Фиқҳ (2-қисм). Ислом фиқҳида илк устозлик қилган фақиҳлар

Lotin alifbosada

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида шаръий аҳкомларнинг ўзаги илоҳий ваҳий эди. Муаммолар гоҳ тиловат қилинувчи гоҳида эса тиловат қилинмайдиган илоҳий ваҳийлар билан ҳал қилинар эди. Баъзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан хусусан тўрт рошид халифалар билан кенгашиб иш кўрар эдилар. Исломий қонунчилик илк бора шу тарзда шакллана бошлади.

Ваҳий даври Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар сифатида юборилган вақтидан бошлаб боқий дунёга кўчиб ўтгунларига қадар давом этган. Аллоҳ таоло динимиз аҳкомларини тўлиқ нозил қилгач саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёни тарк этганлар. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай хабар берган:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ

Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида/3).

Мана шу ояти карима билан дин аҳкомлари тамомига етган, динимиз мукаммал бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб ваҳий даври тугагагандан кейин шариати исломия қонунчилигида кейинги босқич ижтиҳод даври бошланди [1] ва уч юз йилгача чўзилди. Яъни ижтиҳод замони тўрт рошид халифалар даври, Умавийлар давлати ҳукм сурган тўлиқ давр ва Аббосийлар даврининг бир қисмига тўғри келди.

Ўша бахтли даврларда шаръий муаммоларни ҳал қилиш учун китоб ва суннатдан кейин саҳобаларнинг фикр ва қавлларига мурожаат қилинар эди. Саҳобалар ҳам фиқҳий масалалар юзасидан ўзаро маслаҳатлашиб қарор қабул қилар эдилар. Уларнинг ичида фатво бера олиш салоҳиятига эга бўлганлари 130 нафар атрофида бўлган.

Муфтийлик даражасидаги саҳобалар ичида Умар Ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу, Али Ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу, Уммул-мўминин Оиша разияллоҳу анҳо, Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳулар фиқҳий масалаларда энг кўп фатво берганлари бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу, Усмон Ибн Аффон разияллоҳу анҳу, Анас Ибн Молик разияллоҳу анҳу, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳулар аввалгиларга нисбатан камроқ, яъни ўртача миқдорда фатво берган саҳобалар бўлган.

Абу Дардо разияллоҳу анҳу, Абу Салама ал-махзумий разияллоҳу анҳу, Абу Убайда Ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳулар эса оз миқдорда фатво берган саҳобалар бўлган.

Саҳобаи киромлар бу умматнинг пешволари бўлгани каби, улар ўзларидан кейинги авлод ичидан чиққан барча муфтийлар-у уламоларнинг ҳам пешқадамлари эди. Бу ҳақда Лайс раҳматуллоҳи алайҳ Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилиб шундай деган:

العلماء هم اصحاب محمد صلي الله عليه و سلم

Ҳақиқий олимлар бу — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари эди!

Ҳа, ҳақиқатан ҳам асл илм саҳобаларда бўлган. Жаноби пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз саҳобаларини машҳур бир ҳадисларида осмондаги юлдузларга тамсил қилишлари бежиз бўлмаган албатта. Ҳазрати Саъид раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида:

وَيَرَى الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ الَّذِي أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ هُوَ الْحَقَّ وَيَهْدِي إِلَى صِرَاطِ الْعَزِيزِ الْحَمِيدِ

“Илм берилганлар сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани айни ҳақ деб ва азиз ва мақталган зотнинг йўлига ҳидоят қилур деб билурлар” (Саба/6).

келган “Илм берилганлар” иборасига: “улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидир”—деб изоҳ берганлар.

Саҳобалар давридан кейин диний илм ва фиқҳ қуйидаги беш саҳобанинг талабалари орқали бутун уммат орасига ёйила бошлади. Улар:

  1. Абдуллоҳ Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу;
  2. Али Ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу;
  3. Зайд Ибн Собит разияллоҳу анҳу;
  4. Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳу;
  5. Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳулар эди.

Уммати Муҳаммадия шу беш буюк саҳобанинг шогирдларидан дин илмларини ўргандилар. Бу беш буюк фақиҳлар ўз даврида Ислом маркази бўлмиш икки ҳарам Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррама шаҳри ва ҳамда Ироқ ўлкасида фаолият олиб борган эдилар. Шундай қилиб Ислом тарихида дин илмлари хусусан Ислом қонунлари уммати муҳаммадияга асосан шу уч катта шаҳрдан тарқалди.

Мадина фақиҳлари

Мадина аҳли асосан Зайд Ибн Собит ва Абдуллоҳ Ибн Умар иккисининг шогирдларидан таълим олди. Уларнинг ўқувчилари ичида етти нафари мукаммал илмий салоҳияти билан алоҳида кўзга кўриндилар. Улар:

  1. Убайдуллоҳ Ибн Абдуллоҳ Ибн Утба Ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ;
  2. Урва Ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳ;
  3. Қосим Ибн Муҳаммад Ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ;
  4. Саъид Ибн Мусайяб раҳматуллоҳи алайҳ;
  5. Абу Бакр Ибн Абдураҳмон Ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳ;
  6. Сулаймон Ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ;
  7. Хорижа Ибн Зайд Ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ. Аллоҳ таоло барчасидан рози бўлсин.

Мадина муаллимлари бўлмиш Зайд Ибн Собит ва Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳуманинг барча шогирдлари ичида шу етти нафари алоҳида шуҳрат қозонган бўлиб, ҳатто булар ҳақида Ҳалаблик шоир Ибн Абйаз шундай шеър ҳам айтганди:

إذا قيل من في العلم سبعة ابحر  *  رواياتهم ليست عن العلم خارجة

فقل هم عبيد الله  عروة   قاسم   *  سعيد  أبو  بكر  سليمان  خارجة

Ровийлар ичра ким илм денгизи,           * Десалар, жавобга шундай юз ўгир:

Убайдуллоҳ, Урва, Қосим ва Саъид, * Сулаймон, Хорижа ва Абу Бакр!

Шунингдек, яна Мадинада Ибн Усмон, Солим, Нофеъ, Абу Салама Ибн Абдураҳмон Ибн Авф ва Али Ибн Ҳусайн каби дин аҳкомларида ўз илми ва ижтиҳодига таяниб фатво бера олиш даражасидаги олимлар ҳам етишиб чиқди.

Буларнинг ортидан Абу Бакр Ибн Муҳаммад Ибн Амр Ибн Ҳазм, унинг икки ўғли Муҳаммад ва Абдуллоҳ, Абдуллоҳ Ибн Умар Ибн Усмон ва унинг ўғли Муҳаммад, Муҳаммад Ибн Ҳанафиянинг икки ўғли Абдуллоҳ ва Ҳусайн,  Жаъфар Ибн Муҳаммад Ибн Али, Абдураҳмон Ибн Қосим Ибн Муҳаммад Ибн Абу Бакр, Муҳаммад Ибн Мункадир, Муҳаммад Ибн Шиҳоб Зуҳрийлар фиқҳ майдонига чиқиб келишди.

Булардан кейин эса Мадина олими Имом Молик Ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ етишиб чиқди.

Макка фақиҳлари

Маккаликлар эса Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг шогирдларидан таълим олди. Масалан Ато Ибн Абу Рабоҳ, Товус Ибн Кайсон, Мужоҳид Ибн Жубайр, Убайд Ибн Умайр, Амр Ибн Динор, Абдуллоҳ Ибн Абу Мулайка, Абдураҳмон Ибн Собит ва Икрималар ўз даврида Макка аҳлига фиқҳ илмини ўргатишда устозлик қилдилар. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

Улардан кейин Абу Зубайр Маккий, Абдуллоҳ Ибн Холид Ибн Усайд, Абдуллоҳ Ибн Товуслар Маккада илм тарқатди. Буларнинг ҳам ортидан Абдулмалик Ибн Абдулазиз Ибн Журайҳ, Суфён Ибн Уйайналар чиқди. Кейин Муслим Ибн Холид Занжий ва Саъид Ибн Солим Қаддоҳлар келди.

Сўнгра бу иккисидан кейин Имом Муҳаммад Ибн Идрис Шофеъий Маккада устозлик қилди. Бу кишидан кейин Абдуллоҳ Ибн Зубайр Ҳумайдий, Иброҳим Ибн Муҳаммад Шофеъий ва Мусо Ибн Жорудлар Ислом фиқҳида Макка аҳлига етакчилик қилишди.

Ироқ фақиҳлари

Ироқ ҳудудида яшовчи мусулмонлар эса Абдуллоҳ Ибн Масъуд ва Али разияллоҳу анҳуманинг шогирдларидан таълим олдилар.

Ироқнинг энг катта шаҳарларидан бири Басрада илм ва фиқҳ Амр Ибн Салама, Абу Марям ҳанафий, Каъб Ибн Асвад, Ҳасан Басрий, Муҳаммад Ибн Сирин, Абу Қалоба, Муслим Ибн Ясор ва бошқалардан тарқалди.

Улардан кейин Айюб Сахтаёний, Сулаймон Таймий, Абдуллоҳ Ибн Авф ва бошқалар аҳолига устозлик қилишди.

Ироқнинг Кўфа шаҳрида эса илми дин ва фиқҳ Алқама, Асвад, Амр Ибн Шураҳбил, Масруқ ал-Аждаъ, Убайда ас-Салмоний, Шурайҳ ал-Қози, Сулаймон Ибн Робиъа, Зайд Ибн Савхон, Абдуллоҳ Ибн Утба ал-Қози, Хайсама ва бошқалардан ёйилди.

Шунингдек, буларга Абдуллоҳ Ибн Масъуднинг икки ўғли: Абу Убайда ва Абдураҳмон иккиси, Абдураҳмон Ибн Абу Лайло, Майсара, Заҳҳок, Зозонлар ҳам қўшилди.

Уларнинг ортидан Иброҳим Нахаъий, Омир Шаъбий, Саъид Ибн Жубайр, Қосим Ибн Абдураҳмон ва бошқалар етишиб чиқди.

Кейин эса Ҳаммод Ибн Абу Сулаймон, Сулаймон Ибн Мўътамир, Сулаймон Аъмаш, Мусъир Ибн Каддом ва бошқалар Кўфа етакчилари бўлди.

Кейинги авлод ичида Муҳаммад Ибн Абдураҳмон, Абдуллоҳ Ибн Шибрима, Саъид Ибн Ашваъ, Шурайк ал-Қози, Қосим Ибн Миан, Суфён Саврий, имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Ҳасан Ибн Солиҳлардан илм ва фиқҳ тарқала бошлади.

Сўнгра улардан кейин Ҳафс Ибн Ғиёс, Вакиъ Ибн Жарроҳ ва Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан қози Абу Юсуф, Зуфар Ибн Ҳузайл, Ҳаммод Ибн Абу Ҳанифа, қози Ҳасан Ибн Зиёд Лўълўъий, қози Муҳаммад Ибн Ҳасан, қози Офия, Асад Ибн Амр, қози Нуҳлар толиби илмларга устозлик қила бошлашди. Шунингдек, яна шу даврда Суфёни Саврийнинг шогирдларидан Ашжаъий, Маъони Ибн Имрон, Яҳё Ибн Одамлар ҳам Кўфада устозлик қилишган.

Халифа Мансур тарафдан Бағдод шаҳри барпо этилгач у ерга кўплаб муҳаддис, фақиҳ ва бошқа соҳларда етакчи бўлган жуда катта уламолар жамоаси жойлашди. Уларнинг ичида Абу Убайда Қосим Ибн Салом, Абу Савр Иброҳим Ибн Холид ва имом Аҳмад Ибн Ҳанбаллар энг кўзга кўринганларидан эди. Аллоҳ таоло ҳаммаларидан рози бўлсин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

(Давоми бор)

[1] Китоб ва суннатда келган маъноси махфий далилларни маънолари равшан бўлган бошқа далилларга таққослаш йўли билан янги ҳукм чиқаришга “ижтиҳод” деб айтилади. Ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга малакали олимларга “мужтаҳид” деб айтилади.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *