РЎЗАДОРЛАРГА ТЕГИШЛИ БАЪЗИ МАСАЛАЛАР

1-81Рўзадор одам кўпроқ тоату ибодатларга шўнғимоғи, гуноҳу маъсиятлардан ўзини олиб қочмоғи даркор. Фарз амалларни қолдирмасликка интилмоғи вожиб. Беш вақт фарз намозларни жамоат билан ўқишга ҳаракат этиши керак. Чунки, Салмони Форисий розияаллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

من تقرب فيه بخصلة من الخير كان كمن أدّى فريضة فيما سواه ومن أدّى فريضة فيه كان كمن أدّى سبعين فريضة فيما سواه

“Кимки Рамазон ойида яхшиликдан бирортасини ўз ихтиёри билан қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни қилгандек бўлур. Кимки Рамазонда бир фарзни қилса, худди бошқа ойларда етмишта фарзни бажаргандек бўлур”. (Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да ривоят қилган).

Ёлғонни, ғийбат, гина-кудуратни мутлақо тарк этмоғи лозим. Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من لم يدع قول الزور والعمل به والجهل فليس لله حاجة فى ان يدع طعامه وشرابه

“Кимки ёлғон сўзни ва шундай қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмас экан, Аллоҳ таоло унинг таом ва ичимликни тарк этганига муҳтож эмас”. (Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривоятлари).

Рўзада ёлғон сўзлаш, ғийбат қилиш, гарчи Имом Авзоъий ва Ибн Ҳазмлар Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг гапига қараб рўзани очади деган бўлсалар ҳам, лекин жумҳур уламо ва фуқаҳолар наздида рўзани очмайди, аслини йўқотмайди, фақат рўзанинг савобини камайтиради. Чунки, рўза фақат ичга кирган нарса билан бузилади. Имом Байҳақий “Сунан ал-кубро”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда (Ҳазрати Алидан ҳам ривоят қилинган) Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

انما الوضوء مما خرج وليس مما دخل واما الفطر مما دخل

“Албатта таҳорат бадандан чиққан нарсадан қилинади, кирган нарсадан эмас. Рўзанинг очилиши эса кирган нарсадандир”.

Ғийбат тилнинг гуноҳидир. Инсон рўзада ёлғонни, ғийбат, гина-кудурат, туҳмат, бўҳтон, сўкиш, лаънатлаш каби иллатларни мутлақо тарк этмоғи лозим. Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من لم يدع قول الزور والعمل به والجهل فليس لله حاجة فى ان يدع طعامه وشرابه

“Кимки ёлғон сўзни ва шундай қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмас экан, Аллоҳ таоло унинг таом ва ичимликни тарк этганига муҳтож эмас”. (Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса:

الصّيام جنّة ، ما لم يخرقها بكذب أو غيبة

“Рўза модомики уни ёлғон ёки ғийбат билан куйдирмаса, қолқондир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Сизлардан бирингиз рўза кунида урушмасин, сўкишмасин. Кимки шундай қилса, унга “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, деб марҳамат этилади. (Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадислардан Аллоҳ таоло бундай иллатлар билан тутилган рўзага илтифот қилмаслигини билиб олмоқдамиз. Зеро, бу иллатларнинг ҳаммаси гуноҳи кабиралар жумласидан саналган. Зотан, рўза деган нарса фақатгина еб-ичишни тарк қилиш эмас, балки мана бундай иллатлардан қутилиш ойидир.

Ғийбатнинг эса каффорати бор. Унинг тавбаси ўша ғийбат қилинган одамдан розичилик сўраш, унинг ҳаққида чиройли гап гапириб қўйиш ёки унинг номидан истиғфор айтишдир. Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

انّ من كفارة الغيبة ان تستغفر لمن اغتبته يقول اللهمّ اغفر لنا وله

“Ғийбатнинг каффоратидан бири ғийбат қилган кимсанг учун: “Эй Аллоҳим, бизни ва уни мағфират қилгин!”, деб истиғфор айтмоғингдир.

Шунинг учун бир одам ғийбат қилиб, сўнг “рўзам очилгандир”, деб қасддан еб-ичса, қазо ва каффорат лозим бўлади. (Ҳидоя).

Рамазони шариф саховат ойи эканлиги барчага маълум. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари, айниқса, Рамазонда авжи чўққига чиққанлигини домла-имомларимиз доимо такрорлашади.

Ифторликка бошқа рўзадор биродарларни, ҳожатмандларни чорлаш рўзанинг муҳим одобларидан биридир. Улуғ саҳобалардан бири, ансорийларнинг Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаларни ифторликка чақириш одатлари бўлгани манбаларда зикр этилган. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Байҳақий Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида бундай марҳамат қилган эканлар:

من فطر صائما… فله مثل أجره

“Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур”. Бу ҳадисга ўхшашини яна Имом Аҳмад, Ибн Можжа, Насоий, Ибн Ҳиббон, Табароний, Термизий, Доримий ва Ибн хузаймалар ҳам ривоят қилганлар.

Бошқа ўринда ул зоти шариф буни янада тўлароқ васф қиладилар:

من فطّر فيه صائما كان له مغفرة لذنوبه وعتق رقبته من النار وكان له مثل اجره من غير ان ينتقص من اجره شئ

“Кимки Рамазон ойида бирор рўзадорни ифтор қилдирса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади,гардани дўзахдан озод бўлади ва рўзадорнинг ажр—савоби мисоли ажр-савоб ҳеч ҳам камайтирилмасдан унга ҳам насиб қилади”.

Бу башоратни эшитган саҳобалар: “Бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорни ифтор қилдиришга қодир эмасмиз, қорнини тўйдиришга бирор нарса топа олмаймиз”, деганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

يُعْطى الله هذا الثواب من فطر صائما على مذقة لبن او تمرة او شربة من ماء

“Бу савобни Аллоҳ таоло рўзадорга бир қултум сут ёки хурмо ёки сувдан бир ҳўплам берган кимсага ҳам ато қилади”.

Бошқа ўринда эса (Сунан соҳиблари, шунингдек, Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузаймалар ривоятида) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

انّ الصائم تصلى عليه الملائكة اذا أكل عنده حتى يفرغوا

“Албатта рўзадор қачон унга едирилса, то ейишдан фориғ бўлгунча фаришталар (едирган одамга) саловот айтиб турадилар”.

Бир рўзадорни ифтор пайтида уйига чорлаб, унинг қорнини тўйдирсачи, унда нима бўлади. Унинг нима бўлишини ҳадиси шариф бундай ифодалайди:

من أشبع صائما سقاه الله من حوضى شربة لا يظمأ حتى يدخل الجنة

“Кимки бир рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзи кавсаримдан бир ичимлик билан сийлайдики, то жаннатга киргунча чанқоқлик нималигини билмайди”. (Бу ҳадиси шарифни Имом Байҳақий Салмон ал-Форисий р.а.дан ривоят қилган).

Имом Байҳақий, Доримий ва Ибн Аби Шайбалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг олдида ифтор қилсалар, уларга қараб: “Сизникида рўзадорлар ифтор қилишди, яхши одамлар таомингизни еди, фаришталар сизларга тушди”, дер эканлар.

Тожибоев БОТИРЖОН

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *