Фиқҳ (3-қисм). Фиқҳ фанида дастлабки таълиф

Lotin alifbosada

Муқаддам солиҳ салафларимиз илми дин ва фиқҳни омма-ю хоссага фақат оғзаки баён тарзида ёйишар эди. Уларнинг даврида хозирги замондаги каби китоб-дафтарлар воситасида ўқитиш услуби ҳали йўлга қўйилмаган эди. Аммо ҳижрий иккинчи асрнинг биринчи ярим йиллик даврига келиб ҳадисшунос ва фиқҳшунослар ўз соҳаларига доир китоблар ёзишни бошладилар. Чунки шунга эҳтиёж туғилган, ҳолат шуни тақозо қила бошлаган эди. Исломий давлат ҳудудлари кенгайиб бутун оламда энг катта қудратли давлатга айланган. Осиё, европа ва Африка қиталарининг каттагина қисмига Ислом дини етиб борган. Давлат аҳолисини форслар, румийлар, араб ва ажам халқларидан иборат турли-туман миллат ва элатларга мансуб  жуда катта мусулмон халқ ташкил қилар эди. Кун сайин ортиб бораётган мусулмонлар ичида дин илмини ўрганишга киришган толиблар ҳам жуда кўп эди. Бора-бора оғзаки таълим билан дин илмини тарқатиш кифоя қилмай қолди.

Ундан ташқари, уммат ичида ҳар хил фикрий ва ғоявий ихтилофлар кўпайиб кетди. Турли оқимлар, фирқалар пайдо бўла бошлади. Баъзи тоифалар мусулмонларга қарши фитна-ю иғволар тарқатса, яна баъзилари Исломга мутлақо ёт бўлган ғоя ва мафкураларни сингдириш тараддудига тушди. Яна кимлардир ёлғон ҳадис тўқиб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш билан банд бўларди.

Дин ғамида ташвиш чеккан суннат ҳомийлари—уламолар эса бу каби муаммоларнинг ечимини излар, илмий омонатни кейинги авлодга соф ҳолида қолдириш учун жидди-жаҳд қилишар эди. Табиийки бу каби машаққатли вазифани оғзаки таълим билан уддалаш мутлақо имконсиз бўлиб қолди.

Ниҳоят ҳижрий иккинчи асрнинг ярмига келиб аср мужтаҳидлари томондан Ислом қонунлари ва дин ҳимояси учун собиқ умматдан қабул қилиб олинган барча илм, фиқҳ ва бошқа маълумотларни қоғозга тушириш зарур, деган қарор қабул қилинди. Бу қарор муаммонинг ечими учун энг оқилона ёндашув бўлди. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин, ажрларини беҳисоб берсин!

Ислом уммати ичида биринчи бўлиб шариат қонунлари ва фиқҳини имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тартиб билан қоғозга қайдлаб боришни бошлаб берди. Ул зот шогирдлари ичидан қирқ нафар катта фақиҳ ва олимларини танлаб ажратди ва улардан фуруот масалаларида фатво берувчи бирлашма (палата) ташкил қилди. Бу палата аъзоларининг ҳар бири ўз соҳасида даврининг тенгги йўқ забардаст олимлари эди.

Хатиб Бағдодий “Тарих”ида шундай ҳикоя қилади:

Бир куни Вакиънинг хузурида эдик. Бир одам бир масала юзасидан: “шу масалада имом Абу Ҳанифа хатога йўл қўйган”—деди. Шунда Вакиъ: “Абу Ҳанифа қаерда-ю, хато қаерда… (яъни Абу Ҳанифа хато қилиши мумкин эмас). Негаки, унинг ёнида қиёс илмида моҳир Абу Юсуф ва Зуфар бор. Ҳадисшуносликда тенгсиз Яҳё Ибн Зоида, Ҳафс Ибн Ғиёс, Ҳиббон Ибн Миндаллар бор. Луғат соҳасининг билимдони Қосим Ибн Миан бор. Зўҳд ва тақвода замондошлари ичида пешқадам Довуд Тоий ва Фузайл Ибн Ийёз бор. Атрофида булар каби ҳамкорлари бўлган олим асло хато ҳам қилмайди, адашмайди ҳам”—деди.

Масъуд Ибн Шайба айтар эди:

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳар бир масалани оммага эълон қилишдан олдин яхшилаб текширар, тадқиқ қилар, элакдан ўтказар эди. Шу билан бирга замондошлари ичида тенгсиз, ҳар бири  ўз соҳасининг пешвоси бўлган шогирдлари билан кенгашиб бир фикрга келиб олардилар. Ул зотнинг атрофидаги шаръий муаммолар ечимида ҳамкорлик қилувчи шогирдларининг илмий салоҳияти шу даражада юқори эдики уларнинг сўзларини  ҳаттоки имом Кисоий ва имом Фарро  ҳужжат сифатида кўтариб юришар эди. Шунингдек, Асмаъий, Абу Убайд, Абу Зайд каби бошқа қори-ю адиблар уларнинг фатволарига суянишар эди.

Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 120-йили худди мана шу мустаҳкам метод асосида фиқҳий китоблар ёзишни бошлади. Ва шу услубига содиқлик билан то 150 йили вафот этгунига қадар ижод қилдилар. Ул зотга аталган маноқибда ҳазрати Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: Шариати исломийя илмларини биринчи бўлиб қоғозга қайдлаган олим бу—имом Абу Ҳанифа бўлган. У кишидан олдин ҳеч ким бу ишни қилмаган эди. Чунки саҳобалар ҳам тобеинлар ҳам ҳали шариат илмларида мавзуларга тақсимланган бобларни тузишмаган, тартибли китоблар таълиф қилишмаган эди. Улар кучли хотира ва зеҳнларига суянишар, қалблари эса гўёки илм сандиғи эди. Абу Ҳанифа улардан кейин чиқди. У дин илмини атрофга ёйилишини истар эди. Шу билан бирга саҳоба ва тобеинлардан кейин илм йўқолиб кетишидан ҳам хавфсирар эди. Ахир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ таоло олимларнинг қалбидан илмни суғуриб эмас, балки уларнинг ўлими ортидан илмни кўтариб юборади. Натижада инсонларнинг куни саводсиз жоҳилларга қолади. Улар эса илмсиз фатво чиқариш ила ўзлари ҳам адашади бошқаларни ҳам йўлдан уришади”.

Бу ҳадиси шарифда айтилган танбеҳ мазҳаббошимизга тинчлик бермас эди. Уламолари оламдан ўтган умматнинг куни жоҳилларга қолишидан қўрқар эди. Бас, илмий омонатдорлик масъулияти имом Абу Ҳанифани шариат илмларини тартиб билан китоб ҳолига келтириш ва кейинги авлодга мерос қолдиришга ундади. Ул зот ижтиҳодий аҳкомларни тартиб билан, бобларга тақсимлаб дастлабки фиқҳий китобларни нашр қилди. Ул зот бутун уммати муҳаммадия ичида биринчи бўлиб шариат далилларига асосланган илмий дастурни  яратдилар. Аллоҳ бу хизматлари учун беҳисоб ажр берсин!

Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шогирдларига мутлақо эркинлик билан ижтиҳод қилишга, ўз фикр мулоҳазаларини тортинмай ошкор қилишга рухсат берар эди. Ўз навбатида уларни чуқур назар ва  диққат ила изланишга, ижтиҳодга даъват этар эди. Агар фикрлар бир жойдан чиқса сўссиз қабул қилинар, мабодо ихтилофли бўлса ўз фикр-мулоҳазаси бўйича ишонч билан иш кўрар эдилар.

Хулласи калом мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳоба ва тобеинлардан кейин Исломий фанларда биринчи бўлиб улуғ ва ўта масъулиятли иш—китоб тасниф қилишга бел боғлаган эдилар. Ул зот бу шарафли йўлда Аллоҳ таолонинг:

وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ

“..Ва уларнинг ишлари ўзаро маслаҳатдир” (Шувро/38) оятига мвофиқ ҳаракат қилардилар. Шунингдек, имом Абу Ҳанифа ушбу ривоятда келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига биринчи бўлиб амал қилган зот эдилар:

“Али разияллоҳ анҳу Пайғамбаримиздан сўради: Эй Аллоҳнинг Расули, агар шариатда буюрилмаган ва қайтарилмаган ишга дуч келиб қолсак, нима қилишни тавсия қиласиз? Ул зот: “фақиҳлар ва обидлар билан кенгашинглар”—дедилар”. (Тобароний ривояти. Ал-Мўъжам ул-авсат). Ва яна Абдуллоҳ ибн Аббос Али разияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилган: “Эй Расулуллоҳ, агар орамизда Қуръонда ҳукми келмаган ва сиздан бирор сунний кўрсатма бўлмаган муаммо чиқиб қолса нима қилайлик? Расулуллоҳ: “мўминлар ичида обидлари билан маслаҳатлашиб иш кўрасиз. Шахсий фикрингиз билан ҳукм қилмайсизлар”—деб жавоб бердилар. (Бу ривоятни имом Тобароний “ал-Мўъжам ул-кабир”да зикр қилган).

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ислом фиқҳини мустақил фан сифатида умматга очиб бердилар. Фиқҳга оид беш мингга яқин фуруот масалаларини жамлаб қоғозга қайд қилдилар. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бутун инсоният фиқҳда Абу Ҳанифага боғлангандир”—деган эди.

Қози Соймарий қаламига мансуб “Ахбару Аби Ҳанифа ва асҳабиҳ” (Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари тарихи) номли китобда: “Инсоният фиқҳда Ироқликлар билан боғлиқ. Ироқликлар эса Кўфаликларга боғлиқ. Кўфаликлар эса Абу Ҳанифага боғлиқдир!”—дейилган.

Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдлари нафақат фуруот масалалари балки, усули фиқҳ фанида ҳам умумлашган қоидалар мажмуини тартиб билан қоғозга туширдилар.

Имом Абу Ҳанифа бошлиқ ҳанафий уламолардан иборат шариат қонунчилигида биринчи бор тузилган мужтаҳидлар бирлашмаси томондан фиқҳий усул ва фуруъ назариялари қоғозга туширилгач, ундан илҳомланган имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ҳам Мадина шаҳрида ўз фиқҳини китоб шаклида нашр қилишга киришдилар. Ул зот ўзининг “ал-Муатто” номли ҳадис тўпламини фиқҳий бобларга тақсимлаб, ўз йўналиши бўйича тартиб билан қоғозга туширдилар. Шундай қилиб фиқҳий боблар шаклида жамланган биринчи ҳадис тўплами имом Молик томондан яратилди. Бу китоб у кишининг қирқ йиллик меҳнат маҳсули эди.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Молик ортидан Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий ҳам ўз фиқҳий назарияларини қоғозга туширди. Бу киши имом Абу Ҳанифанинг яқин талабаси Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга шогирд бўлибгина қолмай Мадина фақиҳларидан ҳам катта истифода қилди. Натижада ўз мазҳабини Ироқ ва Мадина фақиҳларининг ижтиҳодларидан жамланган йўналиш асосида барпо қилди. Абу Убайд шундай деганди:

Имом Шофеъийдан эшитдимки, у айтарди: “Имом Муҳаммаддан ўрганган илмим билан бир туяга юк бўладиган китоб ёздим. Агар у бўлмаганида эди, мен илм эшигининг остонасида қолиб кетардим…

Булардан кейин Бағдод шаҳридан имом Аҳмад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний етишиб чиқди. У ҳам ўз мазҳабига олдинда ўтган уч имомдан андоза олган ҳолда фиқҳий тартиб билан асос солди.

Сўнгра, барча Ислом ўлкаларидаги мусулмонлар шу тўрт имомга эргашди. Аҳли суннат ва жамоат ақидавий йўналишининг фуруот масалалари шу тўрт имом таълимоти доирасида чекланди. Шу тўрт фиқҳий мазҳаб атрофга ёйилиб шойе бўлгач, Аҳли сунна уламолари бир овоздан иттифоқ қилишиб, қуйидагича якуний қарор қилдилар:

Ҳар бир мусулмон мана шу тўрт имомдан бирини танлаши ва унинг фиқҳий таълимоти бўйича амал қилиши керак! Шак-шубҳасиз, бу имомларга тобе бўлмоқ Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатига тобе бўлмоқ—демакдир! Зотан, бу олимлар фуруот масалаларини чиқаришда китоб ва суннатга асосланганларини очиқча исботлаб бердилар!”.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим (Давоми бор)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *