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Қаранг, улуғ саҳоба Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу айтган эканлар:

لأن اجلس ساعة فأفقه احب إلي من ان أحيي ليلت القدر

“Андак фурсат ўтириб фиқҳ ўрганишим қадр кечаси ухламай ибодат қилиб чиққанимдан кўра яхшироқдир”.

Биласизми, Аллоҳ таоло қадр кечасини минг ойдан яхшидир деб баҳолаган. Аммо шу минг ойдан афзал бўлган кечани қоим қилиб нафл ибодатлар билан ўтказгандан кўра, холис ният ила бироз фурсат фиқҳ илми билан машғул бўлишлик Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу учун қимматлироқ бўлган экан. Бу ҳам фиқҳ илмининг қадри баланд эканига очиқ бир далилдир.“Тобароний”да айтилишича, фиқҳ мажлиси олтмиш йиллик (нафл) ибодатдан яхшидир.

Аҳли суннат имоми ҳанбалий мазҳабининг раиси имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтган эканлар:

معرفة الحديث و التفقه فيه احب إلي من ذكره

“Ҳадис ўрганмоқ ва унинг фиқҳий жиҳатларини англаб етмоқ мен учун уни сўзлаб бергандан кўра яхшироқдир”.

Бу ерда фақиҳларнинг мақоми муҳаддисларнинг мақомидан улуғ эканига ишора қилинмоқда. Аслида ҳам шундай. “Ал-хайрот ул-ҳисан” асарида келтирилишича, ҳадисшунос Сулаймон ибн Меҳрон ал-аъмаш айтган экан:

يا معشر الفقهاء انتم الأطباء و نحن الصيادلة

“Эй фақиҳлар! Сизлар табибсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз”.

Барчамизга маълумки доришунослик табибликдан қуйида туради. Доришунос ҳар қанча моҳир бўлмасин, табибнинг кўрсатмаси бўлмаса беморга керакли дорини бера олмайди. Дин илмлари ичида ҳам фақиҳлик табибликка, муҳаддислик эса доришуносликка қиёс этилар экан.

Муқаддас шариатимизда Китоб (Қуръон) ва суннат бош манбалар ҳисобланади. Ислом жамиятида ҳар қандай муаммолар шу икки манба асосида ҳал қилинади. Китоб ва суннатда аниқ ечими топилмаган муаммоларни эса фиқҳий қоидалар асосида ҳал қилинади. Ҳадисшунос Валиюллоҳ деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки:

بعد القرأن و الحديث مدار الإسلام علي الفقه

Исломнинг ўзаги Қуръон ва ҳадисдан кейин фиқҳдир!

Бутун Ислом оламида мўътабар асар “Ҳидоя”нинг соҳиби Ватандошимиз буюк фақиҳ Бурҳонуддин Марғилонийнинг шогирди имом Зарнужийнинг “Таълим ул-мутааллим” китобида шундай ибора бор:

إن الفقه وسيلة إلي البر و التقوي

“Фиқҳ шубҳасиз тақво ва яхшилик сари етакловчи василадир!”.

Кимки фиқҳий соҳада мутахассис бўлиб, илмини ҳаётий фаолиятида татбиқ қилиб яшаркан шак-шубҳасиз унинг жамиятда мартабаси баланд бўлади. Одамлар орасида муносиб ўрнига эга бўлади. Ҳурмат-эътибор қозонади. Чунки, у Аллоҳ таоло инсоният орасида жорий қилган муқаддас қонунларни билади. Билганини бошқалар билан баҳам кўриб яшайди. Бу эса унинг Аллоҳ хузурида ёруғ юзли бўлишига кафолатдир. Шундай экан илмий йўналишлар ичида фиқҳ соҳаси энг афзалидир, деб айтсак хато қилмаган бўламиз. Баъзи араб шоирлари фиқҳ илмини мадҳ қилиб шундай деган эканлар:

إذا ما إعتز ذو علم بعلم * فعلم الفقه اولي باعتزاز

“Илм эгаси илми ила азиз бўлса, бас, фиқҳ илми у билан азиз бўлишга лойиқроқдир”.

Азиз дўстим, сиз ҳам илм олишга рағбат қилинг, Аллоҳ сизга ғайрат ва ҳиммат берсин. Илмлар ичида энг манфаатлиси, кишининг икки дунё саодатига элтувчиси бўлмиш фиқҳни ҳам пухта эгаллашга астойдил бел боғланг!

“ФИҚҲ” АТАМАСИНИНГ ЛУҒАВИЙ МАЪНОСИ

“Сиҳоҳ”да айтилишича “фиқҳ” (الفقه) сўзининг луғавий маъноси бу “фаҳм” яъни тушунмоқ, деганидир. “Ал-мисбоҳ ал-мунир”да ҳам худди шу гап келтирилган. “Қомус ал-муҳит”да эса (الفقه) “фиқҳ” сўзи “фе” ҳарфининг касараси билан “бир нарсани билмоқ ва тушуниб англамоқ”—демакдир. Ибн Форис айтган: ҳар бир соҳанинг илми—ўша соҳанинг фиқҳидир.

Булардан келиб чиқиб айтсак, фиқҳ—бу сўз ёки сўз бўлмаган нарсаларни хоҳ у зоҳир бўлсин ё махфий бўлсин бундан қатъий назар, тушунмоқ ва англаб етмоқдир. Қуръони каримдаги ушбу оятларда ҳам шу маънода келган:

قَالُواْ يَا شُعَيْبُ مَا نَفْقَهُ كَثِيراً مِّمَّا تَقُولُ

Улар айтдилар: “Эй Шуайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмаяпмиз..(Ҳуд/91).

وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ

“Ҳар бир нарса албатта Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтади. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар” (Исро/44).

Араб тилида “фиқҳ” (الفقه) калимаси ўз маъносини яъни “тушунмоқ, англамоқ” маъноларини ифода этади. Акаср ҳолатда эса унга боғлиқ нарсалар ҳам кўзда тутилади. Худди “илм” (العلم) сўзидан “ўрганилган маълумотлар” ифода этилганидек, фиқҳ сўзидан ҳам тушуниб етилган билимлар ирода этилади.

“ФИҚҲ”НИНГ ИСТИЛОҲИЙ МАЪНОСИ

Фиқҳ (الفقه) калимаси соҳа мутахассислари бўлмиш фақиҳлар истилоҳида асосан икки хил маънонинг гоҳ унисида гоҳ бунисида қўлланади:

  • Фиқҳ бу—бир гуруҳ олимлар китоб, суннат ва у иккисидан чиқариб олинган шаръий амалий (эътиқодий эмас) ҳукмлар билан боғлиқ масалаларни ҳифз қилмоқ, ўзлаштирмоқдир. Хоҳ далиллари билан бирга ўзлаштирсин ёки далилларисиз фақат масалаларни ўзини билсин, барибир; Бунга кўра, “фақиҳ” (الفقيه) атамаси фақатгина мужтаҳидларга [1] хос эмас. Чунончи усулийлар тилида шу маъно тушунилади. Балки мужтаҳиди мутлақни ҳам, мужтаҳид фил-мазҳабни ҳам, мужтаҳид фил-масалани ҳам ҳам ўз ичига олаверади.
  • Фиқҳ бу—китоб, суннат ва у иккисидан чиқариб олинган ҳукм ва масалалар йиғиндисидир; Зеро, соҳа мутахассислари (الفقه) сўзидан фақат шуни, яъни ваҳйи илоҳий билан нозил бўлган қатъий ё зонний бўлсин шаръий амалий ҳукмлар мажмуасини назарда тутадилар.

Ҳар икки маънодан қай бири кўзланган тақдирда ҳам фиқҳ илмига “фуру илми”, “фуру” деган атамалар ҳам қўлланади. Фуру (الفروع) сўзи араб тилида дарахт шоҳи маъносини англатади. Бу атамани фиқҳ илмига икки жиҳат: усули дин ё усули фиқҳнинг муқобили сифатида талқин қилиш учун қўлланади. Зотан шаръий амалий аҳкомларни тасдиқламоқ эътиқодий аҳкомларни тасдиқлашга нисбатан фар ҳисобланади. Яъни, эътиқодий ҳукмлар шариат дарахтининг илдизи бўлса амалиётга доир ҳукмлар бу дарахтнинг шоҳларидир.

Шунингдек, фиқҳ илми усули фиқҳ яъни, фиқҳий қоидаларга нисбатан ҳам фар бўлади. Яъни, шаръий амалий аҳкомлар шариат дараҳтининг шоҳи, бу аҳкомларнинг далиллари эса у дарахтнинг илдизларидир. Шу асосларга кўра, соҳа мутахассислари ичида фиқҳ илмини гоҳо фуру илми ҳам деб юритилади.

ШАРИАТ ВА ФИҚҲНИНГ МОҲИЯТИ БИРДИР

Шариат, ширъат (الشريعة, الشرعة) бу сўзларнинг луғавий маъноси инсонларнинг сув ичадиган жойи деганидир. Яъни ер остидан ташқарига зоҳир бўлиб чиққан сувлоқ ер. Фиқҳни шариат, ширъат деб номланишига унинг зоҳирлиги ва худди сув каби жаҳолат ташналигини қондириши асос қилиб олинган бўлса ажабмас. Шариат, ширъат атамалари кўпроқ дин аҳкомларига нисбатан қўлланади. Чунончи Қуръони каримнинг қуйидаги оятларида ҳам худди шу маъно кўзда тутилганини кўриш мумкин:

شَرَعَ لَكُم مِّنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحاً

Нуҳга васият қилган нарса (аҳком)ларни сизларга дин сифатида шариат қилиб берди”. Шувро сураси / 13

لِكُلٍّ جَعَلْنَا مِنكُمْ شِرْعَةً وَمِنْهَاجاً

Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва манҳаж (йўл) қилиб қўйдик”. Моида сураси/48

ثُمَّ جَعَلْنَاكَ عَلَى شَرِيعَةٍ مِّنَ الْأَمْرِ

Сўнг сизни дин ишида алоҳида бир шариатга йўллаб қўйдик”. Жосия сураси/18

Шуни ҳам билиш керакки, “шаръ” ёки “шариат” ва ёки “ширъат” булар—ваҳйи илоҳий билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонда нозил бўлган эътиқод ва амалиётга боғлиқ ҳукмлардир. Улар хоҳ қатъий бўлсин ёки зонний. Бу маъно Исломнинг илк давридаги “фиқҳ” сўзининг маъносига тўлиқ мос келади.

ИСЛОМНИНГ ИЛК ДАВРИДА “ФИҚҲ” АТАМАСИНИНГ МАЪНОСИ

Исломнинг илк даврида “фиқҳ” сўзи динимизнинг барча аҳкомларига нисбатан қўлланиши одат бўлган. Аллоҳ таоло жорий қилган барча шаръий ҳукмлар, хоҳ у имон-эътиқод масалалари, хоҳ молиявий ё баданий амалиёт масалалари, фарзлар, ҳадлар, буйруқ ва тақиқлар барча-барчасини у даврларда “фиқҳ” атамаси ўз ичига олар эди. У даврларда “фиқҳ” сўзи “шариат”, “ширъат”, “дин” сўзлари билан маънодош синоним бўлган. Ўзининг хос маъносига эга бўлмаган. Ундан дин илмларининг икки нави—эътиқодий ва амалий ҳукмлар бирваракайига тушунилган.

Шунингдек яна, ўша даврларда “фиқҳ” атамасини дин ҳукмларни фаҳмлашга қўллангани каби худди ўша ҳукмларнинг айнан ўзига ҳам қўллаб келинган. Бунинг мисолини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларида кўриш мумкин:

رب حامل فقه ليس فقيه

“Қанча-қанча фиқҳни кўтарган (ўзлаштирган)лар бор лекин ўзлари фақиҳ эмас”. (Имом Аҳмад ва Доримий).

رب حامل فقه إلي من هو افقه منه

“Қанча-қанча фиқҳни ўзидан кўра фақиҳроқ кишиларга кўтариб (етказиб) борувчилар бор” (Абу Довуд).

Бу ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари “фиқҳ” сўзидан умумий дин аҳкомларини назарда тутганлар. Бу каби умумий истеъмол асри саодатдан то тобеинлар асрининг охирига қадар давом этди. Буни мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳга берган ушбу таърифидан ҳам билса бўлади:

الفقه هي — معرفة النفس ما لها و ما عليها

“Фиқҳ бу—нафсни танимоқ, унга нима фойда-ю нима зарар, шуни билмоқдир!”.

Албатта, имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ айтган бу маърифат Аллоҳ таоло жорий қилган Ислом шариатининг барча ақидавий ва амалий аҳкомларини билмоқдир. Зотан, ул зот ўзининг эътиқодий масалаларга бағишланган буюк асарини “Ал-фиқҳ ул-акбар” деб номлаган ҳам эдилар. Бу номдан ҳам ўша даврларда имон-эътиқод масалаларига ҳам “фиқҳ” атамаси қўлланганини яққол кўриниб турибди.

Шаръий аҳкомларга диққат-назар қилиш натижасида ҳосил бўлган тушунча ва фикрларга “фиқҳ” деб айтилмайди. Магар, шаръий далилларни бир-биридан ажрата оладиган, ижтиҳодга салоҳияти бор аҳли илмлардан чиққан хулосалар бундан мустасно. Бошқаларнинг рай ва фикрлари эса қуруқ сафсатадан бошқа нарса бўлолмайди. Унга ишониш ва суяниш ҳеч бир мусулмон учун раво эмас. Ундайларнинг фикрларини “фуқаҳолар ихтилофи” қаторига қўшиш ҳам, фиқҳдан деб эътиборга олиш ҳам асло ярамайди. Фақиҳлар орасида машҳур асосий қазийя (қоида, далил) бор, яъни “насс (аниқ маънога эга матн) қаршисида чиқарилган ижтиҳодий фикр қабул қилинмайди!”. Фуқаҳолар айтган: “Ижтиҳод китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлса, ёки далилсиз қуруқ гап бўлса эътиборга олинмайди ва “фақиҳлар ихтилофи” қаторига қўшилмайди. Агар қози шундай ҳукм қилса унинг қарори ботил бўлади”.

ИЖТИҲОД МАНБАСИ

Мақсадга кўчишдан олдин қуйидагиларни билиб олиш ўринли бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илоҳий ваҳй билан нозил бўлган амалиётга доир ҳукмлар, хоҳ улар жалий ё хафий (маъноси аниқ-равшан ёки ноаниқ ) бўлсин, уларнинг далиллари тўрт навга бўлинади:

  • гоҳида собит бўлиш жиҳатидан ҳам, мақсадга далолат қилиш жиҳатидан ҳам қатъий бўлади; Яъни далил аниқ ва ишончли шу билан бирга мақсадга очиқ-ойдин далолат қилади. Бу навли далиллар атрофида ижтиҳод қилиб, кўриниб турган маънодан ўзгача ҳукм қилишга мутлақо йўл йўқ. Буларга аниқ маънога эга қатъий мутавотир муҳкам насс (матн)ларни мисол қилиш мумкин.
  • Гоҳида эса далилнинг собит бўлиши қатъий-ишончли бўлади бироқ, мақсадга далолат қилишида ноаниқлик бўлади; Яъни далолати зонний бўлади. Масалан зоҳирий маъносидан бошқа маъноларга буриб таъвил қилинган оятлар каби.
  • Гоҳида далилнинг собит бўлиши зонний аммо мақсадга далолати қатъий бўлади; Масалан мафҳуми ва тушунчаси қатъий ва аниқ, матни эса ноаниқ бўлган хабарлар ва ривоятлар каби.
  • Гоҳида собит бўлиши ҳам, мақсадни ифода қилиши ҳам ноаниқ зонний бўлади. Масалан матни ҳам, маъно-мафҳуми ҳам ноаниқ зонний хабар ва ривоятлар каби.

Биринчи навга доир далиллар билан фарз ва ҳаром ҳукмлари собит бўлади. Иккинчи ва учинчи навли далиллар билан вожиб ва макруҳи таҳримий ҳукмлари собит бўлади. Тўртинчи нав далиллари билан эса суннат, мустаҳаб ва макруҳи танзий каби ҳукмлар собит бўлади. Ҳукмларнинг даражаси далилларнинг қадрига қараб белгиланади.

Шу тўрт нав ичида охирги учта тури ижтиҳод манбалари ҳисобланади. Яъни, мана шу уч турлик далиллар устида мужтаҳидлар илмий ижтиҳод қилишларига шаръан рухсат бор. Ва бу далиллар асосида чиқарилган ҳукмларга фиқҳий истилоҳда “зонний ҳукмлар”, “ижтиҳодий ҳукмлар” деб айтилади.

Яна шундай ҳукмлар борки, улар китоб ва суннатда айтилган ҳам эмас ва амалда кўрсатил ган ҳам эмас. Уларни мужтаҳидлар шариатимизда собит ҳукмлардан ижтиҳод ила чиқариб олган. Бу ҳукмларга ўша мужтаҳиднинг ўзидан бошқа аҳли илмлар қўшилмаган, ижмоъ ҳам қилишмаган. Бу каби ҳукмлар ўз эгаларининг фикри ва шахсий қарашлари бўлади холос. Аслида бундай ҳукмларга шариат ҳам дейилмайди ва шариатга мансуб ҳам бўлмайди. Шундай бўлсада, баъзи ўринларда бу каби ҳукмларни шаръий ҳукмлар қаторида санаб, уларга фиқҳий таъриф бериб келинади. Бундан у ҳумларни асли шариатдан деб эмас балки “шариатдан истинбот йўли ила кашф қилиб чиқарилган” деган маънони тушуниш керак.

Барчага очиқ-ойдин маълумки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳаққоний Ҳоким йўқ, Аллоҳнинг ҳукми асл ҳукм, Аллоҳ жорий қилган шариат асл шариатдир! Аллоҳ таоло ўзидан бошқа ҳеч бир бандасига, на расул, на набий, на имом, на валий ва бошқаларга ўз хоҳишича ҳукмлар чиқариб инсоният орасида шариат пайдо қилиш ҳуқуқини бермаган!

Бундан ойдинлашадики Ислом шариати ва фиқҳининг ҳақиқий далили ва ягона масдар-манбаси бу илоҳий ваҳйдир! Ижмоъ ва қиёснинг бориб тақалувчи жойи ҳам айнан ваҳйи илоҳийдир! Ислом шариатидаги бошқа манбалар ҳам шу тўрт далилдан ташқари эмасдир!

ФИҚҲИЙ МАСДАР (МАНБА)ЛАР

Усулийлар-у фақиҳларнинг жумҳури [2] фиқҳнинг асосий манбаси бу — китоб, суннат, ижмоъ ва қиёс деб қарор қилишган. Шунингдек, улар шуни таъкидлаганларки: аслида ҳақиқий манба бу — ваҳйи илоҳийдир. Хоҳ китоб бўлсин ёки суннат барибир. Ижмоъ ва қиёснинг ҳам асл келиб чиқиши ваҳйи илоҳийга бориб тақалади. Ижмоъ ва қиёснинг мустақил манба сифатида зикр қилинишига сабаб уларга боғлиқ баҳсларнинг кўплигидир. Зотан ижмоъ қилувчи мужтаҳидлар ҳеч бир ҳукмни ўзларича чиқаришмайди, уларнинг ижмоъий қарорлари ҳам ҳаводан олинмайди. Балки, уларнинг ижмоълари китоб ёки суннатга суянган бўлади.

Китоб бу – Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга лафзи ва маъноси ила нозил қилган Қуръони каримдир. У мусҳафларга ёзилган, пайғамбаримиз жаноби олийларидан мутавотир тарзда (кетма-кет, ишончли) нақл қилинган. Мутавотир бўлмаганлари эса Қуръон деб айтилмайди. Қуръони карим оятларининг ҳаммаси субути қатъийдир.

Суннат бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилган амаллардир. Сўз билан айтиб, ёки ўзлари амалда кўрсатиб ва ёки бировларнинг қилган ишларини тасдиқлаб тақрир қилиб жорий қилган барча одатлардир. Суннат фиқҳий масдарлар ва ижмоий далиллар ичида иккинчисидир. Буни барча тан олган, қабул қилган магар бидъат ва ҳовойи нафсига берилганлар тан олмаган.

Ижмоъ бу — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан иборат бир аср мужтаҳидларининг китоб ёки суннат ва ёки қиёсга суянган ҳолда шаръий амалий ҳукмга иттифоқ қилишларидир.

Қиёс ҳақида кўплаб таърифлар бўлиб бу ерда барчасини келтириб ўтириш гапни чўзиб юборади. Аксар уламоларнинг фикрича қиёс ижмолий далиллар сирасига кирувчи ҳужжат бўлиб у ҳам фиқҳий масдардир. Усули фиқҳ мутахассислари қиёсни тақсимлаш ва ҳар бир қисмини баён қилишда турли гуруҳларга бўлинган. Қиёсни тан олувчи олимлар ичида барчалари тарафдан иттифоқ қилинган қиёс бу — қиёси иллатдир.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

(давоми бор).

[1] Мужтаҳидларнинг уч даражаси бор:

  • Мужтаҳиди мутлaқ: Диний ҳукмларни Қуръони каримдан ва ҳадиси шарифдан чиқарар экан ўзига махсус қоида ва усул қўйган мужтаҳид. Унга мужтаҳиди фиш-шаръ ва мужтаҳиди мустақил ҳам дейилади. Тўрт мазҳабнинг имомлари мужтаҳиди мутлақдир.
  • Мужтаҳид фил-мазҳаб: Мазҳаб ичида мутлақ мужтаҳиддир. Мазҳаб раиси қўйган усул ва қоидаларга эргашиб, тўрт далилдан (Қуръони карим, суннат, ижмо, қиёс) ҳукм чиқарадиган ислом олими. Уларга мужтаҳиди муқаййяд ва мужтаҳиди мунтасиб ҳам дейилади. Имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Ғазолий, имом Раббоний каби олимлар шулар жумласидан бўлган.
  • Мужтаҳид фил-масала: Мазҳаб раиси томондан аниқланмаган масалаларда мазҳабнинг усул ва қоидаларига кўра ҳукм чиқарган ислом олими. Таховий, Кархий, Ҳалвоний, Сарахсий, Паздавий, Қозихон каби олимлар шу табақадандир.
[2] “Жумҳур” атамаси, шунингдек, «Жумҳур уламо» бирикмаси фақат дастлабки учта насл (салаф-ус-солиҳин) олимларининг аксарини ва ўша учта наслдан кейин эса, фақат аҳли суннатнинг мавжуд тўрт мазҳаб—ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий олимларининг кўпчилигини ифодаловчи терминдир.

 

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *